Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Бугунги кунда масжидларимиз хонақоҳларида бир ёки бир нечта курсилар (стуллар) қўйилганини кўриб қоламиз. Бу курсилар бирор узр сабабли намозни тик туриб ўқий олмайдиган, шунинг учун ўтириб намоз ўқийдиган биродарларимиз учун қўйилган бўлади. Одатда қувват йўқлиги, беморлик ва шу каби узрли сабаблар туфайли намозхонларимиз курсига ўтириб намоз ўқийдилар. Бироқ, намозни ўтириб ўқиш учун узрли ҳолатларнинг ҳам ўзига яраша қонун-қоидалари бор, фақиҳ уламоларимиз бу масалаларни ҳам чуқур ўрганиб, уларга оид ҳукмларни батафсил баён қилишган.
Курси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг замонларидан аввалда ҳам, саҳобалар, табаъа тобеъинлар замонларида ҳам бор эди. Уларнинг даврида жангу жадаллар кўп бўлган. Кимнингдир оёғи кесилиб, қиёмга қодир бўлмаган, бошқасини бели синган, яна бирининг боши жароҳатланиб, сажда қила олмаган. Шундай бўлса-да, уларнинг бирортаси курсида ўтириб намоз ўқигани ривоят қилинмаган. Уларнинг барчалари ерга ўтириб намоз ўқиганлар. "Ал-муъжамул авсат" китобида бундай дейилган:
عن عبيد الله بن عمر رَضِي اللهُ عَنْهُ، عن نافع ، عن ابن عمر قال : قال رسول الله صلى الله عليه وسلم : " من استطاع منكم أن يسجد فليسجد ، ومن لم يستطع فلا يرفع إلى جبهته شيئا ليسجد عليه ، ولكن ركوعه وسجوده يومئ برأسه "
Табаронийнинг "Ал-муъжамул кабир" китобида Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам асҳобларидан бири бемор бўлганида уни кўришга бордилар. Мен у зот билан бирга эдим. Унинг ҳузурига кирсак, олдига бир ёғочни қўйиб, пешонасини унга қўйиб намоз ўқиётган экан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга ишора қилган эдилар, у ёғочни ташлаб юбориб, ёстиқни олди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам "Қўй уни. Агар ерга сажда қила олсанг, шундай қил. Қила олмасанг, ишора қилиб ўқигин, саждангни эса рукуъингдан пастроқ қилгин", дедилар.
Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг замонларидан тортиб, мутааххир фуқаҳоларнинг замонигача бирорта фақиҳ "курсида ўтириб намоз ўқиш" деган масалани баён қилган эмас. Чунки намоз улуғ бир ибодат бўлиб, банда бу ибодатда Роббининг ҳузурида ўзининг ожизлиги, синиқлигини, хорлигини изҳор қилади. Курсида ўтириш эса иззат ҳисобланади.
Агар бирор сабаб туфайли одам умуман ерга ўтира олмаса, унинг курсида ўтириши мустасно. Чунки ўтиришга ожиз бўлган кишига ётиб намоз ўқишга рухсат берилган. Ночор ҳолатдагина курсига ўтириб, ишора билан намоз ўқишга ижозат бор. Масалан, жарроҳлик амалиётидан сўнг фақатгина курсида ўтириб ўқиш қулай бўлса, ана шундай мажбурий ҳолатлардагина бунга ижозат берилади. Лекин бемор одам масжидга ўзи юриб келса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам беморликларида ўтириб намоз ўқиганларидек ўтиришга қодир бўлса, сафни текис қилишдек вожиб амалга хилоф қилиб, сафдан олдинга ёки орқага ўтиб кетиш жоиз эмас. Чунки курсида ўтиргани учун сафдан орқароқда туриб, кейинги сафда турган кишининг сажда қиладиган жойини эгаллаб олиши ёки сафдаги ўрнини бўш қолдириб, сафдан олдинга чиқиб ўтириб олиши мутлақо жоиз эмас.
Бу ҳақда «Дуррул муҳтор»нинг муаллифи қуйидагиларни келтиради:
(مَنْ تَعَذَّرَ عَلَيْهِ الْقِيَامُ) أَيْ كُلُّهُ (لِمَرَضٍ) حَقِيقِيٍّ وَحَدُّهُ أَنْ يَلْحَقَهُ بِالْقِيَامِ ضَرَرٌ بِهِ يُفْتَى (قَبْلَهَا أَوْ فِيهَا) أَيْ الْفَرِيضَةِ (أَوْ) حُكْمِيٍّ بِأَنْ (خَافَ زِيَادَتَهُ أَوْ بُطْءَ بُرْئِهِ بِقِيَامِهِ أَوْ دَوَرَانَ رَأْسِهِ أَوْ وَجَدَ لِقِيَامِهِ أَلَمًا شَدِيدًا.. صلى قاعدا
Бир кишининг намоздан олдин ёки намоз ичида (фарз намозида) касаллиги зиёда бўлса ёки тик тургани учун дардининг тузалиши кечикса (бу ҳолатнинг охирги чегараси тик турса зарар етишидир, шунга фатво берилган), боши айланса ёки тик турса қаттиқ оғриқ тургани учун (каби ҳукмий касаллик сабабли) тик туриши узрли бўлса, ўтириб ўқийверади.
Қиёмни соқит қилувчи узрлар
Қиёмни икки нарса соқит қилади:
* тик туришга умуман қодир бўлмаса.
* тик тура олса ҳам, ҳозиқ табиб туришни ман қилган бўлса ёки тик тургани учун касали кучайса, боши айланиб йиқилиши мумкин бўлса ёки касалининг тузалиши кечикса ёки қаттиқ оғриқ турса.
وإن لم يكن كذلك (أي بما ذكر) ولكن يلحقه نوع مشقة لا يجوز ترك القيام. (التاتارخانية).
وَإِنْ قَدَرَ عَلَى بَعْضِ الْقِيَامِ ) وَلَوْ مُتَّكِئًا عَلَى عَصًا أَوْ حَائِطٍ ( قَامَ ) لُزُومًا بِقَدْرِ مَا يَقْدِرُ وَلَوْ قَدْرَ آيَةٍ أَوْ تَكْبِيرَةٍ عَلَى الْمَذْهَبِ لِأَنَّ الْبَعْضَ مُعْتَبَرٌ بِالْكُلِّ
Агар бундай (яъни юқорида зикр қилингандек) бўлмаса, аммо бирор машаққат етиши мумкин бўлса, ўтириб ўқиш жоиз бўлмайди («Татархония»).
Агар (ҳассага ёки деворга суяниб бўлса ҳам) озгина туришга қодир бўлса, (имкони борича, ҳанафий мазҳабига кўра бир оят ёки бир такбир миқдорича) тик туриб ўқийди (чунки озгина миқдорда туриш ҳам тўлиқ туриш ҳисобланади).
Қиёмга қодир бўлмаса
وإن عجز عن القيام وقدر على القعود، فإنه يصلي المكتوبة قاعداً بركوع وسجود، ولا يجزئه غير ذلك(التاتارخانية).
Тик туришга имкони бўлмай, ўтиришга қодир бўлса, фарзларни ўтирган ҳолда рукуъ ва сажда қилиб ўқийди. Бундан бошқача суратда ўқиш жоиз эмас («Татархония»).
وإن عجز عن الركوع والسجود وقدر على القعود فإنه يصلي قاعداً بإيماء، ويجعل السجود أخفض من الركوعظ.
Рукуъ ва сажда қила олмаса, фақат ўтиришга қодир бўлса, ўтирган ҳолда, саждани рукуъдан пастроқ қилиб, имо-ишора билан ўқийди.
إذا لم يقدر على القعود مستوياً، وقدر عليه متكئاً، أو مستنداً إلى حائط أو إنسان، أو ما أشبه ذلك، قال شمس الأئمة الحلواني رحمه الله: قال مشايخنا رحمهم الله: يجزىء أن يصلي قاعداً مستنداً أو متكئاً، لا يجزئه أن يصلي مضطجعاً.
Тўғри ўтиришга имкони бўлмай, деворга ёки бирор одамга ёки шунга ўхшаш нарсаларга суяниб ўтира олмаса, бу борада Шамсул Аимма Ал-Ҳулваний роҳимаҳуллоҳнинг айтишича, машойихларимиз «Суянган ҳолда ўтириб ўқиши жоиз бўлади. Ётган ҳолда ўқиши эса жоиз эмас», деганлар.
Ўтиришга ҳам қодир бўлмаса
وَإِنْ تَعَذَّرَ الْقُعُودُ ) وَلَوْ حُكْمًا ( أَوْمَأَ مُسْتَلْقِيًا ) عَلَى ظَهْرِهِ ( وَرِجْلَاهُ نَحْوَ الْقِبْلَةِ ) غَيْرَ أَنَّهُ يَنْصِبُ رُكْبَتَيْهِ لِكَرَاهَةِ مَدِّ الرِّجْلِ إلَى الْقِبْلَةِ وَيَرْفَعُ رَأْسَهُ يَسِيرًا لِيَصِيرَ وَجْهُهُ إلَيْهَا ( أَوْعَلَى جَنْبِهِ الْأَيْمَنِ ) أَوْ الْأَيْسَرِ وَوَجْهُهُ إلَيْهَا ( وَالْأَوَّلُ أَفْضَلُ ) عَلَى الْمُعْتَمَدِ رد المحتار
Бирор нарсага суяниб ўтиришнинг ҳам имкони бўлмаса, чалқанча ётиб, оёқларини қибла тарафга узатиб, тиззаларини бир оз кўтариб, юзи қиблага юзланиши учун бошини бир оз кўтариб ўқийди. Ёки ўнг ёки чап тарафига ёнбошлаб юзини қиблага қаратиб, имо-ишора билан ўқийди. Биринчи сурат афзалроқ («Роддул Муҳтор»).
Беморлардан бошқалар оёғини қиблага узатиб ётиши танзиҳий макруҳдир.
Намоздаги қиём ва қаъданинг таърифи. Юқорида «тик туриш» ва «ўтириш» сўзлари ишлатилди. Тик туришнинг миқдори ҳақида уламоларимиз қуйидагиларни айтганлар: «Қиём деб инсоннинг қаддини тик тутишига айтилади. Бунда бир оз эгилишнинг ҳам зарари йўқ, лекин бу нарса рукуънинг энг паст даражада адо бўладиган миқдорига етмаслиги керак». Тик турган киши 90 даражада эгилса, тўлиқ рукуъ қилган бўлади, 45 даражадан ўтиб эгилса, рукуънинг энг оз миқдори бўлади. Бунда қўлини ёзса, тиззага етадиган бўлади. 45 даражадан камроқ эгилса тик турган (қоим) ҳисобланади.
اتفق الفقهاء على أن القيام المطلوب شرعاً في الصلاة هو الانتصاب معتدلاً , ولا يضر الانحناء القليل الذي لا يجعله أقرب إلى أقل الركوع بحيث لو مدّ يديه لا ينال ركبتيه. الموسوعة الفقهية
Фуқаҳолар «Намозда шаръий талаб қилинган тик туриш – мўътадил тўғри туришдир. Бунда қўлни чўзганда тиззага етмайдиган даражада бир оз эгилишнинг зарари йўқ» деб иттифоқ қилишган («Мавсуъатул-фиқҳийя»).
Қаъда деб ҳаммамиз биладиган оддий ўтиришга айтилади. Аллома Косоний раҳимаҳуллоҳ қаъдага таъриф бериб, «Инсон танасининг белдан паст қисми букилиб, орқанинг ерга тегиши қаъда деб аталади», деганлар.
Ерга ўтирган ҳолида бошини ерга қўйиб сажда қила оладиган киши курсига (стулга) ўтириб намоз ўқиш жоизми?
Баъзи одамлар тик туришга қодир бўлмаса ҳам, ўтириб сажда қилишга қодир бўлса, курсида ўтирган ҳолларида ишора билан сажда қилишлари жоиз эмас, чунки пешонасини ерга теккиза оладиган кишига ишора билан сажда қилиш кифоя қилмайди.
Фуқаҳоларимиз саждага таъриф бериб, «вазъур-роъси ъалал-ард», яъни «бошни ерга қўйиш» деганлар. Баъзилар «тасвиятул-аълаа маъал-асфал», яъни «бошни оёқ билан тенг қилиш», дейишган (бош оёқдан бир ғишт баробарича кўтарилса жоиз). Курсига ўтириб сажда қилувчилар мана шу фарзни тарк қилган бўладилар. Бундай ҳолда ўқилган намозни қайта ўқиш шарт («Аҳсанул фатаво»).
Савол: Энгашса қон босими ошиб кетадиган одам ишора билан сажда қилса бўлади-ми?
Жавоб: Ундай кишилар бошларини ерга қўйиб сажда қила олмаганлари учун курсига ўтириб, ишора билан сажда қилишлари жоиз.
Рамазон Бутий роҳматуллоҳи алайҳ ўтириб намоз ўқиш ҳақида шундай деганлар: «Курсида намоз ўқишда асосий шарт шуки, ҳозиқ (моҳир), ишончли, намозхон табиб беморга ерга ўтириб намоз ўқиши мумкин эмаслигини айтган бўлиши керак. Бундан бош қача ҳолатда курсида ўтириб намоз ўқиши жоиз эмас. Агар шифокор тик туришни тақиқлаган бўлса, аммо ўтириб рукуъ сажда қилишни ёки ишора билан сажда қилишни тақиқламаган бўлса (у одамнинг курсига эмас), ерга ўтириб намоз ўқиши вожибдир».
Ибодатларда бошқа дин вакилларига ўхшаб қолиш
Курсига ўтириб ўқишда насороларнинг ибодатхонасидаги ҳолатга ўхшаб қолиш хавфи ҳам бор. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ибодатларда аҳли китобларга ўхшашдан қаттиқ қайтарганлар.
Такбири таҳрима учун қиём шартдир
Одатда курсига ўтириб ўқийдиган кишилар юриб келиб, курсига ўтириб, сўнг қулоқ қоқиб, намозга киришадилар. Такбири таҳриманинг шарти эса намозга тик турган ҳолда киришишдир. Бу ҳолатда мана шу шарт бажарилмай қолади.
شرط صحة التكبير أن يوجد في حالة القيام في حق القادر على القيام ، سواء كان إماما أو منفردا أو مقتديا ، حتى لو كبر قاعدا ثم قام لا يصير شارعا ، ولو وجد الإمام في الركوع أو السجود أو القعود ينبغي أن يكبر قائما ثم يتبعه في الركن الذي هو فيه ، ولو كبر للافتتاح في الركن الذي هو فيه لا يصير شارعا لعدم التكبير قائما مع القدرة عليه .
Имом учун ҳам, ёлғиз намоз ўқиётган одам учун ҳам, иқтидо қилган одам учун ҳам такбири таҳриманинг шарти шуки, қиёмга қодир бўлган одам тик туриб такбир айтиши керак. Бундай одам ўтирган ҳолида такбир айтса, намозга кирган ҳисобланмайди. Имом рукуъ, сажда ёки қаъдада бўлса, намозга янги қўшилаётган одам такбирни тик туриб айтиб, кейин имомга эргашиши шартдир. Имом саждада ёки қаъдадалигида унга иқтидо қилган одам ўтириб олганидан кейин такбир айтса, намозга киришган бўлмайди, чунки у қиёмга қодирдир («Бадоиус саноиъ»).
Қиёмга қодир бўлишнинг миқдори
Бир киши ҳассага ёки деворга суяниб бўлса ҳам тик тура олса, намозда ана шундай туриши шарт, чунки қиём фарздир, қўлни киндик остида боғлаш эса суннатдир. Фарзни адо қилиш учун суннатни тарк қилиш жоиз. Бир-икки оят ўқилгунча қодир бўлиб, қолганига қодир бўлмаса ҳам, шунча миқдор тик туриш фарздир.
وإن قدر على بعض القيام) ولو متكئا على عصا أو حائط (قام) لزوما بقدر ما يقدر ولو قدر آية أو تكبيرة على المذهب،
Агар ҳасса ёки деворга суяниб ўқишга қодир бўлса, қодир бўлган миқдорича тик туриб ўқиши шарт. Агарчи бир оят миқдори ёки унга ҳам ярамаса, такбири таҳримани айтиш миқдорича бўлса ҳам.
Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Фақиҳларнинг фиқҳга берган таърифларида «далил» деган сўз борми? Йўқ. Улар фақат мукаллафларнинг амаллари ҳақида гапиришди, ҳукмларнинг мукаллафларга нисбатан жорий бўлиш ҳолатларига эътибор қаратишди. Демак, умумий қилиб айтадиган бўлсак, фиқҳга икки хил таъриф берилди. Бири усулий уламоларнинг таърифи, яъни «Қуръон ва Суннатдан ҳукмларни қай тарзда чиқариб олиш ҳақидаги илм» деган таъриф. Иккинчиси фуқаҳолар берган таъриф бўлиб, унда ҳосил бўлган ҳукмларнинг мукаллафларга қандай жорий қилиниши асосий ўринга қўйилди. Бу ҳукмлар мутлақ мужтаҳидлар тарафидан чиқарилади. Ҳукмни фақат мутлақ мужтаҳид чиқара олади. Ана шу мужтаҳид муайян бир ҳукмни Қуръон ва Суннатдан қандай чиқарганини ўрганиш усул илмининг мавзусидир. Чиқарилган ҳукмни ўзимизга ва жамиятга татбиқ қилиш эса муфтий ва фақиҳларнинг ишидир.
Демак, фиқҳга икки хил қараш мумкин экан: ҳукмни чиқариб олиш ва уни татбиқ қилиш. Бизнинг хатоимиз шуки, ҳукмни ишлаб чиқиш билан уни татбиқ қилиш орасидаги фарқни тушунмаяпмиз. Тушунмаганимиз учун ҳам кераксиз гапларни гапиряпмиз. Биз юқорида айтиб ўтган икки йўналиш – таҳаллул, яъни динга енгил қараш ва ташаддуд, яъни динда ғулувга кетиш йўналишлари ё иккинчи таърифдан бехабар қолишди, ёки унга эътиборсиз қарашди. Улар фақат биринчи таърифни, яъни ҳукмни қай тарзда ишлаб чиқишни изоҳлашди.
«Ҳанафий мазҳабига теран нигоҳ» китобидан