2023 йил 7 сентябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Арман-Апостоллик черковининг Москва ва Новонахичеван епархияси раҳбари Езрас Нарсесянни қабул қилдилар.
Мулоқотда Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Дилшод Маматқулов, Ўзбекистондаги Арман Апостол черкови руҳонийси Аванес Григорян ва бир қатор мутасаддилар иштирок этди.
Учрашувда қадим-қадимдан Ўзбекистон заминида турли миллат, элат ва дин вакиллари аҳил-иноқ яшаб келаётган диёр экани, барчанинг асосий мақсади тинчлик ва осойишталикни таъминлаш ва эртанги тараққиёти учун ҳисса қўшиш эканига урғу қаратилди.
Самимий руҳда ўтган суҳбатда мамлакатимиздаги янгиланиш ва ислоҳотлар кенг қулоч ёзаётгани, Давлатимиз раҳбари томонидан миллатлараро тотувлик ва конфессиялараро ҳамкорликка берилаётган алоҳида эътибор мамлакатимиз тараққиётида янги даврни бошланишига замин яратганига алоҳида эътибор қаратилди.
Юртимиздаги бундай ижобий ўзгаришлар дунё ҳамжамиятида Ўзбекистонга бўлган қизиқишни янада ошириб, унинг халқаро майдондаги нуфузини тобора мустаҳкамлаётгани меҳмонлар томонидан юксак эътироф этилди.




Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Дин ишлари бўйича қўмита ҳузуридаги Диний-маърифий соҳада малака ошириш ва қайта тайёрлаш институти тингловчилари иштирокида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази билан ҳамкорликда «Учинчи Ренессанс чорраҳаси» мавзусида ўқув-семинар ўтказилди, хабар бермоқда iccu.uz .
Унда имом-хатибларнинг касбий ва илмий салоҳиятини ошириш, диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, жамиятда кечаётган жараёнлар ҳамда замонавий ёндашувлар бўйича билимларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Машғулотлар давомида тафсир илми ва замонавий тафсир йўналишлари, Қуръони Карим маъноларидан бугунги ижтимоий ҳаётда, хусусан, ёшлар тарбияси ва одоб-ахлоқ масалаларида самарали фойдаланиш имкониятлари муҳокама қилинди.
Навоий вилояти Навоий шаҳри бош имом-хатиби Дилшод Эргашев бундай машғулотлар билимларни янгилаш ва касбий малакани оширишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
«Бугун юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, диний соҳадаги хайрли ишлар ва дунёда кечаётган жараёнлар ҳақида кенгроқ маълумот олдик. Илмий савиямиз ва малакамизни янада ошириш учун кўплаб янги билимларга эга бўлдик. Албатта, бу ерда олган билимларимиздан ўз фаолиятимизда фойдаланамиз», — деди у.
Унинг қайд этишича, семинарнинг Ислом цивилизацияси марказида ўтказилиши ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Марказда жамланган тарихий ва илмий мерос имом-хатиблар учун ҳам янги маълумотлар ва манбалар билан танишиш имконини беради.
Самарқанд вилояти Пастдарғом тумани бош имом-хатиби Озод Назаров эса илмни мунтазам равишда янгилаб бориш зарурлигини таъкидлади.
«Ҳақиқатдан ҳам илм бир жойда туриб қолса, эскириб қолар экан. Биз бу ерга келиб, устозларимиз ҳузурида илмимизни яна бир янгилаб олдик. Жуда кўп янги билимларга эга бўлдик. Айниқса, тафсир илми ва замонавий тафсир йўналишлари ҳақидаги машғулотлар биз учун муҳим бўлди. Қуръони Карим маъноларидан бугунги ижтимоий ҳаётда, ёшларимизнинг одоб-ахлоқи ва тарбиясида қандай самарали фойдаланиш мумкинлиги ҳақида кўплаб янги жиҳатларни англадик», — деди у.
Ўқув-семинар якунида иштирокчилар Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг музей қисми билан ҳам танишдилар. Уч минг йиллик тарих, буюк аждодларимизнинг илмий мероси ва Ренессанс даврларига бағишланган экспозициялар уларга семинар давомида олинган билимларни тарихий манбалар ва маданий мерос билан уйғун ҳолда англаш имконини берди.
Бундай ўқув-семинарлар имом-хатибларнинг билим ва малакасини мунтазам равишда янгилаб бориш, замонавий илмий ёндашувларни ўзлаштириш ҳамда улардан диний-маърифий фаолиятда самарали фойдаланишга хизмат қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати