Яқинда зиёрат туризмини ҳамкорликда ривожлантириш масаласида юртимизда бўлиб қайтган Покистондаги Нақшбандия тариқати издошлари етакчиси Муҳаммад Накиб ур-Раҳмон Ўзбекистон халқига мурожаат йўллади. Бу ҳақда “Дунё” АА хабар берди.
Муҳаммад Нақиб ҳазратлари ўз сўзида мамлакатимизнинг бой маданий-тарихий ва маърифий қадриятларини, зиёрат туризми салоҳиятини юқори баҳолаш билан бирга, Ўзбекистон коронавирус пандемияси билан боғлиқ вақтинчалик қийинчиликларни муваффақиятли енгиб ўтишига ишонч билдирди.
Покистонлик уламо мурожаатида жумладан бундай деди: “Ўзбекистонда Ислом дини меросининг улуғворлиги ва бугун мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар, жумладан, зиёрат туризми салоҳияти ва яратилаётган қулайликлар мени ҳайрат ва ҳаяжонга солди. Ўзбекистон раҳбарияти ва халқини оғир дамларда қўллаб-қуввтлаш учун дуодаман”.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Президентимизнинг "Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг ўттиз беш йиллиги муносабати билан фан, таълим, соғлиқни сақлаш, спорт, маданият ва санъат соҳалари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги Фармони эълон қилинди.
Бугунги куннинг энг қувончли хабари шуки, диний-маърифий соҳада фидокорона хизмат қилиб келаётган, халқимизнинг маънавий юксалишига беқиёс ҳисса қўшаётган таниқли уламоларимиз ва фахрийларимизнинг жонкуяр меҳнатлари юксак даражада эътироф этилди!
Уларнинг ҳақ йўлдаги саъй-ҳаракатлари, маърифат тарқатишдаги фидойиликлари давлатимиз томонидан юксак орден билан муносиб тақдирланди. Бу нафақат уларнинг шахсий ютуқлари, балки бутун диний-маърифий жамоамиз учун катта шараф ва чексиз қувончдир!!
"Имом Бухорий" ордени:
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков;
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фахрийлар кенгаши раиси Шайх Абдулазиз Мансур;
Самарқанд вилояти Пайариқ тумани "Имом ал-Бухорий" жоме масжиди фахрий имоми Маҳмуджон домла Ибодуллаев;
Бухоро вилояти Когон тумани "Баҳоуддин Нақшбанд" масжиди имом-хатиби Абдуғофур домла Раззоқов.
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг бутун жамоаси, давлатимизнинг юксак мукофотларига сазовор бўлган азиз уламоларимиз ва фидоий ходимларимизни чин қалбдан, самимий муборакбод этади!
Сизларга Аллоҳ таолодан мустаҳкам сиҳат-саломатлик, оилавий ҳаётингизга файзу барака, хонадонларингизга тинчлик-хотиржамлик тилаймиз. Келгуси хайрли фаолиятларингизда янада улкан зафарлар, эзгу мақсадларингизга эришишда доимий муваффақиятлар ёр бўлишини тилаймиз!
Ҳамиша элу юртнинг дуосида бўлиб, динимизга, Ватанимизга хизмат қилиш шарафи бардавом бўлсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати