Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
24 Ноябр, 2024   |   23 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:59
Қуёш
07:22
Пешин
12:15
Аср
15:16
Шом
17:00
Хуфтон
18:18
Bismillah
24 Ноябр, 2024, 23 Жумадул аввал, 1446

Оилада фарзанд тарбияси: ЯХШИЛИККА ЧОРЛАШ

8.01.2020   3124   20 min.
Оилада фарзанд тарбияси: ЯХШИЛИККА ЧОРЛАШ

Фарзандга турмушнинг, тарбиянинг муҳим қоидаларини ёшлигидан ўргатиш, унинг қалбига бунёдкорлик туйғуларини сингдириш ота-она ва мураббийларнинг  ҳамиша долзарб вазифаси бўлиб келган. Фарзанд Ислом динимизнинг асосий қоидаларидан бири бўлган яхшиликка буюриш ва ёмонликдан қайтаришни одат қилиши лозим.

Инсонлар ичида фақат пайғамбарлар гуноҳдан покдирлар. Зеро, Парвардигор уларни гуноҳдан пок фитратда яратгандир. Пайғамбарлардан бошқа барча инсонлар гўзал одоб-ахлоқли бўлиш билан бир қаторда, гуноҳ ишлар ва хатоларга йўл қўядилар. Ислом дини гуноҳ амалларни очиқ баён қилган ва мўминларни бундай ишлардан сақланишга буюрган. Бу амрга бўйсунган киши ўзини ҳалокатдан сақлайди ва Аллоҳнинг суюкли бандасига айланади. Мусулмон кишининг вазифаси фақат ман қилинган ишларни қилмаслик билан кифояланмайди. Балки гунох иш қилаётган биродарини у йўлдан қайтариб, тўғри йўлга солиши ҳам муҳимдир.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: “Қайси бирингиз бирор мункар ишни кўрса, уни кўли билан қайтарсин. Агар қўли билан қайтаришга қодир бўлмаса, тили билан, агар унга ҳам қодир бўлмаса, мункар ишни қалби билан ёмон кўриб қўйсин, мана шу охиргиси имоннинг энг заиф даражасидир”. Ҳар бир инсон ҳаётда маълум мақсад сари интилиб яшайди. Жамиятнинг одоб-ахлоқ билан зийнатланиши учун ҳаракат қилиш ва одамларнинг турли муаммоларига дардкаш бўлиб, ўзини эзгу ишларга масъулиятли ҳис этиш мусулмон кишининг мақсади бўлиши лозим. Шундагина мўмин киши ўз манфаати учун эмас, бутун жамият фаровонлигига куч-ғайрат сарфлаган бўлади. Бундай инсон тўғри йўлдагиларни қўллаб-қувватлаб, адашганларни ҳидоятга чақиради. Зеро, жамиятнинг гуллаб-яшнаши ҳам, фалокати ҳам ҳар бир кишининг тақдири билан боғлиқ. Чунки кема сувга чўккан пайт, гарчи уни кема остидагилар тешган бўлса ҳам, кема устидаги бу ишга умуман алоқасиз сайёҳлар ҳам сувга ғарқ бўлади.

Демак, ҳаётда баъзи бир хатоларга йўл қўйган кишини тўғри йўлга солиш мўминга хос бўлган хислатдир. Шунинг учун кишига хатосини ўз вақтида англатиш ҳам муҳим. Бундай ҳолатларда Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) тутган йўллари биз учун юксак намунадир. Ул зот биринчи навбатда кишининг хатосини юзига солмасдан, уни тўғрилаш йўлларини шахсиятига тегмаган ҳолда ширинсуханлик билан тушунтирганлар. Зеро, Аллоҳ таоло томонидан Мусо билан Ҳорунга (алайҳиссалом) Фиръавнни динга даъват қилиш буюрилганида: “Бас, унга юмшоқ сўз айтингиз! Шояд, у эслатма олса ёки (ҳалок қилишимдан) қўрқса”, (Тоҳо, 44) дейилган.

Бу ояти каримада гуноҳ ва хато иш қилганларга нисбатан қандай муносабатда бўлиш аниқ баён қилинган.

Ҳаётда баъзи кишиларнинг билиб-билмай гуноҳ ёки хато иш қилаётганларига тез-тез гувоҳ бўламиз. Бизлардан, аввало, ўзимизни бундай ишлардан сақлаш, бошқаларнинг нотўғри ишларини Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кўрсатиб берганларидек ва Парвардигоримиз буюрганидек тушунтириш талаб қилинади.

Мураббийлар фарзанд қалбига жасурлик, шижоатлилик ва тўғри сўзли бўлишни ҳам сингдириши, Исломнинг эзгу тушунчаларини дилига жойлаб, Аллоҳ йўлида хайрли ва савобли ишларни кўп қилишни ўргатиши лозимдир.

 

Яхшиликка буюриш ва ёмонликдан қайтариш

Ислом дини барча умматларга жинси, миллати, ирқидан қатъи назар, бир-бирларидан ажратмасдан яхшиликка буюриш ва ёмонликдан қайтаришни фарз қилди. Бу муҳим вазифани адо этишда белгиланган қоидаларга амал қилинади.

Аллоҳ таоло бундай дейди:

وَٱلۡمُؤۡمِنُونَ وَٱلۡمُؤۡمِنَٰتُ بَعۡضُهُمۡ أَوۡلِيَآءُ بَعۡضٖۚ يَأۡمُرُونَ بِٱلۡمَعۡرُوفِ وَيَنۡهَوۡنَ عَنِ ٱلۡمُنكَرِ وَيُقِيمُونَ ٱلصَّلَوٰةَ وَيُؤۡتُونَ ٱلزَّكَوٰةَ وَيُطِيعُونَ ٱللَّهَ وَرَسُولَهُۥٓۚ أُوْلَٰٓئِكَ سَيَرۡحَمُهُمُ ٱللَّهُۗ إِنَّ ٱللَّهَ عَزِيزٌ حَكِيمٞ٧١

«Мўминлар ва мўминалар бир-бирларига дўстдирлар: (одамларни) яхшиликка буюрадилар, ёмонликдан қайтарадилар, намоз(лар)ни баркамол адо этадилар, закотни берадилар ҳамда Аллоҳ ва (Унинг) Расулига итоат этадилар. Айнан ўшаларга Аллоҳ марҳамат кўрсатур. Албатта, Аллоҳ қудратли ва ҳикматлидир» (Тавба, 71).

Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) саҳобалардан қийинчилик ва енгилликда итоат қилишга, қай ҳолатда бўлса ҳам, тўғри сўзлашга ва сабрли бўлишга аҳд олдилар.

Убода ибн Собит (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади.

“Саҳобалар Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қийинчилик ва енгилликда, ихтиёрий ва мажбурий амалда итоат қилишга, ўзидан бошқани афзал кўришда, жўяли сабаб бўлмасдан бирор киши билан тортишмасликка, доим тўғри сўзлашга ҳамда Аллоҳ йўлида сабр қилишга аҳд қилдилар”.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) жамиятдаги ҳар бир кишининг ҳаётини битта кемада кетаётганларга ўхшатдилар. Шунинг учун ҳар бир кишининг хатти-ҳаракатида салбий ҳолатлар сезилса, мусулмон киши уни тартибга чақириши лозим бўлади.

Амру маъриф ва наҳйи мункар Ислом умматига вожиб ва ҳар бир мусулмон кишининг белгиланган тартибда уни адо этиши улкан вазифадир.

Амру маъруф ва наҳйи мункар эркак, аёл, ёш ва кекса, катта-кичик мусулмонга вожиблиги ҳақида Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) сўзлари бор.

Ҳузайфа (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Нафсим измида бўлган Зотга қасам, албатта, яхшиликка буюриласизлар ва ёмонликдан қайтариласизлар ёки Аллоҳ сизлар устиларингизга азоб юборади. Сизлар дуо қиласизлар, бас, дуоларингиз қабул қилинмас”, дедилар (Имом Термизий ривояти).

Ибн Ҳиббон Ойшадан (розияллоҳу анҳо) ривоят қилади.

Пайғамбарнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) юзларида маҳзунликни кўрдим. У киши таҳорат қилдилар, бирон кишига гапирмадилар. Мен Ул зот нима деганларини билиш учун ҳужра деворига яқин келдим. У киши минбарга ўтирдилар. Аллоҳга ҳамду сано айтдилар ва: «Эй инсонлар, Аллоҳ таоло сизларга: “Менга дуо қилишдан олдин яхшиликка буюринглар ва ёмонликлардан қайтаринглар. Акс ҳолда мен дуоларингни қабул қилмайман. Мендан ёрдам сўрайсизлар, ёрдам бермайман”, деди», дея минбардан тушдилар.

Амру маъруф ва наҳйи мункарнинг ҳамма қабул қилган қоидалари ва шартлари бор, уларни мураббийлар ўзлари ўрганиб, болаларга ўргатишлари лозимдир. Бола бу қоидаларни тушуниб етсин, шу қоидаларга кўра ҳаракат қилсин.

 

Амали сўзига мос бўлсин

Аллоҳ таоло айтади:

يَٰٓأَيُّهَا ٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ لِمَ تَقُولُونَ مَا لَا تَفۡعَلُونَ٢ كَبُرَ مَقۡتًا عِندَ ٱللَّهِ أَن تَقُولُواْ مَا لَا تَفۡعَلُونَ٣

«Эй имон келтирганлар! Сизлар нега ўзларингиз қилмайдиган нарсани (қилдик ёки қиламиз деб) айтурсиз?! Сизларнинг ўзларингиз қилмайдиган иш­ни (қиламиз, деб) айтишингиз Аллоҳ наздида катта нафрат (боиси)дир»  (Саф, 2-3).

Усома (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади.

Мен Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қуйидаги ривоятни эшитганман: «Қиёмат куни бир киши дўзахга ташланади. Шунда: “Эй фалончи, сенга нима бўлди? Яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтармасмидинг?” дейдилар. У: “Ҳа, яхшиликка буюриб, ўзим уни қилмас эдим ва ёмонликдан қайтариб, ўзим уни қилар эдим”, дейди», (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

 

Ёмонликдан қайтариш босқичма-босқич бўлиши

Кишини ёмонликдан ҳикматли ва чиройли сўзлар билан қайтариш лозим. Иложи борича хатога йўл қўйишдан сақланиш керак.

 

Ёмонликдан қайтарувчининг яхши хулқли бўлиши

Инсонларни яхшиликка чорлаш ва уларни ёмонликдан қайтариш учун киши қалби мулойим, гўзал хулқли ва шу каби яхши сифатлар билан йўғрилган бўлиши шартдир. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шундай бўлишга буюрдилар.

Амр ибн Шуайб (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким яхшиликка буюрса, бас, ўзи яхши бўлсин”, дедилар Байҳақий ривояти.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Албатта, мулойимлик бирон нарсада бўлса, уни зийнатлайди. Агар у бирор нарсадан суғириб олинса, шармисор қилади”, дедилар (Имом Муслим ривояти).

“Албатта, Аллоҳ гўзалдир ва гўзалликни яхши кўради” (Имом Муслим ривояти).

Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мулойимликдаги ўрнак олинадиган жиҳатлари жуда кўп мисолларда мужассамдир.

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади.

Бир киши масжидда бавл қилди. Одамлар уни қаттиқ уришмоқчи бўлди. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Унга ташланманглар, нопок жойга бир челак сув тўкинглар. Сизларга енгиллик қилиш учун юборилдим, сизларга қийинчилик қилиш учун эмас”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Абу Умома (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади.

Муовия ибн Ҳакимдан ривоят қилади.

“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан намоз ўқиётган эдим, бир киши акса урди. Мен: “Ярҳамукаллоҳ”, дедим. Кишилар менга ғалати қарашди. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) намозни ўқиб бўлгач, менга ғазаб қилмадилар. У киши: “Бу намоз, бунда одамлар сўзи дуруст бўлмайди, бунда тасбеҳ, такбир ва Қуръон ўқиш бўлади”, дедилар (Имом Муслим ривояти).

Бир нотиқ Абу Жаъфар Мансур ҳузурига кирди. Унга қўпол гапирди. Шунда Абу Жаъфар: “Мулойим бўл, Аллоҳ таоло сендай яхши кишини мендай ёмон кишига юборди, Аллоҳ Мусони Фиръавнга юборди ва унга айтди:

تَنزِيلٗا مِّمَّنۡ خَلَقَ ٱلۡأَرۡضَ وَٱلسَّمَٰوَٰتِ ٱلۡعُلَى٤

«Бас, унга юмшоқ сўз айтингиз! Шояд, у эслатма олса ёки (ҳалок қилишимдан) қўрқса» (Тоҳо, 44).

Шунда нотиқ қилган ишидан ҳижолат бўлди ва у Мусодан (алайҳиссалом) афзал эмаслигини билди ва Абу Жаъфар Фиръавндан ёмон эмаслигини англади.

Аллоҳ таоло Пайғамбарга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) одоб бериб:

فَبِمَا رَحۡمَةٖ مِّنَ ٱللَّهِ لِنتَ لَهُمۡۖ وَلَوۡ كُنتَ فَظًّا غَلِيظَ ٱلۡقَلۡبِ لَٱنفَضُّواْ مِنۡ حَوۡلِكَۖ فَٱعۡفُ عَنۡهُمۡ وَٱسۡتَغۡفِرۡ لَهُمۡ وَشَاوِرۡهُمۡ فِي ٱلۡأَمۡرِۖ فَإِذَا عَزَمۡتَ فَتَوَكَّلۡ عَلَى ٱللَّهِۚ إِنَّ ٱللَّهَ يُحِبُّ ٱلۡمُتَوَكِّلِينَ١٥٩

«Аллоҳнинг раҳмати сабабли (Сиз, эй Муҳаммад,) уларга (саҳобаларга) мулойимлик қилдингиз. Агар дағал ва тошбағир бўлганингизда, албатта, (улар) атрофингиздан тарқалиб кетган бўлур эдилар. Бас, уларни афв этинг, (гуноҳлари учун) кечирим сўранг ва улар билан кенгашиб иш қилинг! (Бирор ишга) азму қарор қилсангиз, Аллоҳга таваккул қилинг, зеро, Аллоҳ таваккул қилувчиларни севар» (Оли Имон, 159), дея марҳамат қилган.

 

Ёмонликдан қайтаришда азиятга сабр қилиш

Луқмони Ҳаким ўғлига бундай васият қилган:

يَٰبُنَيَّ أَقِمِ ٱلصَّلَوٰةَ وَأۡمُرۡ بِٱلۡمَعۡرُوفِ وَٱنۡهَ عَنِ ٱلۡمُنكَرِ وَٱصۡبِرۡ عَلَىٰ مَآ أَصَابَكَۖ إِنَّ ذَٰلِكَ مِنۡ عَزۡمِ ٱلۡأُمُورِ١٧

«Эй ўғилчам! Намозни баркамол адо эт, яхшиликка буюр ва ёмонликдан қайтар ҳамда ўзингга етган (балолар)га сабр қил! Албатта, мана шу пухта ишлардандир» (Луқмон, 17).

Саъд ибн Абу Ваққос (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади.

“Ё Аллоҳнинг расули, қандай одамлар қийинчиликларга кўп дучор бўлади?” дедик. У зот: “Пайғамбарлар, сўнгра уларга яқинлар, сўнгра уларга яқинлар. Киши динига қараб мусибатланади. Агар динида мустаҳкам бўлса, мусибати оғир бўлади. Агар динида бўш бўлса, Аллоҳ уни динига яраша мусибатлайди”, дедилар.

 

Сабр билан насиҳат қилиш

Кишиларни тўғри йўлга чорлашда сабр билан насиҳат қилиш лозим. Аллоҳ таоло бундай дейди:

«Аср билан қасамёд этурманки, (ҳар бир) инсон зиёнда (бахтсизликда)дир! Фақат имон келтирган ва солиҳ амалларни қилган, бир-бирларига ҳақиқатпарвар бўлишни тавсия этган ва бир-бирларига сабрли бўлишни тавсия этган зотларгина бундан мустаснодирлар» (Аср, 1–3).

Мураббий мазкур жиҳатларни тарбиялашга алоҳида эътибор қаратиши лозимдир. Бундай тарбия ҳаёт ҳақиқатлари билан Ислом динининг ҳамоҳанглигини тўғри тушунишга ёрдам беради. Бу ҳамоҳанглик дин билан дунёни ва руҳ билан жисмни, ибодат, саховатнинг барчасини уйғунлаштиради. Шунингдек, ақида, имон ва тақво, эҳсон, намоз, рўза, яхшилик, мулойимлик, сабр, тўғрисўзлилик, вафо, яхшилик, дўстлик, сахийлик, азм, тинчлик, кечиримлилик ва бағрикенглик фазилатларини инсонда  мужассамлаштиради.

 

Ёши улуғларни қадрлаш

Ёш авлод турмуш синовларида тобланиб, катта ҳаётий тажрибага эга бўлган, теран ақлли, тақволи, улуғ кишилар кўмаги ва маслаҳатига доим эҳтиёж сезади. Меҳнатсевар, ҳалол-пок, диёнатли, эл иши учун фидойи инсон бўлиб улғайишни истаган ҳар бир ўғил-қиз кексалар ҳаётий тажрибасидан албатта фойдаланиши лозим. Шунинг учун орамизда катталарнинг борлиги улуғ неъматдир.

Инсон ҳаёти мевали дарахтга қиёс этилади. Чунки дарахт бир мавсумнинг ўзида куртаклар тугади, гуллайди, кўпдан-кўп мевалар қилади. Кексалик эса худди мевалари пишган боққа ўхшайди.

Луқмони Ҳакимдан:

– Нега ҳадеб ўғлингга насиҳат қилаверасан? – деб сўрашди.

– Кексаларнинг насиҳатлари ёшлар учун боғбон ниҳолни тарбия қилгани кабидир, – дея жавоб берди Луқмони Ҳаким.

Инсон дунёга келиб ўсади, улғаяди, умргузаронлик қилади. Кечаги гўдак бугун йигит, бўй етган қиз. Вақт ўтиши билан, насиб этса, ҳар бир инсон қарилик ёшига етади, бу – ҳаёт қонунияти.

 Қарияларни эъзозлашга динимизда алоҳида эътибор берилган. Имон-эътиқодли, ихлосли ва нуроний кексаларнинг фазилатларини билиш ҳамда уларнинг ҳақларини адо этиш бошқалар учун вожибдир. Бундай хайрли ишлар Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) суннатларига мувофиқдир. У зот кишиларга кексаларнинг фазилатларини билдириб, уларнинг ҳақларига риоя этишни шарт қилганлар.

عَنْ أَنَسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: مَا أَكْرَمَ شَابٌّ شَيْخًا لِسِنِّهِ إِلَّا قَيَّضَ اللهُ (أَيْ قَدَّرَ) لَهُ مَنْ يُكْرِمُهُ عِنْدَ سِنِّهِ (رواه الترمذي).

Имом Термизий Анасдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилган ҳадиси шарифда Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кексаларни улуғлаш ҳақида бундай деганлар: “Ёш йигит кекса кишини ёши улуғлиги учун ҳурмат қилса, Аллоҳ таоло уни ҳам кексайганида ҳурмат қилинадиган инсонлар қаторига қўяди”.

Бир йигит бобосига дерди: “Бобожон, мен ҳам сизнинг ёшингизга етсам дейман...” “Илоё, ниятингга ет, болам, узоқ яшай десанг, кексаларни ҳурмат қил...” деди бобоси.

Ислом дини доимо катта ёшли кишиларни ҳурмат қилишга чорлаб келган.

رَوَى أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ عَنْ عَمْرِو بْنِ شُعَيْبٍ عَنْ أَبِيهِ عَنْ جَدِّهِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمْ قَالَ: لَيْسَ مِنَّا مَنْ لَمْ يَرْحَمْ صَغِيرَنَا وَلَمْ يَعْرِفْ حَقَّ كَبِيرَنَا

Абу Довуд ва Имом Термизий Амр ибн Шуайб отасидан, у эса бобосидан (розияллоҳу анҳум) ривоят қилган ҳадиси шарифда: “Кичикларга раҳм-шафқатда, катталарга ҳурмат-иззатда бўлмаган киши биздан эмасдир”, дейилган.

رَوَى أَبُو دَاوُدَ عَنْ أَبِي مُوسَى رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ : إنَّ مِنْ إجْلَالِ اللهِ تَعَالَى إِكْرَامُ ذِي الشَّيْبَةِ الْمُسْلِمِ وَحَامِلِ الْقُرْآنِ غَيْرِ الْغَالِي فِيهِ وَالْجَافِي عَنْهُ (أَي التَّاركُ لَهُ) وَ إِكْرَامُ ذِي السُّلْطاَنِ الْمُقْسِطِ (الْعَادِلُ)

Абу Довуд Абу Мусодан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мусулмон мўйсафид, Қуръонни ёд олиб, унда ҳаддидан ошмаган ва уни тарк қилмаган қори ҳамда одил подшоҳни ҳурмат қилиш Аллоҳ таолони улуғлаш кабидир”, дедилар.

Ушбу ҳадиси муборакда баён қилинган сифатлар халқимиз онгига сингиб кетган, миллий қадриятларимизнинг ажралмас қисмига айланган. Лекин ҳозирги кунда айрим ота-оналар ва мураббийлар болаларда мазкур сифатлар шаклланишига алоҳида эътибор қаратмаяптилар. Оқибатда, баъзи ёшларда кексаларни ҳурмат қилмаслик ҳолатлари учрамоқда. Афсус, баъзи ғўр ёшлар назарида қариялар дардисардек, ортиқчадек туюлади. Бирор даврага кирган отахонни ёки автобусга чиққан қарияни кўрган нодон ёшлар “уфф” тор­тишади. “Қариганида уйида жимгина ўтирса бўлмасмикан-а?” дея хато ўйлашади.

Ҳаётнинг аччиқ ва ширин томонлари бор. Қариялар эътибор, меҳр-мурувват ва шафқатга муҳтож бўлишади. Бундай инсонларга эътиборли бўлмоқ лозим. Чунки уларнинг умри меҳнат билан ўтган, энди кексалик боис ишга ярамай, хасталаниб, куч-қувватдан қолганлар. Жамият ва она Ватан равнақи учун ҳисса қўшган, оилани оёққа турғазган, ўғил-қизлар ўстириб, едириб-ичирган, оилам, болам-чақам деб, елиб-югурганлар ҳам шулар.

Кексаликнинг касаллик, кўз хираланиши, оёқ-бел оғриши, кучдан қолиш, аввалги куч-қувватнинг сусайиши, қадамнинг майда бўлиб қолиши каби муайян мушкулотлари ва мураккабликлари бор. Лекин қарилик палласида кишилар ҳаётга ўзгача нигоҳ билан боқади. Сўзлар салмоқли, нигоҳлар вазминлик касб этади. Ҳаётда кўп тажриба орттирган кишилар ювош ва мулойим бўлиб қоладилар. Кекса одам заифлашиб, ўзи ва ўзгаларга мулойимлик истайди. Уларга нисбатан асосан уч ҳолатда мулойимлик зарур: ширин муомалада, тансиқ таом тайёрлашда ва юмшоқ ўрин тўшашда.

رَوَى مُسْلِمٌ عَنْ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: أَرَانِي فِي الْمَنَامِ أَتَسَوَّكُ بِسِوَاكٍ فَجَاءَنِي رَجُلاَنِ أَحَدُهُمَا أَكْبَرُ مِنَ الآخَرِ: فَنَاوَلْتُ السِّوَاكَ الْأَصْغَرَ (مِنْهُمَا) فَقِيلَ لِي: كَبِّرْ فَدَفَعْتُهُ إِلَى الْأَكْبَرِ مِنْهُمَا

Имом Муслим Ибн Умардан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилган ҳадиси шарифда Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Тушимда мисвок ишлатаётган эдим. Икки киши келди, бирининг ёши катта эди. Мен мисвокни кичигига узатдим, шунда менга: “Каттага бер”, дейилди. Мен ёши каттасига бердим”, дедилар.

Юқоридаги ҳадиси шарифдан ёши улуғларни ҳурматлаш кераклиги ҳақида хулоса чиқариш мумкин.

Ёши улуғларнинг ҳурматини жойига қўйиш дейилганида, ҳар ишда улардан маслаҳат сўраш, йиғинларда юқорироқ жойга ўтқазиш, таомга улардан кейин қўл узатиш кабилар тушунилади. Ушбу фазилатлар Расули акрамнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) “Инсонларни ўз ўрнига ўтқизинглар”, деган ҳадисларига мувофиқдир.

Маймун ибн Абу Шабиб (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Ойшанинг (розияллоҳу анҳо) ёнларидан бир тиламчи ўтди. Шунда ҳазрат Ойша унга бир бўлак нон бердилар. Бир оздан сўнг чиройли кийинган бир киши ўтиб қолди. Ойша онамиз уни ўтқизиб, нон едирдилар. Шунда Ойшадан (розияллоҳу анҳо) “Нега бундай қилдингиз?” деб сўрашди. Ҳазрат Ойша Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Инсонларни ўз ўрнига ўтқизинглар”, деганлар” деб жавоб бердилар» (Имом Абу Довуд ривояти).

Ушбу ҳадисни Шиҳоб ибн Уббод элчилардан эшитган қуйидаги воқеа ҳам қувватлайди: “Биз Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига келганимизда, жуда хурсанд бўлдилар. Бизга кенг жой қилдилар ва у ерга ўтирдик. Ул зот бизга қараб: “Сизларнинг бошлиқларингиз ва улуғларингиз ким?” дедилар. Биз Мунзир бин Оизга ишора қилдик. Мунзир яқин келганида кишилар унга жой берди. Мунзир Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) олдиларига келди. Ул зот уни ўнг томонларига ўтқиздилар ва унга ҳурмат кўрсатдилар”.

Ушбу ўринда жамоа улуғларини ҳурматлаш ва алоҳида эҳтиром кўрсатиш лозимлиги баён қилинмоқда. Халқимизда “Минг қўшчига бир бошчи” деган ҳикматли нақл бор. Азал-азалдан аждодларимиз ҳам ораларидан ҳар томонлама билимдон, оқил, фаҳму фаросати теран ва одил кишини ўзларига бошлиқ этиб, унга бўйсунганлар. Аждодларимиз ушбу фазилатларни фарзандларига ҳам сингдиришган. Азиз устоз ва мураббийлар ҳам ўғил-қизларга таълим-тарбия беришда ушбу сифатларни шакллантиришга алоҳида эътибор қаратсалар, мақсадга мувофиқ бўлади.

 

КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:

Ёши улуғлардан кейин;

Ҳурмат кўрсатиш;

Кутиб олиш;

Ҳаёли бўлиш;

Кутубхона
Бошқа мақолалар

Бугуннинг имоми

22.11.2024   6024   1 min.

"Имом Бухорий ордени" соҳиби, Қашқадарё вилояти бош имом-хатиби - Раҳматуллоҳ домла Усмонов ҳаёти ва фаолияти ҳақида "Зиё" медиа маркази томонидан тайёрланган ҳужжатли фильм.