Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
03 Октябр, 2025   |   11 Рабиъус сони, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:04
Қуёш
06:22
Пешин
12:17
Аср
16:16
Шом
18:06
Хуфтон
19:17
Bismillah
03 Октябр, 2025, 11 Рабиъус сони, 1447

Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни қанчалик севамиз?

13.03.2020   5206   2 min.
Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни қанчалик севамиз?

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам биз учун жонимиздан, молимиздан, ота-онамиздан, барча оила аъзоларимиздан, жамики инсонлардан азизроқ ва маҳбуброқдирлар.

Имом Молик раҳимаҳуллоҳ Мадинада яшаб, Мадинада вафот этганлар. У ердан бошқа шаҳарга чиқмаганлар. Сабабини сўралганда, “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ётган шаҳарни ташлаб кетишни ёқтирмайман” деган эканлар.

Имом Молик раҳимаҳуллоҳ ҳадис ўқиётиб, сесканган эканлар. Ҳадисни ўқиб бўлганларида, шогирдлари ўша сесканишларининг сабабини сўрашганда, чаён чақиб олгани учун шундай бўлганини айтган эканлар. Шогирдлари ҳайрон бўлиб, “Нега ҳадисни тўхтатмадингиз?” дейишганда, улуғ имом: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзларини бўлгим келмади!” деб жавоб берган эканлар.

Имом Молик раҳимаҳуллоҳ Мадина кўчаларида умуман уловга минмаган эканлар. Сабабини сўрашганда, “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ётган тупроқни уловнинг туёқлари билан босгани Аллоҳ таолодан ҳаё қиламан!” деб жавоб берган эканлар.

Имом Молик раҳимаҳуллоҳ Мадина кўчаларида юрганларида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга одоб ва ҳурмат юзасидан ҳеч қачон ерни тепиб, силтаб қадам босиб юрмаган эканлар.

Баъзи ошиқлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг равзалари, қабрлари устидаги гумбаз яшил рангда бўлгани учун яшил рангдаги поябзал кийишни ўзларига эп кўрмаган эканлар!

Баъзи аҳли илмлар тажриба қилиб кўришларича, бир жойда кўп ўтирганларида оёқлари увишиб, жимирлаб қолса, дарҳол севикли Пайғамбаримизнинг муборак исмларини зикр қилсалар, ўша увишиш ва жимирлаш кетган экан.

Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни қанчалик севамиз? У зоти бобаракотга бўлган муҳаббатимиз боламизга ёки мол-дунёга бўлган муҳаббатимиздан кўпроқми ёки камми? Агар кам бўлса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларини кўпроқ ўрганайлик, муҳаббатимизни оширайлик!

Афсуски, ижтимоий тармоқларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан истеҳзоли, ҳақоратли гапирувчилар учраб турибди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни истеҳзо қилувчи ана шундай кимсалар кўзларини каттароқ очиб, ўзларини ўнглашлари учун бир оятни келтирсак:

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деган:

إِنَّا كَفَيْنَاكَ الْمُسْتَهْزِئِينَ

“Албатта, Биз сенга истеҳзо қилувчилардан кифоя қилурмиз” (Ҳижр сураси, 95-оят).

Икки олам сарвари, маҳбубимиз, охиратда шафоатчимиз бўлган зотга Аллоҳ таолонинг саломи, саловоти ва баракоти бўлсин!

 

Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Сийрат
Бошқа мақолалар

Фарзандингиз диндор бўлишини хоҳлайсизми?

02.10.2025   4607   2 min.
Фарзандингиз диндор бўлишини хоҳлайсизми?

Ҳазрат Мавлоно Зулфиқор Аҳмад Нақшбандий ҳафизаҳуллоҳ айтадилар:

“Аёлнинг дуолари ила инсоннинг фарзандлари динида барака бўлади. Бу нозик жиҳатни ёдда тутинг! Сиз кўрасизки, бир неча буюк диндор одамлар бўладилар. Магар, характерлари жуда ёмон ва оғир бўлгани сабабли, аёлларига доимо ёмон муомала қилаверадилар. Шу сабабли уларнинг фарзандлари диндор бўлмайди. Энди, булар ўзлари катта олимлар, муфтийлар. Лекин фарзандлари бенамозлигидан ташвишда бўладилар”.

 

Бир воқеа

Менинг олдимга бир куни бир катта муфтий жаноблари фарзандини олиб келди ва: “Ҳазрат, мен ўғлимни ҳадис давраларига қатнаштирдим. Унинг ҳаққига дуо қилинг. У фарз намозларни ўқимайди деди.

Мен буни эшитиб титраб кетдимки, бола ҳадис даврасига қатнашган, шундан кейин ҳам фарз намозини ўқимайди...

Мен унга: “Фарзандингиз диндор бўлишини хоҳлайсизми?” дедим.

У: “Ҳа, албатта” деди.

Мен: “Аёлингизнинг дуоларини олинг”, дедим. Шунда, у қаҳқаҳа отиб кулиб юборди.

Мен: “Сиз буни оддий нарса деб тушунманг. Мен буни улуғларимиздан эшитганман ва баракасини кўрганман. Сиз аёлингизга меҳр қўйинг. Аёлингизнинг дуоларини олинг. Кейин, Аллоҳ таоло фарзандларингизни қандай солиҳ қилишини томоша қилинг” дедим.

Аллоҳнинг қудратики, икки йилдан кейин ўша муфтий ҳазрат яна келди ва ўғлим таровеҳда хатми Қуръонга ўтди деди.

Мен: “Фарз намозларни ўқимайдиган бола қандай қилиб хатми Қуръонга ўтди?" дедим.

У: “Ҳазрат! Сиз айтгач, мен аёлимга меҳр қўйдим ва унга “фарзандларимизнинг солиҳ бўлиши учун дуо қил” дедим. Аллоҳ таоло унинг дуосини қабул қилди ва фарзандларимизни солиҳ қилди” деди.

Ота-онанинг дуолар ила моддий ризқда барака бўлади. Устознинг дуолари ила файзда барака бўлади. Аёлининг дуолари ила инсоннинг фарзандлари солиҳ бўлади.

 

“Тааба манзил сирф деванэ гайэ” китобидан
Абдулқаййум Комил таржимаси