Қизалоқнинг қўлларида иккита олма бор эди. Онаси ундан “Қизим, олманинг биттасини менга бер” деб сўради. Қиз онасига тикилиб турди-да, кейин қўлидаги олмаларни бирин-кетин тишлади. Онаси қизининг бу ишидан бироз хафа бўлиб, “Меҳр билан боққан қизим шундай қилдия” деган нарса хаёлидан ўтди. Ўз қизидан бундай муомалани кутмаганди. Қизидан узоқлашиб, бошқа хонага чиқмоқчи бўлганида, қизи унинг ортидан чақирди ва “Онажон, мана буниси ширинроқ экан” деди-да, олмаларнинг бирини онасига узатди.
Қизалоқ онасига ширин олма бериш учун уларни тишлаб кўрганди. Онаси эса бу ҳолни бироз нотўғри тушунди ва қизидан хафа бўла бошлади. Қизининг гапидан кейин она ундан бекорга хафа бўлганини англади.
Ҳар қанча илмли, тажрибали ва дунёқараши кенг инсон бўлманг, бошқалар ҳақида ҳукм чиқаришга шошилманг. Одамларга ўз мақсадларини баён қилиб беришлари учун имкон беринг.
Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади
1. “Бисмиллаҳ” ни айтиш.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Қачонки киши уйига кирса, киришида ҳам, таоми устида ҳам Аллоҳни зикр қилса, шайтон (шерикларига): «Сизларга ўрин ҳам йўқ, овқат ҳам йўқ», дейди. Агар кирганида Аллоҳни зикр қилмаса, шайтон: «Жойларингизни топдингиз», дейди. Таоми устида ҳам Аллоҳни зикр қилмаса, шайтон: «Жойингизни ҳам, таомингизни ҳам топдингиз», дейди» (Имом Бухорий ривояти).
2. Кириш дуосини айтиш:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Киши уйига кирганда:
“Аллоҳумма, инний асалука хойрол мавлажи ва хойрол махрожи. Бисмиллаҳи валажнаа ва бисмиллаҳи хорожнаа ва ъала Аллоҳи Роббинаа таваккалнаа”
“Аллоҳим, Сендан яхши кириш ва яхши чиқишни сўрайман. Аллоҳнинг номи билан кирдик, Аллоҳнинг номи билан чиқдик. Роббимиз Аллоҳга таваккал қилдик”, десин ва аҳлига салом берсин» (Имом Абу Довуд ривояти).
3. Уйдагиларга салом бериш.
Аллоҳ таоло бундай буюради: “Бас, қачонки, уйларга кирсангиз, бир-бирларингизга Аллоҳ ҳузуридан бўлган муборак, покиза саломни айтингиз (яъни “Ассалому алайкум” денг!)” (Нур сураси, 61-оят).
4. Оғизни мисвок билан тозалаш.
Оиша онамиз розияллоҳу анҳо айтадилар: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уйга кирганларида биринчи бўлиб мисвок ишлатардилар” (Имом Муслим ривояти).
Даврон НУРМУҲАММАД