Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
01 Сентябр, 2026   |   19 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:26
Қуёш
05:49
Пешин
12:23
Аср
17:01
Шом
19:00
Хуфтон
20:19
Bismillah
01 Сентябр, 2026, 19 Рабиъул аввал, 1448

Хушхабар: Бухорода янги масжид очилди!

27.12.2019   5579   3 min.
Хушхабар: Бухорода янги масжид очилди!

Бугун муборак жума куни юртимиз мусулмонлари учун муносиб туҳфа ўлароқ Ўзбекистондаги масжидлар сони яна биттага кўпайди. Бухоро вилояти Қоровулбозор туманида “Абдуллоҳ ибн Муборак” жоме масжиди рўйхатдан ўтказилиб, фаолият юрита бошлади. 

Қоровулбозор туманида шу вақтгача масжид йўқ эди. Бугунги кунда туманда 19 000 аҳоли истиқомат қилади. Аҳолининг кўп қисми жамоат намозларини адо этиш учун тумандан 50 км масофада жойлашган Когон туманидаги масжидларга қатнар эди. Бу албатта кўпчиликка қийинчилик туғдирар, айниқса кексалар учун мушкул ҳолат эди. “Туманимизда ҳам масжид бўлса эди”, дея орзу қилишар эди. 

Ниҳоят бу борада қилинган ҳатти-ҳаракатлар, уринишлар зое кетмади. Аҳолининг бир неча бор қилган мурожаатлари инобатга олиниб, маҳаллий ҳокимлик томонидан масжид қурилиши учун “Тинчлик” маҳалласи ҳудудидан ер ажратилди. 

Халқ ҳашари йўли билан бу жойда замон талабларига жавоб берадиган ва намозхонлар учун қулай шароитларга эга 450-500 кишилик сиғимга эга бўлган масжид қурилди. Тегишли ҳужжатлар тайёрланиб, вилоят адлия бошқармасидан давлат рўйхатидан ўтказилганлиги ҳақида гувоҳнома олинди.  Масжидга ислом оламидаги улуғ тобеинлардан бири  “Абдуллоҳ ибн Муборак” номи берилди.

Бугун, 27 декабр куни масжидда илк бор жума намози адо этилди. Шукрона сифатида элга ош дастурхони ёзилди. Маросимга Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими мудири Муҳаммадназар домла Қаюмов, уламолар, имом-хатиблар ташриф буюриб, ҳудуд аҳолисини янги масжид билан муборакбод этдилар.

Қишлоқ аҳолисининг севинчи чексиз. Тиллари-ю диллари шукронада, дуода.  Кўп йиллик армонлар бугун барҳам топди. Энди уларнинг ҳам ўз масжидлари, имом-хатиблари бор. Қорвулбозорда яна азон баралла янгради. Ҳақ таолонинг раҳматлари азон садолари етиб борган жойларгача сакинат ила нозил бўлди, гўё. Бу азон ҳудуд аҳолиси учун нажот чақириғи, маърифат, тарбия, илоҳий раҳматнинг даъвати бўлиб қайтиб келди. Зеро масжидлардан Аллоҳ таолонинг раҳмат нурлари таралиб туради. Ибодат, маърифат, биродарлик маскани бўлиб, мусулмонлар эътиқодини мустаҳкамлашга, ахлоқининг гўзаллашишига, ёмонликлардан узоқда бўлишига сабаб бўлади. 

Муҳаммадназар домла Қаюмов масжид жамоасига муфтий ҳазратларининг табриклари, эзгу тилаклари, дуои хайрларини етказдилар. Масжидларни барпо этиш, обод этишнинг улуғ ажри ҳақида сўзлаб бердилар. Айниқса зарурат бўлган ана шундай чекка жойларда қурилиши айни муддао эканлигини билдирдилар. Бу жойда тоат-ибодатлар, солиҳ амаллар, Қуръони карим тиловати қиёматга қадар давом этишини тиладилар. Шунингдек, ташкилий ишларда фаоллик кўрсатган мутасаддилар, эзгу ниятли кишилар ҳаққига дуолар қилинди.

Шу билан Ўзбекистондаги масжидлар сони 2066 тага етди. Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг ўзида 10 та янги масжид очилиб, фаолият юрита бошлади. 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими 

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

24–29 август кунлари Тошкентда “Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ, янги кашфиётлар” мавзусида халқаро медиафорум бўлиб ўтади

17.08.2026   66629   1 min.
24–29 август кунлари Тошкентда “Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ, янги кашфиётлар” мавзусида халқаро медиафорум бўлиб ўтади

24–29 август кунлари Ўзбекистон пойтахтида “Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ, янги кашфиётлар” мавзусида халқаро медиафорум ўтказилади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Тадбирнинг асосий қисми Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида ўтказилади. Унда хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари, халқаро экспертлар ва медиа соҳаси мутахассислари жам бўлади.

Форум дастуридан тантанали очилиш маросими, ялпи мажлислар, мавзуга оид медиа-кўргазмалар, матбуот анжуманлари ва икки томонлама учрашувлар ўрин олган. Шўба йиғилишлари доирасида ҳужжатли кино ва тарихий хотира, нашриёт лойиҳалари, замонавий технологиялар, шунингдек, медиа соҳасидаги халқаро лойиҳаларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон талабалари учун жаҳон медиа саноатининг етакчи мутахассислари иштирокида маҳорат дарслари ташкил этилади. Иштирокчилар замонавий журналистика, медиа маҳсулотлар яратиш ва халқаро ахборот маконида самарали фаолият юритиш борасида тажриба алмашади.

27 август куни форум қатнашчилари учун Самарқанд шаҳрига саёҳат уюштирилади. Дастур доирасида меҳмонлар Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилади ва шаҳарнинг тарихий-маданий мероси билан танишади. Шунингдек, Тошкент шаҳрида хорижий ОАВ вакиллари учун махсус медиа-тур ўтказилиши режалаштирилган.

Форум 28 август куни якуний ялпи мажлис ва тантанали ёпилиш маросими билан ўз ишини якунлайди. Хорижлик меҳмонлар, Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тадбирларда ҳам иштирок этади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари