2023 йил 7 сентябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Арман-Апостоллик черковининг Москва ва Новонахичеван епархияси раҳбари Езрас Нарсесянни қабул қилдилар.
Мулоқотда Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Дилшод Маматқулов, Ўзбекистондаги Арман Апостол черкови руҳонийси Аванес Григорян ва бир қатор мутасаддилар иштирок этди.
Учрашувда қадим-қадимдан Ўзбекистон заминида турли миллат, элат ва дин вакиллари аҳил-иноқ яшаб келаётган диёр экани, барчанинг асосий мақсади тинчлик ва осойишталикни таъминлаш ва эртанги тараққиёти учун ҳисса қўшиш эканига урғу қаратилди.
Самимий руҳда ўтган суҳбатда мамлакатимиздаги янгиланиш ва ислоҳотлар кенг қулоч ёзаётгани, Давлатимиз раҳбари томонидан миллатлараро тотувлик ва конфессиялараро ҳамкорликка берилаётган алоҳида эътибор мамлакатимиз тараққиётида янги даврни бошланишига замин яратганига алоҳида эътибор қаратилди.
Юртимиздаги бундай ижобий ўзгаришлар дунё ҳамжамиятида Ўзбекистонга бўлган қизиқишни янада ошириб, унинг халқаро майдондаги нуфузини тобора мустаҳкамлаётгани меҳмонлар томонидан юксак эътироф этилди.




Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Юртимизда ҳар йили 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни байрами сифатида кенг нишонланади. Бу айём жамиятимизда муаллимларга кўрсатилаётган чексиз ҳурмат-эҳтиромнинг рамзий ифодаси бўлиб, аслида, устозни улуғлаш аждодларимиздан мерос бўлиб келаётган энг гўзал қадриятлардан биридир.
Муқаддас динимизда илм аҳли ва устозларнинг мақоми ниҳоятда юксак. Қуръони каримнинг Мужодала сураси 11-оятида уларнинг обрў-эътибори нақадар баланд экани шундай баён қилинади: «...Аллоҳ сизлардан имон келтирганларни ва илм берилганларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур».
Касб байрами муносабати билан Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси ва ҳудуддаги жоме масжидлар имом-хатиблари, шунингдек, Нукус шаҳридаги «Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний» ўрта махсус ислом таълим муассасаси мудири ҳамда мударрислари иштирокида хайрли тадбир ташкил этилди.
Тадбир доирасида кўп йиллар давомида диний соҳада самарали меҳнат қилиб, ёшларга илм-маърифат улашган ва бугунги кунда кексалик гаштини сураётган фахрий устозларнинг ҳолидан хабар олинди. Уламолар ва диний соҳа ходимлари муҳтарам устозларни байрам билан самимий муборакбод этдилар.
Аллоҳ таоло динимиз равнақига беминнат хизмат қилган азиз устозларимизга мустаҳкам соғлик, мазмунли умр ва оилавий хотиржамлик ато қилсин!
Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти
Матбуот хизмати