Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вирус ҳақида нима деганлар?
Ушбу ҳолатда ҳам намозни жамоат билан адо этиш керакми?
Ҳозирги кунда кенг тарқалаётган коронавирус (СOVID-19) ҳукуматларни ва ахборот агентликларини бутун дунё аҳолисига фойдали бўлган энг аниқ маълумотлар ва керакли кўрсатмалар беришни талаб қилмоқда. Чунки вирус бутун дунё бўйлаб тарқалиб кетди. Шунингдек шифокорлар, эпидемия ва пандемия соҳа мутухасисларига талаб ошмоқда.
Иммунолог доктор Энтони Фосси ва тиббиёт мухбири доктор Санжай Гупта каби мутахасислар касалликнинг олдини олиш учун шахсий гигиена ва карантин қоидаларига риоя қилиш, одамлардан ажралиб олиб уйда ўтириш (СOVID-19) га қарши энг самарали восита деб айтишмоқда.
Эпидемия вақтида шахсий гигиенага риоя қилишни ва карантин қоидаларига амал қилишни ким тавсия қилганини биласизми?
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам, бундан 1400 йил аввал.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳалокатга олиб борадиган касалликларнинг мутахассиси эмасдилар. Шундай бўлса-да ҳозирги замонда кенг тарқалаётган коронавирус каби касалликларнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича маълумотлараг эга эдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай юқумли касалликлар ҳақида: “Агар сизлар у (касаллик) бирор ерда тарқаганини эшитсангиз у ерга борманг. Агар сиз яшаётган ерда (у касаллик) тарқаган бўлса у ердан чиқманг”, деганлар.
Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Касал одам соғлом одамнинг олдига бормасин”, деганлар.
Шунингдек Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларни касалликдан ҳимоя қиладиган тозалик қоидаларига амал қилишга даъват қилардилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадисларига эътибор беринг: “Поклик иймондандир”.
“Таомнинг баракаси ундан олдин (икки қўлни) ювишдир ва ундан кейин (икки қўлни) ювишдир”.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам оғриқдан озор чекаётган одамларга нима қилишга буюрганлар?
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларни тиббиёт билан даволанишга чақириб: “Эй Аллоҳни бандалари, даволанинглар. Албатта Аллоҳ таоло ўлимдан бошқа дардга шифо беради”, деб марҳамат қилганлар.
Муҳими шундаки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мантиқ ва ақида ўртасидаги мувозанатни идрок этганлар. Охирги кунларда баъзи одамлар карантин ва ўз ўзини ҳимоя қилиш учун уйда ўтиришдан жамоат билан намоз ўқишни афзал дейишмоқда.
Тўғри, намоз ўқиш Роббимизнинг бандаларига буюрган буйруғидир. Лекин ушбу ҳолатда намозни уйда адо этган маъқул. Касалликдан тузалиш учун унинг сабабларига амал қилиш керак.
Қуйидаги қиссани тафаккур қилиб кўринг: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам туясини боғламасдан тарк қилган бир саҳройи кишини кўрдилар. Саҳройидан туяни боғлаб қўймаганининг сабабини сўрадилар. Бадавий Аллоҳга таваккал қилганини айтди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алйҳи васаллам: “Уни боғлаб қўй, кейин таваккал қил дедилар”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларга дин ишларида маслаҳат қилишни буюрдилар. Лекин барча одамлар яхши ҳаёт кечиришлари учун турли хил касалликлардан ҳимояланиш, бунинг учун маълум қоидаларга амал қилиш лозим эканини буюрдилар.
Бошқача қилиб айтганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларга ақл билан иш тутишларини тавсия қилдилар.
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу Шомга борганларида у ерда вабо тарқалганини эшитиб орқага қайтишга қарор қилдилар.
Шунда Абу Убайда розияллоҳу анҳу:
«Аллоҳнинг қадаридан қочибми?» деди.
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу унга:
«Шуни сендан бошқа айтса бўлмасмиди? Ҳа, Аллоҳнинг қадаридан, Аллоҳнинг қадарига қочамиз. Айтгин-чи, агар сенинг туяларинг бўлса-ю улар икки бўлинган бир водийга тушсалар. Бўлакларнинг бири серҳосил бўлса-ю бошқаси қуруқ бўлса, ҳосилдорида боқсанг ҳам Аллоҳнинг қадари ила боқасан, қуруғида боқсанг ҳам Аллоҳнинг қадари ила боқасан. Шундай эмасми?» дедилар.
Манба: azon.uz
بِسْمِ اللَّهِ الرَّحْمَنِ الرَّحِيمِ
عن جابر بن عبد الله رضي الله عنهما قال: قال رسول الله صلى الله عليه وسلم:
« المجالس بالأمانة إلا ثلاثة مجالس: سفك دم حرام، أو فرج حرام، أو اقتطاع مال بغير حق »
Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Мажлислар омонатдир. Фақат уч мажлис бундан мустасно: ноҳақ қон тўкиш, ҳаром шаҳвоний алоқа (зино) ва ноҳақ молни тортиб олиш ҳақидаги мажлислар” (Имом Абу Довуд ривояти).
“Мажлислар омонатдир”, яъни одамлар йиғилган ҳар қандай мажлисда айтиладиган гаплар омонат ҳисобланади. Агар суҳбатдошлар маълум бир гапнинг сир сақланишини истасалар ёки вазият шуни тақозо этса, у ҳолда у гапни бошқаларга тарқатиш жоиз эмас.
Бунга қуйидагилар киради: шахсий сирлар; оилавий маслаҳатлар; ишхона ёки ташкилот йиғилишлари; давлат ишларига оид махфий суҳбатлар; фақат иштирокчиларга тегишли бўлган маълумотлар.
“Омонат” дегани фақат мол-мулкни сақлаш эмас, балки сирни, маълумотларни ва эшитилган гапни ҳам сақлашни ўз ичига олади.
Нима учун мажлис омонат деб аталган? Чунки одамлар бир-бирига ишониб, эркин маслаҳатлашиши ва дардини айтиши учун уларнинг гаплари ташқарига чиқмаслиги зарур. Агар мажлисда ёки бирор йиғинда қатнашган киши эшитганларини бошқаларга тарқатаверса, одамлар бир-бирига ишонмай қўяди, ғийбат ва чақимчилик кўпаяди, муносабатлар бузилади, жамиятда ўзаро ишонч йўқолади. Шу боис солиҳ салафлар мажлис сирини ошкор қилишни омонатга хиёнат деб ҳисоблашган.
“Фақат уч мажлис бундан мустасно...” яъни баъзи ҳолларда сир сақлаш мумкин эмас. Агар бир киши: “Мен фалончини ўлдирмоқчиман ёки унга зарар етказмоқчиман” деса ва унинг бу иши жиддий экани маълум бўлса, уни яшириш жоиз эмас. Балки қотилликнинг олдини олиш учун тегишли масъулларни ёки ҳуқуқни музофаза қилувчи ташкилотлар вакилларини огоҳлантириш шарт.
“Ҳаром шаҳвоний алоқа (зино)”. Агар бир киши зино қилиш ёки бировнинг номусига тажовуз қилиш нияти борлигини билдирса, бу ҳақда ҳам сукут қилиш мумкин эмас. Бундай ҳолда жабрланувчини ёки бунинг олдини оладиган масъул шахсларни огоҳлантириш лозим бўлади.
“Ноҳақ молни тортиб олиш”. Агар кимдир ўғрилик, фирибгарлик қилишни, бировнинг ҳақини тортиб олишни режалаштираётганини айтса, бу сирни ҳам сақлаб туриш жоиз эмас. Чунки бу бошқаларнинг ҳақига тажовуздир.
Хўш, шундай вазиятга дуч келган киши қандай йўл тутиши лозим?
Аввало, ўша одамга насиҳат қилинади ва Аллоҳдан қўрқиши эслатилади. Агар у фикридан қайтмаса ва хавф ҳақиқий бўлса, зарарнинг олдини олиш учун тегишли шахсларга хабар берилади. Бу хабар бериш фақат жиноятни тўхтатиш бўлиши керак, одамни шарманда қилиш ёки обрўсини тўкиш эмас.
Хулоса қилиб айтганда, барча ҳадислар каби мазкур ҳадис ҳам мўмин-мусулмонларга жуда муҳим ахлоқий қоидани ўргатади: мажлисда эшитилган гаплар омонат ҳисобланади ва уларни эгасининг розилигисиз тарқатиш асло мумкин эмас. Бироқ агар бу сирни сақлаш оқибатида инсоннинг жонига, номусига ёки мол-мулкига катта хавф туғилса, зарарнинг олдини олиш учун шу ҳақда хабар бериш баъзи ҳолларда вожиб бўлади. Шу тариқа Ислом ҳам омонатни сақлашни, ҳам одамларнинг ҳаёти, номуси ва мол-мулкини муҳофаза қилишни таъминлайди.
Манбалар асосида
Т.НИЗОМ тайёрлади.