Абу Дасама Ваҳший ибн Ҳарб ал-Ҳабаший розияллоҳу анҳу зиддиятли ҳаёт йўли билан Ислом тарихида алоҳида из қолдирган саҳобийлардан. Ваҳший Қурайш зодагонларидан Жубайр ибн Мутъимнинг қора танли қули эди. Уҳуд жанги бошланишидан олдин Жубайр Ваҳшийга: “Ҳамзани ўлдирсанг, сени озод қиламан”, дейди. Ўша пайтлар мусулмон бўлмаган Абу Суфённинг хотини Ҳинд ҳам Бадрда ўлдирилган отаси ва амакисининг интиқоми учун Ваҳшийга мукофот ваъда қилади.
Ваҳший найзани нишонга бехато уриш борасида тенгсиз эди. Найзасини олиб, қўшин ортидан йўлга чиқди.
Уҳудда бир тошнинг панасига ётиб олиб, Ҳамзани кузата бошлади. Ҳазрат Ҳамза майдонда наъра тортиб жанг қиларди. Ваҳший пайт пойлаб туриб, найзасини отди ва ҳазрат Ҳамзани шаҳид қилди...
Қонли жанг ниҳоясига етгач, қурайшийлар Маккага қайтишди. Жубайр сўзининг устидан чиқиб, Ваҳшийни қулликдан озод қилди. Аммо у бу билан ҳам бахтиёр ва хотиржам бўла олмади. У жонини сақлаб қолиш учун Тоифга қочди. Аммо Тоифликлар ҳам тез орада Ислом неъмати билан шарафланишди. Бу унинг юрагига умид учқунларини ташлади. Ниҳоят, Ваҳший ибн Ҳарб ҳам иймон келтириб мусулмон бўлди.
Аллоҳ таолонинг иродаси ва белгилаган тақдири туфайли у Уҳуд кунида Ҳамза ибн Абдулмуттолибдек улуғ саркардани ўлдириб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак қалбларини қонга бўяган бўлсада, кейинчалик Ямома куни сохта «пайғамбар» Мусайлиматул Каззобни қатл қилиб, мусулмонлар қалбидаги ярага малҳам қўйган эди. Тарихчилар унинг ҳақида «Бу киши Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейинги энг яхши одамни… ва энг ёмон одамни ҳам ўлдирган» деб ёзишган.
Ваҳший умрининг ниҳоясигача пушаймонликда «Мен Исломнинг энг яхши, улуғ кишисини ўлдириб қўйган эдим, кейинчалик унинг энг катта душманини ҳам ўлдирдим», деган таскин билан яшади...
Ҳазрат Ваҳший ибн Ҳарб ҳазрат Усмон даврида вафот этди. Аллоҳ у зотдан рози бўлсин!
Машҳур “Рисола” фильмида “Ваҳший” ролини Либиялик Алий Солим Қадома ўйнаган. Алий аслида актёр бўлмаган. У оддий электр муҳандиси бўлиб, Рисола фильмининг режессёри Мустафо Аққод келиб тушган меҳмонхонада ишлаган. Ваҳший ролига муносиб актёрни узоқ излаган режиссёр, бир куни Алийни кўриб қолади ва уни ушбу рол учун таклиф қилган. Алий Ваҳший ролини моҳирона ўйнаган.
Алийнинг кейинчалик мухбирларга берган интервьюсига кўра, фильм намойишидан сўнг унинг кекса онаси ўғлини Аллоҳнинг шери Ҳамза розияллоҳу анҳуни қатл қилгани учун уйдан ҳайдаб солган ва она болалик алоқасини узган. Алий ҳар қанча уриниб онаси билан ораларини ислоҳ қила олмаган. Охир оқибат ўртага диний арбоблар тушиб, онаизорга бу шунчаки рол эканлигини, Ҳамза розияллоҳу анҳуни аслида Ваҳший қатл қилганини, ўғли эса яхши ниятда бу ролни ижро этганини тушунтиришганидан кейин ўғлини кечирган. Ажойиб оналар бўлган экан.
Бу ҳам Алийнинг онасини асри саодатга бўлган муҳаббатини бир кўриниши бўлса, ажаб эмас.
Аммо масаланинг яна бир нуқтасига эътибор қаратиш муҳим. Ким учун бу қизиқарли маълумот, яна ким учун тарихни ёдга солган бўлиши табиий.
Бироқ мени бошқа жиҳати ўйлантиради: кино ё саҳнадаки, ёмон-салбий ҳолатни ижро этган ўғилдан она ранжимоқда. Таассуфки, бугун ҳаётда фарзандини ёмон йўлга кириши, жиноятга қўл уриши, бировнинг мулки, ҳатто жонига қасд қилишда фарзандига “йўл кўрсатувчи” бўлаётган ота-оналар... Ахир ҳаёт кино эмаску! Сиз нима дейсиз?
Раҳматилло МАДАМИНОВ,
Қўштепа тумани “Эшонгузар” масжиди имом-ноиби
тайёрлади
Самарқанднинг юраги бўлган Регистон майдони ҳудудидаги Шайбонийхон ва унинг сулоласи дафн этилган маскан зиёратгоҳга айлантирилади.
Регистон мажмуаси раҳбари Хонқул Самаровнинг сўзларига кўра,1960–1962-йилларда ҳозирги Ислом Каримов кўчасини кенгайтириш, ободонлаштириш ишлари жараёнида мазкур дахма шу ҳудудда бўлган Шайбонийхон мадрасаси ҳовлисидан Регистон майдонига – Тиллакори ва Шердор мадрасалари ёнига кўчирилган.
“Маълумки, мазкур ҳудуд Амир Темур бобомиз даврида Самарқанд шаҳрининг энг муҳим марказларидан бири бўлган, бу ҳудудда кўплаб мадраса ва масжидлар бунёд этилган. Жумладан, Амир Темур масжиди ва унинг рўпарасида Бибихоним мадрасаси қад ростлаган. Кейинчалик Мирзо Улуғбек бобомиз томонидан улкан мадраса қурилган. Балки Шайбонийхон ҳам ана шу улуғвор мадраса ва масжидларга ҳавас қилиб, уларнинг ёнида мадраса қургандир. Чунки, тарихий манбалардан биламизки, Муҳаммад Шайбонийхон ҳам улуғ ҳукмдор бўлиш билан бирга илм-маърифат ҳомийси, илмли инсон ва ижодкор сифатида Самарқандда улкан бунёдкорлик ишларини амалга оширган, кўплаб масжид ва мадрасалар қурдирган. Амир Темурдан кейин қудратли давлат ташкил этиб, унинг чегараларини кенгайтирган, обод қилган”, дейди Регистон мажмуаси раҳбари.
Тарихий манбаларда Шайбонийхон 1510-йилда Эрон шоҳи Исмоил Сафавий билан бўлган жангда ҳалок бўлгач, унинг бошсиз танаси Самарқандга келтирилиб, Баланд Суфага дафн қилингани ёзилган.
Баланд Суфа ўз вақтида Шайбонийхон мадрасасида бўлган ва кейинчалик (1960–1962-йилларда) ўз ҳолича Регистон ҳудудига кўчирилган дахмадир.
Хонқул Самаровнинг қўшимча қилишича, шу пайтгача Муҳаммад Шайбонийхон шахсига муносабат ортидан бу жойга ҳам етарли даражада эътибор қаратилмаган.
Шунингдек, у олтмиш йилдан ортиқ вақтдан буён ушбу ҳудудда турган бу зиёратгоҳ ҳақида оддий одамлар, ҳатто кўпчилик тарихчиларда ҳам ма'лумот ё'қлигини, бунга сабаб эса ҳудудда ҳеч қандай кўргазмали восита ёки ёзув мавжуд эмаслигини таъкидлайди.
“Йиллар давомида халқимиз онгига Бобур ижобий, Шайбонийхон салбий шахс сифатида сингдирилди. Аслида эса давлатчилик тарихимиз, қолаверса, адабиётимиз ривожида бу икки буюк бобомизнинг ҳам ўз муносиб ўрни, ҳиссаси бор. Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ўзи ҳам “Бобурнома”да бу зотнинг номи ҳақида тўхталиб, “Шайбоқ”, яъни “куч-қудратли” деган таъриф берган. Шайбонийхон ва шайбонийлар томонидан Самарқандда, умуман, ушбу минтақада катта бунёдкорлик ишлари амалга оширилгани ҳақида тарихий манбаларда кўплаб маълумотлар учрайди. Масалан, Шайбонийхон бир неча босқичли ўқитиш тизими жорий этиб, барча илмлардан хабардор бўлиш учун бола 26-йил таълим олиши керак, деб ҳисоблаган. Икки йиллик мактаб таълимидан сўнг ҳар бири 8-йилдан иборат уч босқичли мадраса таълимини олиш зарур бўлган”, дея маълумот беради Регистон мажмуаси раҳбари Хонқул Самаров.
Маълумот учун, Шайбонийхон кучли саркарда, ҳукмдор бўлиш билан бирга ижодкор сифатида нафис ғазал ва рубоийлар, достонлар ёзган. Жумладан, “Баҳр-ул худо” номли достони ва ўғли валиаҳд Темур султонга аталган панд-насиҳатлардан иборат китоби мавжудлиги қайд этилади.
Тарихий манбаларда келтирилишича, у бобоси Абулхайрхон вафотидан кейин пароканда бўлиб кетган қабилаларни бирлаштириб, кўчманчи ўзбеклар давлатини қайта тиклаган. Мовароуннаҳр, Хоразм ва Хуросонни эгаллаб, қудратли давлат барпо қилган. Муҳаммад Шайбонийхон бутун минтақани ягона бир марказ – Самарқанд қўл остида бирлаштирган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати