Айни кунларда юртимиздаги баъзи бозорлар ва озиқ – овқат дўконларида маҳсулот олиш учун навбатда турган кишиларнинг кўплигини кўриб ҳайрон қоласан. Гоҳида ачинасан. Ахир, юртимизда бўлиб турган ушбу карантин вақтида аҳолини тўпланмасликка, саросима ва ваҳимага тушмасликка, беҳудага уйдан чиқмасликка чақириб қанча тарғибот ишлари амалга оширилмоқда. Баъзи бир соҳа ходимлари халқнинг саломатлиги ва хотиржамлиги учун ушбу таҳликали вазиятда ҳам ўз меҳнат фаолиятларини тўхтатмасликка, балки, янада жадаллатишга ҳаракат қилмоқдалар. Қанча – қанча имкониятлар, енгилликлар ва шароитлар яратилишига қарамасдан бундай вазиятдан тўғри хулоса чиқармай базорма-бозор юрган, тиқилинчда навбатда турган кишиларни кўриб эссиз, шунча ҳаракат деворгинг келади. Хўш, нега баъзи кишилар масаланинг асл моҳиятини англаб етмаяптилар? Касаллика қарши курашиннг энг самарали ечими фақатгина уйда ўтириш кераклигини англамаяптилар?
Тан олиш керакки, биз Аллоҳ таолонинг неъматларига кўмилиб кетганимиздан, яхши кунларни кўраверганимиздан, бошимизга келган бу мусибат пайтида шошиб қолдик. Аслида биз инсон ҳаёти доим бир текис, хурсандчилик ва шох-хуррамликда ўтавермаслигини, Аллоҳ таоло вақти-вақти билан бандаларини турли хил мусибатлар, имтиҳонлар билан синаб туришлигини унутмаслигимиз керак эди. Шундагина, бизга берилган бу синов ва имтиҳон ҳам беҳикмат эмаслигини, Аллоҳ таоло бандаларига ҳаргиз зулм қилмаслигини, хоссатан, мўмин ва мусулмонларни ҳаргиз азоблашни истамаслигини ҳис қилиб қалбимиз таскин топарди.
Азизлар! Унутмайлик! Аллоҳ таоло Ўзининг ҳикмати илоҳийси билан уларни имтиҳон қилиб туради. Агар бу пайтда киши тафаккур, шукр ва сабр қилса бу имтиҳон ҳам у учун хайриятли бўлиши мумкин. Бунинг учун эса мўмин кишидан баъзи бир амаллар талаб этилади.
Аввало, яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам Аллоҳ таолонинг изни билан бўлишлигига аниқ ишониш керак. Қалбига ушбу ишонч қатъий ўрнашган киши ортиқча жазава ва ваҳимага тушмайди. Чунки, Аллоҳнинг изни билан бўладиган амалда ўзгаларни ёки бирор нарсани айблай олмайди. Қолаверса, қалби хотиржам бўлади.
Иккинчидан, бундай пайтда мусибат ёки синовни давомийлигини қисқартириш учун шариъат ва мутахасислар ундан талаб қилган қоидаларга қатъий амал қилади. Чунки, мусулмон киши ўзи ва ўзгалар бошига тушган синовни тезроқ даф бўлишлигига ҳаракат қилади ва бунинг учун ўз ҳиссасини қўшади.
Учинчидан, мусулмон кишининг таваккул аталмиш сифати айнан шу пайтда кўзга ташланади. У қўлидаги бор давлатига қаноат қилиш билан бирга, ўзидан кўра ночорроқ бўлган биродарларига ўз мол мулкидан, таомидан улашади. Эртанги куннинг ризқи учун қайғуриб, ўзига ва жамиятга ноқулайликлар туғдирмайди. Чунки, Аллоҳ таолонинг Раззоқ исмига шубҳа қилмайди.
Азизим! Сиз ўзингизга буюрилган амални қилинг. Ризқ учун қайғурманг. Ризқингизни Аллоҳ таоло кафиллигига олган ахир. Қолаверса, сиз узоқдан-узоқ навбат кутиб, асабийлашиб, бақир-чақир қилиб олаётганингиз бу картошка маҳсулоти тирикликнинг ягона воситаси эмас. У бўлмаса оч қоласиз ёки соғлигизга путур етади дегани ҳам эмас. Қолаверса, бозордаги бу маҳсулот ер юзидаги энг охирги маҳсулот дегани ҳам эмас. Аллоҳга шукрлар бўлсинки, озиқ – овқат заҳираларимиз хавотир оладиган даражада камайиб қолгани йўқ.
Шунинг учун, кўзимизни тўқ, қалбимизни хотиржам қилайлик. Эртанги кун ризқи учун бу қадар жоҳилликка бормайлик. Эртанги кун ўз ризқи билан келади. Аллоҳ таоло биздан эртанги кунни ибодатини бугун талаб қилмаяптику ахир. Нега биз Аллоҳнинг ваъдасига ишонмасдан бунчалар тоқатсизлик қилишимиз керак. Ундан кўра дуо қилайлик, Аллоҳга тавба ва истиғфор айтайлик. Касалликни тезроқ даф бўлишини истасак бугун ўз уйимизда ўтирайлик.
Тошкент шаҳар бош имом хатиби:
Н. Холиқназаров
Савол: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам барча мусулмонларнинг ҳаққига дуо қилганлар. У зот биз ҳақимизда ўзимиздан кўра кўпроқ қайғурганлар ва бизни ўзимиздан ҳам кўпроқ севганлар. Бироқ, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам алоҳида дуо қилган мўминлар тоифаси бор. Улар кимлар ва нима учун уларнинг ҳаққига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам 3 марта дуо қилганлар?
Жавоб:
عَنِ الْعِرْبَاضِ بْنِ سَارِيَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ أَنَّ النَّبِيَّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم كَانَ يُصَلِّي عَلَى الصَّفِّ الْأَوَّلِ ثَلَاثًا وَعَلَى الثَّانِي وَاحِدَةً. )رَوَاهُ النَّسَائِيُّ.(
Ирбоз ибн Сория розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам биринчи сафга уч марта, иккинчи сафга бир марта салавот айтар эдилар” (Имом Насоий ривояти).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг салавот айтишлари бу – дуо қилишлари. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам биринчи сафдагиларнинг ҳаққига 3 бора, иккинчи сафдагиларни эса 1 марта дуо қилганлар.
عَنِ الْبَرَاءِ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ: إِنَّ اللهَ وَمَلَائِكَتَهُ يُصَلُّونَ عَلَى الَّذِينَ يَصِلُونَ الصُّفُوفَ الْأُوَلَ، وَمَا مِنْ خَطْوَةٍ أَحَبَّ إِلَى اللهِ مِنْ خُطْوَةٍ يَمْشِيهَا الْعَبْدُ يَصِلُ بِهَا صَفًّا .)رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالنَّسَائِيُّ.(
Баро розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, Аллоҳ таоло ва Унинг фаришталари биринчи сафларни тўлдирувчиларга салавот айтадилар. Аллоҳ таоло учун банданинг сафни тўлдириш учун босган қадамидан кўра маҳбуброқ қадам йўқдир”, дедилар (Абу Довуд, Насоий ривояти).
Аллоҳ таолонинг салавоти бу – раҳмат, фаришталарники эса, истиғфордир. Қолаверса, биринчи сафни тўлдириш учун ташланган қадамлар – Аллоҳга энг севимли қадам саналади. Биринчи сафга бундан ортиқ тарғиб бўлмаса керак.
Демак, биринчи ёки иккинчи сафда бўлишга ҳаракат қилиш лозим экан.
Даврон НУРМУҲАММАД