Бугун дунёда шиддат билан тарқалаётган юқумли касалликдан хабарингиз бор. Шубҳасиз, бу нарсаларнинг барчаси Аллоҳ таолонинг буюк ҳикматидан, чексиз қудратидан далолатдир. Бу жараён бандалар Аллоҳга қайтиши учун бир имтиҳон ва синовдир. Аллоҳ таоло Каломи мажидида “Биз, албатта, сизларни қўрқув, очлик билан, мол-жон ва меваларга нуқсон етказиш билан синаб кўрамиз”, деб баён қилган. Банданинг вазифаси доимо Аллоҳ таоло билан боғлиқ бўлишдир. Чунки фойда етказувчи ҳам, зарарни даф қилувчи ҳам у Зот субҳанаҳу ва таолодир. Шунинг учун инсонлар Аллоҳ таолога бўлган ишончлари мустаҳкам бўлиши, Унинг қазо ва қадарига имон келтириши, доимо Унинг ўзига тазарруда бўлиши, Ўзига таваккал қилиши керак. Яна бу дарду ваболарни мусулмонлардан узоқ қилишини сўраб Унинг ўзига дуо қилиш лозим.
Саудия Арабистони Подшоҳлиги, икки масжид ходими подшоҳ ҳазратлари, валий аҳд жаноблари бошчиликларида бу ёмон касалликлар бу юртларда ва бошқа мусулмон ўлкаларда тарқалишининг олдини олиш йўлида эҳтиёт чораларини кўрди. Шубҳасиз, бу тадбирлар эҳтиёт чоралари бўлиб, муборак юрт ҳукуматининг Икки Ҳарам, умрачи ва зиёратчилар хизматига бўлган катта эътибор намунасидир. Аллоҳ таолонинг тақдирига имон келтирган ҳолда, босиқлик билан хавотир ва қўрқувга берилмасдан, фақат Аллоҳ таолонинг ризолигидан умидвор бўлиб, эҳтиёт чорасини қўллади. Зеро, сабабларни амалга ошириш шариатимизда келган амалдир.
Бу мамлакат томонидан амалга оширилган эҳтиёт чоралари, шариат қоидаларига мувофиқдир. Жумладан, “амаллар ниятларга кўрадир”, “қийинчилик енгиллатишни олиб келади”, “зарарни даф қилиш”, “бузғунчиликнинг олдини олиш ва камайтириш”, “манфаатларни жалб қилиш ва мукаммал қилиш”, “юзага келиши мумкин бўлган муаммо эшигини ёпиш”, “даф қилиш юзага келгандан кейин бартараф қилишдан афзал”, “олдини олиш даволашдан афзал” каби машҳур қоидаларга мувофиқдир.
Ушбу бутун дунёда тарқалиб кетган вабонинг олдини олиш, йўлини тўсиш мақсадида жорий қилинган муборак чора-тадбирлар доирасида вақтинчалик Ҳарами шарифни дезинфекция қилиш ва тозалаш учун кечаси ёпишга қарор қилинди ва тавоф майдонига тушиш ҳамда саъй йўлакларидан фойдаланиш тўхтатилди.
Бу тадбирлар вақтинча, Аллоҳга ҳамд бўлсин, тез кунларда инша Аллоҳ барча ишлар ўз йўлига тушиб кетади. Бу эҳтиёт чораларини Ислом шариати ҳам тақозо қилади. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам сабабларни жорий қилишга буюрганлар. Жанг вақтида совутларини кийганлар. Яна айтганларки, “Агар бирор жойда вабо бор эканини эшитган бўлсангиз, у ерга кирмангиз. Агар вабо сиз турган жойга келиб қолса, у ердан чиқмангиз”, деб буюрганлар. У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам мохов теккан одамдан худди шердан қочгандек қочишга амр этганлар. Демак, тиббий карантин ва эҳтиёт чоралари шариатда келган ишлардан экан. Ушбу муборак мамлакат ақида ва шариат, Икки Ҳарам хизмати давлатидир. Шунинг учун бу давлат ўша касалликнинг муборак Ҳарамда ва ҳарам зиёратчиларига тарқалишининг олдини олиш, эҳтиёт чораларини кўриши бағоят ўринлидир. Умид қиламизки, бу узоққа чўзилмайди.
Масжид ал-Ҳаром ва Масжид ан-Набавий ишлари бош ҳайъати хавфсизлик, соғлиқни сақлаш ташкилотлари билан ҳамкорликда эҳтиёт чораларини кўриш бўйича бир қанча хайрли ишларни амалга оширди. Шунинг учун муҳтарам мусулмон қардошлар, Аллоҳнинг марҳамати билан бу дарднинг тарқалишининг олдини олиш, эҳтиёткорлик чоралари самарасини ошириш учун биз масъул ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик қилишимиз, раҳбариятдан берилаётган кўрсатмаларга амал қилишимиз зарур. Бу кўрсатмалар раҳбариятнинг бизга бўлган эътибори ва ғамхўрлигидандир. Аллоҳ уларни мусулмонлар манфаатига, хусусан Аллоҳ таолонинг умрачи, зиёратчи меҳмонлари манфаатига хизмат қилишга муваффақ этсин.
Аллоҳ таолодан гўзал исмлари, олий сифатлари ила сўраймиз, юртларимизни, мусулмонлар юртларини ҳар қандай бедаво дардлар ва касалликлардан Ўз фазли ва карами билан паноҳида асрасин. Аллоҳ таолодан сўраймиз, биздан қимматчилик, вабо ва ошкору махфий фитналарни кўтарсин. Бизларни песдан, телбаликдан, моховдан, корона ва ёмон касалликлардан сақласин. Зеро, У буни беришга лойиқ ва қодир зотдир. Аллоҳ таолодан хотиржамлик, омонлик ва барқарорликни давомли қилишини сўраймиз.
Муҳтарам мусулмонлар бу барча эҳтиёт чоралари сизларнинг саломатлигингиз ва хавфсизлигингиз учундир. Ислом шариати динни сақлаш, жон, ақл, мол ва обрўни сақлашга буюрган. Шаксиз, мусулмонлар жонини сақлаш, уларнинг танларини асраш мусаффо Ислом шариатининг талабларидандир.
Биз бу чораларга амал қилишимиз, асло хавотирга тушмаслигимиз, то Аллоҳ таоло енгиллик бергунига қадар, собит туришимиз лозим.
Шу ўринда ҳаммамиз билишимиз ва эсда тутишимиз керак бўлган бир масала бор. У ҳам бўлса, ҳеч жазавага тушмаслик, ҳечам хавотирга берилмаслик, балки хотиржам бўлишимиз лозим. Чунки, мусулмонлар икки Ҳарамда бутун бир уйғунлик, роҳатда, хотиржамликда яшамоқдалар, Аллоҳга ҳамд бўлсин! Буларнинг барчаси аввало Аллоҳнинг фазлидан, қолаверса, тўғри йўлдан юрувчи раҳбариятнинг доно тадбирлари натижасидир. Бу тадбирлар бу муборак диёрларда, зиёратчиларга бундай ёмон касаллик ва ваболар тарқалмаслиги учун кўрилмоқда.
Биз маълумотларни тўғри манбалардан олишимиз керак. Баъза бадниятлар тарқатаётган турли миш-миш, ёлғон, уйдирма ва ваҳималарга қулоқ солмаслигимиз керак. Аллоҳ таоло биз ва сизларга ўзининг неъматларини давомли қилсин, Ўзининг фазли билан биздан турли фитналар ва ёмонликларни даф қилсин. У буни беришга лойиқ ва қодир зотдир. Эй Аллоҳ, Сендан биз ва барча мусулмонлардан ҳар қандай дард, бало, ёмонлик ва қўрқинчни кўтаришингни сўраймиз, ё Зал-жалол вал-икром, эй қувват ва қудрат соҳиби! Ва ахиру даъвана анил-ҳамду лиллаҳи раббил-оламин. Ва саллаллоҳу ва саллама ва барака ала саййидина Муҳаммадин ва ала алиҳи ва асҳабиҳи ажмаъийн.
Вассаламу алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳ!
Макка шаҳридаги Ҳарами шариф масжиди имом-хатиби Абдураҳмон ас-Судайснинг 2020 йил 8 март кунги ҳуфтон намозидан сўнг нутқини араб тилидан Абдуҳаким Арипов таржима қилди.
Набий алайҳиссаломнинг туғилишлари фил йилида (яъни Абраҳа Маккага юриш қилиб, Каъбаи муаззамани вайрон қилмоқчи бўлган йил)да содир бўлган. Дунёга келишлари эса Рабиъул аввал ойининг ўн иккинчиси душанба кунига тўғри келади.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам етим ҳолда дунёга келганлар. Чунки оналари Омина икки ойлик ҳомиладор чоғида оталари Абдуллоҳ вафот этган. Шу билан боболари Абдулмутталибнинг қармоғида қолганлар.
Аллоҳ таолонинг расулидек улуғ зот етим ҳолда дунёга келиши, кўп ўтмай оналарию бобосидан ҳам айрилиши тасодифий ҳодиса эмас. У зот алайҳиссалом ҳаётининг илк кунлариданоқ ота тарбиясидан, бироз ўтгач она меҳридан ҳам маҳрум бўлиб улғайди.
Албатта, Аллоҳ таоло Ўзининг набийсини мана шу ҳолда улғайишини ихтиёр этди. Бунда кўплаб ҳикматлар бор. Ушбу ҳикматларнинг энг муҳими:
Аллоҳ таоло Ислом динини ботилга чиқариб инсонлар қалбига Муҳаммад бу даъвати ва рисолатини (чақириқ ва вазифа) ёшлик чоғидан ота ва бобосидан ўрганган деб турли шубҳаларни солувчиларга бирорта ҳам йўл қолдирмади. Зеро, боболари Абдулмутталиб қавмининг энг пешвоси ва бошлиғи эди.
Аллоҳ таолонинг ҳикмати динни ботилга чиқарувчиларга бу тарафдан бирорта ҳам йўл қолдирмади. Ҳатто, Ўз расулини энг ёшлик вақтиданоқ ота-онаси ҳамда бобосидан ҳам ажратиб улғайтирди. Балки, Аллоҳ набийсини Ҳалима розияллоҳу анҳонинг қўлига топшириб, барча оила аъзоларидан йироқда тарбия қилди. Боболари вафот этгач ҳижратдан уч йил аввалгача амакилари Абу Толибнинг ҳимоясида яшадилар.
Аллоҳнинг ҳикматининг мукаммаллигидан бири Набий алайҳиссаломнинг амакилари Абу Толибнинг иймон келтирмагани бўлди. Токи бу даъват ишига амакиси дебоча вазифасида бўлган деган фикр келмасин ва бу оилавий ва бошлиқлик ишига айланиб, пайғамбарлик эмас деган тушунча пайдо бўлмаслиги учун.
Солиев Элёрбек Муҳаммад Мусо ўғли,
“Файзуллахўжа ўғли Муродхожи” жоме масжиди имом-ноиби.