Фарзандга турмушнинг, тарбиянинг муҳим қоидаларини ёшлигидан ўргатиш, унинг қалбига бунёдкорлик туйғуларини сингдириш ота-она ва мураббийларнинг ҳамиша долзарб вазифаси бўлиб келган. Фарзанд Ислом динимизнинг асосий қоидаларидан бири бўлган яхшиликка буюриш ва ёмонликдан қайтаришни одат қилиши лозим.
Инсонлар ичида фақат пайғамбарлар гуноҳдан покдирлар. Зеро, Парвардигор уларни гуноҳдан пок фитратда яратгандир. Пайғамбарлардан бошқа барча инсонлар гўзал одоб-ахлоқли бўлиш билан бир қаторда, гуноҳ ишлар ва хатоларга йўл қўядилар. Ислом дини гуноҳ амалларни очиқ баён қилган ва мўминларни бундай ишлардан сақланишга буюрган. Бу амрга бўйсунган киши ўзини ҳалокатдан сақлайди ва Аллоҳнинг суюкли бандасига айланади. Мусулмон кишининг вазифаси фақат ман қилинган ишларни қилмаслик билан кифояланмайди. Балки гуноҳ иш қилаётган биродарини у йўлдан қайтариб, тўғри йўлга солиши ҳам муҳимдир.
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: “Қайси бирингиз бирор мункар ишни кўрса, уни кўли билан қайтарсин. Агар қўли билан қайтаришга қодир бўлмаса, тили билан, агар унга ҳам қодир бўлмаса, мункар ишни қалби билан ёмон кўриб қўйсин, мана шу охиргиси имоннинг энг заиф даражасидир”. Ҳар бир инсон ҳаётда маълум мақсад сари интилиб яшайди. Жамиятнинг одоб-ахлоқ билан зийнатланиши учун ҳаракат қилиш ва одамларнинг турли муаммоларига дардкаш бўлиб, ўзини эзгу ишларга масъулиятли ҳис этиш мусулмон кишининг мақсади бўлиши лозим. Шундагина мўмин киши ўз манфаати учун эмас, бутун жамият фаровонлигига куч-ғайрат сарфлаган бўлади. Бундай инсон тўғри йўлдагиларни қўллаб-қувватлаб, адашганларни ҳидоятга чақиради. Зеро, жамиятнинг гуллаб-яшнаши ҳам, фалокати ҳам ҳар бир кишининг тақдири билан боғлиқ. Чунки кема сувга чўккан пайт, гарчи уни кема остидагилар тешган бўлса ҳам, кема устидаги бу ишга умуман алоқасиз сайёҳлар ҳам сувга ғарқ бўлади.
Демак, ҳаётда баъзи бир хатоларга йўл қўйган кишини тўғри йўлга солиш мўминга хос бўлган хислатдир. Шунинг учун кишига хатосини ўз вақтида англатиш ҳам муҳим. Бундай ҳолатларда Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) тутган йўллари биз учун юксак намунадир. Ул зот биринчи навбатда кишининг хатосини юзига солмасдан, уни тўғрилаш йўлларини шахсиятига тегмаган ҳолда ширинсуханлик билан тушунтирганлар. Зеро, Аллоҳ таоло томонидан Мусо билан Ҳорунга (алайҳиссалом) Фиръавнни динга даъват қилиш буюрилганида: “Бас, унга юмшоқ сўз айтингиз! Шояд, у эслатма олса ёки (ҳалок қилишимдан) қўрқса”, (Тоҳо, 44) дейилган.
Бу ояти каримада гуноҳ ва хато иш қилганларга нисбатан қандай муносабатда бўлиш аниқ баён қилинган.
Ҳаётда баъзи кишиларнинг билиб-билмай гуноҳ ёки хато иш қилаётганларига тез-тез гувоҳ бўламиз. Бизлардан, аввало, ўзимизни бундай ишлардан сақлаш, бошқаларнинг нотўғри ишларини Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кўрсатиб берганларидек ва Парвардигоримиз буюрганидек тушунтириш талаб қилинади.
Мураббийлар фарзанд қалбига жасурлик, шижоатлилик ва тўғри сўзли бўлишни ҳам сингдириши, Исломнинг эзгу тушунчаларини дилига жойлаб, Аллоҳ йўлида хайрли ва савобли ишларни кўп қилишни ўргатиши лозимдир.
Яхшиликка буюриш ва ёмонликдан қайтариш
Ислом дини барча умматларга жинси, миллати, ирқидан қатъи назар, бир-бирларидан ажратмасдан яхшиликка буюриш ва ёмонликдан қайтаришни фарз қилди. Бу муҳим вазифани адо этишда белгиланган қоидаларга амал қилинади.
Аллоҳ таоло бундай дейди:
وَٱلۡمُؤۡمِنُونَ وَٱلۡمُؤۡمِنَٰتُ بَعۡضُهُمۡ أَوۡلِيَآءُ بَعۡضٖۚ يَأۡمُرُونَ بِٱلۡمَعۡرُوفِ وَيَنۡهَوۡنَ عَنِ ٱلۡمُنكَرِ وَيُقِيمُونَ ٱلصَّلَوٰةَ وَيُؤۡتُونَ ٱلزَّكَوٰةَ وَيُطِيعُونَ ٱللَّهَ وَرَسُولَهُۥٓۚ أُوْلَٰٓئِكَ سَيَرۡحَمُهُمُ ٱللَّهُۗ إِنَّ ٱللَّهَ عَزِيزٌ حَكِيمٞ٧١
«Мўминлар ва мўминалар бир-бирларига дўстдирлар: (одамларни) яхшиликка буюрадилар, ёмонликдан қайтарадилар, намоз(лар)ни баркамол адо этадилар, закотни берадилар ҳамда Аллоҳ ва (Унинг) Расулига итоат этадилар. Айнан ўшаларга Аллоҳ марҳамат кўрсатур. Албатта, Аллоҳ қудратли ва ҳикматлидир» (Тавба, 71).
Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) саҳобалардан қийинчилик ва енгилликда итоат қилишга, қай ҳолатда бўлса ҳам, тўғри сўзлашга ва сабрли бўлишга аҳд олдилар.
Убода ибн Собит (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади.
“Саҳобалар Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қийинчилик ва енгилликда, ихтиёрий ва мажбурий амалда итоат қилишга, ўзидан бошқани афзал кўришда, жўяли сабаб бўлмасдан бирор киши билан тортишмасликка, доим тўғри сўзлашга ҳамда Аллоҳ йўлида сабр қилишга аҳд қилдилар”.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) жамиятдаги ҳар бир кишининг ҳаётини битта кемада кетаётганларга ўхшатдилар. Шунинг учун ҳар бир кишининг хатти-ҳаракатида салбий ҳолатлар сезилса, мусулмон киши уни тартибга чақириши лозим бўлади.
Амру маъруф ва наҳйи мункар Ислом умматига вожиб ва ҳар бир мусулмон кишининг белгиланган тартибда уни адо этиши улкан вазифадир.
Амру маъруф ва наҳйи мункар эркак, аёл, ёш ва кекса, катта-кичик мусулмонга вожиблиги ҳақида Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) сўзлари бор.
Ҳузайфа (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Нафсим измида бўлган Зотга қасам, албатта, яхшиликка буюриласизлар ва ёмонликдан қайтариласизлар ёки Аллоҳ сизлар устиларингизга азоб юборади. Сизлар дуо қиласизлар, бас, дуоларингиз қабул қилинмас”, дедилар (Имом Термизий ривояти).
Ибн Ҳиббон Ойшадан (розияллоҳу анҳо) ривоят қилади.
Пайғамбарнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) юзларида маҳзунликни кўрдим. У киши таҳорат қилдилар, бирон кишига гапирмадилар. Мен Ул зот нима деганларини билиш учун ҳужра деворига яқин келдим. У киши минбарга ўтирдилар. Аллоҳга ҳамду сано айтдилар ва: «Эй инсонлар, Аллоҳ таоло сизларга: “Менга дуо қилишдан олдин яхшиликка буюринглар ва ёмонликлардан қайтаринглар. Акс ҳолда мен дуоларингни қабул қилмайман. Мендан ёрдам сўрайсизлар, ёрдам бермайман”, деди», дея минбардан тушдилар.
Амру маъруф ва наҳйи мункарнинг ҳамма қабул қилган қоидалари ва шартлари бор, уларни мураббийлар ўзлари ўрганиб, болаларга ўргатишлари лозимдир. Бола бу қоидаларни тушуниб етсин, шу қоидаларга кўра ҳаракат қилсин.
Амали сўзига мос бўлсин
Аллоҳ таоло айтади:
يَٰٓأَيُّهَا ٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ لِمَ تَقُولُونَ مَا لَا تَفۡعَلُونَ٢ كَبُرَ مَقۡتًا عِندَ ٱللَّهِ أَن تَقُولُواْ مَا لَا تَفۡعَلُونَ٣
«Эй имон келтирганлар! Сизлар нега ўзларингиз қилмайдиган нарсани (қилдик ёки қиламиз деб) айтурсиз?! Сизларнинг ўзларингиз қилмайдиган ишни (қиламиз, деб) айтишингиз Аллоҳ наздида катта нафрат (боиси)дир» (Саф, 2-3).
Усома (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади.
Мен Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қуйидаги ривоятни эшитганман: «Қиёмат куни бир киши дўзахга ташланади. Шунда: “Эй фалончи, сенга нима бўлди? Яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтармасмидинг?” дейдилар. У: “Ҳа, яхшиликка буюриб, ўзим уни қилмас эдим ва ёмонликдан қайтариб, ўзим уни қилар эдим”, дейди», (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Ёмонликдан қайтариш босқичма-босқич бўлиши
Кишини ёмонликдан ҳикматли ва чиройли сўзлар билан қайтариш лозим. Иложи борича хатога йўл қўйишдан сақланиш керак.
Ёмонликдан қайтарувчининг яхши хулқли бўлиши
Инсонларни яхшиликка чорлаш ва уларни ёмонликдан қайтариш учун киши қалби мулойим, гўзал хулқли ва шу каби яхши сифатлар билан йўғрилган бўлиши шартдир. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шундай бўлишга буюрдилар.
Амр ибн Шуайб (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким яхшиликка буюрса, бас, ўзи яхши бўлсин”, дедилар Байҳақий ривояти.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Албатта, мулойимлик бирон нарсада бўлса, уни зийнатлайди. Агар у бирор нарсадан суғириб олинса, шармисор қилади”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
“Албатта, Аллоҳ гўзалдир ва гўзалликни яхши кўради” (Имом Муслим ривояти).
Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мулойимликдаги ўрнак олинадиган жиҳатлари жуда кўп мисолларда мужассамдир.
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади.
Бир киши масжидда бавл қилди. Одамлар уни қаттиқ уришмоқчи бўлди. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Унга ташланманглар, нопок жойга бир челак сув тўкинглар. Сизларга енгиллик қилиш учун юборилдим, сизларга қийинчилик қилиш учун эмас”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Абу Умома (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади.
Муовия ибн Ҳакимдан ривоят қилади.
“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан намоз ўқиётган эдим, бир киши акса урди. Мен: “Ярҳамукаллоҳ”, дедим. Кишилар менга ғалати қарашди. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) намозни ўқиб бўлгач, менга ғазаб қилмадилар. У киши: “Бу намоз, бунда одамлар сўзи дуруст бўлмайди, бунда тасбеҳ, такбир ва Қуръон ўқиш бўлади”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
Бир нотиқ Абу Жаъфар Мансур ҳузурига кирди. Унга қўпол гапирди. Шунда Абу Жаъфар: “Мулойим бўл, Аллоҳ таоло сендай яхши кишини мендай ёмон кишига юборди, Аллоҳ Мусони Фиръавнга юборди ва унга айтди:
تَنزِيلٗا مِّمَّنۡ خَلَقَ ٱلۡأَرۡضَ وَٱلسَّمَٰوَٰتِ ٱلۡعُلَى٤
«Бас, унга юмшоқ сўз айтингиз! Шояд, у эслатма олса ёки (ҳалок қилишимдан) қўрқса» (Тоҳо, 44).
Шунда нотиқ қилган ишидан ҳижолат бўлди ва у Мусодан (алайҳиссалом) афзал эмаслигини билди ва Абу Жаъфар Фиръавндан ёмон эмаслигини англади.
Аллоҳ таоло Пайғамбарга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) одоб бериб:
فَبِمَا رَحۡمَةٖ مِّنَ ٱللَّهِ لِنتَ لَهُمۡۖ وَلَوۡ كُنتَ فَظًّا غَلِيظَ ٱلۡقَلۡبِ لَٱنفَضُّواْ مِنۡ حَوۡلِكَۖ فَٱعۡفُ عَنۡهُمۡ وَٱسۡتَغۡفِرۡ لَهُمۡ وَشَاوِرۡهُمۡ فِي ٱلۡأَمۡرِۖ فَإِذَا عَزَمۡتَ فَتَوَكَّلۡ عَلَى ٱللَّهِۚ إِنَّ ٱللَّهَ يُحِبُّ ٱلۡمُتَوَكِّلِينَ١٥٩
«Аллоҳнинг раҳмати сабабли (Сиз, эй Муҳаммад,) уларга (саҳобаларга) мулойимлик қилдингиз. Агар дағал ва тошбағир бўлганингизда, албатта, (улар) атрофингиздан тарқалиб кетган бўлур эдилар. Бас, уларни афв этинг, (гуноҳлари учун) кечирим сўранг ва улар билан кенгашиб иш қилинг! (Бирор ишга) азму қарор қилсангиз, Аллоҳга таваккул қилинг, зеро, Аллоҳ таваккул қилувчиларни севар» (Оли Имон, 159), дея марҳамат қилган.
Ёмонликдан қайтаришда азиятга сабр қилиш
Луқмони Ҳаким ўғлига бундай васият қилган:
يَٰبُنَيَّ أَقِمِ ٱلصَّلَوٰةَ وَأۡمُرۡ بِٱلۡمَعۡرُوفِ وَٱنۡهَ عَنِ ٱلۡمُنكَرِ وَٱصۡبِرۡ عَلَىٰ مَآ أَصَابَكَۖ إِنَّ ذَٰلِكَ مِنۡ عَزۡمِ ٱلۡأُمُورِ١٧
«Эй ўғилчам! Намозни баркамол адо эт, яхшиликка буюр ва ёмонликдан қайтар ҳамда ўзингга етган (балолар)га сабр қил! Албатта, мана шу пухта ишлардандир» (Луқмон, 17).
Саъд ибн Абу Ваққос (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади.
“Ё Аллоҳнинг расули, қандай одамлар қийинчиликларга кўп дучор бўлади?” дедик. У зот: “Пайғамбарлар, сўнгра уларга яқинлар, сўнгра уларга яқинлар. Киши динига қараб мусибатланади. Агар динида мустаҳкам бўлса, мусибати оғир бўлади. Агар динида бўш бўлса, Аллоҳ уни динига яраша мусибатлайди”, дедилар.
Сабр билан насиҳат қилиш
Кишиларни тўғри йўлга чорлашда сабр билан насиҳат қилиш лозим. Аллоҳ таоло бундай дейди:
«Аср билан қасамёд этурманки, (ҳар бир) инсон зиёнда (бахтсизликда)дир! Фақат имон келтирган ва солиҳ амалларни қилган, бир-бирларига ҳақиқатпарвар бўлишни тавсия этган ва бир-бирларига сабрли бўлишни тавсия этган зотларгина бундан мустаснодирлар» (Аср, 1–3).
Мураббий мазкур жиҳатларни тарбиялашга алоҳида эътибор қаратиши лозимдир. Бундай тарбия ҳаёт ҳақиқатлари билан Ислом динининг ҳамоҳанглигини тўғри тушунишга ёрдам беради. Бу ҳамоҳанглик дин билан дунёни ва руҳ билан жисмни, ибодат, саховатнинг барчасини уйғунлаштиради. Шунингдек, ақида, имон ва тақво, эҳсон, намоз, рўза, яхшилик, мулойимлик, сабр, тўғрисўзлилик, вафо, яхшилик, дўстлик, сахийлик, азм, тинчлик, кечиримлилик ва бағрикенглик фазилатларини инсонда мужассамлаштиради.
КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:
Ёши улуғларни қадрлаш;
Ёши улуғлардан кейин;
Ҳурмат кўрсатиш;
Кутиб олиш;
Ҳаёли бўлиш;
Инсонга меҳр кўрсатиш, муҳтожнинг ҳолидан хабар олиш, беморга тасалли бериш ва эҳтиёжмандларга кўмак қўлини чўзиш халқимиз маънавиятининг азалий фазилатларидандир. Ислом таълимотида ҳам саховат, меҳр-оқибат ва инсон қадрини улуғлаш энг улуғ амаллардан бири сифатида эътироф этилган. Чунки бир инсоннинг кўнглини кўтариш, унинг қалбига умид ва ишонч бағишлаш жамиятда меҳр-муҳаббат, ҳамжиҳатлик ва тотувликни мустаҳкамлайди.
Шу эзгу қадриятларни ҳаётга татбиқ этиш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлаш ва юртдошларимиз қалбида меҳр-шафқат туйғуларини янада кучайтириш мақсадида 2026 йил 13 август куни Самарқанд вилояти Ургут туманида кенг кўламли маънавий-маърифий ҳамда хайр-саховат тадбирлари ўтказилди.
Мазкур хайрли тадбирларда Самарқанд вилояти бош имом-хатиби вазифасини вақтинча бажарувчи Нурсултонхон домла Абдуманнонов, вилоят бош имом-хатиби ўринбосари Хайрулло домла Саттаров, ВАҚФ хайрия жамоат фонди Самарқанд вилояти филиали раҳбари Ёқубжон домла Мансуров, унинг ўринбосари А.Султонов, шаҳар ва туман бош имом-хатиблари, «Ҳаж–2026» зиёратчилари, маҳалла фаоллари ва нуронийлар иштирок этдилар.
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан ўтказилган ушбу хайрли акция доирасида ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган ва боқувчисидан айрилган 300 та оила ҳолидан хабар олинди. Уларнинг хонадонларига ташриф буюрилиб, турмуш шароитлари ўрганилди, оилаларга зарур озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди.
Ташрифлар давомида бемор ва кексаларнинг ҳолидан хабар олиниб, улар билан самимий суҳбатлар ўтказилди. Уларнинг ҳаққига шифо, хонадонларига файзу барака, юртимизга тинчлик-хотиржамлик тилаб дуолар қилинди. Зеро, муҳтожнинг кўнглини кўтариш ва уни ёлғиз эмаслигини ҳис эттириш ҳам инсонпарварликнинг юксак кўринишидир.
Шу билан бирга, ҳаётида турли ижтимоий қийинчиликларга дуч келган ҳамда ёт ғоялар таъсирига тушиб қолиш хавфи мавжуд бўлган айрим фуқаролар билан якка тартибда мулоқотлар ташкил этилди. Суҳбатларда соф эътиқод, оила муқаддаслиги, фарзанд тарбияси, ҳалол меҳнат, Ватанга садоқат, миллий ва диний қадриятларга ҳурмат, шунингдек, турли бузғунчи ғояларга нисбатан маънавий иммунитетни мустаҳкамлаш масалалари ҳаётий мисоллар асосида тушунтирилди.
Тадбирлар доирасида Ургут туманидаги жоме масжидларда пешин намозидан сўнг маънавий-маърифий учрашувлар ҳам ўтказилди. Уларда меҳр-оқибат, қўни-қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш, ёшларни миллий ва диний қадриятларга содиқлик руҳида тарбиялаш, оила тинчлигини асраш, жамиятда ўзаро ҳурмат ва аҳиллик муҳитини қарор топтириш каби долзарб мавзулар атрофлича ёритилди.
Учрашувлар якунида мамлакатимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги, Ватанимиз равнақи ва ёш авлоднинг илмли, одобли ҳамда ватанпарвар инсонлар бўлиб вояга етиши ҳақида хайрли дуолар қилинди.
Бугун юртимизда инсон қадрини улуғлаш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, жамиятда меҳр-саховат ва ўзаро ғамхўрлик муҳитини қарор топтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ургут туманида ўтказилган мазкур хайрли тадбирлар ҳам ана шу эзгу мақсадларга хизмат қилиб, аҳоли ўртасида ҳамжиҳатлик, бағрикенглик ва инсонпарварлик туйғуларини янада мустаҳкамлади.
Меҳр бор жойда ишонч, саховат бор жойда барака, инсон қадри улуғланган жамиятда эса тинчлик ва фаровонлик қарор топади. Ана шундай эзгу амаллар халқимиз ўртасидаги бирдамлик ришталарини мустаҳкамлаб, юртимизнинг янада обод ва файзли бўлишига хизмат қилади.
Самарқанд вилояти вакиллиги матбуот хизмати