Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
21 Август, 2026   |   8 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:12
Қуёш
05:38
Пешин
12:26
Аср
17:14
Шом
19:18
Хуфтон
20:39
Bismillah
21 Август, 2026, 8 Рабиъул аввал, 1448

“Ваҳший”ни кечиролмаган она

10.01.2020   4887   3 min.
“Ваҳший”ни кечиролмаган она

Абу Дасама Ваҳший ибн Ҳарб ал-Ҳабаший розияллоҳу анҳу зиддиятли ҳаёт йўли билан Ислом тарихида алоҳида из қолдирган саҳобийлардан.  Ваҳший Қурайш зодагонларидан Жубайр ибн Мутъимнинг қора танли қули эди. Уҳуд жанги бошланишидан олдин Жубайр Ваҳшийга: “Ҳамзани ўлдирсанг, сени озод қиламан”, дейди. Ўша пайтлар мусулмон бўлмаган Абу Суфённинг хотини Ҳинд ҳам Бадрда ўлдирилган отаси ва амакисининг интиқоми учун Ваҳшийга мукофот ваъда қилади.

Ваҳший найзани нишонга бехато уриш борасида тенгсиз эди. Найзасини олиб, қўшин ортидан йўлга чиқди.

Уҳудда бир тошнинг панасига ётиб олиб, Ҳамзани кузата бошлади. Ҳазрат Ҳамза майдонда наъра тортиб жанг қиларди. Ваҳший пайт пойлаб туриб, найзасини отди ва ҳазрат Ҳамзани шаҳид қилди...

Қонли жанг ниҳоясига етгач, қурайшийлар Маккага қайтишди. Жубайр сўзининг устидан чиқиб, Ваҳшийни қулликдан озод қилди. Аммо у бу билан ҳам бахтиёр ва хотиржам бўла олмади. У жонини сақлаб қолиш учун Тоифга қочди. Аммо Тоифликлар ҳам тез орада Ислом неъмати билан шарафланишди. Бу унинг юрагига умид учқунларини ташлади. Ниҳоят, Ваҳший ибн Ҳарб ҳам иймон келтириб мусулмон бўлди.

Аллоҳ таолонинг иродаси ва белгилаган тақдири туфайли у Уҳуд кунида Ҳамза ибн Абдулмуттолибдек улуғ саркардани ўлдириб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак қалбларини қонга бўяган бўлсада, кейинчалик Ямома куни сохта «пайғамбар» Мусайлиматул Каззобни қатл қилиб, мусулмонлар қалбидаги ярага малҳам қўйган эди. Тарихчилар унинг ҳақида «Бу киши Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейинги энг яхши одамни… ва энг ёмон одамни ҳам ўлдирган» деб ёзишган.

Ваҳший умрининг ниҳоясигача пушаймонликда «Мен Исломнинг энг яхши, улуғ кишисини ўлдириб қўйган эдим, кейинчалик унинг энг катта душманини ҳам ўлдирдим», деган таскин билан яшади...

Ҳазрат Ваҳший ибн Ҳарб ҳазрат Усмон даврида вафот этди. Аллоҳ у зотдан рози бўлсин!

Машҳур “Рисола” фильмида “Ваҳший” ролини Либиялик Алий Солим Қадома ўйнаган. Алий аслида актёр бўлмаган. У оддий электр муҳандиси бўлиб, Рисола фильмининг режессёри Мустафо Аққод келиб тушган меҳмонхонада ишлаган. Ваҳший ролига муносиб актёрни узоқ излаган режиссёр, бир куни  Алийни кўриб қолади ва уни ушбу рол учун таклиф қилган. Алий Ваҳший ролини моҳирона ўйнаган.

Алийнинг кейинчалик мухбирларга берган интервьюсига кўра, фильм намойишидан сўнг унинг кекса онаси ўғлини Аллоҳнинг шери Ҳамза розияллоҳу анҳуни қатл қилгани учун уйдан ҳайдаб солган ва она болалик алоқасини узган. Алий ҳар қанча уриниб онаси билан ораларини ислоҳ қила олмаган. Охир оқибат ўртага диний арбоблар тушиб, онаизорга бу шунчаки рол эканлигини, Ҳамза розияллоҳу анҳуни аслида Ваҳший қатл қилганини, ўғли эса яхши ниятда бу ролни ижро этганини тушунтиришганидан кейин ўғлини кечирган. Ажойиб оналар бўлган экан.

Бу ҳам Алийнинг онасини  асри саодатга бўлган муҳаббатини бир кўриниши бўлса, ажаб эмас.

Аммо масаланинг яна бир нуқтасига эътибор қаратиш муҳим. Ким учун бу қизиқарли маълумот, яна ким учун тарихни ёдга солган бўлиши табиий.

Бироқ мени бошқа жиҳати ўйлантиради: кино ё саҳнадаки, ёмон-салбий ҳолатни ижро этган ўғилдан она ранжимоқда. Таассуфки, бугун ҳаётда фарзандини ёмон йўлга кириши, жиноятга қўл уриши, бировнинг мулки, ҳатто жонига қасд қилишда фарзандига “йўл кўрсатувчи” бўлаётган ота-оналар... Ахир ҳаёт кино эмаску! Сиз нима дейсиз?

Раҳматилло МАДАМИНОВ,
Қўштепа тумани “Эшонгузар” масжиди имом-ноиби
тайёрлади

 

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Банклар ва микромолия ташкилотлари ўз фаолиятини исломий банк фаолиятига ўзгартириши мумкин

11.08.2026   45158   2 min.
Банклар ва микромолия ташкилотлари ўз фаолиятини исломий банк фаолиятига ўзгартириши мумкин

Адлия вазирлиги Микромолия ташкилоти ва банк фаолиятини ўзгартириш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчаларни давлат рўйхатидан ўтказди (рўйхат рақами 3656-1, 01.08.2026 й.), хабар бермоқда huquqiyaxborot Telegram канали.

Мазкур идоравий ҳужжат "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига Ўзбекистонда исломий банк фаолиятини жорий этишга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида" 2026 йил 27 мартдаги ЎРҚ–1126-сон Қонунга мувофиқ айрим кредит ташкилотлари фаолиятини ўзгартиришнинг қуйидаги тартиб-таомилларини белгилайди:

  • микромолия ташкилотини фақат исломий банк фаолиятини амалга оширувчи микромолия банкига ўзгартириш;
  • фақат исломий банк фаолиятини амалга оширувчи микромолия банкини фақат исломий банк фаолиятини амалга оширувчи банкка ўзгартириш;
  • фақат исломий банк фаолиятини амалга оширувчи банкни фақат исломий банк фаолиятини амалга оширувчи микромолия банкига ўзгартириш;
  • фақат исломий банк фаолиятини амалга оширувчи микромолия банкини микромолия ташкилотига ўзгартириш;
  • банкни фақат исломий банк фаолиятини амалга оширувчи банкка ўзгартириш.

Шунингдек, ўз фаолиятини фақат исломий банк фаолиятини амалга оширувчи банкка ўзгартиришга фақат исломий банк фаолиятини амалга оширувчи микромолия банки ҳақли.

Микромолия банкини давлат рўйхатидан ўтказиш ва банк фаолиятига доир тегишли лицензия (лицензиялар) олиш учун ногиронлиги бўлган шахслар учун микромолия банки биноларида шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларида белгиланган талабларга мувофиқ қулай шарт-шароитлар яратилганлиги бўйича Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекциясининг хулосаси мавжуд бўлиши керак.

Ташаббус Форс кўрфази мамлакатларидан инвестицияларни жалб қилишга қаратилган бўлиб, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ушбу чора-тадбирларни амалга ошириш иқтисодиётга депозитлар ва тўғридан-тўғри инвестициялар кўринишида тахминан 1 миллиард доллар жалб қилиши мумкин. Мутахассисларнинг прогнозларига кўра, 2035 йилга бориб Ўзбекистон ушбу тизим ишга туширилгандан бери дунёда ислом молиясининг энг тез ўсишини намойиш этади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари