Ўзбекистоннинг Лондондаги элчихонасида Буюк Британиянинг “Halal Travel Guide” сайёҳлик компаниясининг ижрочи директори Сумайя Ҳамди билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” ахборот агентлиги мухбири.
Учрашувда Буюк Британиядаги мусулмонлар ўртасида мамлакатимизнинг зиёрат салоҳиятини кенг тарғиб қилиш, сайёҳлик мазмунини, сайёҳлар учун қизиқарли ва янги йўналишларни ривожлантириш юзасидан фикр алмашилди.
Сумайя Ҳамди Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарларида исломий обидалар, маданий обидалар, сайёҳлар учун яратилган шароитлар, шубҳасиз, Буюк Британия мусулмон дунёси вакилларида қизиқиш уйғотаётганини таъкидлади.
Томонлар ушбу сайёҳлик компанияси кўмагида 2024 йилда Ўзбекистонга 500 дан ортиқ британиялик сайёҳни жалб этиш, шунингдек, “Кейинги ҳалол йўлланмани топ” кўргазмасида “Ўзбекистон – 2024 йилда мусулмон сайёҳлар учун энг яхши йўналиш” мавзусида форум ўтказишга келишиб олди.
Мазкур форум шу йилнинг 24-25 февраль кунлари Лондонда ўтказилиши режа қилинмоқда.
Маълумот учун, “Halal Travel Guide” - Буюк Британиядаги нисбатан янги туроператорлар гуруҳи бўлиб, 2017 йилда ташкил этилган бўлиб, у асосан 25 ёшдан 41 ёшгача бўлган сайёҳларга хизмат кўрсатади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Жорий йилнинг 26 август куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида «Вақф» хайрия жамоат фонди ҳамда Туркия Диёнат вақфи масъул ходимлари иштирокида видеоконференция форматида мулоқот бўлиб ўтди.
Учрашувда икки муассаса ўртасида имзоланган меморандум ва унинг асосида ишлаб чиқилган йўл харитасидаги вазифалар ижроси атрофлича муҳокама қилинди. Томонлар шериклик алоқаларини мустаҳкамлаш ҳамда унинг амалий механизмларини белгилаб олиш масалаларига алоҳида эътибор қаратдилар.
Мулоқот давомида вазифаларнинг жорий ҳолати таҳлил қилиниб, истиқболда амалга ошириладиган қўшма ташаббуслар ва ижтимоий лойиҳалар борасида ўзаро тажриба алмашишга келишиб олинди. Хусусан, таълим ва маданият соҳаларидаги қўшма ташаббуслар, ёшлар билан ишлаш ва ижтимоий лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш, хорижий хайрия хизматларини ташкил этиш ҳамда закот ва хайрия муносабатларини янада ривожлантириш каби ўзаро манфаатли йўналишлар бўйича атрофлича фикр алмашилди.
Таъкидлаш жоизки, мазкур мулоқот икки қардош давлат вақф фондлари ўртасидаги диний-маърифий ва саховат йўналишидаги алоқаларни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати