Ислом дини асослари бўлмиш Қуръони карим оятлари ва Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида инсон ҳаётига тажовуз этиш, ўзини ўзи ўлдириш қатъиян ман этилади. Ҳаёт Аллоҳ таоло томонидан инсонга топширилган имконият ва масъулиятдир.
Аллоҳ таоло “Зорият” сурасида инсон ва жинларни: “Жин ва инсонларни фақатгина Ўзимга ибодат қилишлари учун яратдим”, дея марҳамат қилган. Ушбу оят инсоннинг яратилиш сабаби уни яратган Роббга ибодат қилиши эканини кўрсатмоқда. Аммо баъзи адашган жиҳодчилар Қуръони карим ва ҳадиси шарифларни шу даражада бузиб талқин қиладиларки, уларни тинглаган киши инсон гўё “шаҳидлик” учун яратилган экан, деган фикрга келади.
Ислом таълимотида дини, жони, моли, оила аҳли ҳимояси йўлида ўлдирилган кишини шаҳид дейилади. Ҳадисларда бирор фалокат туфайли вафот этган киши ҳам шаҳид ҳукмида бўлиши баён этилган. Ҳадиси шарифда шундай дейилади: “Шаҳидлар – Аллоҳ йўлида қатл қилинган кишидан ташқари ҳам еттитадир. Вабо, қорин оғриғи, сувга ғарқ бўлиш, девор остида қолиш, зотилжам (ўпка яллиғланиши), куйиш ва туғруқдан (ёки ичидаги ҳомиласи билан) вафот этганларни санаб ўтдилар” (Имом Молик Жобир ибн Атикдан ривоят қилган).
Молини босқинчи ва қароқчидан ҳимоя қилиб, ўлдирилган киши ҳам охират шаҳидларидан саналади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким молини ҳимоя қилиб ўлдирилса, у шаҳиддир”– деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Ёнғинда ўлган киши ҳам шаҳидлардан ҳисобланади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шаҳидларни санаган бир ҳадисларида: “Ёнғин(да ўлган) шаҳиддир”, деганлар (Имом Молик ривояти).
Шунингдек, дини, жони, аҳли-оиласи ҳимоясида ўлдирилган киши ҳам шаҳид саналади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким молини ҳимоя қилиб ўлдирилса, у шаҳиддир, ким қонини (жонини) ҳимоя қилиб ўлдирилса, у шаҳиддир, ким динини ҳимоя қилиб ўлдирилса, у шаҳиддир, ким аҳлини ҳимоя қили ўлдирилса, у шаҳиддир”, деганлар (Имом Аҳмад ривояти).
Ҳозирда баъзи адашган оқимлар “шаҳидлик” тушунчасини жуда тор доирада тушунтирмоқчи бўлишади. Улар бу иборани ўз манфаатларига буриб, гўёки киши фақат урушда ўлса, шаҳид бўлади, дейдилар. Ваҳоланки, уларнинг қилиб турган бу ишлари жиҳод эмас, балки катта фитна экани аниқ. Фитнага аралашиб ўлган одам қандай қилиб шаҳид бўлсин?! Тинч-тотув яшаб турган мусулмон давлатда фитна чиқариб, уруш чиқарилса, бу жиҳод бўладими, унда ўлган инсон асло шаҳид бўлмайди.
Бу ҳақда Сурияда яшаган, ўша худудларда содир бўлаётган воқеалардан хабардор бўлган раббоний олим Муҳаммад Саид Рамазон Бутий урушнинг илк кунидаёқ Суриядаги тартибсизликлар асло шаръий жиҳод эмаслигини, у ерда урушда ўлаётганлар шаҳид эмаслигини айтиб бутун дунёга жар солган эдилар.
Шайх Бутий ўз маърузаларида жумладан шундай деган эдилар: “Эй инсонлар, эй ёшлар! Ҳозир Сурияда бўлаётган ҳодисалар ташқарида тузилган режа асосида амалга оширилмоқда. Биз бу режа тузаётганларнинг кимлигини ҳам, улар бу режалари билан қандай мақсадларни кўзлаганларини ҳам билмаймиз. Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким номаълум байроқ остида жанг қилса ва бу йўлда ўлдирилса бас у жоҳилият ўлимини топибди”, деб айтганлар. Яъни, кимки номаълум байроқ остида, уни кимнинг қўлида эканини, унинг мақсади қандайлигини билмаган ҳолда жанг қилса ва бу йўлда ўлса у жоҳилиятда ўлгандек бўлади”.
Бугунги кунда эътибор қилсак, Сурия бўйлаб ҳукумат армияси, мўътадил мусулмонлар, радикал кайфиятдаги “жиҳодчилар”, курд кўнгилли аскарлари, ғарбпараст гуруҳлар ва бундан ташқари адашган оқим вакиллари ўртасида аёвсиз уруш олиб борилмоқда. Маълумотларга қараганда, бундай қарама-қарши гуруҳларнинг сони юздан ортиқ. Улар орасида ўзаро иттифоқ тузганлари ва умуман, ўз ҳолича кураш олиб бораётганлари ҳам кўп. Ҳар қандай соғлом фикрли инсон ҳеч қачон динини, жонини ва энг муҳими охиратини бу каби хатарларга қўймайди.
Бундай фитналар урчиган даврда мусулмон инсон ҳушёр бўлиши, ўзини четга олишга буюрилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: “Албатта, келажакда кўп фитналар бўлади. У вақтда (жим) ўтирувчи тик турувчидан яхши, тик турувчи (фитнага қараб) юрувчидан яхши, юрувчи югурувчидан яхшидир. Ким фитнани кузатиб турса, фитна уни ўзига жалб қилади. Демак, ким бошпана ёки паноҳ бўладиган жой топса, ўшани лозим тутсин!” (Имом Бухорий ривояти).
Террорчи ташкилотлар етакчиларининг тарғиботларини эшитиб юрган айрим ёшлар, афсуски, ундай кимсаларнинг гапларига алданиб қолмоқда. Айниқса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобалар назарда тутилган оятларни ўзларига тўғридан-тўғри татбиқ этиб, оятдан кўзланган асл маънони ўзгартирмоқда.
Бундай бузғунчи тоифалар ҳозирга қадар дуч келаётган инқирозлар ва мағлубиятларини яшириш учун “Аҳдга вафо қиладиган вақт келди”, “Шаҳид бўладиган давр келди”, “Энди биз ғалаба қозанамиз” каби сохта шиорларни такрорлашдан нарига ўтмаяпти. Чунки, айни дамларда уларга ғаразли мақсадларга эришиш учун “тирик қалқон” жуда ҳам зарур. Шўрпешона алданганлар эса уларга ҳокимиятни эгаллагунча керак, кейин улардан воз кечади, юз ўгиради.
Аллоҳ таоло барчамизни тўғри йўлда собитқадам айласин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати
Савол: Ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар тонг қуёш чиққанда икки фаришта нидо қилади. Эй Аллоҳ инфоқ қилувчини инфоқини ўрнини тўлдиргин ва хасис, зиқнага талофат бер” дер эканлар. Лекин биз ҳаётда бу ҳадиснинг аксини кўрамиз. Инфоқ, эҳсон ва садақа қилувчилар яшашда ўрта ҳол, баъзилари эса бироз қийналган бўлса, зиқна, хасис Аллоҳ йўлида бир чақа ҳам инфоқ қилмайдиганлар эса, дунёлари зиёда бўлиб бораётганлигини кўрамиз. Шунда киши ҳаёлига бу ҳадис саҳиҳмикан ёки ёлғонми деган ўй келади. Агар саҳиҳ бўлса нега инфоқ қилувчининг қилган инфоқини ўрни тўлмаяпти? Нега хасис, зиқна одам талофат кўрмаяпти?
Жавоб: Мазкур ҳадис саҳиҳ, муттафақун алайҳ. Ҳадиснинг тўлиқ матни қуйидагича.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Бандалар ҳар тонг оттирганларида икки фаришта тушиб, уларнинг бири: "Ё Аллоҳ инфоқ қилувчини инфоқини ўрнини тўлдиргин", иккинчиси эса: "Ё Аллоҳ хасис, зиқнага талофат бер" дейди” (Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ, 445-бет, 1442-ҳадис)
Ушбу ҳадиснинг маъносига ўхшаш бошқа ҳадислар ҳам мавжуд. Мисол учун, Абу Умома розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Эй Одам боласи агар саҳоватли бўлсанг, бу ишинг сен учун яхшидир. Агар зиқна, хасис бўлсанг, бу ишинг сен учун ёмондир" (Имом Муслим ва Имом Термизий ривояти).
Оятда эса: “Ҳар бир инфоқ қилган нарсангизнинг ўрнини У тўлдирур. У зот ризқ бергувчиларнинг яхшисидир” дейилади (Сабаъ сураси, 39-оят). Ушбу оятни Ибни Касир раҳимаҳуллоҳ тафсирларида: "Роббингизнинг буюрган ёки мубоҳ қилган ишларида бирор бир нарсани инфоқ қилсангиз, албатта, У дунёда унинг бадалини беради. Охиратда эса, савоб ва мукофот беради", деганлар.
Энди савол берувчининг фикрига келадиган бўлсак, у инсон фақатгина ҳадисдаги тўлдириш ва талофот сўзларини мол-мулк маъносида тушунганлар. Ҳадиснинг асл моҳияти эса, бундан кўра чуқурроқ ва кенгроқдир. Аслида инфоқ қилувчи кишига Ғоний ва Карим бўлган Аллоҳнинг Ўзи кифоя қилиши унинг инфоқига энг яхши эваздир. Аллоҳни инфоқ қилувчи бандасининг аҳлини ислоҳ, фарзандларини иқтидорли, танасини соғ, озига барака бериши ва уни тўғри йўлга бошлаши, яхшиликлар қилишга муваффақ қилиши, қалбида сакинат, инсонларни унга нисбатан муҳаббатли ва иймон ҳаловатини сезувчи қилиб қўйиши инфоқ қилувчи кишига дунё матоларидан чекланишидан кўра яхшироқдир. Зотан орифлар руҳий ризқларни кўзни қувонтирувчи дунё матоларидан кўра абадий ва қиймати баланд деб биладилар.
“Талофат” эса, фақатгина молнинг талофати дегани эмас, балки кишининг оиласини нотинчлиги, фарзандларини ноқобил, ўзгалар билан яхши алоқада бўлмаслиги, доим ташвишда, ҳаётда кишини хафа қиладиган ишлар билан яшаши, моли кўп бўлса-да фойдалана олмаслиги ва доимо танасининг дарди билан азоб уқубатда ҳаёт кечириши тушунилади. Бундай ҳолатлар эса, молнинг талофотидан кўра ёмонроқдир.
Ҳадисда келган фаришталарнинг дуоси Қуръони каримдаги ушбу оятларга мувофиқдир: "Аммо кимки (ато) берса ва тақво қилса. Ва гўзал (сўз)ни тасдиқ қилса. Бас, Биз уни осонга муяссар қиламиз. Аммо кимки бахиллик ва истиғно қилса. Ва гўзал (сўз)ни ёлғонга чиқарса. Бас, Биз уни қийинга муяссар қиламиз" (Лайл сураси, 5-10-оятлар).
Аллоҳ барчамизни оятларини ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини асл моҳиятлари билан англаб етишимизни осон қилсин.
Юсуф Қорозовийнинг “Фатаава Муасира” номли асаридан
“Имом ат-Термизий” жомеъ масжиди имом хатиби
Яҳё Абдураҳмонов таржимаси