Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
29 Ноябр, 2024   |   28 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:03
Қуёш
07:27
Пешин
12:16
Аср
15:14
Шом
16:58
Хуфтон
18:17
Bismillah
29 Ноябр, 2024, 28 Жумадул аввал, 1446

Аллоҳнинг бандаларидаги энг яқин неъмати...

2.04.2020   2703   8 min.
Аллоҳнинг бандаларидаги энг яқин неъмати...

Ҳозир пайтда  баъзан  нолиш оҳангидаги фикрлар ёки карантин даврини ҳазил-мазах тарзида қабул қилиб, ижтимоий тармоқларда ҳар хил фото, видиороликлар жойлаётган инсонлар ҳам афсуски орамизда топилади. Қизиғи, бундай фикрдаги гап-сўзлар уйда, фарзандлари бағрида соғ-саломат ўтирган кишилар томонидан билдирилмоқда. Ахир, Аллоҳ таоло бундан ҳам аянчлироқ бало-офатни юборишга қодир эди-ку! Бундай ҳолатда барчамиз тинч-хотиржам, қорнимиз тўқ, устимиз бут эканлигининг шукронаси ўлароқ карантин қиодаларининг риоясини қилиб, Яратгандан тезроқ бу вабонинг юртимиздан, бутун мусулмонлар устидан кўтарилиши сўраб дуо қилиб туришимиз зиммамиздаги бирламчи вазифа эмасмикин!

Аллоҳ таоло бундай огоҳлантиради: «Аллоҳ осмонлар ва Ерни яратган ва осмондан сув (ёмғир, қор) ёғдириб, у сабабли сизларга ризқ бўладиган меваларни чиқарган зотдир. У (Ўз) амри билан денгизда сузиб юриши учун кемаларни сизларга бўйин сундирди. Яна дарёларни ҳам сизларга бўйин сундирди. (У) доимо фаолият кўрсатиб турувчи Қуёш ва Ойни ҳам сизларга бўйин сундирди. Яна кеча ва кундузни сизларга бўйин сундирди.

Шунингдек, сизларга барча сўраган нарсаларингиздан ато этди. Агар Аллоҳнинг неъмат(лар)ини санасангиз, саноғига ета олмайсиз. Ҳақиқатан, инсон (ўзига) ўта золим ва (Раббига) жуда ношукрдир» (Иброҳим сураси, 30-34 сураси).

Шарҳ: Ақл билан ўйлаб кўрилса, инсонга берилган неъматлар чексиз. Осмон ва ер, борингки, коинотдаги ҳар бир нарса бўлсин, унинг ўз вазифаси бор. Улар бандаларнинг маишати, таъминоти учун хизматдадир. Қуёш ва ой нурининг то қиёматгача давомийлиги, қор ва ёмғирлар сабабли ўсимликларнинг илдизига қувват етиши ва улардан инсонлар ва бошқа чорва ҳайвонларининг фойланишлари, албатта, Буюк зотнинг раҳматидир. Айниқса, кеча ва кундуз кетма-кет, мунтазамлик билан алмашиб туришида улкан ҳикмат бор («Фатҳул Қодир»).

Банданинг вазифаси, чин дилдан, эй Аллоҳ бизга ато этган неъматларингнинг ҳар бирига шукр этамиз, гарчи кўпларини биз билмаймиз, фақат Ўзинг билгувчисан. Ҳар бир замонда барча шукр этувчи инсонлар ҳам неъматларингнинг ададини ҳисоблай олмайди[1], дейишдир.

Инсонлар ўз зиммасидаги шукр қилиш вазифасидан ғафлатда бўлиши, фақат ўзига бўлган зулмни оширади. Абу Айюб Қураший мовлоси Бани Ҳошимдан ривоят қилади: Ҳазрат Довуд алайҳиссалом бундай нидо қилди: «Эй Роббим, менга ато этган неъматларингнинг энг яқини ҳақида хабар бер? Шунда Аллоҳ таоло ваҳий қилди: Эй Довуд, нафас ол, Довуд алайҳиссалом нафас олди. Айтдики, бу сендаги Мен ато этган неъматларнинг энг яқинидир[2] (Абу Дунё ва Имом Байҳақий ривояти).

Расулулоҳ алайҳиссалом бир кишидан “тунни қандай ўтказдинг”, деб сўради. У икки марта сўраганларида ҳам: “Яхши”, деди ва учинчи мартасида: “Алҳамдулиллаҳ, Ўзига минг бор шукур, яхши ўтказдим” деди. Шунда Расулулоҳ (алайҳиссалом): “Сендан айнан шу жавобни кутган эдим”, дедилар (Имом Муслим ривояти)[3].

Изоҳ: Луғатда, «миннатдорлик, розилик» маьноларини билдириб,  истилоҳда яхшилик қилувчининг яхшилигини мамнуният билан этироф этишига «шукр» дейилади. Шукрни қалб билан эътироф этиб, тил билан етказилади ва ҳаётга амалий тадбиқ этилади. Ана шундагина у инсон мадҳ этилган ҳақиқий шокир бандалардан бўлади. Уламолар, инсон барча нематларни Аллоҳ таолодан деб билиб, унга иқрор бўлиши қалб шукридир. Яратгандан миннатдор бўлиб, унга ҳамду санолар айтиш тил шукридир. Тоат ибодатда давомли бўлиш, солиҳ амаллар қилиш, гуноҳлардан сақланиш  шукрнинг амалдаги тадбиқи бўлади, дейишган.

  Шукрнинг акси эса ношукурлик, яъни нематларга куфроналик билан жавоб қайтариш бўлади.  Ношукрлик мезони ҳирс, исроф, ҳурматсизлик, кибру ҳаво, ҳаром билан ҳалолни ажратмаслик каби ёт иллатларни қилиш билан белгиланади.

Шукр – улуғ ибодат. Аллоҳнинг нематларига шукрона айтиб, етган мусибату балоларга сабрлилик ила муносабатда бўлиш, уф тортмаслик ҳақиқий мўминлик хислатларидан биридир. Ривоятларга кўра, Пайғамбарлардан бири кичик бир тошдан мўл-кўл сув оқиб чиқаётганини кўриб ҳайратга тушганида, Аллоҳ таоло у тошга тил-забон ато этади ва  сўзлай бошлайди: “Одамлар ва тошлар ўтин бўладиган кофирлар учун тайёрлаб қўйилган дўзахдан қўрқинг” (Бақара сураси, 24-оят) – оятни эшитганимдан бери  йиғлайман, дейди. Пайғамбар у тошни дўзахдан қутқариши учун Аллоҳ таолога ёлворди. Аллоҳ таоло ҳам уни дўзахдан қутқарганининг хабарини берди. Лекин бир муддатдан кейин яна шу ердан ўтган Пайғамбар ўша тошнинг яна йиғлаётганини кўрди ва: “Энди нега йиғлаяпсан” деб сўради. Шунда тошдан: “Олдин сен кўрганинг қўрқув кўз ёшлари эди, энди буниси, шукр ёшларидир”, деган овоз эшитилади[4]

Неъматларга шукр қилиш, уларни қадрлай билиш неъматлар давомийлигига, зиёда бўлишига олиб келади. Шайх Саъдий: “Бир нафасга икки марта шукр айтиш вожибдир”, дея нафас кирсаю қайтиб чиқмаса ёки чиқсаю қайтиб кирмаса, инсон ҳалок бўлишини таъкидлайди”[5].

Инсониятга  ато этилган нарсалар ҳисоб-китобсиз, ниҳоясиздир. Аъзоларимизнинг ҳар бири  ўз вазифасини бажариш билан машғул. Кўриш, сезиш, таъм билиш, эшитиш, сўзлаш, ҳаттоки тукларнинг ҳам муайян бир фаолияти бор. Агар улардан бирининг фаолияти сустлашса ёки тўхтаса, бошқа аъзоларга ҳам нуқсон етади. Бу Аллоҳ таолонинг инсон жисмини бир-бирига мутосиб сувратда яратганининг белгисидир. Пайғамбаримиз алайҳиссалом жасадни ҳақиқий мўминларнинг хислатига менгзаши ҳам бежиз эмас. Яъни, танадаги бир аъзонинг шикояти бутун вужудни зирқиратгани каби мусулмонлар ҳам бир-бирининг ҳолидан хабардор бўлиб туриши, агар муаммо пайдо бўлса, бошқасининг виждони қийналиб, ёрдамга ошиқиши лозим бўлади. Айниқса, бугунги ҳолатимиздагидек, пайтда ишсиз, мардикорлик билан оиласига кунлик егулик қилиб оила тебратаётган камбағал кишиларнинг ёки боқувчиси йўқ ёлғиз қариялар, ожизалар бўлсин, уларнинг рўзғорига ёрдам улашишимиз ҳақиқий мўминлигимиз белгисидир.

Такрор айтмоқчимиз, егани таоми, кийгани кийими, ётгани бошпанаси бор, хонадони тинч инсоннинг тили шукр қилишдан толмаслиги лозим. Бироқ негадир шукр қилишга қотиб қолган бу тилларимиз, ҳеч бўлмаганда жим туришни ҳам қойиллатолмайди. Аксинча, ўзимиз сезмаганимиз ҳолда нолинишга одатланиб қолганмиз. Мўминликка даъвоимиз катта, аммо бандаликнинг биринчи талаби бўлган  шукрга келганда, мудом сусткашмиз. Ахир, шукр қилишга буюрилмаганмизми?!  Ота-боболаримиз шукр ва сабрда ҳаммага ўрнак бўлишмаганми?! Дунёни коронавирус балоси ўраб турган бир пайтда айрим мамлакатлардагидек, кунига юзлаб, ҳатто мингга яқин фуқароларнинг ҳалок бўлаётгани ҳам ибрат назари қарашга ундамаяптими? Ахир карантин қоидалари ҳам сизу бизнинг саломатлигимиз учун эканини наҳот ҳис этмасак! Олдинига сабабини қилиб қўйиб, сўнг Аллоҳ таоло таваккал қилиш эътиқодимиз тақозаси-ку! Ниқоб тақиб юриш, қариндош-уруғларникига бир муддатга бормай, телефонда алоқа қилиб туриш бир умрга эмас, балки вақтинчалик эканига нега ўйимиз етмаяпти?..

Дуо қилайлик, бу дард-балони Аллоҳ таоло бошимиздан тезда кўтарсин! Бемор бандаларига Ўзи шифои том ато этсин!

 

Абдувоҳид ЎРОЗОВ,

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази катта илмий ходими

 

 

[1]Муҳаммад ибн Али ибн Муҳаммад Шавконий. Фатҳул қодир, 3/150. Байрут: Дорул вафо.

[2] Муҳаммад ибн Али ибн Муҳаммад Шавконий. Фатҳул қодир, 3/152. Байрут: Дорул вафо.

[3] Усмонхон Алимов. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак васиятлари, т: 1, Мовароуннаҳр; Тошкент – 2017 йил.

[4] Абу Ҳомид Ғаззолий. “Мукошафатул қулуб” асари.

[5] “Гулистон” асари муқаддимаси.

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Мастнинг гапи ҳақида

28.11.2024   1910   9 min.
Мастнинг гапи ҳақида

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

48 - وَلاَ تَحْكُمْ بِكُفْرٍ حَالَ سُكْرٍ بِمَا يَهْذِي وَيَلْغُوا بِارْتِجَالِ

 

Маънолар таржимаси:

Мастлик ҳолатида алжираши ва бемаъни гапларни гапириши сабабли куфрга ҳукм қилиб юбормагин.

 

Назмий баёни:

Маст кимса куфрга ҳукм этилмас,
Ўйламасдан беҳуда алжираган, бас.


Луғатлар изоҳи:

لاَ – наҳий ҳарфи.

تَحْكُمْ – кўплаб нусхаларда  يُحْكَمْ لَا бўлиб ғоиб сийғасида келган. Аммо ушбу мухотоб нусхаси мўътабар ҳисобланади.

بِ – зоида жор ҳарфи.

كُفْرٍ– жор ва мажрур мафъулликка кўра насб ўрнида турибди.

حَالَ – зарф, музоф. 

سُكْرٍ – музофун илайҳ. Мастлик деганда кишини ақлидан тўсиб турадиган ҳолат тушунилади.

بِمَا – “сабабия” ва “масдария” маъносида келган ҳарфлар.

يَهْذِي – бу феъл “алжираш” маъносидаги هَذَيَانٌ масдаридан олинган.

يَلْغُوا – бу феъл “бемаъни гапларни гапириш” маъносидаги لَغْوٌ масдаридан олинган.

ارْتِجَالِ – “таёрланмасдан гапириш”, “ўйламасдан гапириш” маъноларини билдиради. 


Матн шарҳи:

Ҳаром қилинган ичимликларни истеъмол қилиш гуноҳи кабира бўлиб, унинг дунёдаги зарарларидан бири инсонни айтаётган сўзига парво қилмайдиган, қилаётган ишларига жавобгарликни ҳис этмайдиган даражага тушириб қўйишидир. Агар бирор кимса ана шундай аянчли ҳолатга тушса, унинг айтаётган сўзлари ҳам бошқалар тарафидан инобатга олиниш даражасидан пастга тушади. Ҳамма унинг айтаётган сўзлари эътиборга олинишга арзимаслигини яхши билади. Аммо ана шундай маст киши шариатда куфр ҳисобланган калимани алжираса-чи, у куфрга ҳукм қилинадими, ё бунда ҳам унинг сўзлари эътиборга олинмайдими? Ўший раҳматуллоҳи алайҳ ана шу масалага жавоб қилиб,

Маст кимса куфрга ҳукм этилмас,
Ўйламасдан беҳуда алжираган бас
,

деган. Абдулҳамид Маҳмуд Тоҳмоз “Фиқҳул ҳанафий фи савбиҳил жадид” китобида қуйидагиларни ёзган: “Маст киши диндан қайтса, муртадликка ҳукм қилинмайди. Чунки муртадлик куфрга эътиқод қилиш жиҳатидан ёки дин ҳукмларини арзимас ҳисоблаш жиҳатидан юзага келади. Маст кишида эса, тўлиқ идрок этиш бўлмагани учун, куфрга эътиқод қилиш ҳам, арзимас ҳисоблаш ҳам бўлмайди. Чунки булар идрок этиш билан бўладиган нарсалардир. Ушбу сўз зоҳирий жиҳатдан чиқарилган ҳукмдир. Аммо унинг қалбидан нима ўтаётгани Аллоҳ таолога маълум, агар куфр калимасининг маъносини билиб туриб, қасддан айтган бўлса, кофир бўлади. Агар билмасдан айтиб қўйган бўлса, кофир бўлмайди”[1].

 

Номавжуднинг “шай” эмаслиги баёни

49 - وَمَا الْمَعْدُومُ مَرْئِيًّا وَشَيْئًا لِفِقْهٍ لاَحَ فِي يُمْنِ الْهِلاَلِ

 

Маънолар таржимаси:

Номавжуд кўрилган ҳам, “шай” ҳам эмас, (бу маъно) фаҳм учун ҳилолнинг баракасида зоҳир бўлгандир.


Назмий баёни:

Номавжуд кўрилмас, “шай” ҳам эмас бил,

Ҳилол нурларида зоҳирдир далил.


Луғатлар изоҳи:

مَا – нафий ҳарфи.

الْمَعْدُومُ – нафий ҳарфининг исми. Луғатда “номавжуд” маъносини англатади.  

مَرْئِيًّا – нафий ҳарфининг хабари. 

شَيْئًا – Сибавайҳ “шай”ни шундай таърифлаган: “Шай – уни билиш ва у ҳақида хабар бериш мумкин бўлган барча нарсадир”.

لِ – “таълилия” (изоҳламоқ) маъносида келган жор ҳарфи.   

فِقْهٍ – “фаҳм” ва “далил” маъноларини англатади.

لاَحَ – “кўринди”, “зоҳир бўлди” маъноларидаги мозий феъли.

فِي – “зарфият” маъносида келган жор ҳарфи.

يُمْنِ – “барака” маъносида келган. Жор мажрур لاَحَ феълига мутааллиқ.  

الْهِلاَلِ – янги ойнинг аввалида ингичка бўлиб кўрингани уч кунгача “ҳилол” дейилади, ундан кейин то ойнинг охиригача “қомар” дейилади. Чунки هَلَّ феъли “зоҳир бўлди”, “кучайди” маъноларида ишлатилади. Ой янги чиққан пайтда  одамларнинг “ой чиқибди” деган овозлари кучайгани учун уч кунгача ҳилол дейилади. 

 

Матн шарҳи:

Ушбу байтда Аллоҳ таолога ҳали вужудга келтирмаган нарсалари кўриниш-кўринмаслиги, ва уларга “шай” дейиш мумкин ё мумкин эмаслиги тўғрисида сўз юритилган.  

Ўший раҳматуллоҳи алайҳ мазкур нарсалар тўғрисида Аҳли сунна вал- жамоанинг эътиқоди қандай эканини баён қилган. “Ҳилол нурларида зоҳирдир далил”, маъносидаги деган сўзлари билан мутакаллимлар аниқ баён келмаган ва бирор қоидага ҳам хилоф  бўлмайдиган пайтда қўллашадиган қиёсий далилга ишора қилган. “Туҳфатул аолий” китобида бу ҳақида қуйидагилар айтилган: “Ўший ушбу сўзлари билан мутакаллимлар ҳузурида “яширинни кўриниб турганга қўшиш” деб номланадиган далилга ишора қилган. Мутакаллимлар бирор аниқ баён келмаган  ва уни қўшишда бирор қоидага хилоф чиқиш ҳам бўлмаган пайтда ушбу далилни ишлатганлар. Далил шуки, ой  мавжуд бўлиб турган вақтида кунма-кун нури зиёда бўлиб боради. Ойни номавжуд вақтда кўриб бўлмайди, фақат вужудга келган пайтдагина кўриб бўлади. Шундай экан, ойдан бошқа нарсалар ҳам кўрилишда у каби, балки ундан ҳам авлороқ бўлади. Чунки нур кўриладиган нарсаларнинг энг ёрқинроғидир. Модомики, шундай нурли ой номавжуд ҳолида кўрилмай мавжуд ҳолида кўрилдими, бундан кўришнинг иллати мавжуд бўлиш экани билинади. Худди гувоҳликнинг иллати ўша ерда ҳозир бўлиши шартлиги каби. Мазкур иллат бандаларга зоҳир бўлиб турган нарсаларда шундай бўлганидан кейин, уларга зоҳир бўлмаган нарсаларда ҳам  шундай бўлади. Чунки иллатлар зоҳир бўлган ва зоҳир бўлмаган  нарсаларда фарқли бўлмайди”[2].

Номавжуднинг нарса деб аталиш ё аталмаслиги ҳам Аҳли сунна вал-жамоа ва мўътазилий фирқаси орасидаги фарқлардан биридир.  Мўътазилийлар номавжуд “шай” дейилади, чунки нарсаларнинг “шай”лиги яъни мутлақо борлиги  Аллоҳнинг ёрдами билан бўлмайди, балки уларнинг йўқликдан борлиққа чиқарилиши Аллоҳнинг ёрдами билан бўлади, дейишган. Ушбу сўзларига оятдан далил келтиришган: “Албатта, соат (қиёмат) зилзиласи улкан “шай” (нарса)дир”[3].

Ушбу оятда ҳали вужудга келмаган қиёмат зилзиласи улкан “шай”[4] дейилмоқда, бу эса номавжуднинг “шай” деб аталишига очиқ далилдир, дейишган.     

 Уларнинг бу қарашларига, қиёмат зилзиласи вужудга келган вақтда улкан “шай” бўлади, Аллоҳ таолонинг илмида унинг вужудга келиши аниқ бўлганидан шу тарзда хабар берилган дея жавоб берилган. 

Имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳ мўътазилийларга раддия қилиб қуйидагиларни ёзган: “Мўътазилийлар: “Номавжуд ҳам “шай” дейилади. Чунки нарсаларнинг “шай” бўлиши Аллоҳнинг ёрдами билан бўлмайди. Балки уларнинг йўқликдан борлиққа чиқарилиши Аллоҳнинг ёрдами билан  бўлади”, дейишган.  Уларнинг бундай дейишлари махлуқотлар азалда бўлган-у, лекин йўқликдан борлиққа чиқарилмаган, сўнгра борлиққа чиқарилган, деб тасдиқлашга ўхшаб қолади. Бундай тасдиқлаш эса тавҳидни инкор қилиш бўлади”[5].

Мўътазилий фирқасининг мазкур қараши юнон фалсафасидан таъсирланишлари натижасида пайдо бўлган.


Кейинги мавзулар:

Таквийн сифати ҳақида эътиқодимиз;
Ризқ тушунчаси ҳақида эътиқодимиз.

 


[1] Абдулҳамид Маҳмуд Тоҳмоз. Фиқҳул Ҳанафий фи савбиҳил жадид. – Дамашқ: “Дорул Қалам”, 2009. – Б. 283.
[2] Муҳаққиқлар гуруҳи. Туҳфатул аолий. – Миср: “Ахтар босмахонаси”, 1887. – Б. 80.
[3] Ҳаж сураси, 1-оят.
[4] “Шай” калимаси араб тилида икки хил маънода ишлатилади:

1. Масдар исм;
2. Жомид исм.

Масдар исм ҳам икки хил маънода қўлланади:

1. Исми фоил;
2. Исми мафъул.

“Шай”ни исми фоил маъносида Аллоҳ таолога нисбатан қўллаш жоиз ҳисобланади. Исми мафъул маъносида эса жоиз бўлмайди.

“Шай”ни жомид исм деб эътиборга олинганда “мутлақо бор” маъносини ифодалайди. Бу маънода уни бошқа “бор нарсаларга” қараганда Аллоҳ таолога нисбатан қўллаш ҳақли бўлади.

[5] Имом Абу Мансур Мотуридий. Китаб Тавҳид. – Байрут: “Дорул кутубил илмия”, 2006. – Б. 64.