Бирор касалликка йўлиққан киши, бу касаллиқдан халос бўлиши учун дарров мутахассис шифокорларга мурожаат қилиши, унинг тавсияларига амал қилиб, айни пайтда дуо ҳам қилиши лозим. Бу дуоларни беморнинг ўзи ўқиши ёки биров унга ўқиши мумкин. Таҳоратли ҳолда, аввало, Фотиҳа сураси, сўнгра Қуръони каримдан шифо оятлари ўқилади.
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. «Ва яшфи судуро қовмин муъминийна ва юзҳиб ғойзо қулубиҳим». Маъноси: «...ҳамда мўминлар қавми сийналарига шифо беради ва дилларидаги аламни кетказади» (Тавба сураси, 14–15-оятлар).
«Йа айюҳан-насу қод жааткум мавъизотун мин Роббикум ва шифаун лима фис-судури ва ҳудан ва роҳматан лил-муъминийн».
Маъноси: «Эй одамлар! Сизларга Раббингиздан ваъз (насиҳат), диллардаги нарса (ширк ва бошқа иллатлар)га шифо ва мўминларга ҳидоят ва раҳмат келди» (Юнус сураси, 57-оят).
«Ва нуназзилу минал Қуръани ма ҳува шифаъун ва роҳматун лил-муъминийн».
Маъноси: «(Биз) Қуръондан мўминлар учун шифо ва раҳмат бўлган (оят)ларни нозил қилурмиз» (Ал-Исро сураси, 82-оят).
«Қул ҳува лил-лазийна аману ҳудан ва шифаун».
Маъноси: «Айтинг: «(Ушбу Қуръон) имон келтирган зотлар учун ҳидоят ва (дилдаги маънавий иллат учун) шифодир» (Фуссилат сураси, 44-оят).
Бу оятлар ўқилгач, бундай дуо этилади: «Аллоҳумма Роббан-наси азҳибил-баъса, ишфи Анташ-шафий ла шифаъа илла шифаъука, шифаъан ла юғодиру сақоман». «Ё Аллоҳ, эй инсонларнинг Рабби, касалликни арит! Касалликни қолдирмайдиган шифо бер. Шифо бергувчи фақат Ўзингсан. Сендан ўзга шифо бергувчи йўқдир» (Абу Довуд. «Жаноиз», 3107-ҳадис).
Аллоҳумма ишфи ъабдака янкаъ лака ъадувван ав ямши лака ила солатин.
«Ё Аллоҳ, шу бандангга шифо бер, у Сенинг бир душманингни нобуд қилсин ёхуд Сенинг ризолигингга эришмоқ учун намоз ўқишга юриб борсин».
«Бисмиллаҳи арқика мин кулли шайъин юъзика мин шарри кулли нафсин ав ъайни ҳасидин. Аллоҳумма яшфийка, бисмиллаҳи арқика».
«Сенга изтироб берувчи ҳамма нарсадан, ҳар ҳасадгўй нафсдан ёхуд кўздан Аллоҳнинг номи ила сенга шифо сўрайман. Аллоҳ номи ила сенга шифо сўрайман» (Имом Термизий. «Жаноиз», 972-ҳадис).
ЎМИ матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ўғил ҳар ойлик маошини онасига топширар, унинг юзидаги табассумни кўриб, ўзини дунёдаги энг бой инсон деб ҳисобларди.
Йиллар ўтиб, онаси оламдан ўтди. Навбатдаги маошини олган ўғил бир зум не қиларини билмай қолди-ю, бир қарорга келди: «Пулларни онамнинг номидан эҳсон қиламан».
Шу кундан эътиборан, у ҳар ой масжидларга сув куллерлари ўрнатишни одат қилди. Намозхонлар сув ичиб, онасининг ҳақига дуо қилишларидан қалби таскин топарди.
Кунлардан бир кун маҳалла масжидида янги куллер ўрнатилганини кўриб, «Аттанг, бу сафар кечикдим-а», деб ўкинди. Шунда ёнига имом келиб:
– Хайрли ҳадя учун раҳмат, – деди.
– Узр, адашдингиз, шекилли. Буни мен олиб келмадим...
– Йўқ, адашмадим. Буни сизнинг номингиздан ўғлингиз келтирди.
Орқасига ўгирилган ота жилмайиб турган ўғлига кўзи тушди.
– Болам, бунга пулни қаердан олдинг? – ҳаяжондан кўзлари ёшланди отанинг.
– Ота, анчадан бери менга берадиган пулларингизни йиғиб юргандим. Сиз бувижоним учун хайрли иш қилаётганингизни кўриб, мен ҳам сиз учун шундай қилишни истадим.
Отанинг кўзларидан қувонч ёшлари сизиб чиқди. У ўғлига насиҳат қилмаган, шунчаки ўз амали билан намуна бўлганди.
Ҳа, фарзандлар эшитган гапларини унутиши мумкин, аммо кўрган амалларини ҳеч қачон унутмайди. Бугун ота-онамизга қилган яхшилигимиз эртага фарзандларимиздан албатта қайтади.
Акбаршоҳ РАСУЛОВ