Ўзбекистон мусулмонлари идораси мўмин-мусулмонларнинг диний мазмундаги саволларига қулай ва тезкор жавоб олишларини таъминлаш мақсадида, интерактив ва инновацион хизматларни ўз ичига олган fatvo.uz сайтини ишга туширди. Мазкур сайт диний савол-жавоб йўналишида энг замонавий хизматларни ўзида мужассам этгани билан алоҳида аҳамиятга эгадир.
Эндиликда, ушбу сайтдан фойдаланувчилар шаръий масалаларга оид ўз саволларини сайтнинг “Савол юбориш” бўлими орқали йўллашлари мумкин. Савол матнига аудио, видео ва суратларни илова сифатида тақдим этиш имконияти ҳам яратилган. Берилган саволларга фатво соҳасида етарли билим, тажриба ва юқори малакага эга бўлган мутахассислар томонидан батафсил жавоблар қайтарилади.
Сайтда “Ақида”, “Поклик”, “Намоз”, “Рўза”, “Закот”, “Хаж ва умра”, “Никоҳ”, “Талоқ”, “Савдо ва тижорат”, “Қасам ва назр”, “Ижара”, “Ҳалол-ҳаром”, “Руҳий тарбия” ва шу каби долзарб рукнлар остида жавоблар эълон қилиб борилади. Кутубхона бўлимида диний мазмундаги китоб ва рисолалар жойлаб борилади. Медиа қисмида уламоларнинг диний саволларга берган видео ва аудио жавоблари жойлаштирилган.
Фойдаланувчилар “Излаш” тугмаси орқали ўзлари учун зарур бўлган мавзулардаги мавжуд шаръий савол-жавобларни топиб, мутолаа қилишлари мумкин.
2020 йил 10 март кунидан эътиборан мазкур сайт тест режимида ўз иш фаолиятини бошлади.
Келгусида ушбу сайтни фатво ва шаръий масалалар йўналишида қомусий манбага айлантириш ниятимиз бор. Бу эзгу ишни Сиз азиз ўқувчиларимиз билан биргаликда амалга оширамиз, иншааллоҳ!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Саудия Арабистонининг туризм ва саёҳатларга ихтисослашган “Arab Tourist” электрон нашрида “Марказий Осиёнинг қоқ марказида жойлашган ва Буюк ипак йўли билан боғланган мамлакат” сарлавҳали таҳлилий мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Мақолада Буюк ипак йўли тарихида ўзбек шаҳарларининг тутган ўрни алоҳида эътироф этилади. Хусусан, Самарқанд, Бухоро ва Хива каби тарихий шаҳарлар асрлар давомида Шарқ ва Ғарб ўртасидаги савдо, фан ва маданият марказлари сифатида хизмат қилгани таъкидланади. Регистон майдони, Ичан-қалъа ва Бухородаги меъморий обидалар ислом цивилизацияси ҳамда жаҳон маданий меросининг бебаҳо дурдоналари сифатида тилга олинади.
Бундан ташқари, нашр Ўзбекистоннинг ранг-баранг табиати ва географик рельефига тўхталиб ўтган. Қизилқум чўли, серҳосил Фарғона водийси, Тянь-Шань ва Помир-Олой тоғ тизмалари аҳоли жойлашуви ва қишлоқ хўжалиги ривожида муҳим ўрин тутиши қайд этилади.
Нашр, шунингдек, Буюк Мирзо Улуғбек каби донишмандларнинг астрономия ва математика соҳасидаги буюк кашфиётларини алоҳида эътироф этган.
Хулосада таъкидланганидек, Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Наманган ва Андижон каби шаҳарлар бугунги кунда нафақат маъмурий ва иқтисодий, балки жадал ривожланаётган йирик маданий-туристик марказлар сифатида дунё сайёҳлари эътиборини ўзига жалб этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати