Лаа илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳ, лаҳул-мулку ва лаҳул ҳамд ва ҳува ъала кулли шайъин қодийр. Аллоҳумма лаа маниаъ лима аътойта ва ла муътия лима манаъта ва лаа янфаъу зал-жадди минкал-жадд.
Маъноси: Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ. Унинг тенги ва шериги йўқ. Мулк Уникидир. Ҳамд Унгадир. У ҳар нарсага қодирдир. Ё Аллоҳ! Сенинг берганингга монелик қилувчи ҳеч нарса йўқ. Бермаганингни берадиган ҳеч кимса йўқдир. Улуғ бўлган фойда бермайди. Улуғлик Сендандир (Имом Муслим. «Масажид», 137).
* * *
«Алҳамдулиллаҳи роббил аъламийн. Вал-ақибату лил-муттақийн, ва ла удвана илла ъалаз-золимийн. Вассолату вас-саламу ъала расулина Муҳаммадин ва ъала алиҳи ва асҳабиҳи ажмаийн.
Аллоҳумма роббана, йа роббана тақоббал минна солатана ва қийамана ва рукуъана ва таҳлилана ва тазарруъана ва таммим тақсирона ва ла тазриб биҳа вужуҳана йа Мавлана.
Аллоҳумма атина сиҳҳатан ва ъафиятан ва саъадатан ва рифқон ва авладан солиҳин ва ъилман нафиъан ва ризқон васиъан ва ъамалан мақбулан, йа арҳамар-роҳимийн. Роббанағфирли валивалидаййа валил-муъминийна явма яқумул-ҳисаб».
Маъноси: Ҳамду сано оламларнинг Рабби Аллоҳгадир (Унга ҳамд бўлсин). Гўзал оқибат тақводорларгадир. Душманлик эса золимларгадир. Жаноби Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога, ул зотнинг яқинлари ва саҳобаларига салот ва салом бўлсин.
Ё Аллоҳ! Эй Раббимиз! Намозимизни, қиёмимизни, рукуларимизни, саждаларимизни, ўтиришларимизни, тазарру ва ниёзларимизни қабул айла. Нуқсон-камчиликларимизни мукаммал қил. Эй Мавломиз! Камчиликларимизни юзимизга урма.
Ё Аллоҳ! Бизга соғлиқ ва офият, бахт ва ширин ҳаёт ва гўзаллик бер, хайрли фарзандлар насиб эт. Ё Раббим! Бизга фойдали илм, мўл ризқ ва мақбул амаллар насиб айла. Эй марҳаматлиларнинг энг марҳаматлиси бўлган Аллоҳим.
Эй Раббим! Мени, ота-онамни ва барча мўминларни кечир, бизни жаҳаннам азобидан асра.
Шунинг билан "Намоз сабоқлари" рукни орқали бериб борилаётган аудио дарсларимиз якунига етди. Барчангизга эзгу тилаклар билан миннатдорлик билдирамиз.
ЎМИ матбуот хизмати
Савол: Биз томонларда ўғил фарзанд учун қилинадиган суннат (хатна) тўйига келиннинг отаси ёки ака-укалари сўқим (сўйиладиган қорамол) олиб боришлари шартдек бўлиб қолган. Ҳатто бу нарса келин тарафдагиларнинг бурчи деган тушунча ҳам бор. Шунинг учун айрим ҳолларда баъзи оталар неварасини суннат тўйига ерини сотиш ёки катта қарзларни олишгача мажбур бўлаяпти. Шу ишлар динимизда борми?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Динимизда хатнани бор эканлиги барчага маълум ва бу учун зиёфат қилиб бериш ҳам бор. Аммо бу нарса фарз ёки вожиб, ҳатто суннат ҳам эмас, балки у айрим саҳобийларнинг шунчаки одати бўлган. Лекин у ҳозирги кунда авж олгандек бемаъни дабдабозлик билан эмас, балки тор доирада камтарона дастурхон ёзиб ўтказилган.
Демак, аслида суннат ҳам бўлмаган ушбу “тўй”га сўқим олиб келиш қиз томоннинг бурчи дейиш мантиқсиз экани кўриниб турибди. Буни жоҳилона ҳою ҳавас ортидан пайдо бўлган хурофот десак, тўғрироқ бўлади. Айнан мана шунақа тайини йўқ “мажбурият”лар туфайли қанчадан-қанча оилалар жабр кўряпти ва ҳатто айрим оилалар “сўқим қилинмагани ёки олиб келинган сўқимнинг кичкиналиги” сабабидан бузилиб кетишгача ҳам бормоқда.
Динимизда ҳадя улашишга тарғиб қилинган. Аммо бу чин юракдан ҳамда берувчига малол келмасдан амалга оширилиши керак.
Шундай экан, куёв томонга юбориладиган новвосларни ҳадя деб бўлмайди. Чунки бу нарса ошкора ёки зимдан қилинган талаб ёки келин томоннинг одамлардан уялиб ёхуд “қизим хижолат бўлмасин”, деб қиладиган “совғаси” бўлади. Куёв томоннинг келин томонга бундай талаблар қўйиши катта хато ва гуноҳ саналади. Қолаверса, чин кўнгилдан берилмаган нарсани ейиш ҳам шубҳали ҳисобланади. Зеро Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
لا يحل مال امرئ مسلم الا عن طيب نفسه رواه احمد
“Мусулмон кишининг моли бошқага ҳалол эмас, фақатгина ўзи рози бўлиб, кўнглидан чиқариб берсагина, ҳалол бўлади” (Имом Аҳмад ривояти).
Шундай экан, бундай ишга чек қўйиш лозим. Агар қилмоқчи бўлсалар, куёв томон имкони даражасида ўзлари қилсинлар. Агар имконлари бўлмаса, қайнотани зиммасига юкламасликлари лозим. Имкон бўлмагани учун бу каби эҳсонни қила олмаса, гуноҳкор бўлмайди. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.