Мустақиллик сабаб барча жабҳалар қаторида Ислом маърифатининг ривожи, мусулмонларнинг диний ибодат ва маросимларини эмин-эркин адо этишлари учун қулай шароитлар бўлди. Ана шундай имкониятларни, Ўзбекистондаги тинчлик ва осоишталикни кўролмаётган ҳасадгўй кимсалар аҳоли орасида норозилик кайфиятини уйғотиш, фитна чиқариш мақсадида, «бу диёрда диний эркинлик йўқ, ибодат қилувчилар таъқиб остида, исломий билим олиш чекланган” деган уйдирмаларни интернет сайтларида тарқатишмоқда.
Терроризм ва экстремизм инсоний меъёрлар, умуминсоний қадриятлар ва ахлоқий фазилатларга қарши қаратилгани учун энг оғир ва ваҳшиёна жиноят ҳисобланиб келган. Энг ачинарлиси, бундай ғоялар таъсирига ёшларнинг жалб этилиши ташвишланарли ҳолдир. Фарзандларимизни турли ҳил оқимларнинг ғояларига алданмасликлари, фитналарга берилмасликларини олдини олиш, уларни муҳофаза қилиш ҳаммамизнинг бурчимиздир.
Фуқаҳоларимиз, сигир соғаётганда тирноқни олиб, соғмоқлик лозим, дея ҳатто ҳайвонот оламига ҳам озор бермасликка тарғиб қилганлар. Ислом дини инсониятга, жамодот ва ҳайвонотга ҳам озор бермасликка чоралаган. Қуръони карим меҳр-мурувват, ўзаро ҳамкорлик, динлараро бағрикенглик, миллатлараро тотувликка чорлаб, кишиларни жамиятда доимо тинч ва тотув яшашга ундагандир. Мана шуни халқимизга етказиш, тушунтириш барчамизга вожибдир. Ёшлар онгини бундай зарарли иллатлардан муҳофаза қилиш учун самарали усуллар ишлаб чиқиш бугунги кун таълим соҳасининг долзарб вазифасига айланган.
2000 йил 15 декабрда Ўзбекистон Республикасининг “Терроризмга қарши кураш тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди. Унинг 5-моддасида: “Террорчилик фаолиятининг олдини олиш давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда жамоат бирлашмалари, шунингдек корхоналар, муассасалар, ташкилотлар томонидан сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий ва бошқа профилактик чоралар мажмуини ўтказиш орқали амалга оширилади” дея таъкидланган. Шу қонуннинг 6-моддасида эса “давлат бошқарув органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар, мансабдор шахслар, шунингдек фуқаролар терроризмга қарши курашни амалга оширувчи давлат органларига кўмаклашадилар ва зарур ёрдам берадилар” деб белгиланган. “Муассасалар” деганда биз таълим муассасаларини кўзда тутишимиз лозим. Демак, бундан террорчилик фаолиятининг олдини олиш таълим муассасаларида педагогик профилактик чоралар мажмуини кучайтириш орқали амалга ошириш даркор. Бугунги кунда таълим муассасалари олдида турган энг муҳим вазифалардан бири келажак авлодни комил шахс сифатида шаклланишини таъминлашдан иборат.
Энг нозик балоғат даврида бола таълим муассасасига ўқишга келади. Ана шу пайтда ёш навниҳолни онгидаги дунёқарашни нимага ёки қайси жиҳатга мойиллигини аниқлаб, шу муайян мақсад йўлида ривожлантириш ўқитувчи-педагогларнинг асосий вазифаси ҳисобланади. Айниқса ёшлар онгида ғоявий бўшлиқнинг олдини олишнинг педагогик профилактикасини яратиш лозим. Бунинг учун таълим муассасаларида психологик таъсир ўтказишнинг аҳамиятини ошириш, ёшлар онгида ёт ғояларга қарши мафкуравий иммунитетни шакллантириш талаб қилинади. Шунингдек, таълим муассасаларида психологик ўрганиш хизматини жорий этиб, турли хил қизиқишга мойил талаба-ёшларни аниқлаб, уларнинг дунёқарашларини илмий, диний, ахлоқий томондан асослаб, жамият тараққиётини белгиловчи бунёдкор ғояга йўналтиришга эришмоқ зарур. Таълим муассасалари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ташкилотлар, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси ва жойлардаги вакилликлари билан ҳамкорликда талаба-ёшлар онгига терроризмнинг мудҳиш оқибатлари, унинг домига тушиб қолганларнинг аянчли ҳаёти, ғаразли ниятларини амалга оширишга уринаётган “сохта салафийлар”, “ҳизбут-таҳрир”, “акромийлар”, “нурчилар”, “жиҳодчилар” каби бузғунчи оқимларининг асл мақсадларини акс эттирувчи кинофильмлар намойишини ўқувчи-ёшлар ўртасида мунтазам кўрсатиб бориш орқали, маънавий-маърифий тадбирлар самарадорлигини янада ошириш лозим. Бу борада А.Тулеповнинг “Интернетга ин қурган “ўргимчаклар”, “Ислом ва ақидапараст оқимлар”, “ИШИД фитнаси” ва “Интернетдаги таҳдидлардан ҳимоя” номли ўқув қўлланма ва асарларидан фойдаланиш шарт. Ушбу муҳим қўлланмалар, кучли воситалар, ўқувчи-ёшларда вайронкор ғояларга қарши маънавий куч пайдо қилишда жуда қўл келади. Бугунги глобаллашув жараёнида ахборот технологиялари, айниқса интернет ёшлар кундалик ҳаётининг ажралмас қисмига айланди. Шу жараёнда таълим даргоҳи раҳбарлари ўқувчи-ёшларнинг дарсга келиш давомати, тартиб-интизомини назоратга олишиб, уларнинг шахсий техника воситалардан оқилона фойдаланишлари учун ноутбук ва нетбук компьютерлари, замонавий телефон аппаратлари, флешка каби турли ускуналардаги маълумотларни мунтазам равишда текширувдан ўтказиб боришлари мақсадга мувофиқдир.
«Ахборот асри» деб аталаётган ҳозирги замонда маълумот олиш ва ахборот алмашишнинг қулай воситаси интернетдир. Бироқ бу тармоқда ҳамма нарса аралаш-қуралаш — оқ билан қора, эзгулик билан ёвузлик ўрин олган. Маълумот тарқатиш, бизнес ва реклама учун катта майдонга айланган глобал тармоқни назорат қилишнинг имкони йўқ.
Халқимизда «Огоҳ бўлган абгор бўлмас!» деган нақл бор. «Ўргимчак тўри»да ақидапарастликни тарғиб қилувчи сайтлар тобора кўпайиб бормоқда. Бундай таҳликали замонда ёшларга фақат «uz» доменидаги сайтлардан фойдаланиш тавсия қилинади.
Фикрга қарши фикр, ғояга қарши ғоя, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш бугунги кунда ҳар қачонгидан-да муҳимдир.
Ф.Матякубов
Хонқа туман “Бобо хўжа бобо” масжиди имом-хатиби
Бошқаларга қалбингиз, ақлингиз, молингиз ила ёрдам беринг. Ёрдамингиз, амалингиз фақат Аллоҳ таолонинг ризолиги учун бўлсин. Қилган яхшилигингизни эслаб юришдан сақланинг. Аксинча, биров сизга яхшилик қилса, уни доим ёдингизда тутинг. Зеро, Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 264-ояти каримасида: «Эй иймон келтирганлар! Молини одамлар кўрсин деб берадиган, Аллоҳга ва охират кунига ишонмайдиган кимсага ўхшаб, (берган) садақаларингизни миннат ва озор билан йўққа чиқарманг!..» деб марҳамат қилди.
Қаршингиздан чиқадиган ҳар қандай кўнгилсизликни муваффақият келтирадиган ҳаёт тажрибаларидан бири деб билинг. Зеро, тун нақадар узун бўлмасин, албатта, қуёш чиқиши бордир. Айтишади-ку, муваффақият нарвондир, икки қўлинг чўнтакда бўла туриб, унга кўтарила олмайсан, деб.
Бир бурда нонга ҳам Аллоҳга ҳамд айтинг, шукр қилинг. Доим ҳам тўкин-сочинлик бўлавермайди. Ўтаётган кунингиздан нолийверманг, қаноатли бўлинг. Ҳасад қилишдан сақланинг. Зеро, Аллоҳ таоло бандаларини Ўзи сийлаган неъматлар билан хослаб қўйган. Бошқаларнинг ўша неъматлардан маҳрум бўлишларига орзуманд бўлманг, аксинча, Аллоҳ сизни ҳам неъматлантиришини, баракотини сўранг.
Ҳар куни Аллоҳ азза ва жалладан афв ва офият сўрашни унутманг. Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳдан афв ва офият сўранглар. Чунки бирор кишига иймондан кейин офиятдан-да яхшироғи берилмаган”[1], дея марҳамат қилганлар.
Аллоҳ таолодан фойдали илм ва кенг ризқ сўранг. Боиси, илм ўзгалар тортиб ололмайдиган хазинадир. Жоҳилнинг қўлидаги минг динор бир ҳовуч тупроққа айланади, илм талабидаги кимсанинг қўлидаги бир сиқим тупроқ эса, минг динорга.
Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу илмнинг фазли борасида: “Эй Кумайл, илм мол-дунёдан яхшироқдир. Илм сени муҳофаза қилади, молни эса сен қўриқлайсан. Илм – ҳоким, мол эса маҳкумдир. Молни берганинг сари камаяверади. Илм эса тарқатиш орқали кўпайиб боради”, деганлар.
Илм мағрурликни сўндиради. Ғурур гўё бананнинг пўстлоғига ўхшайди. Муваффақият чўққисига кўтарилаётганингизда, у сабаб тойиб кетасиз. Фойдали илм сўраш борасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таолодан манфаатли илм сўранглар ва фойда бермайдиган илмдан паноҳ тиланглар”, деганлар.
Ўзингиз ва атрофингиздагилар бирдек бахтли бўлиши учун уларнинг ҳар бирини бахтиёр қилишга ҳаракат қилинг. Йиғи орасида кула олмаганингиздек, атрофингиздагилар зулмат қаърида бўлган бир ҳолда, сиз тонг ёғдуси ичра тура олмайсиз. Ахир, инсоннинг бахти унинг кўмаги сабаб муваффақиятга эришганларнинг адади билан белгиланади. Ўзига тўқ кишилардан бўлсангиз давлатингиздан озроқ бериш ила бошқаларнинг саодатига ҳиссангизни қўшинг. Борди-ю, қўлингиз калталик қилса, бир оғиз ширин сўз билан бўлса-да, бу жараёнда иштирок этинг.
Қора кунингизда сизга ёрдам қўлини чўзган, дунё тўнини тескари кийганида сиз билан бирга елкадош бўлган, баъзан яқинларингиз ташлаб кетиб ёлғиз қолганингизда сизни жарликдан олиб чиққан кишиларни унутманг...
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам миннатдорчилик билдириш мўминларнинг сифати эканини таъкидлаб: “Одамларга ташаккур айтмаган киши, Аллоҳ азза ва жаллага ҳам шукр қилмайди”, деганлар ва яна бошқа бир ҳадисларида яхшиликни мукофотлашни ўргатиб, шундай дея марҳамат қилганлар: “Ким сизларга бир яхшилик қилса, уни мукофотлаб қўйинглар. Тақдирлашга арзирли бирор нарса топа олмасангиз, ҳаққи адо бўлди деб ўйлагунингизгача унинг ҳаққига дуо қилиб қўйинг” (Имом Абу Довуд ривояти).
Сиз билмай хафа қилган инсонларингизни исмини ёдингизда тутинг ва, албатта, узрингизни айтинг. Одамларни ҳисоб-китоб қилманг, одамларни муҳокама қилиш вақтни беҳуда кетказишдан бошқа нарса эмас.
Ҳассон Шамсий Пошонинг "Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар" номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.
[1] Имом Термизий ривояти.