Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
25 Август, 2026   |   12 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:17
Қуёш
05:42
Пешин
12:25
Аср
17:10
Шом
19:12
Хуфтон
20:32
Bismillah
25 Август, 2026, 12 Рабиъул аввал, 1448

Намоз сабоқлари: Саҳобалар ўқиган дуолар (Аудио)

26.12.2019   6376   4 min.
Намоз сабоқлари: Саҳобалар ўқиган дуолар (Аудио)

Ҳазрат Абу Бакр

(розияллоҳу анҳу) дуоси

Ё Аллоҳ! Менга имон, сидқидиллик, соғлиқ, офият ва соғлом бир ният бер.

Ё Аллоҳ! Умримнинг охирини энг хайрлиси, амалимнинг ниҳоясининг хайр­лиси ва Сенинг жамолингни кўрадиган кунимни кунларимнинг энг хайрлиси қил!

Ҳазрат Умар

(розияллоҳу анҳу) дуоси

Ё Аллоҳ! Мени ногаҳон ўлимдан ё ғафлатда қолдиришинг ёки ғофиллардан қилишингдан асрашингни сўрайман.

Ё Аллоҳ! Мени яхшилар орасида ўлдир, ёмонлардан қилма, оташ азобидан асра ва яхшилар қаторига қўшгин.

Ҳазрат Али

(розияллоҳу анҳу) дуоси

Ё Аллоҳ! Бало ва мусибатлардан, омадсизликдан, душманлар билан тортишишдан, ҳибс этилишдан, кишанланишдан ва калтакланишдан мени асра.

Ё Аллоҳ! Менинг гуноҳларим Сенга зарар қилмайди. Сенинг менга марҳамат қилишинг Сенинг марҳаматингни камайтирмайди.

Абдуллоҳ ибн Масъуд

(розияллоҳу анҳу) дуоси

Ё Аллоҳ! Сендан ўзгармас кучли имон, туганмас неъмат ва хулд жаннатининг энг юқори даражасида Пайғамбаринг билан бирга қилишингни сўрайман.

Эй Раббимиз! Келишолмаганларимизни яраштир, бизни Ислом йўлига ҳидоят айла, бизни зулматдан ёруғликка чиқар. Биздан ошкор ва яширин барча ёмонликларни кетказ. Кўзларимизга, қулоқларимизга, қалбларимизга, ишларимизга, аёлларимизга ва фарзандларимизга барака ато айла, гуноҳларимизни кечир. Шубҳасиз, Сен марҳаматли ва гуноҳларни кечиргувчисан. Бизни неъматингга шукр этувчи, ҳамд айтувчи қил ва неъматингни биздан аяма! («Ал-Канз», «Ал-Мунтаҳаб»дан.)

 

Абдураҳмон ибн Авф

(розияллоҳу анҳу) дуоси

Абу Ҳайёж Асадий (розияллоҳу анҳу)дан: «Бир куни Байтуллоҳни тавоф қилаётган бир одамнинг тинимсиз: «Ё Аллоҳ! Мени нафсимнинг очкўзлиги (тамагирлиги)дан асра!» дея дуо қилаётганини кўрдим. Унга яқинлашиб дедим:

Аллоҳдан шундан бошқа сўрайдиган нарсанг йўқми? Фақат бир дуони қайтаряпсан?

Агар нафсимнинг очкўзлигидан (тамагирлигидан) сақлансам, на ўғрилик, на зино ва на бирор гуноҳ қиламан, – деди.

Қарасам, у одам Абдураҳмон ибн Авф (розияллоҳу анҳу) экан (Тафсири Ибн Касирдан).

 

Ҳазрат Билол

(розияллоҳу анҳу) дуоси

Ё Аллоҳ! Менинг ёмонликларим ва нуқсонларимни кечиргин.

 

Абу Дардо

(розияллоҳу анҳу) дуоси

Билол ибн Саъд (розияллоҳу анҳу)дан: Абу Дардо (розияллоҳу анҳу) дер эди:

Ё Аллоҳ! Хаёл тарқоқлигидан асрашингни сўрайман.

“Хаёл тарқоқлиги нима?”,  дея сўрашди.

“Кишининг ҳар бир дарада бир мулки бўлишидир”, дея жавоб берди у.

Ё Аллоҳ! Олимларнинг қалблари менга лаънат ўқишидан паноҳ сўрайман, дея дуо қилган Абу Дардодан сўрашди:

“Олимларнинг қалбларининг лаънат ўқиши қандай бўлади?”

“Менга нисбатан нафрат этишларидир”, деди Абу Дардо.

 

Зайд ибн Собит

(розияллоҳу анҳу) дуоси

Ё Аллоҳ! Сендан бола-чақам ва қўл остимда менга қараб қолган қулларимни боқишга етгулик бойлик сўрайман. Ва бирор қариндошимнинг қариндошлик ҳақини адо этолмаганим учун мени баддуо қилишидан паноҳ тилайман.

 

Саъд ибн Убода

(розияллоҳу анҳу) дуоси

Ё Аллоҳ! Сенга ҳамд айтишни менга насиб эт.

 

Ибн Аббос

(розияллоҳу анҳу) дуоси

Ё Аллоҳ! Мени берган ризқингга қаноат этгувчилардан айла, менга берган ризқни баракотли қил ва орқада қолдирган ҳар нарсамни Ўзинг асра.

 

Анас

(розияллоҳу анҳу) дуоси

Ё Аллоҳ! Уни (мусулмон биродаримни) кечалари ибодат қилувчи ва кундузлари рўзадор кишилар дуосининг баракотидан маҳрум этма.

 

 

 

ЎМИ матбуот хизмати

Аудио
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Регистон майдонини Имом ал-Мотуридий мақбараси билан боғлайдиган кўча реконструкция қилинмоқда

14.08.2026   40586   1 min.
Регистон майдонини Имом ал-Мотуридий мақбараси билан боғлайдиган кўча реконструкция қилинмоқда

Самарқанднинг тарихий қисмида туризм инфратузилмасини кенг кўламли янгилаш ишлари давом этмоқда. Амалга оширилаётган лойиҳаларнинг асосий мақсади хорижий сайёҳларнинг қолиш муддатини узайтириш, қулай шаҳар муҳитини яратиш ва бир вақтнинг ўзида маҳаллий аҳолининг ҳаёт сифатини оширишдан иборат.

“Самаркандский вестник” нашрига кўра, туризмни ривожлантириш дастури доирасида эски шаҳарнинг 13 та кўчаси босқичма-босқич замонавий пиёдалар йўлагига айлантирилмоқда. Бу ерда янги хизмат кўрсатиш объектлари барпо этилмоқда, жамоат жойлари ободонлаштирилмоқда, миллий меъморчилик анъаналарини сақлаб қолган ҳолда муҳандислик коммуникациялари ва бино фасадлари янгиланмоқда.

Энг йирик лойиҳалардан бири Регистон майдонини Имом ал-Мотуридий мақбараси билан боғлайдиган Бухоро кўчасини реконструкция қилиш бўлди. Кўчанинг 850 метр қисми тўлиқ пиёдалар ҳудудига айлантирилади. Лойиҳани ишлаб чиқувчилардан бири, Самарқанд давлат техника университети ўқитувчиси Жасур Бердиқуловнинг таъкидлашича, илгари бу ерда қатнов қисмининг торлиги туфайли мунтазам равишда тирбандликлар юзага келган, қулай пиёдалар йўлакларининг йўқлиги эса пиёдалар учун жиддий ноқулайликлар туғдирган. Ишлар якунлангач, кўча хавфсиз жамоат майдонига айланади. Аҳоли учун алоҳида тўхташ жойи ажратилган бўлиб, транспорт воситаларининг киришига фақат зарурат туғилганда махсус хизматларга рухсат берилади. Шу билан бирга, сув, газ, электр ва бошқа муҳандислик тармоқлари тўлиқ модернизация қилинмоқда.

Олтин аср маҳалласида жойлашган Бағдод кўчасида ҳам ишлар давом этмоқда. Бу ерда 600 метрлик ҳудуд ободонлаштирилмоқда. Лойиҳа доирасида замонавий туризм ва хизмат кўрсатиш инфратузилмасини яратиш, кичик бизнес ва хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш кўзда тутилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари