Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга Ўзининг илоҳий амрларини нозил қилиб, покланишда мўмин-мусулмонларга юз, қўл-оёқларни ювиш ва бошга масҳ тортишни буюрди. Бу ҳақда Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Эй иймон келтирганлар! Намоз (ўқиш)га турар экансиз, албатта, юзларингизни, қўлларингизни тирсаккача ювингиз, бошларингизга масҳ тортингиз ва оёқларингизни тўпиқларигача (ювингиз)! Агар жунуб бўлсангиз, обдон покланингиз (чўмилингиз)! Агар бемор ёки сафарда бўлсангиз ёки сизлардан бирор киши ҳожатхонадан (чиқиб) келса, ёхуд хотинларингиз билан суркалишган (қовушган) бўлсангиз-у, (лекин) сув топмангиз, пок тупроққа таяммум қилиб, ундан юзларингиз ва қўлларингизга суртинг! Аллоҳ сизларга бирор қийинчилик(пайдо) қилишни раво кўрмайди, аксинча, сизларни поклаш ва неъмат(лар)ини сизларга мукаммал беришни хоҳлайди, зора шукр қилсангиз” (Моида сураси, 6-оят).
Бу оятнинг тафсирида “Тафсири ирфон” китобида бундай дейилади: “Аллоҳ таоло ибодат қилишга шайланган бандаларига покланиш, яъни таҳорат, ғусл ёки таяммум қилишни буюраяпти.Таҳоратда юз, қўлларни чиғаноқлари билан ювилади, бошнинг тўртдан бир қисмига масҳ тортилади, оёқлар тўпиқлари билан ювилади[1]”.
Тиббиёт мутахассисларининг тавсияларига кўра қўлларни совунлаб тозалаб ювиш қўлларимизда бўлиши мумкин бўлган вирус ва бактерияларни йўқотади. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бирортангиз уйқусидан уйғонса, қўлини уч марта ювмасдан туриб, уни идишга солмасин, чунки бирортангиз ҳам қўлини қаерда тунаганини билмайди ёки қўли қаерда айланганини билмайди”, дедилар.
Ўзбекистон Мусулмонлар Идораси уламолар кенгашининг карантин талабларига қатъий риоя этиш бўйича мурожаатида: “Демак, карантин даврида шифокорлар тавсияларига амал қилиб, шахсий гигиена ва санитария қоидлари, айниқса, вирусдан сақланиш учун ниқоб тақиб, қўлларни яхшилаб совунлаб ювишга жиддий эътибор қаратиш лозим” дейилади.
Қўлларни ювганда қўл кафти ва бармоқлари орасига сув етказиб ювиш ҳам диққатга сазавордир. Қўлларни ювганда қўл бармоқларини ортидан бир-бирига киритиш билан бармоқлар орасига сув етказилади. Шошилиб қўлларни ювганда қўл бармоқлари ораси ювилмай қолиши ва у ерларда вирус ва бактериялар сақланиб қолиши мумкин. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қўлларни ювганда бармоқлар орасига сув етказиб ювишни тарғиб қилганлар: “Ювинганингизда қўл ва оёқ бармоқларингизни ораларига яхшилаб сув юритинг. Чунки у озодалик белгисидир. Озодалик иймонга чақиради, иймон эса ўз эгасини жаннатга чорлайди” (Имом Термизий ривояти).
Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таомдан олдин ҳам, кейин ҳам қўлни тозалаб ювишга тарғиб қилганлар: “Таомнинг баракаси таомланишдан олдин ва кейин қўлни ювишдир” (Имом Термизий ривояти).
Қўлларни ювишни бошлаганда “Бисмиллоҳ”ни айтиш, ўнг қўлни ювганда “Аллоҳумма аътиний китабий бийамийний ва ҳасибний ҳисабий йасийро” дейиш, чап қўлини ювганда эса “Аллоҳумма лаа туътиний китабий бишималий ва лаа варои зоҳрий” деб дуо қилиш фазилатли амаллардан ҳисобланади.
Мутахассислар тавсиялари асосида қўлларимизни тозалаб ювиб юриш соғлиғимиз гаровидир. Ҳар доим қўлларимизни тоза тутсак, ўзимизнинг ҳам, ўзгаларнинг ҳам соғлиғини ҳимоя қилган бўламиз.
Руҳиддин АКБАРОВ
[1] Шайх Усмонхон Темурхон Самарқандий. “Тафсири ирфон”. “Шарқ” НМАК, 2019. 1-жилд. 528-бет.
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қашқадарё вилояти вакиллигида шаҳар ва туманлар бош имом-хатиблари иштирокида йиғилиш ўтказилди.
Тадбирни вилоят бош имом-хатиби Раҳматилло домла Усмонов кириш сўзи билан очиб, йиғилганларни яқинлашиб келаётган Мустақиллигимизнинг 35 йиллик байрами билан самимий муборакбод этди. Учрашувда давлатимиз Раҳбарининг тегишли Фармони билан бир гуруҳ диний соҳа ходимлари «Имом Бухорий» ордени билан тақдирлангани юртимизда маънавий-маърифий соҳага кўрсатилаётган юксак эътибор ва тарихий воқеа экани алоҳида эътироф этилди.
Йиғилишда «Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!» эзгу шиори остида воҳада амалга оширилаётган хайрли ишлар, ёшларни Ватанга садоқат ва миллий-диний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш борасидаги фаолият сарҳисоб қилинди.
Шунингдек, тадбир давомида имом-хатибларга қуйидаги устувор вазифалар юклатилди:
Эҳтиёжманд, боқувчисини йўқотган ва якка-ёлғиз кексалар ҳолидан мунтазам хабар олиш;
Оилалар тотувлигини мустаҳкамлаш ва маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш;
Масжидлар, қадамжолар ва қабристонларни ободонлаштириш ҳамда тозалик тадбирларида фаоллик кўрсатиш.
Йиғилиш якунида диний соҳа ходимларининг келгуси фаолиятига муваффақиятлар тиланди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Қашқадарё вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати