Куни кеча, 15 март куни юртимизда коронавирус бўйича илк ҳолат қайд этилгани муносабати билан одамларда ваҳима, қўрқув бошланди. Кўпчилик озиқ-овқат ва хўжалик маҳсулотларини сотиб олиш дардида бозор, дўкон, супермаркетларга югурди. Гўё дўкон ва бозорлардаги озиқ-овқатлар тугаб қоладию, ҳамма очликдан ўладигандек. Кишилар беш-олти қоплаб картошка, сабзи, пиёз ва ҳоказоларни, ун-ёғ каби маҳсулотларга навбат туриб сотиб оляптилар. Ахир биз тақдирга иймон келтирганмиз-ку! Ризқ Аллоҳ таолодан эканига иймонимиз бор-ку! Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган:
وَمَا مِن دَآبَّةٍ فِي الأَرْضِ إِلاَّ عَلَى اللّهِ رِزْقُهَا وَيَعْلَمُ مُسْتَقَرَّهَا وَمُسْتَوْدَعَهَا كُلٌّ فِي كِتَابٍ مُّبِينٍ
“Ер юзида ўрмалаган нарса борки, уларнинг ризқи Аллоҳнинг зиммасидадир. У уларнинг турар жойларини ҳам, борар жойларини ҳам билур. Ҳаммаси очиқ-ойдин китобдадир” (Ҳуд сураси, 6-оят).
Нега синов пайтида ана шу иймонимиз талаб қилганидек иш тутмаймиз?! Нега ушбу оятга биноан “Ризқимни Аллоҳ беради” деб ҳаракатланмаймиз?!
Одамларнинг бозор ва дўконларга югуришини кўрганда “Бу кимсалар вирусдан эмас, очкўзликдан, ҳаддан ортиқ тўйишдан, бўкишдан ўлса керак” деб ўйлаб қоласан киши. Ахир ўлим вирусга боғланган эмас-ку! Қачон ажалимиз етса, ўшанда ўламиз. Биз олган маҳсулотлар бизга насиб этмаслиги ҳам мумкин-ку! Биз вирус кенг тарқалиб, бозор ва дўконларда ҳеч нарса қолмай, оч қолишимиздан кўра ўлиб қолиб, олиб келган нарсаларимиз бизга насиб этмаслик эҳтимоли анча юқоридир. Олганда ҳам бир-икки кунликка етадиган эмас, бир неча ойга етадиган қилиб оляпмиз. Бизнинг бир неча ой яшашимизга ким кафолат берди?! Қолаверса, бутун дўконни кўчириб кетиб, бошқа мусулмонларга ҳеч нарса қолдирмаслик мусулмончиликка тўғри келадими?! Сиздаку пул бор экан, керагидан ортиқ оляпсиз, аммо ён қўшнингизда бир неча ойлик у ёқда турсин, икки кунликка етадиган бозорлик қилишга моддий имконияти бўлмасачи?! Қўшнимиз оч қолиб, биз тўқ яшай оламизми?! Мана бу ҳадисдан хабаримиз борми ўзи:
Абдуллоҳ ибн Мусовирдан ривоят қилинади: «Ибн Аббоснинг Ибн Зубайрга шундай деяётганини эшитдим: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ўзи тўқ бўлиб, қўшниси оч қолган одам мўмин эмас», деганларини эшитдим».
Ҳадисда айтилаётган гап жуда оғир гап. Ҳар биримиз қўшнимиз, яқинимизга нисбатан эътиборли бўлишимиз керак.
Одамлар бозору дўконларга ўзларини урганларини кўрган кўплаб сотувчилар “Даврим келди. Энди пулни босиб оламан” деб, пулни кўпайтириш кайфиятига ўтдилар. Кечаги ҳолатни ҳисоб-китоб қиладиган бўлсак, дўкон ва бозорларда бир килоси 2 ярим минг – 3 минг сўм атрофида сотилаётган картошка айрим сотувчилар қўлида 8000-10000 сўмга чиқиб кетди. Бир боғи 20 минг сўм сотилаётган исириқ 60 минг сўм нархда сотиляпти. Бу нима деган гап?! Нархларни сунъий равишда кўтариб сотаётган сотувчиларда инсоф борми ўзи?! Бу мусулмонларни алдаш, уларни чув тушириш, бошларига тушган оғир вазиятдан, қўрқувларидан фойдаланиб қолиш эмасми?!
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дон сотаётган одамнинг ёнидан ўтиб қолибдилар. Унинг дони орасига қўл тиқиб кўрсалар, намланиб қолган экан. “Бу нимаси?”, деб сўрадилар. Сотувчи: “Эй Расулуллоҳ, унга ёмғир тегибди”, деди. Шунда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Уни устига чиқариб қўймайсанми, одамлар кўрар эди”, дедилар ва “Ким бизни алдаса, у биздан эмас”, дедилар (Имом Ҳоким ривояти)
Сиз 3 минг сўмлик картошкани 8 минг сўм сотяпсизми, демак, одамларни алдаяпсиз. Баъзи сотувчилар “Фалон маҳсулот тугади” деб, дўконни беркитиб, кейинчалик қимматроққа сотиш илинжида юрибдилар. Бу иҳтикор деб аталиб, гуноҳ ишлардандир. Иҳтикор сўзи луғатда “озиқ-овқат ва ҳоказони нарх қимматлашини кутиб, бозорга чиқармай, сақлаб қўйиш” маъносини англатади.
Имом Ҳаким Термизий раҳматуллоҳи алайҳ “Наводирул усул фи маърифати аҳодисур Расул” асарида: Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан бундай ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Энг яхши касб савдогарликдир. Агар савдогар ёлғон гапирмаса, омонатга хиёнат қилмаса, ваъдага хилоф этмаса, сотиб олаётган нарсаларини ёмонламаса, (ҳаддан ортиқ) қимматга сотмаса, зиммасидаги ҳақни беришни чўзмаса ва ўз ҳақларини олишда ҳам қўпол бўлмаса”, дедилар”.
Демак, савдогарлар ҳалол, омонатдор, яхши инсон бўлишлари учун ушбу ҳадисда айтилган нарсаларга амал қилишлари, жумладан, маҳсулотни ҳаддан ортиқ қиммат сотмасликлари лозим бўлади.
Мусулмонларнинг эҳтиёжи тушиб турганда, уларга енгиллик қилиб бериш ўрнига баттар қимматлаштириш ёки янада қимматроқ сотиш мақсадида дўконни ёпиб қўйиш гуноҳдир.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сотганда, сотиб олганда ва ҳаққини талаб қилганда карамли бўлган одамни Аллоҳ раҳм қилсин», дедилар».
Бухорий ва Термизий ривоят қилишган.
Сотиш, сотиб олиш ва ҳаққини талаб қилишда бағрикенг, саховатли бўлиш мақсадга мувофиқдир. Бундай кишига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолонинг раҳматини сўраганлар. Бир сўм устида етти думалаб туриб олиш, айтганимга сотаман дейиш, нархни кўтариб, туширмаслик, одамларга қийин шароитни вужудга келтириш Аллоҳ таолонинг раҳматига эришишга, топгани баракотли бўлишига тўсқинлик қилади.
Мўмин-мусулмон одам ўз биродарига ёрдам беришга шошилиши, унинг оғирини енгил қилиш пайидан бўлиши лозим.
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ким бир мўминдан бу дунё машаққатларидан бирини аритса, Аллоҳ таоло ундан қиёмат куни машаққатларидан бирини аритади. Ким бир камбағалнинг ишини енгиллатса, Аллоҳ таоло унинг бу дунёю охират ишларини енгиллатади. Ким бир мусулмон айбини беркитса, Аллоҳ унинг айбини бу дунёю охиратда беркитади. Модомики банда ўз биродарининг ёрдамида экан, Аллоҳ ҳам унинг ёрдамида бўлади”. (Имом Муслим ривояти)
Аллоҳ таоло бизнинг оғиримизни енгил қилишини, бизга ёрдам беришини, айбларимизни беркитишини, истаймизми, у ҳолда ўзимиз диндошларимизга ёрдам қўлини чўзишга, уларнинг оғирини енгил қилишга интилайлик!
Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг ҳидоятидан айирмасин ва хотимамизни чиройли қилсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Раддия: Исломда пешволикни даъво қиладиган гуруҳ ва оқимлар диндаги айрим тушунча ва сўзларни ғаразли мақсадлари йўлида бузиб, нотўғри талқин қилиши ҳаммага маълум. Улар шу орқали мусулмонлар ҳиссиётига тегиниш, ўзларига тобеларни кўпайтириш, диндор ва илмли бўлиб кўринишга ҳаракат қилади. “Тоғут” сўзи улар кўп ишлатадиган, инсонларни, айниқса ҳукмдорларни айблашда қўллайдиган тушунчалардан бири. Аслида у нима? Қандай маъноларда ишлатилади? Кимлар тоғут бўлиши мумкин?
“Тоғут” лафзи “туғён” сўзи билан ўзакдош бўлиб, Аллоҳ белгилаб қўйган чегарадан чиқишга, куфрда ҳаддан ошишга, исён қилишга нисбатан ишлатилади. Исломда Аллоҳнинг йўлидан бошқа йўл “тоғут” дейилади. Тоғутнинг каттаси Шайтондир.
“Тоғут” калимаси Қуръони каримнинг саккиз жойида зикр қилинган бўлиб, уламоларимиз уни турлича тафсир қилган. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу, Имом Шаъбий, Имом Заҳҳок “Тоғутдан мурод – Шайтон” деган. Имом Абу Олия ва Муҳаммад ибн Сирин тоғут сеҳргар ва фолбин эканини айтган.
“Тафсири Жалолайн”да тоғут сўзи тафсирига мурожаат қилайлик: “Ким тоғутга куфр келтириб, Аллоҳга иймон келтирса, батаҳқиқ узилмайдиган мустаҳкам тутқични ушлаган бўлади” (Бақара сураси, 256) ва “Куфр келтирганларнинг дўстлари тоғутлардир. Уларни нурдан зулматларга чиқарурлар” (Бақара сураси, 257) оятларида тоғутлар – бут-санамлар ва Шайтон, “Китоб (Таврот)дан насибадор бўлганларнинг “Жибт” ва “Тоғут”га сиғинишларини ва кофирларга “Шулар мўминлардан кўра тўғрироқ йўлдадир” дейишларини кўрмадингизми?!” (Нисо сураси, 51) оятида – Жибт ва Тоғут Қурайш қабиласидагиларнинг икки санами, “Ўзларини, Сизга нозил қилинган (Қуръон) ва Сиздан олдин нозил қилинган (илоҳий китоблар)га иймон келтирган, деб ҳисоблайдиганларнинг ҳукм сўраб, Тоғут ҳузурига боришни хоҳлаётганларини кўрмадингизми?” (Нисо сураси, 60) оятидаги тоғут куфрда ҳаддан ошган, туғёнга кетган Каъб ибн Ашраф, “Кофирлар (эса) Тоғут йўлида жанг қиладилар” (Нисо сураси, 76-оят) ва “Ким Аллоҳнинг лаънатига учраган, ғазабига дучор бўлган, маймун ва чўчқага айлантирилган ва тоғутга ибодат қилган бўлса, ана ўшалар ёмон мартабадаги ва тўғри йўлдан бутунлай адашган кимсалардир” (Моида сураси, 60) оятларида улар Шайтон, “Батаҳқиқ, Биз ҳар бир умматга: “Аллоҳга ибодат қилинг ва тоғутдан четланинг” деб пайғамбар юборганмиз” (Наҳл сураси, 36-оят) ва “Тоғутдан, унга ибодат қилишдан четда бўлганларга ва Аллоҳга қайтганларга хушхабар бор” (Зумар сураси, 17-оят) оятларида ҳам улар Шайтон деб назарда тутилган.
Аллома Ибн Атийя айтади: “Баъзи олимлар: “Аллоҳдан ўзга ибодат қилинадиган ҳар қандай нарса тоғутдир”, деган”. Фиръавн, Намруд ва ўзини илоҳ деб эълон қилганлар ва ибодат қилинадиган бут-санамлар тоғут дейилади.
Муқотил розияллоҳу анҳу “Куфр келтирганларнинг дўстлари тоғутлардир” оятидаги тоғутни Каъб ибн Ашраф ва Ҳуяй ибн Ахтаб деб тафсир қилган. У иккиси ислом ва мусулмонларга адовати чексиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кўп азият берган, мусулмонларга қарши урушга жуда кўп даъват қилган яҳудийлардан эди.
Имом Нававий айтади: “Лайс, Абу Убайда, Кисоий ва кўпчилик тилшунослар: “Тоғут – Аллоҳ таолодан бошқа ибодат қилинадиган нарса”, деган”.
Шайх Муҳаммад Амин Шинқитий: “Ҳақиқат шуки, Аллоҳдан ўзга ибодат қилинадиган ҳар қандай нарса тоғут, энг катта тоғут эса Шайтондир”, дейди.
Тоғут сўзининг маъноси ҳақида буюк муфассир Имом Табарий “Жомиъул баён” тафсирида: “Фикримча, тоғут ҳақида тўғри гап шуки, тоғут Аллоҳга туғён қилиб, Уни тарк этиб, Ундан ўзгага ибодат қилинган нарсадир. Ўша маъбуд инсон, шайтон, бут ва бошқа нарсалар бўлиши мумкин”, дейди.
Муфассир олим Ҳасан Таҳсин Файзли “тоғут” сўзини “Аллоҳдан узоқлаштирадиган, унинг амрларини бажаришни ман этадиган кимсалар”, деб изоҳлаган.
Демак, саҳобаи киромлар, тобеинлар ва уламоларимизнинг сўзларидан тоғут калимаси шайтон, сеҳргар, фолбин ва Аллоҳдан бошқа ибодат қилинадиган ҳар қандай нарса экани маълум бўлмоқда.
Афсуски, ҳозирги кунда баъзи тоифалар мусулмон раҳбарларни тоғут деб атаб, уларни осонгина кофирга чиқармоқда. Уларнинг услуби хаворижларникига ўхшайди. Улар арзимас нарсалар туфайли иймонли одамни кофирга чиқариб, қонини ҳалол ҳисоблаб, қанчадан-қанча беайб мусулмонлар умрига зомин бўлмоқда, исломнинг пок номига доғ тушириб, асл моҳият ва тамойилларини ёт ва бузғунчи ғоялардан иборат фитналар соясига тушириб қўймоқда.
Ўткирбек Собиров
Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим бошлиғи,
Тошкент ислом институти ўқитувчиси