Дунёда глобаллашув жараёнлари жадаллик билан ривожланаётган ҳозирги даврда манфаатлар тўқншуви минтақа, миллат ва дин танламас иллатларни юзага чиқармоқда.
Ана шундай иллат ва инсоният оёғига болта бўлиб урилаётган разолат экстремизм ва терроризм деб аталмоқда. Бу иллатларни нима деб аташимиздан қатъий назар,қайсидир ташкилот ёки тузулмаларнинг манфаати учун хизмат қилишини яхши билишимиз даркор.
Экстремизм “кескин ҳаракат қилиш” деган луғавий маънони берса, истилоҳий маъноси “аҳоли орсида ўз ақийдавий фикрларини муросасизларча сингдиришга уриниш”дир. Унинг хавфли томони минг йиллардан бери халқимиз орасида амал қилиб келинаётган ақидавий аҳкомлар ва урф одат ва анъаналарни рад этиб, ўзларининг манфаатларига мос келувчи ақидаларини сингдиришларидир. Бундай бузуқ ақида эса мусулмонни “кофир”, давлатни “куфр давлати” ва бундай жамият “куфр жамияти” деган қарашларни сингдиришга қаратилгандир. Ақиданинг бундай тарзда бузилиши эса ҳақиқий мўминни кофирликда айблаб қонини тўкишга фатво беришга қаратилганлиги билан хавфлидир. Бундай қарашлар эса ўз навбатида терроризм каби ўта хавфли иллатга замин пайдо бўлишига сабаб бўлади.
Терроризм қўрқитиш, ваҳима солиш ва жамиятда беқарорлик келтириб чиқаришга қаратилган хатти-ҳаракатлардир. Бугун дунёда бу балодан азият чекмаган бирорта давлат йўқ десак муболаға бўлмайди. Ўз манфаати йўлида ҳеч нарсадан тап тормайдиган тузилмалар ўз ғаразли мақсадларига эришиш йўлида ёшлардан фойдалинишни кўзда тутганлар.
Сўнгги йилларда ақидапараст оқимлар ёшлар ичидаги фаолиятини меҳнат мигрантларини таъсир доирасига олиш, “ҳужралар” ташкил этиш, диний экстремистик мазмундаги материалларни электрон кўринишда тарқатиш, интернет орқали тарғибот ўтказиш каби усулларда амалга оширмоқда. Айниқса, интернет тармоғида ўзини жарангдор номлар билан атаб олган террористик ташкилотлар гўёки ислом равнақи йўлида курашаётган “мужоҳид биродарлар гуруҳи” экани ҳақидаги тарғибот-ташвиқот кенг кўламда олиб борилаётгани, бунинг оқибатида дунёнинг кўплаб мамлакатларидан мусулмон ёшлар “ҳижрат” қилиш ва “жиҳод”да иштирок этиш даъвосида уруш бўлаётган ҳудудларга бориб, ушбу гуруҳ сафига бориб қўшилаётганининг гувоҳи бўлмоқдамиз. Афсуски, ёшлар муайян қисми бундай бузғунчи оқимларни ҳақиқатда ҳам Ислом динини бутун дунёга тарқатиш, исломий давлат барпо этган ҳолда дунёда адолат ўрнатишни мақсад қилган ташкилот деб ҳисоблайди. Бундай фикрловчилар Марказий Осиёда, хусусан, Ўзбекистонда ҳам бор экани ҳеч кимга сир эмас. Бундай ёшлар юқорида қайд этилган ҳудудларда инсонларга қарши содир этилаётган жиноятларни гўёки халифалик қуриш учун жоиз амал ҳисоблаб қаттиқ адашмоқдалар. Аслида, мутаассиб оқим аъзоларининг мақсадлари — “жиҳод”, “ҳижрат”, “шаҳидлик” каби диний тушунчаларни сохта талқин қилиш орқали ёшларимизни оиласи ва яқинларининг таъсиридан чиқариш, ўқиш ёки ишидан ажратиб олиш ҳамда уларни қуролли тўқнашувлар кетаётган Сурия, Ироқ, Афғонистон ёки Покистон каби мамлакатларга жўнатиб, манқурт-жангари ёки “тирик бомба”га айлантиришдан иборат.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда айтилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Аллоҳ деди: “Уч (киши) борки, Қиёмат куни мен уларга хусуматчиман: Менинг номим билан (аҳд) бериб, кейин хиёнат қилган киши; ҳур одамни сотиб, пулини еган киши; ишчи ёллаб, ундан (ишни) тўла талаб қилиб олиб, ҳаққини бермаган киши”.
Гўёки “ҳижрат” савобини оламиз деб даъво қилаётганлар баъзи адашган юртдош ёшларимиз юқоридаги каби онакуш ва одамфурушлардан ўрнак олмоқчими?
Қуръони Каримда айнан шундай ҳолатлар ҳақида “Зулм қилганларга мойил бўлманглар. Яна сизни дўзах олови тутмасин...” (“Ҳуд” сураси, 113-оят), дейилган. Ҳозир бутун дунё уламолари террорчи гуруҳларнинг Исломга умуман алоқаси йўқ экани ҳақида фатво бермоқдалар. Жумладан, Бутун дунё Ислом уламолари кенгаши раиси Юсуф Қаразовий: “Биз уламолар бузғунчиларга қарши курашмоғимиз зарур. Ҳозир экстремистик ташкилоталр таркибида алданган ёшлар жуда кўп. Улар “кофирларга қарши жиҳод қиляпмиз, орзуимиз жаннат”, дейишяпти-ку, аммо мусулмонларни қатл этиб, оғир гуноҳга ботмоқда. Биз бундай нобакорликнинг олдини олишимиз даркор”, деб таъкидлаган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифда: “Ҳақиқий муҳожир Аллоҳ ва Расули қайтарган нарсадан ҳижрат қилган (қайтган) мусулмондир” деб марҳамат қилганлар. Ислом дини Ватанга хиёнат, қотиллик, бузғунчилик, ўзини ўзи ўлдириш, ўзгаларга зум қилиш, ота-онага оқ бўлиш кабилардан қайтаради.
“Жиҳод” сўзи луғатда кишининг ўз мақсадига эришиш йўлида бор имкониятларини ишга солиб, қаттиқ ҳаракат килиши маъносини англатади. Дарсини ўзлаштириш учун барча имкониятларини ишга солиб ҳаракат килаётган ўсмир мужтаҳид талаба деб аталади. Бинобарин, уни илмий жиҳод қилмоқда деса бўлади.
Истилоҳда дини, ватани, оиласи, обрўси ва моли ҳимоясини шариат рухсат берган йўллар билан амалга оширишни англатади. Кишининг ўз ватанини босқинчилардан, исёнкорлардан ҳимоя қилиши ҳам айни жиҳоддир. Ҳадисда инсоннинг ўз нафси ёмонликларига қарши туриши, яхшиликларга интилиши катта жиҳод эканлиги таъкидланади. Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ ривоят килган ҳадисда айтилади: “Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайхи васалламнинг ҳузурларига у зотдан жиҳодга изн сўраб келди. Шунда у зот унга: “Сенинг ота-онанг борми?” дедилар. “Ҳа”, деди. “Бас, икковлари (хизмати)да жиҳод қил!” дедилар”.
Адашган ва бузғунчи оқимларга аъзо бўлган киши қонуний жазога тортилиши ёки “ҳижрат” даъвосида хорижий юртларга чиқиб кетиши оқибатида жамиятнинг бирламчи бўғини бўлган оилаларда парокандалик юзага келади, фарзандлар тарбиясиз, оилалар эса боқувчисиз қолади;
жамиятда анъанавий қадриятларни авлоддан авлодга узатиш тизими ва тадрижий ривожланиш жараёни бузилади, мазкур жамиятда асрлар оша муҳим ўрин тутган миллий, маданий, тарихий қадриятлар аҳамиятини йўқотиши оқибатида маънавият пасаяди;
экстремистик ва террористик ҳаракатлар содир этилиши орқали жамиятда “ёвузлик чегараси” пасайиб, одамлар қотиллик, қийноқ, босқинчилик, гаровга олиш, қулчилик каби жиноятларга кўникиб қолади. Айни чоғда, ушбу ёвузликлар жамиятнинг муайян қисмида ваҳима уйғотади, қочоқлар оқими пайдо бўлади;
терроризм ва экстремизм, улар оқибатида келиб чиқадиган ижтимоий беқарорлик жамиятда криминал жиноятларнинг авж олишига хизмат қилади;
давлат томонидан хавфсизлик чораларини кўриш учун бюджет маблағларини сарфлаши, шунингдек, террористик ҳаракат оқибатида кўрилаётган моддий зарар жамиятга иқтисодий жиҳатдан катта зарар етказади. Натижада ишсизлик ошади, ижтимоий муҳофазага йўналтирилган лойиҳалар бажарилмай қолади, аҳолининг турмуш даражаси пасаяди;
мамлакатнинг тақдири иқтисодий донор ва қурол-аслаҳа сотувчи давлатларга боғлиқ бўлиб қолади.
Жамиятимиз келажаги бўлган ёшлар орасидан қўлларини қонга белаб, ўз она-юртига қурол ўқталиш даражасидаги манқуртга айланиб қолаётган кишиларнинг чиқиши бу масалага жиддий эътибор қаратиш лозимлигини тақозо қилмоқда. У ерларда дийдаси қотган жаллодларга айланган бу жоҳиллар юртига қурол ўқталиб ўз халқи, ота-онаси ва диндошларига таҳдид билан дағдаға қилишдек тубанликка юз тутяптилар.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда инсонларни бошқаларга озор ва азият беришдан қайтариб, “Мўмин ва мўминаларга, улар бирор нарса қилмасалар ҳам, озор берадиганлар, батаҳқиқ, ўз устларига очиқ бўҳтон ва гуноҳни олибдилар”, деб марҳамат қилади. (Аҳзоб сураси, 58-оят).
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ғазотга чиққанларида у зотнинг саҳобаларидан бири ҳазиллашиб, бир кишининг ўқдонини беркитиб қўйди. Эгаси уни излаб, топа олмай, хавфга тушди. Унинг устидан кула бошлашган эди, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам чиқиб: “Нимага куляпсизлар?” дедилар. “Ҳазиллашиб, фалончининг ўқдонини беркитиб қўйган эдик, қўрқиб кетди. Шунга куляпмиз”, дейишди. У зот: “Мусулмонни қўрқитиш мусулмонга ҳалол эмас”, дедилар.
Яна Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам “Мусулмон мусулмонлар унинг тилидан ва қўлидан саломат бўлган кишидир”, деб марҳамат қиладилар.
Имом Термизий Абу Сирмадан ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким зарар етказса, Аллоҳ унга зарар етказади. Ким машаққат туғдирса, Аллоҳ уни машаққатга қўяди”, деганлар.
“Мўмин эркаклар ва мўмина аёллар бир-бирларига дўстдирлар. Улар яхшиликка буюрарлар, ёмонликдан қайтарарлар, намозни тўкис адо этарлар, закотни берарлар ҳамда Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қиларлар. Ана ўшаларга Аллоҳ тезда раҳм қилур. Албатта, Аллоҳ ғолиб ва ҳикматли зотдир” (Тавба сураси, 71-оят).
“Барчангиз Аллоҳнинг ипини маҳкам тутинг ва бўлиниб кетманг. Ва Аллоҳнинг сизга берган неъматини эсланг: бир вақтлар душман эдингиз, бас, қалбларингизни улфат қилди. Унинг неъмати ила биродар бўлдингиз. Оловли жар ёқасида эдингиз, ундан сизни қутқарди. Шундай қилиб, Аллоҳ сизга Ўз оятларини баён қилади. Шоядки ҳидоят топсангиз” (Оли Имрон сураси, 103-оят).
Хулоса қиладиган бўлсак, мўминлар бир бирлари билан ака укадирлар. Қандай қилиб ака ўз укасига ёмонлик қилади ёки кофирликда айблаб, унинг жони ва молига тажовуз қилади. Қуйидаги ҳадиси шарифда мўминлар гўёки бир жонли жасаднинг аъзолари каби экани айтилади.
Саҳоба Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар: “Мўминларни ўзаро бир-бирларига дўстликда, меҳрибонликда ва яхшилик кўрсатишдаги мисоллари, гўёки бир жасад кабидирки, унинг битта аъзоси бетобликдан оғриса, қолган аъзолари бедор ва нотинч бўлади” (Имом Бухорий ва муслим ривояти).
Қ.Искандаров
Боғот тумани “Абдол бобо” масжиди имом хатиби
Айрим илмсиз ёшлар энг нозик ва қалтис масалаларни кўтариб, мусулмонлар бирлигига рахна солиш билан шуғулланмоқда. Динда ғулувга кетиб, ғайридинлар ҳақидаги оят ва ҳадисларни нотўғри талқин қилган ҳолда уларни мусулмонларни кофирга чиқаришга қурол қилмоқдалар. Бу жуда ҳам хатарли ва қалтис йўл. Бу йўлда кўпчилик тойилиб, адашиб кетган. Шундай паллада ёшларни хатарлардан огоҳ этиш ҳар бир зиёли, маърифатпарвар инсоннинг бирламчи вазифалари сирасига киради.
“Такфир” тушунчаси “бировни кофирга чиқариш”, “кофир деб ҳисоблаш” маъноларини англатади. Шариатимизда мусулмон кишини аниқ ҳужжат бўлмасдан “кофир” деб ҳукм қилиш ўта хатарли бўлиб, асло мумкин эмас.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай деган:
﴿ولا تَقُولُوا لِمَنْ أَلْقَى إِلَيْكُمُ السَّلامَ لَسْتَ مُؤْمِناً﴾
“...Сизга салом берган кимсага мўмин эмассан, деманглар” (Нисо сураси, 94-оят).
Демак, Аллоҳ таоло бу ояти каримада шошмашошарлик билан бировнинг мўмин эмаслиги ҳақида ҳукм чиқаришдан қайтармоқда.
Шариатда мусулмон инсонни унинг мусулмон эканига қарши далил топилмагунича мусулмон деб ҳукм қилинади. Мўмин киши иймон асосларини очиқ инкор этиши ёки куфр калимасини билиб туриб, ўзи хоҳлаб талаффуз қилиши, Исломдаги қатъий фарз қилинган амаллардан бирини инкор қилиши ёки дин шиорларидан бирини масхара қилиши билан диндан чиқади. Шунда ҳам дарҳол унинг кофирлигига ҳукм чиқарилмайди. Балки бу шаръий масала бўлиб, муфтий ва қозиларнинг ишидир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам “Лаа илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур Расулуллоҳ” деб турган шахсни кофирга чиқариш хатарини бир қанча ҳадисларида баён қилганлар. Жумладан, Расули акрам алайҳиссалом бундай дедилар:
ثَلاَثَةٌ مِنْ أَصْلِ الإِيمَانِ: الْكَفُّ عَمَّنْ قَالَ لاَ إِلَهَ إِلاَّ اللَّهُ وَلاَ نُكَفِّرُهُ بِذَنْبٍ وَلاَ نُخْرِجُهُ مِنَ الإِسْلاَمِ بِعَمَلٍ.
«Уч нарса иймоннинг аслидандир. “Лаа илаҳа иллаллоҳ” деган кимсага тегмаслик, уни гуноҳи туфайли “кофир” демаймиз, амали туфайли Исломдан чиқармаймиз» (Имом Абу Довуд ривояти).
Ушбу ҳадиси шарифда мусулмон киши бошқа диндошига нисбатан қандай муносабатда бўлиши борасида аниқ ҳукм берилмоқда. Яъни ҳақиқий мўмин бошқа биродарини гуноҳи туфайли кофирга чиқармаслиги, қилган амали сабабли унга “мўмин эмас” деган сўзни айтмаслик лозимлиги уқтирилмоқда.
Яна бир ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:
وَمَنْ قَذَفَ مُؤْمِناً بِكُفْرٍ فَهُوَ كَقَتْلِهِ.
“Ким мўмин кишини кофирга чиқарса, уни ўлдиргандек (гуноҳкор) бўлади” (Имом Бухорий ривояти).
Ушбу ҳадисга шарҳ ёзган уламоларимиз: «Мусулмонни ўлдирган қотил қанча гуноҳ олса, мусулмон инсонни “кофир” деб ҳукм қилган кимса ҳам худди шундай гуноҳкор бўлади», деганлар. Ваҳоланки, мусулмонни ўлдириш қандай гуноҳ экани ҳақида Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилган:
﴿وَمَنْ يَقْتُلْ مُؤْمِنًا مُتَعَمِّدًا فَجَزَاؤُهُ جَهَنَّمُ خَالِدًا فِيهَا وَغَضِبَ اللَّهُ عَلَيْهِ وَلَعَنَهُ وَأَعَدَّ لَهُ عَذَابًا عَظِيمًا﴾
“Ким бир мўминни қасдан ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамдир. Унда абадий қолур. Унга Аллоҳнинг ғазаби ва лаънати ёғилур. Ва Аллоҳ унга улкан азобни тайёрлагандир” (Нисо сураси, 93-оят).
Кофирга чиқаришнинг хатари ҳақидаги машҳур ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:
أَيُّمَا امْرِئٍ قَالَ لأَخِيهِ: يَا كَافِر فَقَدْ بَاءَ بِهَا أَحَدُهُمَا إِنْ كَانَ كَمَا قَالَ وَإِلا رَجَعَتْ عَلَيْهِ.
«Агар киши ўз биродарига: “Эй кофир” деса, иккисидан бири кофир бўлади. Агар биродари ҳақиқатан ҳам кофир бўлса, тўғри айтган бўлади, акс ҳолда бу гапи кофир дегувчини ўзига қайтади» (Имом Муслим ривояти).
Шу маънодаги ҳадисларни яна кўплаб келтириш мумкин. Уларнинг барчасида инсон бошқа мусулмонларни кофирга чиқаришга шошмаслиги, айбланган шахс у айтганидек бўлмаса, ўзи ўша сифатга дохил бўлиб қолиши таъкидланган.
Расулуллоҳнинг таълимларини олган саҳобаи киромлар ва улардан кейинги уламоларимиз ҳам мусулмонни “кофир” дейишдан қаттиқ ҳазир бўлганлар. Чунки улар бу ишда катта гуноҳ борлиги ва бу гап ўзига қайтиб қолишидан хабардор эдилар.
Ислом тарихидан маълумки, мусулмонни гуноҳи сабабли “кофир” дейишга биринчи бўлиб журъат этганлар хавориж фирқаси бўлди. Улар: “Мўмин киши гуноҳ иш қилса, кофир бўлади, Исломдан чиқади”, деди. Бора-бора хаворижларнинг мусулмонларни кофирга чиқаришдан бошқа қиладиган ишлари қолмади. Уларнинг шариатга зид бу ишлари мусулмонлар орасида ихтилоф ва зиддиятларни чиқариб, қирғинбарот урушларга, мусулмонларнинг қонлари тўкилишига олиб келди. Уламоларимиз хаворижларчалик Исломга катта зарар етказган фирқа бўлмаганини таъкидлайдилар.
Афсуски, ҳозирги кунда ҳам хаворижларнинг ғоявий издошлари чиқиб турибди. Замонамиз хаворижлари ҳам қадимги маслакдошларидан “ўрнак” олиб, фитна-фасод қилмоқдалар. Буларнинг ҳам, ўтмишдаги маслакдошлари каби, мусулмонларни айблашдан бошқа “ғам”лари йўқ. Булар иложи борича кўпроқ мусулмонни гуноҳи сабабли кофирга чиқаришни ўзларининг бош вазифалари деб биладилар.
Айни пайтда булар ижтимоий тармоқлардан фойдаланган ҳолда давлат раҳбарларидан бошлаб, ўзларига ҳамфикр бўлмаган ҳар бир мусулмонни осонгина кофирга чиқарадилар. Уларнинг сохта фатволарида ҳозирда мусулмонман деб юрганларнинг кўпчилиги мушрик ва кофир бўлиб кетган, дейилади (Аллоҳ асрасин!). Уларнинг бу сохта “фатвоси”нинг пуч эканига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юқорида зикри келган ҳадисларидаги: “Мусулмонни гуноҳи туфайли кофир демаймиз”, деган қоиданинг ўзи кифоя қилади.
Бошқа бир ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ким биз ўқиган намозни ўқиса, қибламизга юзланса, биз сўйган нарсалардан еса, у мусулмондир. Бизга нима ҳуқуқ бўлса, унга ҳам шу ҳуқуқ ва бизга нима мажбурият бўлса, унга ҳам шу нарса мажбуриятдир” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Машҳур саҳоба Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан бу масала борасида сўралди: «“Гуноҳлардан бирортасини куфр, ширк ёки нифоқ деб билармидинглар? У: “Аллоҳ сақласин! Биз гуноҳ қилган кишини гуноҳкор мўмин деб биламиз”, деди» (“Мажмаъуз завоид ва манбаул фавоид”).
Аҳли сунна вал жамоа эътиқодига кўра, барча уламолар бир овоздан ҳаром иш қилган киши, модомики уни ҳалол санамас экан, кофирга чиқарилмайди, балки фосиқ, гуноҳкор бўлади, дейдилар.
Қолаверса, мазҳаббошимиз Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ “Фиқҳул акбар” китобида бундай деган:
وَلاَ نُكَفِّرُ مُسْلِمًا بِذَنْبٍ مِنَ الذُّنُوبِ وَاِنْ كَانَتْ كَبِيْرَةً اِذَا لَمْ يَسْتَحِلَّهَا.
“Мусулмон киши катта гуноҳлардан бирини қилса ҳам, модомики ўшани ҳалол санамаса, кофирга чиқармаймиз”.
Буюк муҳаддис олим Абу Жаъфар Таҳовий Ҳанафий “Ақидату-Таҳовия” асарида бундай деганлар: “Қибла аҳлларининг биронтасини гуноҳи сабабли, модомики уни ҳалол санамас экан, кофирга чиқармаймиз”.
Бу масалада Мулла Али Қорий раҳматуллоҳи алайҳ бундай деганлар:
قَالَ عُلَمَاؤُنَا: إِذَا وُجِدَ تِسْعَةٌ وَتِسْعُونَ وَجْهًا تُشِيْرُ إِلَى تَكْفِيْرِ مُسْلِمٍ وَوَجْهٌ وَاحِدٌ إِلَى إِبْقَائِهِ عَلَى إِسْلاَمِهِ
فَيَنْبَغِي لِلْمُفْتِي وَالْقَاضِي أَنْ يَعْمَلاَ بِذَلِكَ الْوَجْهِ.
Уламоларимиз айтадилар: “Агар (бирор сўз ёки иш устида) мусулмонни кофир дейишга далолат қиладиган тўқсон тўққизта далил бўлса-ю, мусулмон деб билишга далолат қилувчи биргина далил бўлса, муфтий ва қозилар учун ўша битта далилни олиш лозим бўлади” (“Шарҳуш шифо”).
Аммо ҳозирги кундаги адашган кимсалар бу масалада: “Мўмин дейиш учун тўқсон тўққизта далил бўлса-ю, кофир дейиш учун биргина далил бўлса, тўқсон тўққизтасини четга суриб қўйиб, ўша бир далилни олиш керак”, дейишгача бориб етдилар. Бу эса барча аҳли сунна уламоларимизнинг тутган йўлларига бутунлай зиддир.
Ҳозирги кундаги мусулмонларни кофирга чиқарувчиларнинг асосий хатолари – динни пухта билмаслик, оят-ҳадисларни енгил-елпи тушуниш, мўътабар мужтаҳид уламолар, муфассирлар ва ҳадисларга шарҳ ёзган буюк олимларнинг сўзларини билмасликлари ёки билсалар ҳам, эътиборга олмасликларидир. Мисол учун айрим жоҳил тоифалар
﴿فَاذْكُرُونِي أَذْكُرْكُمْ وَاشْكُرُوا لِي وَلَا تَكْفُرُونِ﴾
“Бас, Мени эслангиз, сизни эсларман. Ва Менга шукр қилингиз, куфр қилмангиз” (Бақара сураси, 152) оятидаги وَلَا تَكْفُرُونِ деган жойини “Менга кофир бўлманглар” деб тафсир қилишади. Яъни, гапни кофирликка бурадилар.
Ваҳоланки, бирор муфассир бу сўзни “куфр” деб тафсир қилмаган, балки, “ношукрлик” деб тафсир қилганлар. Масалан, Имом Қуртубий буни шундай тафсир қилган: فَالْكُفْرُ هُنَا سَتْرُ النِّعْمَةِ яъни, “бу жойдаги “куфр” сўзи Аллоҳ берган неъматни яшириш – ношукрлик қилишдир”, деган.
Бундай мисолларни Қуръони карим ва ҳадиси шарифлардан кўплаб келтириш мумкин.
Шундай экан, Қуръони каримда ёки ҳадиси шарифларда “куфр” сўзи ёки унга ўзакдош калималар келганда, ундан фақат кофирлик назарда тутилган деб тушунмасдан, балки мўътабар муфассир ва муҳаддис уламоларимизнинг тафсир ва шарҳларига қараб хулоса чиқаришимиз шарт бўлади.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, мусулмонни кофирга чиқаришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам, саҳобаи киромлар, тобеинлар ва уларга эргашган уламоларимиз гуноҳкор мусулмонларни муртад ёки кофирга чиқармаганлар.
Шундай экан, мусулмон шахс ўзини суннатга ҳамда салафи солиҳлар йўлига эргашишини даъво қилар экан уларнинг йўлини маҳкам тутиши лозим.
Ўткирбек Собиров
Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходими
Тошкент ислом институти ўқитувчиси