2023 йил 7 сентябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Арман-Апостоллик черковининг Москва ва Новонахичеван епархияси раҳбари Езрас Нарсесянни қабул қилдилар.
Мулоқотда Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Дилшод Маматқулов, Ўзбекистондаги Арман Апостол черкови руҳонийси Аванес Григорян ва бир қатор мутасаддилар иштирок этди.
Учрашувда қадим-қадимдан Ўзбекистон заминида турли миллат, элат ва дин вакиллари аҳил-иноқ яшаб келаётган диёр экани, барчанинг асосий мақсади тинчлик ва осойишталикни таъминлаш ва эртанги тараққиёти учун ҳисса қўшиш эканига урғу қаратилди.
Самимий руҳда ўтган суҳбатда мамлакатимиздаги янгиланиш ва ислоҳотлар кенг қулоч ёзаётгани, Давлатимиз раҳбари томонидан миллатлараро тотувлик ва конфессиялараро ҳамкорликка берилаётган алоҳида эътибор мамлакатимиз тараққиётида янги даврни бошланишига замин яратганига алоҳида эътибор қаратилди.
Юртимиздаги бундай ижобий ўзгаришлар дунё ҳамжамиятида Ўзбекистонга бўлган қизиқишни янада ошириб, унинг халқаро майдондаги нуфузини тобора мустаҳкамлаётгани меҳмонлар томонидан юксак эътироф этилди.




Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Буюк Британия пойтахтида ўтказилган 12-халқаро “World Halal Food Festival 2026” фестивали доирасида меҳмонларга анъанавий ўзбек палови тақдим этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мазкур йирик гастрономик тадбирда Лондондаги “Oshpaz” ўзбек ресторани жамоаси фестиваль иштирокчилари кўз ўнгида махсус чўян қозонларда анъанавий услуб асосида ўзбек паловини тайёрлади. Бу меҳмонларга нафақат таомнинг бетакрор таъмидан баҳраманд бўлиш, балки уни тайёрлаш жараёни ва ўзбек миллий ошхонаси анъаналари билан яқиндан танишиш имконини берди.
Ўзбек палови фестиваль меҳмонларида катта қизиқиш уйғотди. Хушбўй зираворлар, гуруч, сабзи ва гўштнинг ўзаро уйғунлиги, шунингдек, қозонда тайёрлашнинг миллий усули тадбир иштирокчиларида ёрқин таассурот қолдирди.
“World Halal Food Festival” ҳалол маҳсулотлар, гастрономия ва маданий хилма-хилликни тарғиб қилишга бағишланган йирик халқаро тадбир ҳисобланади. 2026 йилги фестивалда 25 дан ортиқ давлатдан 200 дан ортиқ ҳалол маҳсулотлар ишлаб чиқарувчилар ва тадбиркорлар иштирок этди. Икки кун давом этган тадбирга 20 мингдан зиёд киши ташриф буюрди.
Фестивалда иштирок этиш Британия жамоатчилигини ўзбек миллий ошхонаси билан яқинроқ таништириш, Ўзбекистоннинг бой гастрономик меросини халқаро аудиторияга етказиш ҳамда мамлакатимизнинг туристик салоҳиятини тарғиб қилишга хизмат қилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати