Маълумки, Қуръони Карим Аллоҳ таолонинг Каломидир! Уни ўрганиш ва ўргатишнинг фазилати ҳақида ҳадислар ворид бўлган. Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Сизларнинг энг яхшиларингиз Қуръонни ўрганиб, уни бошқаларга ўргатганингиздир” (Имом Бухорий ривояти).
Халқимизнинг Қуръонни ўрганишида ва бошқаларга ўргатишида узоқ йиллардан бери ҳар биримизга таниш бўлган "Муаллими соний" китоби бошланғич қўлланма бўлиб келган ва келмоқда.
Юртимиз фарзанди, Мисрдаги Ал-Азҳар университетида таҳсил олган, ўн қироат бўйича ижоза соҳиби Шайх Алижон қори ҳафизаҳуллоҳ томонидан мазкур "Муаллими соний" китоби асосида видео қўлланма тайёрланди. 27 йиллик меҳнат ва изланишлар маҳсули бўлган ушбу қўлланма орқали биз Қуръони Карим ҳарфларини талаффуз қилиш, сўзларни бир-бирига улаш, Қуръони Каримдан қисқа сураларнинг тиловати каби кўплаб илмларни, иншаа Аллоҳ, ўрганиб оламиз.
Шу кунларда юртимизда коронавирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида карантин эълон қилинган бўлиб, барчамиз уйда, фарзандларимиз ёнидамиз. Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон Мусулмонлари идорасининг расмий Muslim.uz сайти орқали "Муаллими соний" видео қўлланмасининг бошидан дарслар бериб бориш йўлга қўйилди.
Ушбу дарслик фарзанд тарбияси, Қуръон таълими билан машғул бўлган ота-оналар ва барча Қуръонсевар халқимизга манфаатли бўлишини Аллоҳ таолодан сўраб қоламиз.
#xabar #seminar #imom #malaka
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг ташаббуслари билан диний соҳа ходимларининг касбий салоҳиятини ошириш ва иш самарадорлигини юксалтириш мақсадида тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Шу мақсадда 8–9 сентябрь кунлари Диний идоранинг Масжидлар билан ишлаш ҳамда Кадрлар бўлимлари ҳамкорлигида республикамиз бўйича янги лавозимга тайинланган 55 нафар имом-хатиб ва имом ноиблари учун икки кунлик ўқув-семинари ўтказилди.
Машғулотлар давомида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков, Масжидлар билан ишлаш бўлими мудири Музаффар Камолов, Қуръони карим ва тажвидни ўргатиш бўлими мудири Шайх Алижон қори, шунингдек, Фатво маркази, Кадрлар билан ишлаш, Ички назорат бўлими мутасаддилари ўз йўналишлари бўйича маъруза қилдилар.
Хусусан, соҳа мутасаддилари томонидан муваффақиятли имом бўлиш омиллари, гўзал қироат ва тажвид қоидалари, шаръий масалаларга тўғри ёндашиш, фаолият самарадорлигини баҳолаш (KPI), қонун-қоидаларга қатъий риоя этиш, меҳнат муносабатлари ҳамда жамоат билан ишлаш кўникмалари юзасидан зарур амалий тушунтириш ва тавсиялар берилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати