“Жиҳод” сўзи араб тилидан таржима қилинганда “ғайрат қилмоқ”, “ҳаракат қилмоқ”, “интилмоқ”, “зўр бермоқ”, “бор кучини сарфламоқ”, “курашмоқ”, “меҳнат қилмоқ” каби маъноларни ифодалайди. Ислом тарихини чуқур ўрганган мутахассис олимлар, тарихда юз берган ҳар қандай жиҳод, фақатгина, мудофаа мақсадида олиб борилганини таъкидлайдилар. Бу борада замонамиз уламолари бундай дейдилар: “Агар “жиҳод” ислом давлатини қуриш учун ёки инсонларни динга киришга мажбурлаш учун жорий этилганида эди, Расулуллоҳ (алайҳиссалом)нинг ўзлари бу борада намуна кўрсатган бўлур эдилар. Яъни, у зот биринчи бўлиб Маккадаги мушрикларнинг катталари билан урушган ислом давлатини барпо этиш учун жиҳод эълон қилган бўлардилар. Бироқ Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) бундай йўл тутмадилар. Аксинча, мусулмон жамияти тинч йўл билан, табиий равишда юзага келгач, душман мусулмонлар яшаб турган юртига босиб келганда мусулмонларнинг ҳимояси учун жиҳодга чиққанлар. Барча Ислом уламолари бу ердаги жиҳод мудофаа учун бўлганлигини таъкидлашади.
Юқоридагилардан хулоса қилиб, жиҳод деганда, аввало, нотўғри йўлдан қайтариб, тўғри йўлга бошлаш тушунилади, дейиш мумкин. Бу қоида кеча ёки бугун пайдо бўлиб қолган эмас. Балки илк ислом даврида юзага келган бўлиб, Қуръони карим оятларига асослангандир. Расулуллоҳ (алайҳиссалом): “Тили ва қўлидан бошқалар азият чекмаган киши ҳақиқий муслмондир. Аллоҳ таоло қайтарган нарсалардан ҳижрат қилган инсон ҳақиқий муҳожирдир”, деганлар.(Имом Бухорий ривояти). Уламолар ушбу ҳадисларни шарҳлаб, ундаги “ҳижрат”дан мурод “тарк қилишдир”, деганлар. Бошқа бир ҳадисда эса, Умму Анас (разияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинади Расулуллоҳ (алайҳиссалом): “Гуноҳлардан тийилгин, ўша ҳижратнинг энг каттасидир. Фарзларга риоя қилгин, ўша жиҳоднинг энг афзалидир. Зикрни кўпайтиргин, Қиёмат куни Аллоҳ таолонинг ҳузурига борганингда унга энг маҳбуб амал шу бўлади”. деганлар.
Бугунги кунда диёримизда нафақат, мусулмонлар, балки бошқа дин вакиллари ҳам эмин-эркинликда ҳаёт кечирмоқдалар. Мусулмонлар ислом арконларини бажариш имконига эга бўлса, Рамазон ва Қурбон ҳайитлари дам олиш куни, деб белгилаб қўйилган бўлса, ҳар йили ўн мингдан ортиқ ватандошларимиз муқаддас ҳаж ва умра зиёратларини амалга оширишда давлат ўзи бош бўлиб турган бўлса, бундай мусулмонобод диёрдан, ўзи туғилиб ўсган Ватанидан қандай қилиб ҳижрат қилиш мумкин?! Ватанни ҳимоя қилиш нақадар улуғ савоб, ҳар бир мусулмоннинг зиммасидаги фарзи ҳисобланса, унга хиёнат қилиш, қурол билан бостириб келиш шу қадар катта гуноҳ, энг олий жазога лойиқ жиноят ҳисобланади.
Яна “Жиҳод” сўзи луғатда киши ўзининг бор имкониятини ишга солиб, бирор ишни бажаришга ҳаракат қилиши маъносини англатади. Мисол, шаръий масалаларни ечишда бор имконини ишга солиб ҳаракат қилган йирик олимлар “мужтаҳид” деб аталган. Улар шаръий илмларда “жиҳод” қилишган. Алоҳида таъкидлаб айтиш лозимки, “жиҳод” сўзи луғатда уруш маъносини англатмайди. Асосан, уруш маъносини англатиш учун араб тилида “қитол” сўзи ишлатилади:
Ислом дини таълимотининг истилоҳида жиҳод асосан уч хилдир.
Биринчиси – нафс билан курашиш, яъни нафснинг измига юриб, гуноҳ ва жиноий ишларга қўл урмаслик;
Иккинчиси – шайтон билан курашиш, яъни шайтоннинг васвасаларига учиб, ҳаром ва таъқиқланган ишларга қўл уришдан сақланиш;
Учинчиси – босқинчилар билан жанг қилишдир;
Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи васалам) ота-онанинг хизматини қилиб, розиликларини олиш ҳам жиҳод турларидан эканини таъкидлаганлар. Уламолар саводсизлик, қашшоқлик, айрим юқумли оғир касалликларга қарши жонбозлик курашишни ҳам жиҳод турларидан, деб ҳисоблаганлар. Мазкур мисоллардан хулоса қиладиган бўлсак, инсоният манфаати йўлида, ахлоқимизни яхшилаш йўлида қиладиган саъй-ҳаракатларимиз ҳам жиҳоднинг савобларига тенг солиҳ амаллардан эканини англашимиз мумкин.
Ҳозир эса бузғунчи тоифалар ўзлари илгари сураётган ёвуз мақсадга эришиш учун янги “жиҳод” турларини ўйлаб топишган. Улар “жиҳод – муқаддас уруш” деган тушунчани тарғиб қилиб, айбсиз одамларнинг ноҳақ қони тўкилишига сабабчи бўлишмоқда. Машҳур уламо, марҳум Муҳаммад Саид Рамазон Бутий бундай бузғунчи тоифаларнинг қилмишини қоралаб шундай дейди: “Улар бир вақтнинг ўзида бирор айби йўқ мусулмонларни кечаси бўғизлаб кетишни “шариат рухсат берган иш”, дейдилар. Улар оддий йўловчилар тўла самолётни ичидаги айбсиз инсонлар билан қўшиб портлатиб юборишни ҳам “шариатда бор иш”, дейдилар. Ҳар ким кўзларини юмиб, Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васалам) бугун орамизда юрибдилар, деб хаёл қилсин. Ул зот шундай разил ишларга рози бўлармидилар?”.
Аллоҳ таоло ватанимиз тинчлигини, осмонимиз мусаффолигини сақлаб, барчаларимизнинг эътиқодимизни соғлом, ақидамизни тўғри қилсин.
Аминжон ИСМОИЛОВ,
Сирдарё тумани бош имом-хатиби.
Ота – оиланинг суянчи, фарзанднинг қалқони, жамиятнинг устуни. Фарзанд тарбияси – бу фақат онанинг эмас, балки отанинг ҳам вазифасидир. Чунки оила икки қанот, соғлом бўлсагина, тўғри парвоз эта олади. Аллоҳ таоло каломида бундай дейди: “Эй мўминлар, ўзларингизни ва оилангизни дўзах ўтидан сақланг!” (Таҳрим сураси, 6-оят). Бу оятдан маълумки, Аллоҳ таоло ҳар бир мусулмон эркакни ўз оиласи, хусусан, фарзандлари учун жавобгар қилиб қўйган. Уларнинг маънавий-ахлоқий даражада юксак бўлиши бир томондан отанинг ҳам вазифасидир.
Ота – оиланинг имомидир, у намоздаги имомдек, оиласини тўғри йўлга бошлаши керак. Чунки бир жиҳатдан, оятда зикр этилганидек, улар аёлларга ҳам раҳбардирлар, ўз ҳукмронлиги мустаҳкам бўлган оилада, албатта, фарзандлар ҳам ақлли, фаросатли бўлиб етишади. Ёш боланинг қалби оппоқ саҳифага ўхшайди. Ота бу саҳифага қандай сўзлар ёзса, фарзанднинг келажаги шунга кўра шаклланади. Демак, болага иймон, ҳалоллик, сабр, меҳр-оқибат, фидойилик каби фазилатларни бериш отанинг биринчи навбатдаги бурчидир.
Афсуски, айрим оталар фарзандининг жисмоний таъминотини қилиб, ахлоқий ва маънавий тарбиясини унутмоқда. Меҳрсиз гўзал оқибат шаклланмайди. Фарзандга янги телефон, кийим олиш эмас, уни намозга ўргатиш, ҳалол-ҳаромни англатиш, Аллоҳ севгисини юрагига солиш муҳимроқ. Чунки бола ота нима қилса, ўша йўлдан юради. Болалар оталарини ўзларига “қаҳрамон” сифатида танлашади. Ота тонгда бомдодга турса, фарзанд ҳам тонгда уйғонишни ўрганади. Ота ҳалол меҳнат қилса, фарзанд ҳалолликни қадрлайди. Фарзандлар оталарнинг виждони, уларнинг пок эътиқод натижасидир.
Ота – ўз ҳаёти билан дарс берадиган инсон. Ислом оламининг етук намояндаси Фотима Самарқандиянинг отаси – буюк муҳаддис ва фақиҳ Муҳаммад ибн Аҳмад Самарқандийнинг ўзаро муносабатларида кўрамиз. Фотима Самарқандия ёшлигидан илм ўрганди. Отаси уни нафақат дунё илмларига, балки Қуръон, фиқҳ ва ҳадисга ошно қилди. Фотима илмда отасининг энг яқин шогирди, ҳаётда эса энг содиқ ёрдамчиси эди. Устоз сифатида отаси уни буюк аллома сифатида тарбиялади. Отаси унга ўз қўли билан фиқҳий масалалар ёзилган дафтарини ишониб топширган. Бу нафақат илмий ишонч, балки оталик эътибори ва муҳаббатининг ёрқин белгиси эди.
Фарзандингиз сизга Аллоҳнинг омонати. Уни фақат дунёвий эмас, ахлоқий ва диний тарбия билан ҳам бойитинг. Ҳар бир ўргатган дуоингиз, ҳар бир қилган меҳрибонлигингиз, ҳар бир амалингиз – сиз учун садақаи жориядир. Бу дунёдан ўтганингиздан сўнг ҳам сизга ажр бўлиб қайтаверади. Унутманг, яхши фарзанд бу – отанинг энг буюк меросидир.
Маҳфуза БОЗОРОВА,
“Жўйбори Калон” аёл-қизлар ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
“Мўминалар” журналининг 2025 йил 9-сонидан