Бугунги кунда ёшларимиз жамиятимизда белгиланган одоб-ахлоқ, этика-эстетика қоидаларига қай даражада амал қилмоқда, шарм-ҳаё каби юксак ахлоқий фазилатларнинг қадр-қимматини тўла англаб етяптими, деган ҳақли саволлар туғилиши табиий.
Ёши улуғ инсонлар билан суҳбатда бўлсангиз гап ўзани бурилиб, ёшларнинг юриш-туриши, одоб-ахлоқига бориб тақалади. Нуроний отахонларнинг хотираларини тинглаб, бир кишининг 50–60 йиллик умри давомида жамият ҳаёти, одамлар қиёфаси шунчалик тез ўзгариб кетишидан ҳайратга тушасиз, ёшлар тарбияси ҳақида куйиниб гапиришлари маъносини тушунгандек бўласиз.
Айни даврда бутун дунёда содир бўлаётган миллий маънавиятимизга зид турли ҳодисалар жамиятимиз ҳаётига бевосита “оммавий маданият” кўринишида кириб келаётгани ҳеч кимга сир эмас. Буни айрим ёшларнинг ўзини тутиши, муомаласи, кийинишида ҳам яққол сезиш мумкин.
Мазкур масалалар, хусусан, ҳаё фазилатининг динимизда тутган ўрни, ҳаёга доир шариат кўрсатмалари ҳақида кенгроқ тушунча бериш мақсадида устоз ва мутахассисларга мурожаат қилдик:
– Киши вужудида ўзгалар қараши ҳаром қилинган жойларни, хоҳ эркак, хоҳ аёл бўлсин, бошқалар ҳузурида очиш, номаҳрамларга кўрсатиш ҳалол эмас, – дейди Ўзбекистон ислом цивилизацияси маркази директори ўринбосари Шайх Абдулазиз МАНСУР. – Эркакларда тананинг киндикдан тизза остигача бўлган қисми, муслима аёлнинг эса икки кафти, оёқ тўпиғининг пастки қисми (қадами) ва юзидан бошқа бутун бадани аврат ҳисобланади. Сочининг гажаги ҳам.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳар бир диннинг хулқи бўлади. Исломнинг хулқи эса ҳаёдир”, дедилар (Ибн Можа ривояти).
Намозхон киши авратларини қалинроқ кийим билан бекитиши шарт. Агар кийим баданнинг ранги яққол билинадиган даражада бўлса, у билан намоз ўқиш жоиз эмас. Аврат аъзонинг тўртдан бирининг узрсиз очилиб қолиши намозни бузади. Агар аъзо намоз ичида очилиб кетса, дарҳол уни бекитиб, намозини давом эттириши мумкин. Намозда авратнинг бекитилиши талаб қилинганидек, намоздан ташқарида ҳам уят ўринларни ёпиб юриш лозим.
Қуръони каримда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга хитобан бундай дейилади: “Эй Пайғамбар! Хотинларингизга, қизларингизга ва мўминларнинг хотинларига айтинг, устларига ёпинчиқларини ташлаб олсинлар! Мана шу уларнинг (ким эканликлари) танилиб, озорланмасликлари учун энг яқин (воситадир). Аллоҳ мағфиратли ва раҳмли Зотдир” (Аҳзоб сураси, 59-оят).
Одамлардан ҳаё қилиш уят аъзолар – аврат жойларини бекитиш, бегона кўзлардан яшириш билан бирга, кишиларга тили, қўли билан озор бермаслик ҳам тушунилади.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳдан чин ҳаё қилингизлар!” Шунда саҳобалар, “Бизларнинг чин ҳаё қилишимиз қандай бўлади?”, дейишди. У зот айтдиларки, “Кимки бошини ва ундаги кўз, қулоқ ва бурнини, қорни ва бошқа аъзоларини турли ҳаром ишлардан сақласа ва бу дунё зийнатига ортиқча берилмай, ўлим ва қабр азобини эсидан чиқармай юрса, ўша киши Аллоҳ таолодан чин ҳаё қилган бўлади”, дедилар.
Улуғ саҳобийлардан Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳу масжидга бораётса, одамлар намоздан чиқиб келишаётган эди. Шунда у киши бир четга чиқиб, одамларга йўл берди. У зотдан нега ундай қилдингиз, деб сўраганларида: “Одамлардан уялмаган кишидан ҳар қандай ёмонликни кутса бўлади”, деб жавоб берди.
Ҳаё – ҳеч ким кўрмайдиган жойда ҳам ўзини ноўрин ҳаракатлардан тийишни тақозо этади. Ҳакимлар: “Ўзидан ўзи уялиш бошқалардан уялишдан кўра кўпроқ бўлмоғи лозим”, деганлар. Уламолардан бири эса: “Кимки очиқ-ойдинда қилиш уят бўлган ишни хилватда қилса, у ўзини нафси олдида қадрсиз қилибди”, дейди.
Инсон кўнглига келганини ҳаёсизларча қилиб кетавериши ҳайвоний сифат саналади. Ҳазрат Али каррамаллоҳу важҳаҳу: “Кимки ҳаё кийимини кийса, бошқаларнинг айбини кўрмайдиган бўлиб қолади”, дейди.
Ҳаёли инсон, биринчи навбатда, ўзининг юриш-туриши, гап-сўзига эътибор бериб, бошқалардан айб қидирмайди, бировнинг устидан кулиш ёки ғийбат қилишдан сақланади.
Ҳадиси шарифларда: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаёлари ёпинчиқ ичидаги бокира қизнинг ҳаёсидан ҳам кучлироқ эди”, дейилади (Имом Термизий ривояти).
Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаёлари жуда кучли бўлиб, у зот юксак фазилатда барча мўмин-мусулмонларга ўрнак эканига далолат қилади.
***
– Маҳалла фаоли сифатида ҳар куни ҳудудимиздаги кўча ва хиёбон, жамоат ҳамда дам олиш жойларини айланаман, ёшларнинг юриш-туришини кузатаман, гап-сўзларига қулоқ тутаман, – дейди пойтахтимизнинг Чилонзор туманидаги “Новза” маҳалласи фаоли Марям МАҲМУДОВА. – Уларнинг турли ажнабий кийимлар кийиб, жамоат жойларида ўзини тутиш қоидаларига риоя қилмаган, миллий менталитет ҳамда ўзлигимизга бутунлай ёт бўлган одат ва беўхшов қилиқларига ҳам гувоҳ бўламан. Йиғинимиз фаоллари билан бирга ана шундай хулқ-атвори, гап-сўзида ўзгариш сезилган маҳалламиз ёшлари, тарбиянинг нозик томонларини илғамаётган ота-оналар билан суҳбатда бўламиз, уларга тўғри йўл-йўриқ кўрсатамиз, жойи келса, дакки ҳам берамиз.
Бир болага етти маҳалла отаона, деган мақол бежиз айтилмаган. Агар фарзанд тарбиясида ота-оналар томонидан эътиборсизликка йўл қўйилса, қўни-қўшнилар, устоз-мураббийлар, қолаверса, маҳалла фаоллари бунга эътиборли бўлишлари лозим. Бу миллий менталитетимизга хос бўлган тарбия усулидир.
***
– Қонунчилигимизда нафақат моддий, балки маънавий зарар учун ҳам жавобгарлик белгиланган, – дейди ҳуқуқшунос Музаффар ҲИЛОЛИДДИНОВ. – Шунингдек, барча давлат ва жамоат ташкилотлари, таълим даргоҳлари, турли жамоат ва маданий дам олиш жойларида касб этикаси, одоб-ахлоқ, ўзини тутиш қоидалари каби ички тартиблар ўрнатилган.
Шу ўринда айтиш жоизки, жамоат тартибига тажовуз сифатида қаралувчи ҳуқуқбузарликлар қонунчилигимизда, хусусан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддасида белгиланган чоралар қўлланиши мумкин: “Майда безорилик, яъни жамоат жойларида уятли сўзлар билан сўкиниш, фуқароларга ҳақоратомуз шилқимлик қилиш ҳамда жамоат тартибини ва фуқароларнинг осойишталигини бузувчи шу каби бошқа хатти-ҳаракатларда ифодаланган жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимаслик – энг кам иш ҳақининг уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга... сабаб бўлади”.
Ахлоқий фазилатлар, ўзгалардан ҳаё қилиш, уят ҳисси инсон ичидаги холис туйғу – виждон уйғониши, ўз хатоларини тезроқ тушуниб етишида ҳар қандай таъсир чораларидан ҳам кучлироқ восита ҳисобланади.
Таниқли ёзувчи Абдулла Қаҳҳор бундай деган эди: “Уят энг шафқатсиз қонундан ҳам кучлироқ, қудратлироқдир. Қонун фақат кўзи тушганда, шубҳа пайдо қилганидагина жиноятчининг қўлини ушлайди, йўлини тўсади. Уят эса ҳамиша одобсиз, ахлоқсиз жиноятчининг тепасида туриб, ножўя иш қилиш учун қўл кўтаргани қўймайди”.
Юқоридаги фикрлардан ахлоқий сифатлар орасида ҳаё фазилатининг нафақат оилавий тарбия жараёнида, қолаверса, жамият ҳаётида ҳам беқиёс аҳамиятга эга экани ойдинлашади.
Ота-боболаримиздан мерос ушбу олижаноб хулқни асраб-авайлаб, бу борада шариатимиз буюрган амаллар, жамиятимизда белгиланган одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этган ҳолда яшасак, фаолият юритсак, ёшларимиз онгига унинг маъно-мазмунини чуқур сингдириш ҳаракатида бўлсак, ҳаётимиз янада гўзаллашиб бораверади, иншааллоҳ.
Баҳриддин ХУШБОҚОВ,
тайёрлади.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ҳаққа яқин бўлган бандаларнинг олдида дунёнинг чин ҳақиқати очилиб бўлгандир. Улар унинг қанчалар ҳақир ва арзимас эканлигини яхши биладилар. Шунинг учун унга аҳамият ҳам эътибор ҳам бермайдилар. Нақл қилишадики, бир гал жанобимиз ҳазрати Али ибн Абу Толиб карамаллоҳу важҳаҳу қабристонга келиб унинг аҳлига юзланган ҳолда дедилар:
– Ассалому алайкум, эй қабр эгалари! Сизга тинчлик-омонлик ва Аллоҳнинг раҳмати бўлсин! Сиз ўз дунёйингиз янгиликларидан хабар берасизми ё биз ўзимизникидан айтайликми?
Бунга жавобан шундай овоз эшитилди:
– Сизга ҳам тинчлик-омонлик ва Аллоҳнинг раҳмати бўлсин! Биздан сўнг нималар бўлгани ҳақида аввал сиз гапириб беринг!
Шунда ҳазрати Али розияллоҳу анҳу давом этдилар:
– Мулкингиз тақсимланди, хотинларингиз эрга тегиб, болаларингиз етим бўлиб қолишди, мустаҳкам уйларингизга душманларингиз кириб, жойлашиб олишди. Бизда шунақа янгиликлар. Сиздачи?
Яна ўша овоз жавоб қайтарди:
– Кафанларимиз адо бўлди, сочларимиз тўкилиб, баданларимиз бўлакларга бўлинди, кўзларимиз, бурунларимиз ёноқларимиздан оқиб тушиб, чириб кетди. Дунёда не қилган бўлсак, бу ерда ўшанга яраша (муқобили)ни топдик, ўзимиздан сўнг қолдирган дунёларимиз учун эса, ҳасратдамиз. Қилган ишларимизнинг тутқунларимиз.
Фузайл ибн Иёз қуддиса сирруҳу дейдилар:
“Бордию менга бутун дунёни қиёмат кунида ҳисобини бермаслик шарти билан таклиф этишганларида ҳам қабул қилмаган бўлардим. Мен учун бу дунё ҳатто ёнидан ўтилганда ҳам кийимни булғаб қўйиши мумкин бўлган бир ўлимтик каби манфурдир!”.
Иброҳим Адҳам қуддиса сирруҳу гўшт нархи ошаётганини билиб:
– Арзонлаштиринг, яъни умуман сотиб олманг! – дедилар.
Шундай қилиб аҳли тариқатлар қуйидаги хулосага келдилар:
“Кимки дунёга муҳаббат ва ҳавас кўзи билан боқса, Аллоҳ унинг қалбидан зуҳд ва яқин (чин ишонч) нурини тамомила олиб қўяди ”.
Абул-Ҳусайн Ҳавворий қуддиса сирруҳу-дан дунё лаззатига кўнгул бермаслик ва ундан қутилиш ҳақида сўраганларида, у зот қуддиса сирруҳу шундай жавоб бердилар:
– Зуҳд – бу дунёга таҳқир кўзи билан қараш ҳамда ундан батамом, охирги ҳаддигача, шараф билан воз кечишдир.
Ҳурматли жанобимиз, қутбул – орифийн Саййид Аҳмад Ҳусайн қуддиса сирруҳу “Ал Иқд ан-нафис” китобида ёзадилар:
“Аллоҳ Мусо алайҳиссаломга деди: “Агар Сенга фақирлик етган бўлса: “Марҳабо, хуш келибсан, эй солиҳлар сифати!” деб, кутиб олгин. Агар дунё келганини кўрсанг: “Бу гуноҳларим сабабли шу дунёнинг ўзидаёқ етган бало!” деб ҳисоблагин”.
Ҳадиси шарифда марҳамат этилади:
“Сизлар қаноатли бўлинглар! Чунки қаноат битмас-туганмас бойликдир” (Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган, Имом Табароний ривояти)
Солиҳлардан бирлари дебдилар:
“Қаноат, менинг фикримимча, мабодо учраб қолса, яхши пишган ва яхши пишмаган арпа нонини фарқ қилмаслик ҳамда ўшанда ҳам намозига қувват булгунчалик миқдорда тановул қилиш билан кифояланишдир”.
Салафи солиҳийн қазо бўлган боласи учун мотам тутиб йиғлаб, қазо бўлган намозию умри учун афсус чекиб йиғламаган инсонни, нодон, аҳмоқ деб билган эканлар. Аслида бундай одам гўё шундай деяётган каби: “Мени Аллоҳимдан чалғитган нарса учун йиғлаяпман”.
У аксинча, бу ҳолдан хурсанд бўлиб, батамом Аллоҳга юзланиши керак эди, чунки Парвардигор уни машғул қилиб турган нарсадан қутқариб, Ўзига яқин бўлиш учун имконият яратиб беряпти.
Дарҳақиқат, болалар, аёллар, хизматкору дўстлар сен ўлиб қолгудай бўлсанг, сен учун йиғламайдилар, балки сендан олишлари мумкин бўлган нарсани йўқотганлари учун йиғлайдилар холос. Шу сабабли улардан аввалроқ: “Мен учун йиғлашларидан олдин Аллоҳдан олишим мумкин бўлган нарсаларни олиш имкониятини қўлдан берганим сабабли ўзим учун ўзим йиғлаганим яхшироқдир”, деб айтиб, ўзинг йиғла.
Аллоҳ кимнидир ўзига дўстлик шарафи билан эъзозлабдими, албатта, унинг кўзига дунёни хунук қилиб қўяди.
“Ахлоқус солиҳийн” (Яхшилар ахлоқи) китобидан
Йўлдош Эшбек, Даврон Нурмуҳаммад
таржимаси.