Бугун биз масофалар қисқараётган, муносабатлар яқинлашаётган, маданиятлар муштараклашаётган, замон тили билан айтганда ҳамма нарса «Глобаллашаётган» бир даврда яшаб турибмиз. Шундай бир жамиятда фуқаролар ўз ҳуқуқ ва эркинликларини билиб, тинч ва осойишта яшаб бораётган бир вақтда, бундай имкониятларимизни ва аҳиллигимизни кўра олмайдиган, буни бузиш учун ҳар қандай ёвузликка, тубанликка қўл урадиган манфур кимсалар ҳам борлиги ҳеч кимга сир эмас. Ана шундай ёвуз мақсадларни – юрт тинчлигини, фуқаролар аҳиллигини бузишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган тоифалар, булар экстремистик ва террористик оқимлардир. Бу гуруҳдаги оқимлар ўз манфаатлари йўлида ҳеч нарсадан қайтишмайди. “Диний экстремизм” нима ўзи? Бу «Жамият учун анъанавий бўлган диний қадриятлар ва аҳкомларни рад этиш ва уларга зид бўлган ғояларни алдов ва зўрлик билан тарғиб қилишдир». “Терроризм” дегани эса «Муаййан гуруҳ манфаатлари йўлида зўравонлик (суиқасд, портлатиш, гаровга олиш, беқарорлик келтириб чиқариш, аҳолининг кенг қатламларида ваҳима ва қўрқув уйғотиш”ни англатади.
Демак ўз-ўзидан кўриниб турибдики бундай оқимларнинг мақсади шу жамиятдаги диний қадриятларни ва аҳкомларни рад этиб, уларга қарши ғояларни фарзандларимизга алдов йўллари билан сингдириб, уларни зўрлаб бўлса ҳам ўз юртига хоинлик қилишга, ота-онасига оқ бўлишга, тинч аҳолини тинчлигини бузишга, жамиятимизда беқарорлик келтириб чиқаришга, жамиятда етимлар сонини кўпайишига, аёлларнинг бева қолишига ва буларнинг оқибатида келажагимиз бўлган ёшларимизни тарбиясига салбий таъсир ўтказиб, халқимизни тинчлигига раҳна солишдир.
Ҳозирги кунда ҳар бир ота ўз фарзандларини келажакда соғлом фикрли, бунёдкор ғоялар соҳиби қилиб, киндик қони тўкилган ўз ватанига садоқатли фарзанд этиб тарбия қилиши учун, аввало тарбия берувчи уйдаги ота-она, боғчадаги тарбиячи, мактаб ва олийгоҳларда устоз ва мураббийлар ўзлари ҳақиқий Ислом ақидаларини яхши тушуниши, ақида, дин, шариат ўзи аслида нима эканини яхши билишлари шарт. Шундагина бизнинг ва шу жаннатмакон диёримизнинг келажаги бўлган ёшларимизни ҳар қандай оқимлардан экстремистик гуруҳлардан ҳимоя қила оламиз.
Биз алҳамдулиллаҳ мусулмонмиз. Бизнинг ота-боболаримиз ватан учун, эл-юрт учун керак бўлса жонларини ва умрларини аяшмаган. Тинчликни бузиш, инсонни ноҳақ қонини тўкиш мусулмонлик белгиси эмас, аксинча бу катта гуноҳ. Ўз мақсадлари йўлида ҳеч нарсадан тап тортмайдиган кимсалар ўзларига Исломни ниқоб қилиб олиб, одамларга зулм қилаётганликларини наҳот англаб етишмаган бўлишса. Ахир Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг ҳадисларидан бирида шундай деганлар: «Мусулмон киши – ўзгалар унинг қўлидан ва тилидан озор топмаган кишидир». Шундай экан бирон бир инсон иккинчи бир инсонга озор бериб кўнглини ранжитиши асло мумкин эмас. Биз юқоридаги ҳолатлар бошимизга тушмаслиги учун ўзимиз кўрган-эшитган нотўғри сўз ва ҳаракатларга бепарво бўлмаслигимиз керак.
Шунинг учун айни пайтда тинч осуда ҳаётимизни издан чиқаришга уринаётган ёвуз ниятли кучларнинг ниятларини пучга чикариш учун ҳаракат қилмоғимиз зарурдир.
Аллоҳ таоло юртимизни тинч, ҳаётимизни фаровон қилсин, бир-биримизга меҳр-оқибатли бўлишимизни ҳаммамизга насиб этсин.
Ҳазорасп тумани “Шохпир” масжиди имом-ноиби
Ў.Жуманазаров
Ўзбекистон сайёҳлик салоҳиятини Жанубий Кореяда кенг тарғиб этиш мақсадида нуфузли “EBS” телеканали томонидан мамлакатимиз туризм имкониятларига бағишланган махсус теледастур эфирга узатилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Сайёҳлар орасида катта аудиторияга эга бўлган “Буюк Ипак йўли бўйлаб саёҳат” теледастури орқали жанубий кореялик томошабинларга Ўзбекистоннинг экотуризм, гастрономик, зиёрат, тоғ ва ландшафт туризми борасидаги имкониятлари ҳақида кенг маълумот берилди.
Ўзбекистонга ташриф буюрган “EBS” телеканали ижодий гуруҳи мамлакатимизнинг машҳур сайёҳлик йўналишлари, ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган Самарқанд, Бухоро, Хива ва Тошкент шаҳарларининг қадимий меъморий ёдгорликлари, турли ҳудудлардаги замонавий кўнгилочар марказлар, миллий ҳунармандчилик, ўзбек миллий таомлари ҳамда юртимизнинг бетакрор табиат манзаралари ҳақида ҳикоя қилди.
Кўрсатувда жанубий кореялик сайёҳлар учун Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилишнинг афзалликлари ҳам кенг ёритилди. Хусусан, бугунги кунда Тошкентдан мамлакатимизнинг тарихий шаҳарларига замонавий ва қулай “Афросиёб” тезюрар поезди орқали Ипак йўли йўналишлари бўйлаб саёҳат қилиш мумкинлиги таъкидланди.
“EBS” телеканали мухбири Тошкентнинг ўзига хос меъморий қиёфасига алоҳида эътибор қаратган. Унинг фикрича, пойтахт меъморчилигида ўрта асрларга оид тарихий обидалар, замонавий кўп қаватли бинолар ва собиқ иттифоқ даври меъморчилиги анъаналари ўзига хос уйғунлик касб этган.
Дастурда Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилиш имкониятлари ҳақида сўз юритилар экан, мамлакат пойтахтидан тарихий шаҳарларга автомобиль йўллари билан бир қаторда темир йўл орқали ҳам қулай сафар қилиш мумкинлиги маълум қилинган.
“Йилнинг барча фаслида эрталаб ва кечқурун Тошкентнинг бош вокзалидан Бухоро ва Самарқанд йўналишида қулай тезюрар “Афросиёб” поездлари қатнайди. Максимал тезлиги 230 км/соат бўлган ушбу поезд Тошкентдан Бухорогача бўлган қарийб 600 километрлик масофани уч соату 40 дақиқада босиб ўтади. Бу авиапарвозга нисбатан қулай ва арзонроқ”, – дея қайд этилган теледастурда.
Кўрсатувда Самарқанд ва Бухоро шаҳарлари Марказий Осиёнинг муҳим маданий дурдоналари сифатида эътироф этилган.
“Бухоро шаҳри 2500 йилдан ортиқ тарихга эга. Эски шаҳар марказида Бухоронинг энг диққатга сазовор ёдгорликларидан бири – 1127 йилда қурилган Минораи Калон жойлашган. Унинг баландлиги 47 метр, пойдевори эса 10 метрни ташкил этади”, – дея маълумот берилади манбада.
Самарқанд ҳақида сўз юритилар экан, унинг 2750 йиллик тарихга эга экани, дунёдаги энг қадимий шаҳарлардан бири сифатида асрлар давомида турли босқинлар ва вайронагарчиликларга гувоҳ бўлганига қарамай, ўзининг бетакрор ва эртакнамо улуғворлигини сақлаб қолгани таъкидланган.
Теледастурнинг яна бир муҳим жиҳати – унда Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарларидаги тарихий ва меъморий обидалар билан бир қаторда, миллий ҳунармандчилик, урф-одатлар, миллий таомлар ҳамда мамлакатнинг турли ҳудудларидаги гўзал табиат манзаралари ҳақида батафсил маълумот берилганидир.
Кўрсатувда Ўзбекистоннинг меҳмондўстлигига ҳам алоҳида урғу берилган.
“Сайёҳ сифатида қаерга борманг, хоҳ меҳмон уйларида, хоҳ бозорлар ёки шунчаки кўчада маҳаллий аҳоли билан учрашсангиз, самимий меҳмондўстлик ва илиқликни ҳис қиласиз”, – дейди “EBS” телеканали ижодий гуруҳи.
Умуман, Жанубий Кореянинг етакчи телеканалларидан бири бўлган “EBS” орқали Ўзбекистоннинг бой тарихий-маданий мероси, бетакрор табиати, миллий таомлари, меҳмондўстлиги ва замонавий туризм инфратузилмаси кенг аудиторияга намойиш этилгани мамлакатимизнинг ушбу давлат сайёҳлик бозоридаги жозибадорлигини янада оширишга хизмат қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати