Бугун муборак жума куни юртимиз мусулмонлари учун муносиб туҳфа ўлароқ Ўзбекистондаги масжидлар сони яна биттага кўпайди. Бухоро вилояти Қоровулбозор туманида “Абдуллоҳ ибн Муборак” жоме масжиди рўйхатдан ўтказилиб, фаолият юрита бошлади.
Қоровулбозор туманида шу вақтгача масжид йўқ эди. Бугунги кунда туманда 19 000 аҳоли истиқомат қилади. Аҳолининг кўп қисми жамоат намозларини адо этиш учун тумандан 50 км масофада жойлашган Когон туманидаги масжидларга қатнар эди. Бу албатта кўпчиликка қийинчилик туғдирар, айниқса кексалар учун мушкул ҳолат эди. “Туманимизда ҳам масжид бўлса эди”, дея орзу қилишар эди.
Ниҳоят бу борада қилинган ҳатти-ҳаракатлар, уринишлар зое кетмади. Аҳолининг бир неча бор қилган мурожаатлари инобатга олиниб, маҳаллий ҳокимлик томонидан масжид қурилиши учун “Тинчлик” маҳалласи ҳудудидан ер ажратилди.
Халқ ҳашари йўли билан бу жойда замон талабларига жавоб берадиган ва намозхонлар учун қулай шароитларга эга 450-500 кишилик сиғимга эга бўлган масжид қурилди. Тегишли ҳужжатлар тайёрланиб, вилоят адлия бошқармасидан давлат рўйхатидан ўтказилганлиги ҳақида гувоҳнома олинди. Масжидга ислом оламидаги улуғ тобеинлардан бири “Абдуллоҳ ибн Муборак” номи берилди.
Бугун, 27 декабр куни масжидда илк бор жума намози адо этилди. Шукрона сифатида элга ош дастурхони ёзилди. Маросимга Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими мудири Муҳаммадназар домла Қаюмов, уламолар, имом-хатиблар ташриф буюриб, ҳудуд аҳолисини янги масжид билан муборакбод этдилар.
Қишлоқ аҳолисининг севинчи чексиз. Тиллари-ю диллари шукронада, дуода. Кўп йиллик армонлар бугун барҳам топди. Энди уларнинг ҳам ўз масжидлари, имом-хатиблари бор. Қорвулбозорда яна азон баралла янгради. Ҳақ таолонинг раҳматлари азон садолари етиб борган жойларгача сакинат ила нозил бўлди, гўё. Бу азон ҳудуд аҳолиси учун нажот чақириғи, маърифат, тарбия, илоҳий раҳматнинг даъвати бўлиб қайтиб келди. Зеро масжидлардан Аллоҳ таолонинг раҳмат нурлари таралиб туради. Ибодат, маърифат, биродарлик маскани бўлиб, мусулмонлар эътиқодини мустаҳкамлашга, ахлоқининг гўзаллашишига, ёмонликлардан узоқда бўлишига сабаб бўлади.
Муҳаммадназар домла Қаюмов масжид жамоасига муфтий ҳазратларининг табриклари, эзгу тилаклари, дуои хайрларини етказдилар. Масжидларни барпо этиш, обод этишнинг улуғ ажри ҳақида сўзлаб бердилар. Айниқса зарурат бўлган ана шундай чекка жойларда қурилиши айни муддао эканлигини билдирдилар. Бу жойда тоат-ибодатлар, солиҳ амаллар, Қуръони карим тиловати қиёматга қадар давом этишини тиладилар. Шунингдек, ташкилий ишларда фаоллик кўрсатган мутасаддилар, эзгу ниятли кишилар ҳаққига дуолар қилинди.
Шу билан Ўзбекистондаги масжидлар сони 2066 тага етди. Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг ўзида 10 та янги масжид очилиб, фаолият юрита бошлади.














Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими
18 август Тошкентнинг нафақат диний, балки маданий ва илмий мероси тарихида муҳим ўрин тутувчи сана. Қуръони Каримнинг энг қадимий қўлёзмаларидан бири сифатида эъзозланадиган Усмон Мусҳафи асрлар давомида Марказий Осиё тарихининг турли босқичларига гувоҳ бўлиб келган, хабар бермоқда iccu.uz.
Ушбу нодир қўлёзма йирик ҳажмдаги пергамент варақларга ёзилган бўлиб, матни қадимий Ҳижоз хатида битилган. Мусҳафда ҳозирги араб ёзувидаги нуқта ва ҳаракат белгилари мавжуд эмас. Манбаларда унинг сақланиб қолган қисми 338 ёки 353 варақдан иборат экани ҳақида турли маълумотлар учрайди. Айрим йўқолган пергамент варақлар кейинчалик қоғоз билан алмаштирилган. Қўлёзманинг аниқ санаси хусусида илмий адабиётларда турли қарашлар мавжуд.
Тарихий маълумотларга кўра, Мусҳаф узоқ йиллар Самарқандда сақланган. 1868–1869 йилларда у Санкт-Петербургга олиб кетилган ва Император халқ кутубхонасига топширилган. 1905 йилда қўлёзманинг 50 та факсимиле нусхаси кўчирилган. 1917 йилдаги сиёсий ўзгаришлардан кейин мусулмон уламоларининг талаби билан Мусҳаф аввал Уфага, кейин эса Ўрта Осиёга қайтарилиши жараёни бошланган.
1924 йилда Усмон Мусҳафи Татаристон, Бошқирдистон ва Туркистон уламоларидан ташкил топган махсус кузатувчилар ҳамроҳлигида махсус поезд орқали Уфадан Тошкентга олиб келинди. Тошкентга олиб келинганидан сўнг Мусҳаф бир муддат шаҳардаги масжидлардан бирида сақланди. Кейинчалик унинг асраб-авайланишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон тарихи давлат музейига топширилди.
1989 йил 14 март куни Тошкентда бўлиб ўтган Мусулмонларнинг IV қурилтойида Ўзбекистон ҳукумати қарори билан Усмон Мусҳафининг мусулмонлар ихтиёрига қайтарилгани эълон қилинди. Кейинчалик у Ўзбекистон мусулмонлари идораси ихтиёрига топширилди. Мусҳаф бир муддат Ҳазрати Имом мажмуасидаги «Мўйи Муборак» мадрасаси музей-кутубхонасида махсус шароитда ҳам сақланди.
Усмон Мусҳафининг тарихий ва маданий аҳамияти халқаро миқёсда ҳам эътироф этилган. 1997 йилда қўлёзма ЮНЕСКОнинг «Memory of the World» — «Жаҳон хотираси» дастури рўйхатига киритилган.
2025 йил 13 ноябрь — Усмон Мусҳафи тарихида яна бир муҳим сана. Айнан шу куни нодир қўлёзма Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига олиб келинди. Бугун Қуръон залидаги асосий экспонатлардан бири сифатида алоҳида ўрин эгаллаб, юртимизнинг кўп асрлик диний, илмий ва маънавий меросини намоён этувчи бебаҳо ёдгорлик сифатида тақдим этилган. Шунингдек, Марказда турли даврларда Сомонийлар, Қорахонийлар, Хоразмшоҳлар ва Темурийлар даврида кўчирилган Қуръон нусхаларини ҳам кўриш мумкин. Усмон Мусҳафи тарихи бу фақат бир қўлёзманинг тарихи эмас. Бу асрлар оша сақланган илмий ва маънавий мерос, уни асраб-авайлаган авлодлар хотираси ва Ўзбекистон заминида шаклланган буюк ислом цивилизациясининг узвий давомийлиги ҳақидаги тарихдир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати