2023 йил 7 сентябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Арман-Апостоллик черковининг Москва ва Новонахичеван епархияси раҳбари Езрас Нарсесянни қабул қилдилар.
Мулоқотда Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Дилшод Маматқулов, Ўзбекистондаги Арман Апостол черкови руҳонийси Аванес Григорян ва бир қатор мутасаддилар иштирок этди.
Учрашувда қадим-қадимдан Ўзбекистон заминида турли миллат, элат ва дин вакиллари аҳил-иноқ яшаб келаётган диёр экани, барчанинг асосий мақсади тинчлик ва осойишталикни таъминлаш ва эртанги тараққиёти учун ҳисса қўшиш эканига урғу қаратилди.
Самимий руҳда ўтган суҳбатда мамлакатимиздаги янгиланиш ва ислоҳотлар кенг қулоч ёзаётгани, Давлатимиз раҳбари томонидан миллатлараро тотувлик ва конфессиялараро ҳамкорликка берилаётган алоҳида эътибор мамлакатимиз тараққиётида янги даврни бошланишига замин яратганига алоҳида эътибор қаратилди.
Юртимиздаги бундай ижобий ўзгаришлар дунё ҳамжамиятида Ўзбекистонга бўлган қизиқишни янада ошириб, унинг халқаро майдондаги нуфузини тобора мустаҳкамлаётгани меҳмонлар томонидан юксак эътироф этилди.




Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Саудия Арабистонининг “Sayidaty” онлайн-журналида Ўзбекистоннинг туристик салоҳиятига бағишланган мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Нашрда қайд этилишича, Ўзбекистон бой тарих, ҳайратланарли меъморчилик ва бетакрор маданиятга эга йўналиш ҳисобланади. Марказий Осиёда жойлашган ушбу мамлакат Буюк ипак йўлида гуллаб-яшнаган қадимий шаҳарлари, гўзал табиий манзаралари ва меҳмондўст халқи билан машҳур. Сайёҳларнинг қизиқишларидан қатъи назар — тарих ёки табиат бўладими мамлакат бой ва ранг-баранг таассуротлар улашувчи кўплаб диққатга сазовор жойларни таклиф этади.
Нашр ташриф буюриш тавсия этиладиган асосий масканлар ва тадбирлар қаторида Самарқанддаги Регистон майдонини алоҳида ажратиб кўрсатган. Кошинлар ва ёрқин кўк плиткалар билан безатилган учта тарихий мадрасани ўз ичига олган ушбу меъморий дурдонада меҳмонлар шаҳар манзарасини томоша қилиш учун юқори айвонларга кўтарилишлари, кечқурун эса ёруғлик шоусидан баҳраманд бўлишлари мумкин.
Бухорода эса археологик артефактлар музейи ва шаҳар манзараси очиладиган Бухоро амирларининг собиқ қароргоҳи — Арк қалъасига ҳамда ўймакор ёғоч устунли ва осойишта ҳовузли Болоҳавз масжидига алоҳида эътибор қаратилган.
Бундан ташқари, йўл кўрсаткичда ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган Хивадаги Ичан-Қалъа ички шаҳрининг тор кўчалари бўйлаб сайр қилиш ва ҳар бир бекати бетакрор қандиллар ва мозаикалар билан безатилган Тошкент метрополитенига ташриф буюриш таклиф қилинади. Маҳаллий маданият ва гастрономия билан танишиш учун сайёҳларга Тошкентдаги Чорсу бозори тавсия этилади, у ерда анъанавий паловни татиб кўриш, гилам ва сопол буюмлар каби қўл маҳсулотларини сотиб олиш ҳамда маҳаллий сотувчилар билан мулоқот қилиш мумкин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати