Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
04 Август, 2026   |   21 Сафар, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:48
Қуёш
05:16
Пешин
12:34
Аср
17:30
Шом
19:41
Хуфтон
21:11
Bismillah
04 Август, 2026, 21 Сафар, 1448

Жиҳод нима?

09.03.2020   10009   4 min.
Жиҳод нима?

“Жиҳод” сўзи араб тилидан таржима қилинганда “ғайрат қилмоқ”, “ҳаракат қилмоқ”, “интилмоқ”, “зўр бермоқ”, “бор кучини сарфламоқ”, “курашмоқ”, “меҳнат қилмоқ” каби маъноларни ифодалайди.  Ислом тарихини чуқур ўрганган мутахассис олимлар, тарихда юз берган ҳар қандай жиҳод, фақатгина, мудофаа мақсадида олиб борилганини таъкидлайдилар. Бу борада замонамиз уламолари бундай дейдилар: “Агар “жиҳод” ислом давлатини қуриш учун ёки инсонларни динга киришга мажбурлаш учун жорий этилганида эди, Расулуллоҳ (алайҳиссалом)нинг ўзлари бу борада намуна кўрсатган бўлур эдилар. Яъни, у зот биринчи бўлиб Маккадаги мушрикларнинг катталари билан урушган ислом давлатини барпо этиш учун жиҳод эълон қилган бўлардилар. Бироқ Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) бундай йўл тутмадилар. Аксинча, мусулмон жамияти тинч йўл билан, табиий равишда юзага келгач, душман мусулмонлар яшаб турган юртига босиб келганда  мусулмонларнинг ҳимояси учун жиҳодга чиққанлар. Барча Ислом уламолари бу ердаги жиҳод мудофаа учун бўлганлигини таъкидлашади.
Юқоридагилардан хулоса қилиб, жиҳод деганда, аввало, нотўғри йўлдан қайтариб, тўғри йўлга бошлаш тушунилади, дейиш мумкин. Бу қоида кеча ёки бугун пайдо бўлиб қолган эмас. Балки илк ислом даврида юзага келган бўлиб, Қуръони карим оятларига асослангандир. Расулуллоҳ (алайҳиссалом):  “Тили ва қўлидан бошқалар азият чекмаган киши ҳақиқий муслмондир. Аллоҳ таоло қайтарган нарсалардан ҳижрат қилган инсон ҳақиқий муҳожирдир”, деганлар.(Имом Бухорий ривояти). Уламолар ушбу ҳадисларни шарҳлаб, ундаги “ҳижрат”дан мурод “тарк қилишдир”, деганлар. Бошқа бир ҳадисда эса, Умму Анас (разияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинади Расулуллоҳ (алайҳиссалом): “Гуноҳлардан тийилгин, ўша ҳижратнинг энг каттасидир. Фарзларга риоя қилгин, ўша жиҳоднинг энг афзалидир. Зикрни кўпайтиргин, Қиёмат куни Аллоҳ таолонинг ҳузурига борганингда унга энг маҳбуб амал шу бўлади”. деганлар.
Бугунги кунда диёримизда нафақат, мусулмонлар, балки бошқа дин вакиллари ҳам эмин-эркинликда ҳаёт кечирмоқдалар. Мусулмонлар ислом арконларини бажариш имконига эга бўлса, Рамазон ва Қурбон ҳайитлари дам олиш куни, деб белгилаб қўйилган бўлса, ҳар йили ўн мингдан ортиқ ватандошларимиз муқаддас ҳаж ва умра зиёратларини амалга оширишда давлат ўзи бош бўлиб турган бўлса, бундай мусулмонобод диёрдан, ўзи туғилиб ўсган Ватанидан қандай қилиб ҳижрат қилиш мумкин?! Ватанни ҳимоя қилиш нақадар улуғ савоб, ҳар бир мусулмоннинг зиммасидаги фарзи ҳисобланса, унга хиёнат қилиш, қурол билан бостириб келиш шу қадар катта гуноҳ, энг олий жазога лойиқ жиноят ҳисобланади.
Яна “Жиҳод” сўзи луғатда киши ўзининг бор имкониятини ишга солиб, бирор ишни бажаришга ҳаракат қилиши маъносини англатади. Мисол, шаръий масалаларни ечишда бор имконини ишга солиб ҳаракат қилган йирик олимлар “мужтаҳид” деб аталган. Улар шаръий илмларда “жиҳод” қилишган. Алоҳида таъкидлаб айтиш лозимки, “жиҳод” сўзи луғатда уруш маъносини англатмайди. Асосан, уруш маъносини англатиш учун араб тилида “қитол” сўзи ишлатилади:
Ислом дини таълимотининг истилоҳида жиҳод асосан уч хилдир.
Биринчиси – нафс билан курашиш, яъни нафснинг измига юриб, гуноҳ ва жиноий ишларга қўл урмаслик;
Иккинчиси – шайтон билан курашиш, яъни шайтоннинг васвасаларига учиб, ҳаром ва таъқиқланган ишларга қўл уришдан сақланиш;
Учинчиси – босқинчилар билан жанг қилишдир;

Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи васалам) ота-онанинг хизматини қилиб, розиликларини олиш ҳам жиҳод турларидан эканини таъкидлаганлар. Уламолар саводсизлик, қашшоқлик, айрим юқумли оғир касалликларга қарши жонбозлик курашишни ҳам жиҳод турларидан, деб ҳисоблаганлар. Мазкур мисоллардан хулоса қиладиган бўлсак, инсоният манфаати йўлида, ахлоқимизни яхшилаш йўлида қиладиган саъй-ҳаракатларимиз ҳам жиҳоднинг савобларига тенг солиҳ амаллардан эканини англашимиз мумкин.
Ҳозир эса бузғунчи тоифалар ўзлари илгари сураётган ёвуз мақсадга эришиш учун янги “жиҳод” турларини ўйлаб топишган. Улар “жиҳод – муқаддас уруш” деган тушунчани тарғиб қилиб, айбсиз одамларнинг ноҳақ қони тўкилишига сабабчи бўлишмоқда. Машҳур уламо, марҳум Муҳаммад Саид Рамазон Бутий бундай бузғунчи тоифаларнинг қилмишини қоралаб шундай дейди: “Улар бир вақтнинг ўзида бирор айби йўқ мусулмонларни кечаси бўғизлаб кетишни “шариат рухсат берган иш”, дейдилар. Улар оддий йўловчилар тўла самолётни ичидаги айбсиз инсонлар билан қўшиб портлатиб юборишни ҳам “шариатда бор иш”, дейдилар. Ҳар ким кўзларини юмиб, Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васалам) бугун орамизда юрибдилар, деб хаёл қилсин. Ул зот шундай разил ишларга рози бўлармидилар?”.
Аллоҳ таоло ватанимиз тинчлигини, осмонимиз мусаффолигини сақлаб, барчаларимизнинг эътиқодимизни соғлом, ақидамизни тўғри қилсин.

Аминжон ИСМОИЛОВ,
Сирдарё тумани бош имом-хатиби.

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Пекинда Ўзбекистоннинг Ислом цивилизацияси маркази тақдимоти ўтказилди

29.07.2026   29225   2 min.
Пекинда Ўзбекистоннинг Ислом цивилизацияси маркази тақдимоти ўтказилди

Ўзбекистон элчихонасида икки давлат ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик, цивилизациялар мулоқоти ва умумий меросга бағишланган маданий-маърифий тадбир бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Тадбирда ШҲТ Котибияти раҳбарияти, Пекинда аккредитациядан ўтган дипломатик корпус вакиллари, вазирлик ва идоралар ходимлари, етакчи таҳлил марказлари, илмий-академик ҳамда маданий доиралар вакиллари иштирок этди.

Учрашувда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов бошчилигидаги мамлакатимиз делегацияси ҳам қатнашди.

Иштирокчиларга Ислом цивилизацияси маркази фаолияти кенг намойиш қилинди. Марказнинг ноёб концепцияси, асосий экспозициялари, илмий-маърифий йўналишлари ҳамда халқимизнинг бой меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича халқаро миссияси ҳақида атрофлича маълумот берилди. Ислом цивилизацияси маркази фаолияти ҳақидаги фильм иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.

Тадбир давомида қатнашчилар эътиборига Ўзбекистоннинг бой тарихи ва маданияти, замонавий тараққиётини акс эттирувчи 100 дан ортиқ видео ва фотосуратлардан иборат кўргазма ҳавола қилинди.

Мутахассислар Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан ташкил этилган Ислом цивилизацияси маркази жаҳон аҳамиятига молик йирик лойиҳа эканини эътироф этди. Дунёда ўхшаши бўлмаган бундай ноёб марказнинг ташкил этилиши давлат раҳбарининг ўз халқи тарихи ва маданий меросига бўлган чексиз ҳурматини акс эттириши, Ўзбекистоннинг цивилизациялар чорраҳасидаги юксак ўрнини яққол намоён этиши таъкидланди.

“Бугун биз тарихий воқеага – Тошкентда барпо этилган ва аллақачон глобал аҳамият касб этган Ислом цивилизацияси марказининг муҳташам биноси тақдимотига гувоҳ бўлдик. Ўзбекистон етакчиси Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ушбу йирик лойиҳанинг амалга оширилиши бутун дунёга буюк цивилизациялар руҳини мужассам этган Янги Ўзбекистонни барпо этишнинг асл моҳияти ва ғоясини намоён этди”, – деди ШҲТ Бош котиби ўринбосари Суҳайл Хон.

Учрашувда қатнашган Пекин халқаро мулоқот клуби бош котиби Хань Хуа ҳам ушбу марказ ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Унинг таъкидлашича, Ислом цивилизацияси маркази жаҳон маданияти ва санъатининг муҳим масканларидан биридир. Янги Ўзбекистонда бу жиҳат Президент Шавкат Мирзиёевнинг оқилона сиёсати туфайли яққол намоён бўлмоқда. У алоҳида таъкидлаганидек, мазкур муҳташам муассаса нафақат Ўзбекистон, балки бутун Шарқ цивилизациясининг бой маданий ва маънавий меросини дунёга тарғиб этмоқда.

 Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари