Қизалоқнинг қўлларида иккита олма бор эди. Онаси ундан “Қизим, олманинг биттасини менга бер” деб сўради. Қиз онасига тикилиб турди-да, кейин қўлидаги олмаларни бирин-кетин тишлади. Онаси қизининг бу ишидан бироз хафа бўлиб, “Меҳр билан боққан қизим шундай қилдия” деган нарса хаёлидан ўтди. Ўз қизидан бундай муомалани кутмаганди. Қизидан узоқлашиб, бошқа хонага чиқмоқчи бўлганида, қизи унинг ортидан чақирди ва “Онажон, мана буниси ширинроқ экан” деди-да, олмаларнинг бирини онасига узатди.
Қизалоқ онасига ширин олма бериш учун уларни тишлаб кўрганди. Онаси эса бу ҳолни бироз нотўғри тушунди ва қизидан хафа бўла бошлади. Қизининг гапидан кейин она ундан бекорга хафа бўлганини англади.
Ҳар қанча илмли, тажрибали ва дунёқараши кенг инсон бўлманг, бошқалар ҳақида ҳукм чиқаришга шошилманг. Одамларга ўз мақсадларини баён қилиб беришлари учун имкон беринг.
Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади
2026 йил 4 август куни Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Қашқадарё вилоятида фаолият юритаётган имом-хатиблар ва ноиб имомлар иштирокида “Заковат” интеллектуал беллашуви юқори савияда ташкил этилди.
Мазкур тадбирнинг асосий мақсади диний соҳа ходимларининг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, уларнинг билим ва тафаккурини янада бойитиш, шунингдек, мустақиллик байрамини маънавий-маърифий руҳда кенг нишонлашдан иборат бўлди.
Беллашувда шаҳар ва туманлардан ташриф буюрган жамоалар Ислом тарихи, фиқҳ, ақоид, маънавий-маърифий ҳамда китобхонлик йўналишлари бўйича берилган саволларга жавоб бериш орқали мантиқий фикрлаш, тезкорлик ва билимдонлик борасида ўзаро куч синашди.
Якунда Қарши шаҳри ва Нишон тумани вакилларидан иборат бўлган жамоа энг кўп балл тўплаб, биринчи ўринни қўлга киритди. Ғолиб ҳамда совриндор жамоалар ташкилотчилар томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
ЎМИ Қашқадарё вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати