Самарқанд шаҳридаги “Хўжа абду Дарун” жоме масжиди янги биносига биринчи ғишт қўйиш маросими бўлиб ўтди. Унда устоз Маҳмуджон домла Ибодуллаев нуроний отахонлар билан бирга масжид пойдеворига илк ғиштни қўйиб бердилар.
Шундан сўнг йиғилганлар Аллоҳ таолодан масжид қурилиш ишлари тезда якунланишини, узоқ йиллар мўмин-мусулмонларга хизмат қилишини, масжид қурулишига ҳисса қўшаётган саҳоватпеша инсонлар, уста ва мутахассислар, ҳашарчилар олаётган ажру савобларни янада кўпайтириб беришини сўраб дуо қилишди.
Маълумот учун, ушбу масжиднинг эски биноси янгитдан ҳашар, хайрия йўли билан бино бўлмоқда. Масжид замонавий ва миллий меъморчилигимиз анъаналари уйғунлашган ҳолда қад ростлайди. Ҳозир масжиднинг асос қисмида ишлар олиб борилмоқда. Ҳозирда юз кишига хизмат кўрсатишга мўлжалланган таҳоратхона, хизмат хоналари ва кутубхона биносининг қурилиши якунланиб, уларда пардозлаш, жиҳозлар ўрантиш ишлари олиб борилмоқда. Яқинда таҳоратхона фойдаланишга топширилади. Унда аёллар учун алоҳида таҳоратхона ўрин олган.
Дарҳақиқат, масжид қуриш ёки унга ҳисса қўшиш савоби улуғ амаллардан. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Албатта, Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирганлар, намозни тўкис адо этганлар, закотни берганлар ва Аллоҳдан бошқадан қўрқмаганларгина обод қилурлар. Ажаб эмаски, ана ўшалар ҳидоят топгувчилардан бўлсалар” (Тавба сураси, 18-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дейдилар: “Ким Аллоҳ йўлида масжид учун битта ғишт қўйса, Аллоҳ у учун жаннатда битта қаср барпо қилади”, деганлар.
Бу дунёда қилган ҳар бир савоб амалимиз охиратимиз учун заминдир. Аллоҳга суюкли маконларни обод қилишганларга эса жаннатда қаср бино этилади, иншоаллоҳ.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Вафот этганингиздан кейин нималар бўлишини тасаввур қиласизми? Бир неча соат ўтиб, сиз учун йиғлаётган одамларнинг йиғиси тўхтайди. Яқин қариндошларингиз ҳам ҳаёт ташвишларига овунади.
Кўп ўтмай, раҳбарингиз ўрнингизга бошқа ходим топади. Яқинларингиз, фарзандларингиз ишга, тирикчилик ташвишига тушиб кетади.
Бир ой ўтгандан сўнг турмуш ўртоғингиз ҳам сизни камроқ эслай бошлайди. Ҳа, одам ўзи ўйлаганидан кўра тезроқ унутилади.
Модомики, одамлар сизни шунчалар тез эсдан чиқарар экан, бу ўлчовли умрингизни ким ёки нима учун сарфламоқдасиз? Бир умр “Одамлар нима деркин?” деб яшаб ўтмаяпсизми? Яшашдан мақсадингиз нима ўзи?
Бир лаҳза тин олиб, шулар ҳақда ўйлаб кўринг. Бу оламга келтирилиш сабабингиз ҳақида мулоҳаза юритинг. Яқинларингизни ҳаётлик чоғида қадрлангки, вақти етганда қадр топасиз. Аллоҳ таоло Ўзи рози бўладиган ҳаммамизга мазмунли ҳаёт, хайрли оқибат насиб этсин!
Акбаршоҳ Расулов