Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
15 Август, 2026   |   2 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:04
Қуёш
05:32
Пешин
12:28
Аср
17:20
Шом
19:27
Хуфтон
20:52
Bismillah
15 Август, 2026, 2 Рабиъул аввал, 1448

Ислом тарихи: ДОВУД, СУЛАЙМОН, ИШАЪЁ АЛАЙҲИМУССАЛОМ

16.12.2019   20432   24 min.
Ислом тарихи: ДОВУД, СУЛАЙМОН, ИШАЪЁ АЛАЙҲИМУССАЛОМ

ДОВУД АЛАЙҲИССАЛОМ

Довуд алайҳиссаломнинг насаблари Яҳузо (Яҳудо) ибн Яъқуб ибн Исҳоқ ибн Иброҳимга боғланади. Насаб илми соҳибларининг ҳаммалари Довуд алайҳиссаломни Яҳузо ибн Яъқуб авлодидан эканларига иттифоқ қилишган.

Довуд алайҳиссалом пайғамбар қилиб юборилишларидан олдин Бану Исроил заифлашиб, шариат йўқолиб, ширку хурофотлар кенг тарқалиб кетган, уларнинг бу ҳоллари яқин қўшнилари томонидан қулай фурсат билиниб, ерлари босиб олинган эди. Ўша пайтда Бану Исроил босқинчиларнинг чулми остида турли азобларга гирифтор бўлиб, хору зор қолда яшар эдилар. Кейин аввалги сатрларда баён қилинган қодисалар бўлиб ўтди. Ёш йигит Довуд Жолутни қатл қилди. Сўнг Аллоҳ таоло унга мазкур фазлларни берди.

Аллоҳ таоло Довуд алайҳиссаломга илоҳий китоб ҳам берди. Бу ҳақда Нисо сурасида:

«Довудга эса Забурни бердик» (163-оят), дейди.

Тарихчилар: «Аллоҳ таолодан Забур берилган, пайғамбар бўлган вақтларида Довуд алайҳиссаломнинг ёшлари қирқда эди», дейишади. Забур тўрт илоҳий китобнинг бири экани ҳаммага маълум. Унда мавъизалар, ибратлар, зикр қилинадиган дуолар жам бўлган.

Довуд алайҳиссаломнинг овозлари жуда ҳам ширали бўлган. У зот тиловат қилганларида осмондаги қушлар ҳам тўхтаб қолар экан.

Аллоҳ таоло Довуд алайҳиссаломга яна бир қанча фазл­ларни ҳам берган эди. Бу ҳақда Сод сурасида сўз боради:

«Қувват соҳиби бўлган бандамиз Довудни эсла. Ал­батта, у сертавбадир» (17-оят).

Довуд алайҳиссаломга Аллоҳ таоло ҳар жиҳатдан қувват берган эди. У зот динда бақувват эдилар. Кун оралаб рўза тутар, кечанинг ярмида ухлаб, ярмида ибодат қилардилар. Подшохдиклари ҳам кучли эди.

«Албатта, у сертавбадир».

Яъни ҳар бир нарсада Аллохга тавба қилувчидир. «Тавба» сўзининг луғавий маъноси ҳам «қайтиш»дир.

«Биз унга тоғларни беминнат хизматкор қилиб қўйдик. Улар у билан бирга кечқурун ва эрталаб (Аллоҳни) поклаб ёд этардилар. Тўпланган ҳолдаги қушларни ҳам. Барчалари У Зотга сертавбадирлар» (18-19-оятлар).

Аллоҳ таоло Довуд алайҳиссаломга тоғларни бўйсундириб қўйган, тоғлар у зот билан бирга Аллоҳ таолони эртаю кеч поклаб ёд этар эди.

Шунингдек, Аллоҳ таоло Довуд алайҳиссаломга қушларни ҳам бўйсундириб қўйган эди. Улар ҳам у зотга қўшилиб, Аллоҳ таолони эртаю кеч поклаб ёд этишарди.

Бунинг устига,

«...унга подшоҳлигини қувватли қилиб бердик ҳамда ҳикматни ва ҳал қилувчи нутқни бердик» (20-оят).

«...унга подшоҳлигини қувватли қилиб бердик».

Довуд алайҳиссалом пайғамбар бўлишлари билан бирга подшоҳ ҳам эдилар. У зотнинг салтанатларини Аллоҳ тао­ло кучли қилиб қўйган, аскарлари кўп эди.

«...ҳамда ҳикматни ва ҳал қилувчи нутқни бердик».

Биз Довудга пайғамбарликни ҳам бердик. Яна унга талашиб-тортишганлар орасидаги жанжални ҳал қилиш ҳукмини бердик. У ҳеч иккиланмай ҳукм чиқарар эди.

Аллоҳ таолонинг Довуд алайҳиссаломга айтган қуйидаги сўзлари ҳам одамлар орасида ҳукм чиқаришда эҳтиёткор бўлишни яна бир бор таъкидлайди:

«Эй Довуд, албатта Биз сени ер юзида халифа қилдик. Бас, одамлар орасида ҳақ ила ҳукм юрит. Ҳавойи нафсга эргашма! Яна у сени Аллоҳнинг йўлидан адаштирмасин. Албатта, Аллоҳнинг йўлидан адашадиганларга унутганлари учун Ҳисоб кунида шиддатли азоб бордир» (26-оят).

Инсон зоти аслида Аллоҳ таолонинг ер юзидаги халифаси (ўринбосари) ҳисобланади. Бу ҳақиқат бошқа оятларда алоҳида таъкидланган. Ушбу оятда эса зиммасига одамлар орасида ҳукм қилиш масъулияти юкланган Довуд алайҳиссаломга ўхшаш инсонларга халифалик яна ҳам оғир экани таъкидланмоқда.

«Эй Довуд, албатта Биз сени ер юзида халифа қилдик». Яъни биз сени ер юзида Ўзимизга ўринбосар қилиб қўйдик. Сен у ерда одамларнинг баъзи ишларини бошқарасан. Бу сенга жуда катта масъулиятдир. Уни адо этишда эҳтиёт бул.

«Бас, одамлар орасида ҳақ ила хукм юрит».

Шундай экан, Аллоҳнинг бандалари орасида адолат билан ҳукм юрит.

«Ҳавойи нафсга эргашма!»

Ўзингнинг нафсингдан чиқадиган ўй-фикрларга эргашма.

«Яна у сени Аллоҳнинг йўлидан адаштирмасин».

Ҳавойи нафсига эргашиш доимо Аллоҳнинг йўлидан адашишга олиб келган.

«Албатта, Аллоҳнинг йўлидан адашадиганларга унутганлари учун Ҳисоб кунида шиддатли азоб бордир».

Ҳавойи нафсга эргашиш Аллоҳнинг йўлидан адашишга, бу эса ўз навбатида, Аллоҳни унутишга олиб келади. Аллоҳнинг йўлидан адашиш дегани Аллоҳни унутиш деганидир. Бўлмаса, Аллоҳнинг ҳукмлари турганда бошқа ҳукм юритилармиди?! Аллоҳнинг ҳукмидан юз ўгирганларга шиддатли азоб бордир.

Аллоҳ таоло Ўз иноятига олган бандаларини эса худди Довуд алайҳиссалом сингари аввалдаёқ огоҳлантириб қўяди.

Аллоҳ таоло Сабаъ сурасида Ўз пайғамбари Довуд алайҳиссаломга берган нарсалари ҳақида қуйидагиларни айтади:

«Батаҳқиқ, Биз Довудга Ўзимиздан фазл бердик. «Эй тоғлар, у билан бирга (тасбеҳни) қайтаринг ва қушлар ҳам» (дедик). Унга темирни юмшоқ қилдик» (10-оят).

Довуд алайҳиссалом Аллоҳ таолога итоатли бандалардан бўлганлари учун оятда Аллоҳ таодонинг Ўзи у зотга бошқаларда йўқ нарсаларни бергани ҳақида хабар бермоқда.

«Батаҳқиқ, Биз Довудга Ўзимиздан фазл бердик».

Пағамбарлик ато этгани, илоҳий китоб бўлмиш Забурни нозил қилгани, Тоғларни ва қушларни у зотга хизматкор қилиб қўйгани, темирни юмшатиб бергани ва бошқа нарсалар Аллоҳ таоло Довуд алайҳиссаломга ато этган мўъжизалардир. Улардан баъзиси ушбу оятда зикр қилинмоқда.

«Эй тоғлар, у билан бирга (тасбеҳни) қайтаринг ва қушлар ҳам».

Довуд алайҳиссалом Аллоҳ таолони поклаб тасбеҳ айтганларида, Забурни тиловат этган пайтларида тоғу тошлар ҳам, қушу ҳайвонлар ҳам у зотга қўшилар эди. «Унга темирни юмшоқ қилдик».

Аллоҳ таоло Довуд алайҳиссаломга темирни хамирдек юмшоқ қилиб берган эди. У зот темирни оловга солиб тобламасдан ҳам, болға билан урмасдан ҳам, нимани хоҳласалар, ўшани қўллари билан ясай олар эдилар.

«...ва (унга) «Совутлар қилгин ва бичимини ўлчовли қил. Солиҳ амаллар қилинглар. Албатта, Мен нима амал қилаёттанингизни кўриб турувчиман» (дедик)» (11-оят).

Яъни «Биз Довудга: «Ўзингга берилган хамирдек юмшоқ темирдан совут ясагин. Ўша совутларнинг бичимини ўлчовли қилгин», дедик. Совут Довуд алайҳиссаломгача бир бутун тўсиқ шаклида ясалар экан. Аллоҳ таоло Довуд алайҳиссаломга илҳом бергач, у зот совутни ҳалқалардан улаб, кийим шаклида ясайдиган бўлган эканлар. Оятдаги «бичимини ўлчовли қил» дегани «Ўша совутнинг ҳалқаларини бир-бирига мослаб, ўлчовли қил» деган маънони англатади.

Айни пайтда Аллоҳ таоло Довуд алайҳиссалом ва у зотнинг аҳдларига хитобан «Солиҳ амаллар қилинглар», демоқда.

Яъни «Сизларга шунчалик фазлни бериб қўйдим. Бу эса сизларнинг яхши амаллар қилишингизни тақозо этади. Бу ишда нуқсонга йўл қўя кўрманглар».

«Мен нима амал қилаётганингизни яхши кўриб ту­рувчиман».

Қилган амалингизга яраша мукофот ёки жазо берилади.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло у зотнинг ортидан ҳам мулкда, ҳам пайғамбарликда ўғиллари Сулаймон алайҳиссаломнинг қолишини ихтиёр қилди. Довуд алайҳиссалом ва Сулаймон алайҳиссаломларнинг раҳбарлик ва нубувват даврлари фаровонлик, барқарорлик даври бўлиб, иброний халқлар жуда яхши яшаб ўтишга имкон топишди.

Довуд алайҳиссалом милоддан аввалги X асрда 100 ёшларида оламдан ўтдилар ва Байтул мақдисдан Рамлага борадиган йўлнинг ўнг томонидаги тоққа дафн этилдилар.

 

СУЛАЙМОН АЛАЙҲИССАЛОМ

Сулаймон алайҳиссалом Бану Исроилга юборилган набийлардан бири бўлиб, Довуд алайҳиссаломнинг ўғилларидир. Сулаймон алайҳиссаломга ҳам, худди оталарига берилганидек, подшоҳлик билан пайғамбарлик қўшиб берилган. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Намл сурасида қуйидагиларни айтади:

«Сулаймон Довудга ворис бўлди ва: «Эй одамлар, бизга қуш тили ўргатилди ва ҳар бир нарсадан берилди. Бу, албатта, очиқ-ойдин фазлдир», деди» (16-оят).

Ушбу оятдаги «ворислик» отанинг вафотидан кейин ундан қолган мол-мулкка нисбатан оддий ворислик эмас, бал­ки илмга ворисликдир.

Сулаймон алайҳиссаломга оталаридан мазкур илм мерос қилиб берилган пайтда у киши ёш эдилар. Шунга қарамай, ўзларидаги Аллоҳ таоло томонидан ато этилган иқтидор ила оталарининг мулкини оқилона идора қила бошладилар. Подшоҳ бўлганларидан сўнг тўрт йил ўтгач, оталарининг васиятларига амал қилиб, Байтул мақдисни қуришни бошладилар. Катта миқдорда маблағ сарфлаб, бу қурилишни етти йилда ниҳоясига етказдилар. Шаҳар атрофига айлантириб қўрғон қурдилар.

У зот ёш бўлсалар ҳам, Аллоҳ таоло берган фазл ва ҳикмат ила оталарининг тириклик чоғидаёқ кўзга кўриниб қолган эдилар.

Бир куни ўз даврининг пайғамбари ва подшоҳи бўлмиш Довуд алайҳиссаломнинг ҳузурларига икки киши ораларида ҳукм чиқарилишини сўраб келишди. Улардан бири экинзор соҳиби, иккинчиси қўйлар сурувининг эгаси эди.

Довуд алайҳиссалом қўйларнинг кечаси тарқалиб, экинзорни пайхон қилгани, еб битиргани ҳақидаги икки томоннинг гапини эшитиб бўлгач, қўйларнинг экинзор эгасига берилиши кераклиги ҳақида ҳукм чиқардилар.

Пайхон қилиниб, йўқ бўлган экинзор ўрнига уни пайхон қилган қўйларни олиб бериш бир қарашда айни адолат эди. Ушбу ҳукм чиқарилгач, қўйларнинг эгаси уйига қайтаётиб, йўлда Сулаймон алайҳиссаломни учратиб қолди ва бўлган воқеани у зотга айтиб берди.

Шунда Сулаймон алайҳиссалом оталари Довуд алайҳиссаломнинг ҳузурларига кириб: «Эй Аллоҳнинг набийси, ҳукм сиз чиқарган ҳукмдек бўлмаслиги керак эди», деди­лар. Довуд алайҳиссалом: «Қандай бўлиши керак эди?» деб сўрадилар. Сулаймон алайҳиссалом: «Қўйларни экинзорнинг эгасига беринг, у фойдаланиб турсин. Экинзорни эса қўйларнинг эгасига беринг, уни тузатиб, асл ҳолига келтирсин. Сўнг ҳар ким ўз нарсасини қайтариб олади. Экинзор эгаси экинзорини эски ҳолига келганидан сўнг қайтариб олади. Қўйларнинг эгаси ҳам ана ўшанда қўйларини қайтариб олади», дедилар. Шунда Довуд алайҳиссалом: «Ҳукм сен чиқарган ҳукмдир», дедилар.

Аллоҳ таоло Довуд алайҳиссаломга бергани каби Су­лаймон алайҳиссаломга ҳам кўпгина фазлларни берди. Бу фазллар Сулаймон алайҳиссалом учун мўъжизалар эди. Ўша фазлларнинг баъзилари ҳақида Сод сурасида шундай марҳамат қилинган:

«Унга шамолни беминнат хизматкор қилиб қўйдик, унинг амри билан у ирода қилган томонга майин эсаверади. Яна барча бинокор ва ғаввос шайтонларни ҳам. Бошқаларини ҳам кишанланган ҳолда тўплаб (бўйсундирдик)» (36-38-оятлар).

Сулаймон алайҳиссаломга Аллоҳ таоло томонидан берилган фазллар ҳақида Сабаъ сурасида қуйидагилар айтилади:

«...ва Сулаймонга шамолни (бердик). Унинг (шамолнинг) эрталаб кетиши бир ойлик, кечқурун қайтиши бир ойлик йўл эди. Унга мис булоғини оқизиб қўйдик на жинлардан Роббининг изни ила унинг ҳузурида ишлайдиганлари бор эди. Улардан ким амримиздан чиқса, унга қаттиқ олов азобини тоттирамиз» (12-оят).

Яъни Сулаймон алайҳиссаломга берилган ўша шамол эрталабдан тушгача бир ойлик йўлни, тушдан кечқурунгача яна бир ойлик йўлни босиб ўтар, бир кунда икки ойлик йўлни юриб қўяр эди.

«Улар (жинлар) унга меҳроблар, ҳайкаллар, ҳовузлар каби лаганлар ва собит қозонлардан хоҳлаганини қилиб беришар эди. Эй Оли Довуд, шукр килинглар! Бандаларимдан шукр қилувчилари оздир» (13-оят).

Ҳа, бу нарсалар Аллоҳ таоло томонидан Сулаймон алай­ҳиссаломга берилган фазлдир.

Аллоҳ таоло Сулаймон алайҳиссаломга жинлардан ҳам, инсонлардан ҳам, қушлардан ҳам лашкар берди. Албатта, у зотга дунёдаги ҳамма одамлар эмас, балки ўзлари яшаб турган жойдаги маълум бир кишилар аскар бўлишган. Шунингдек, жинлар ва қушлардан ҳам маълум миқдори у зот­га аскарлик қилганлар.

Ушбу оятда ана шу аскарларнинг Сулаймон алайҳиссалом ҳузурларида саф тортиб, тизилиб турганлари васф қилинмокда. Демак, улар муҳим бир сафар олдидан шу тарзда тизилиб, йўлга тушганлар.

Сулаймон алайҳиссаломга берилган фазллар ҳақида Намл сурасида ҳам сўз юритилгани юқорида айтилди. Ушбу сурада у зот билан бўлиб ўтган қуйидаги ҳодисаларнинг баёни келган. Сулаймон алайҳиссалом ўзларининг жин, инсон ва қушлардан иборат аскарлари билан юриб бораётган эдилар.

«Улар чумолилар водийсига келганларида бир чумоли: «Эй чумолилар, масканларингга киринглар, Су­лаймон ва унинг аскарлари билмасдан сизларни эзиб юбормасин», деди» (18-оят).

Одатда тўп-тўп аскарлар саф бўлиб ўтганларида унча-бунча нарсага эътибор бермай, дуч келган нарсани оёқости қилиб кетаверадилар.

«Улар чумолилар водийсига келганларида...»

Яъни чумолилар яшайдиган жойга етганларида...

Ўша чумоли, эҳтимол, чумолилар водийсининг хавф-хатардан огоҳлантирувчи масъули бўлгандир. Шу сабабли у уларга инларига кириб туришни маслаҳат берди. Унинг бу гапларини Сулаймон алайҳиссалом ҳам эшитдилар ва

«...унинг сўзидан табассум қилди ва: «Роббим, менга ва ота-онамга берган неъматларингга шукр этишимни ва Сен рози бўладиган солиҳ амаллар қилишимни насиб қилгин ва раҳматинг ила мени солиҳ бандаларингга қўшгин», деди» (19-оят).

Сулаймон алайҳиссалом чумолининг сўзларини эшитиб жилмайдилар. Дарҳақиқат, кичик бир жонзотнинг шунчалик зийрак ва ҳушёр бўлиши, бошқаларининг бу бошлиққа итоат қилиши ажойиб ҳолат эди. Шу билан бирга, чумолиларнинг гапларини эшитиш, тушуниш яна ҳам ажойиб ва кишини қувонтирадиган иш. Бу Аллоҳнинг неъмати эди. Шунинг учун ҳам Сулаймон алайҳиссалом дарҳол шукр келтирдилар:

«Роббим, менга ва ота-онамга берган неъматларинг­га шукр этишимни ва Сен рози бўладиган солиҳ амал­лар қилишимни насиб қилгин».

Шунингдек, Аллоҳ рози бўладиган солиҳ амаллар қилишга муяссар бўлиш ҳам катта фазлдир. Унга ҳам Аллоҳга сидқидилдан шукр қила оладиганлар муяссар бўла оладилар, холос.

«...раҳматинг ила мени солиҳ бандаларингга қўшгин».

Шундан кейин аскарлар яна саф тортишди. Сулаймон алайҳиссалом уларни бирин-кетин кўздан кечира бошладилар.

«У қушларни текширди-да, деди: «Нега Ҳудҳудни кўрмаётирман ёки у ғойиблардан бўлдими?» (20-оят)

Сулаймон алайҳиссалом лашкарни текшириб келиб, қушлар бўлимига етганларида сафда Ҳудҳуд (попишак) йўқлигини пайқаб қолдилар.

«Нега мен Ҳудҳудни кўрмаётирман ёки у ғойиблардан бўлдими?» дедилар.

Сўнг Сулаймон алайҳиссалом қаттиқ оҳангда дедилар:

«Ё мен уни шиддатли азоб-ла азобларман ёки сўйиб юбораман, ё у менга очиқ-ойдин ҳужжат келтиради» (21-оят).

Бу қилган иши учун Ҳудҳудга албатта шиддатли азоб бераман. Бир йўла сўйиб юборишим ҳам мумкин. Ёки бўлмаса узрини тасдиқловчи арзирли ҳужжат келтириши шарт.

«Кўп ўтмай, у келиб деди: «Мен сен билмаган нарсани билдим ва сенга Сабаъдан ишончли бир хабар олиб келдим» (22-оят).

Сабаъ Арабистон яриморолининг жанубида, Яманда жойлашган бир мамлакат эди. Ҳудҳуд ана ўша ердан ўта муҳим – ҳам пайғамбар, ҳам подшоҳ, ҳам инсу жин ва қушлардан иборат лашкарга бош бўла туриб, Сулаймон алайҳиссалом билмаган – бир хабарни келтирганини айтди. Сўнг Ҳудҳуд тўхтамай, сўзида давом этди:

«Мен бир аёлни кўриб қолдим. У уларнинг маликаси экан. Унга ҳар нарсадан берилган экан. Ҳамда унинг улуғ тахти бор экан. Мен унинг ва қавмининг Аллоҳни қўйиб, қуёшга сажда қилаётганларини ва шайтон улар­га амалларини зийнатлаб, йўлдан тўсаётганини кўрдим. Бас, улар ҳидоят топмаслар» (23-24-оятлар).

Ҳудҳуд муҳим хабарни айтиб бўлди.

Сулаймон алайҳиссалом Ҳудҳудга: «Сенинг гапинг асосида дарҳол бир ҳукм чиқаришга ошиқмаймиз, келтирган хабаринг ростми ёки ёлғон эканини текшириб кўрамиз», дедилар.

Сўнг бир хат ёзиб, муҳр босиб, Ҳудҳудга бердилар. Ҳуд-ҳуд мактубни олиб йўлга чиқди. Сабаъ мамлакатига етиб келиб, саройга яқин жойга мактубни ташлаб қўйди ва ўзи четга чиқиб турди. Бу мактуб қандай қилиб маликанинг қўлига тушгани сурада айтилмаган. Гап маликанинг мактубни олиб, у ҳақда аъёнларига хабар бераётган жойидан давом этади.

Малика аъёнларига мактуб ҳақида хабар берди. У одамлари билан маслаҳатлашиб иш кўрар эди. Шу билан бирга, малика ўзи сезган белгилар асосида мактубнинг кароматли эканини ҳам айтиб, маслаҳат сўраган эди, аъёнлар бирор фикр айтишдан ўзларини олиб қочишди.

Ана шундан кейин малика ўз қарорини айтди:

«Подшоҳлар бирор шаҳар-қишлоққа кирсалар, уни вайрон қилурлар ва унинг азиз аҳлларини хор қилурлар. Ана шундай қилурлар. Мен уларга бир ҳадя юборурман, кўрай-чи, элчилар нима билан қайтар эканлар» (34-35-оятлар).

Сабаъ маликасининг элчиси ҳадяни олиб келиб, Сулай­мон алайҳиссаломга тақдим этди. Бу иш у зотга ёқмади. Аллоҳнинг йўлига қилган даъватларини қабул қилиш ўрнига мол-дунё билан кўнгилларини олишга уринаётганларидан аччиқлари чиқди. Элчига қараб:

«Менга мол-дунё ила мадад бермоқчимисиз?! Бас, Аллоҳ менга берган нарса сизга берган нарсадан яхшидир...» (36-оят) дедилар.

Элчи қайтиб бориб, бўлган воқеани айтди.

Сўнг Сулаймон адайҳиссалом Сабаъ маликасининг ўз одамлари билан келаётганидан хабардор бўлдилар. Шунда у зот:

«Эй аъёнлар! Улар менга таслим бўлиб келишларидан олдин қайсингиз ҳузуримга унинг тахтини келтира олади?» деди» (38-оят).

Сабаъ маликаси ўз одамлари билан йўлга чиқибди. Улар бу ёққа келишмоқда. Сизлардан қай бирингиз улар менга таслим бўлиб етиб келишларидан аввал ҳузуримга малика­нинг тахтини етказиб кела олади?

«Жинлардан бўлган ифрит: «Мен уни сенга мақомингдан тургунингча келтирурман. Мен бунга қувватли ва ишончлиман», деди» (39-оят).

Араб тилида ёмонликда учига чиққан ва қувватли жин-шайтон «ифрит» дейилади. Бу сўз шайтонга ўхшаш одамга иисбатан ҳам ишлатилади. Сулаймон алайҳиссаломнинг мазкур гапларидан кейин у зотнинг аскарларидан бўлган ифрит: «Мен уни сенга мақомингдан тургунингча келтирур­ман. Мен бунга қувватли ва ишончлиман», деди». Афтидан, унинг бу гапи Сулаймон алайҳиссаломга ёқмади. Шунда:

«Китобдан илми бор зот: «Мен уни сенга кўзингни очиб юмгунингча келтирурман», деди. (Сулаймон) унинг ўз ҳузурида қарор топганини кўргач, «Бу Роббимнинг фазлидандир. Мен шукр киламанми ёки ношукрлик қиламанми, синаш учундир. Ким шукр келтирса, ўзи учунгина шукр қилур. Ким ношукрлик қилса, Роббим ғанийдир, карамлидир», деди» (40-оят).

Уламоларимиз ушбу ояти каримада зикр қилинган «ки­тобдан илми бор зот»нинг кимлиги ҳақида кўпгина фикрларни илгари суришган. Жумладан, «У Тавротни, Исмул аъзамни биладиган шахс эди», «Исми Осаф ибн Бархиё эди», «Лавҳул маҳфуздан хабари бор эди» деган гапларни айтишган. Лекин Қуръони Карим ёки Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари бирор нарса айтмаганларидан кейин, бошқа бирор ишончли илмий далил бўлмагач, Қуръон ибораси билан кифояланиб, Аллоҳ ўша шахсни «китобдан илми бор» деб айтибди, у ёғини Ўзи билади, дейишимиз тўғрироқдир.

Баъзи бир уламолар эса: «Китобдан илми бор зот» Сулаймон алайҳиссаломнинг ўзлари», дейишган. Агар шундай бўлганида, оятда зикр қилинар эди. Зикр қилинмабдими, демак, у бошқа шахс.

Хулласи калом, ифритдан кейин «китобдан илми бор зот» Сулаймон алайҳиссаломга:

«Мен уни сенга кўзингни очиб юмгунингча келтирурман», деди».

«Мен ифритга ўхшаб, ишни чўзиб ўтирмайман».

Демак, Аллоҳ таоло Сулаймон алайҳиссаломга қўлидан шунчалик ишлар келадиган махлуқотларни ҳам аскар қилиб қўйган экан.

Дарҳақиқат, шундай бўлди ҳам. Маликанинг тахти келтирилди.

«(Сулаймон) унинг ўз ҳузурида қарор топганини кўргач: «Бу Роббимнинг фазлидандир», деди.

Бир зумда рўй берган бу ҳодиса Сулаймон алайҳиссаломни шошириб қўймади. Ўша ғаройиб ишни амалга оширган илмли шахс ўз аскарларидан экани у зотни ғурурлантириб юбормади. Ҳузурларида Сабаъ маликасининг тахти турганини кўриб, туғёнга ҳам бормадилар. Дарҳол дилларига, тилларига «Бу Роббимнинг фазлидандир» деган фикр, сўз келди.

Сабаъ маликаси яқинлашганда, Сулаймон алайҳиссалом дедилар:

«Унинг тахтини танимайдиган қилиб қўйинг. Кўрайлик-чи, (малика) уни танирми ёки танимайдиганлардан бўлурми?» (41-оят)

Сабаъ маликаси тахтни кўриб, ўзиникига ўхшатди. Меники дейин деса, Сабаъда қолган тахт ўзидан олдин қандай қилиб бу ерда пайдо бўлади? Меники эмас дейин деса, ўзиникидан ҳеч фарқи йўқ. Шунинг учун: «Худди ўшанинг ўзи» (42-оят) деб икки томонга бурса ҳам бўлаверадиган жавоб қилди.

Сулаймон алайҳиссалом Сабаъ маликасига мўъжиза кетидан мўъжиза кўрсатишда давом этдилар. Бу сафар ажойиб саройни кўрсатиб: «Унга «Саройга кир», дейилди» (44-оят). Малика саройни кўрган чоғида унинг майдонини сув деб ўйлаб, кийими ҳўл бўлмаслиги учун этакларини кўтариб оёқларини очди. Маликанинг бу ҳолини кўрган Сулай­мон алайҳиссалом унга изоҳ бериб: «Бу биллурдан силлиқ қилиб ясалган сарой», деди» (44-оят).

Ана шунда малика рўй бераётган ҳодисалар оддий эмаслигига, балки Аллоҳ юборган пайғамбарнинг мўъжизалари эканига ишонч ҳосил қилди. Аллоҳ таолонинг қудратига тан берди.

Қуръони Каримда қиссалари келган пайғамбарлардан фақат Сулаймон алайҳиссаломнинггина вафотлари қандай бўлгани оят ила баён қилинган. Бу вафотда ҳам ҳамма учун катта ибрат борлиги учун шундай қилинган бўлса, ажаб эмас. Аллоҳ таоло Сабаъ сурасида қуйидагиларни айтади:

«Биз унга ўлимни ҳукм этганимизда, асосини еяётган ёғоч қуртидан бошқа ҳеч бир нарса унинг ўлими ҳақида далолат қилмади. Йиқилганида, жинларга – агар улар ғайбни билганларида – хорловчи азобда қолмаган бўлишлари аён бўлди» (14-оят).

Аллоҳ таоло Сулаймон алайҳиссаломнинг жонларини у зот жинларни ишлатиб қўйиб, асоларига суяниб турганларида олган. Жинлар эса «Сулаймон кузатиб турибди» деб, қўрққанларидан машаққатли ишларида давом этаверганлар. Аллоҳ таолонинг иродаси билан бир ёғоч қурти Сулаймон алайҳиссалом суяниб турган асони ея бошлаган. Қурт асони маълум миқдорда еганидан кейин асонинг таянч нуқтасига футур етиб, жойидан сурилган ва Сулаймон алайҳиссалом ерга йиқилганлар. Ўшандагина жинлар ўз даъволарига қарши ўлароқ, ғайб илмини билмасликларини тушуниб етишган, ана шундагина жинларга –

«агар улар ғайбни билганларида – хорловчи азобда қолмаган бўлишлари аён бўлди».

Ҳолбуки, баъзи одамлар ўша ожиз жинларга ибодат қилиб, уларни «Ғайбни биладилар» деб улуғламоқдалар.

Ўшанда Сулаймон алайҳиссалом эллик уч ёшда бўлган эканлар (мил. авв. 985-932 йиллар). У зот Байтул макдисга дафн этилганлар.

Сулаймон алайҳиссалом қирқ йил подшоҳлик қилиб, ер юзида Аллоҳнинг шариатини йўлга қўйдилар. У зотнинг вафотларидан кейин ўринларига ўғиллари Роҳбаъом подшоҳ бўлди. У кишидан сўнг Бану Исроил заифлашди, фасодлари янада ортди.

 

ИШАЪЁ АЛАЙҲИССАЛОМ

Ишаъё[1] алайҳиссалом милоддан аввалги VII асрда яшаб ўтган набийлардан биридирлар.

Калдонийлар Байтул мақдисга ўзларининг подшоҳлари Санҳориб бошчилигида кирмоқчи бўлишди. Аллоҳ таоло уларни мазкур Ишаъё алайҳиссаломнинг дуолари сабабли ҳалокатга учратди. Шундан сўнг Бану Исроилнинг ёмонликлари ва фасодлари яна ҳам ортди, улар ўз набийлари ва халоскорлари бўлмиш Ишаъё алайҳиссаломни қатл қилишди. Аллоҳ таоло у кишидан кейин Армиё[2] алайҳиссалом ва бошқа набийларни юборди. Бану Исроил эса ўз набийларини ёлғончига чиқариш ва жонларига қасд қилишда давом этишди.

 

КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:

Байтул мақдиснинг хароб бўлиши;

Европа тамаддунининг бошланиши;

Бану Исроил тарихининг давоми;

Закариё алайҳиссалом;

Яҳё алайҳиссалом;

Ийсо алайҳиссалом.

 

[1] «Ишаъё» исми араб тилида яна «Ашъиё, Шаъё, Шаъиё, Шиъё, Шуъё, Шуъаё» тарзида ҳам талаффуз қилинади, русчада эса «Исайя» деб ўқилади.

[2] Русчада «Иеремия» (мил. авв. VII-VI асрлар) шаклида учрайди.

Кутубхона
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси тўғрисида

14.08.2026   7040   49 min.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси тўғрисида

Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий Қонуни

Қонунчилик палатаси томонидан 2026 йил 6 августда қабул қилинган

Сенат томонидан 2026 йил 7 августда маъқулланган

 

1-боб. Умумий қоидалар

1-модда. Ушбу Конституциявий Қонуннинг мақсади

Ушбу Конституциявий Қонуннинг мақсади Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг (бундан буён матнда Администрация деб юритилади) фаолиятини тартибга солишдан иборат.

 

2-модда. Администрация тўғрисидаги қонунчилик

Администрация тўғрисидаги қонунчилик Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, ушбу Конституциявий Қонун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорлари, шунингдек бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.

 

3-модда. Администрациянинг ҳуқуқий мақоми

Администрация Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат бошлиғи сифатида давлат ҳокимияти органларининг келишилган ҳолда фаолият юритишини ва ҳамкорлигини таъминлашига кўмаклашадиган, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ваколатларини амалга оширишни ташкилий, ҳуқуқий ва таҳлилий жиҳатдан таъминлайдиган давлат органидир.

Администрация Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари, фармойишлари ва топшириқлари ижроси доирасида давлат органларининг ва ташкилотларининг, давлат иштирокидаги корхоналарнинг (бундан буён матнда давлат органлари ва ташкилотлари деб юритилади) фаолиятини мувофиқлаштиради, мазкур ҳужжатларнинг ижросини мониторинг қилади ва назоратини ташкил этади.

Администрация ўз фаолиятида бевосита Ўзбекистон Республикаси Президентига бўйсунади ва унга ҳисобдордир.

Администрация юридик шахс ҳисобланади, у Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ҳамда ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга ва бланкаларга эга бўлади.

 

4-модда. Администрация фаолиятининг асосий принциплари

Администрация фаолиятининг асосий принциплари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларининг устунлиги, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг устуворлиги, холислик, мустақиллик, очиқлик ҳамда шаффофликдан иборат.

 

5-модда. Администрацияни шакллантириш

Администрация Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан шакллантирилади.

Администрацияга Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган Администрация Раҳбари бошчилик қилади.

Администрация ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланадиган асосий йўналишлар доирасида амалга оширади.

Администрация Раҳбари ва унинг шартнома асосида жалб қилинадиган маслаҳатчилари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёрдамчиси, Администрация Раҳбарининг ўринбосарлари, Администрация Раҳбари котибияти мудири, Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчилари, уларнинг биринчи ўринбосарлари ва ўринбосарлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг вакиллари, Администрация таркибий бўлинмаларининг бошлиқлари ҳамда уларнинг биринчи ўринбосарлари ва ўринбосарлари Администрациянинг мансабдор шахслари (бундан буён матнда Администрациянинг мансабдор шахслари деб юритилади) ҳисобланади.

Администрация бошқарув ва хизматчи ходимларининг лавозимлари рўйхати Администрация тўғрисидаги низомда белгиланади.

Администрациянинг регламенти, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги давлат органлари ва ташкилотлари тўғрисидаги низомлар Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан, Администрация тўғрисидаги низом, Администрация ҳузуридаги давлат органлари ва ташкилотлари тўғрисидаги низомлар, Администрация таркибий бўлинмалари фаолиятининг асосий йўналишлари ва Администрация ходимларининг штатлар жадвали Администрация Раҳбари томонидан тасдиқланади.

Администрациянинг таркибий бўлинмалари тўғрисидаги низомлар, Администрация ходимларининг функционал вазифалари ва Администрация таркибий бўлинмаларининг тузилмалари Администрация таркибий бўлинмаларининг бошлиқлари томонидан тасдиқланади.

 

6-модда. Администрациянинг асосий вазифалари

Администрациянинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фаолиятини ташкилий, ҳуқуқий ва таҳлилий жиҳатдан таъминлаш;

мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий ривожланиши ҳолатини таҳлил қилиш, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан амалга оширилаётган ислоҳотларни ташкилий, ҳуқуқий ва таҳлилий жиҳатдан таъминлаш ҳамда янги муҳим ташаббусларни ишлаб чиқиш;

мамлакатда қонунийликни ва ҳуқуқ-тартиботни, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига риоя этилишини таъминлашга ҳамда суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишга кўмаклашиш;

ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар, куч ишлатишга ваколатли тузилмалар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентига бевосита бўйсунувчи (ҳисобдор) давлат органлари ва ташкилотлари, мансабдор шахслар фаолиятини мувофиқлаштириш;

давлат ички ва ташқи сиёсатининг асосий йўналишлари, Ўзбекистон Республикасининг суверенитетини ҳимоя қилиш, унинг хавфсизлигини ва ҳудудий яхлитлигини таъминлаш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари билан очиқ ва тўғридан-тўғри мулоқотни ташкил этиш ҳамда халқ фаровонлигини юксалтириш, жисмоний ва юридик шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси Президентига мурожаат қилиш ҳуқуқлари амалга оширилиши учун шарт-шароитлар яратиш;

давлат ҳокимияти вакиллик органлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан демократик ҳуқуқий давлат ва очиқ фуқаролик жамиятини барпо этишда уларнинг ролини кучайтиришга қаратилган самарали ҳамкорликни ташкил этиш, умуммиллий ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш;

ягона давлат кадрлар сиёсати амалга оширилишини ва давлат хизмати ишларининг бошқарилишини таъминлаш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Администрация ҳузуридаги давлат органлари ва ташкилотларининг, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президентининг ваколатларини амалга оширишга кўмаклашувчи маслаҳат-кенгаш органларининг фаолиятини ташкил этиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгашининг фаолияти Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан мувофиқлаштирилишини ташкилий, ҳуқуқий ва таҳлилий жиҳатдан таъминлаш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қонунчилик сиёсати соҳасидаги ваколатлари амалга оширилишини ташкил этиш ва таъминлаш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг инсон ҳуқуқларига ва Ўзбекистон Республикаси Конституциясига риоя этилишининг кафили сифатидаги, давлат суверенитетини, хавфсизлигини ва ҳудудий яхлитлигини таъминлаш ваколатлари амалга оширилишини ташкил этиш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат ҳокимияти органларининг келишилган ҳолда фаолият юритишини ва ҳамкорлигини таъминлаш бўйича ваколатлари амалга оширилишини ташкил этиш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг халқаро муносабатлар билан боғлиқ фаолиятига оид ваколатлари амалга оширилишини таъминлаш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси халқига ҳамда Олий Мажлисига мамлакат ички ва ташқи сиёсатини амалга оширишнинг энг муҳим масалалари юзасидан мурожаат қилиш ҳуқуқи амалга оширилишини таъминлаш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фуқаролик ва сиёсий бошпана бериш, амнистия ва судлар томонидан ҳукм қилинган шахсларни афв этишга оид масалаларни кўриб чиқиш бўйича ваколатлари амалга оширилишини таъминлаш;

қонунлар ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари, фармойишлари ва топшириқларининг, Администрация Раҳбари фармойишлари ва топшириқларининг ижро этилишини ташкил этиш, назоратини олиб бориш ҳамда уларни амалга оширишга кўмаклашиш.

 

2-боб. Администрациянинг фаолиятини ташкил этиш

7-модда. Администрациянинг асосий ваколатлари

Администрация ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш учун қуйидаги асосий ваколатларга эга бўлади:

Администрацияга белгиланган тартибда киритилган қонунчилик ҳужжатларини, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг фармойишлари лойиҳаларини якуний ишлаб чиқишни ташкил этиш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Администрация Раҳбарининг фармойишлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари лойиҳаларини мустақил равишда ишлаб чиқиш;

мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий ривожлантиришнинг долзарб йўналишларини ўрганиш ҳамда таклифлар ишлаб чиқиш учун давлат органлари ва ташкилотларининг раҳбарлари, шу жумладан ҳокимлар бошчилигида ишчи комиссиялар ва ишчи гуруҳлар тузиш;

зарур материаллар ва маълумотларни давлат органлари ва ташкилотларидан сўраш ҳамда олиш, шу жумладан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда доимий асосда олиш, барча давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот тизимларидан, маълумотлар базаларидан, ахборот-маълумот қайдларидан, архивларидан, маълумотларга ишлов беришнинг автоматлаштирилган тизимларидан ҳамда бошқа ахборот ресурсларидан фойдаланиш;

Ўзбекистон Республикаси Президентига бевосита бўйсунувчи (ҳисобдор) давлат органлари ва ташкилотлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Администрация ҳузуридаги давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда назорат қилиш;

давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларига бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар ҳамда топшириқлар бериш, уларнинг бажарилиши ва натижалари тўғрисида батафсил маълумот талаб қилиш;

қонунларни ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонларини, қарорлари, фармойишлари ва топшириқларини, Администрация Раҳбарининг фармойишлари ва топшириқларини амалга ошириш юзасидан давлат органлари ва ташкилотларининг фаолиятини қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ўрганиш, шунингдек ўрганиш натижалари бўйича материалларни аниқланган қоидабузарликларни ва камчиликларни бартараф этиш учун ушбу давлат органлари ва ташкилотларининг раҳбарларига юбориш;

давлат органлари ва ташкилотларининг мансабдор шахслари фаолияти самарадорлигини, улар томонидан қонунларнинг ва Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари, қарорлари, фармойишлари ва топшириқларининг, Администрация Раҳбари фармойишлари ва топшириқларининг ижросини таъминлаш ҳолатини баҳолаш, шунингдек бу борада ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги учун ушбу мансабдор шахсларни интизомий жавобгарликка тортиш, шу жумладан эгаллаб турган лавозимидан озод этишгача бўлган масала юзасидан ташаббус кўрсатиш;

давлат органлари ва ташкилотлари зиммасига юклатилган вазифаларнинг ижроси ва уларга бириктирилган тармоқ (соҳа) бўйича аниқ натижаларга эришишнинг боришини кўриб чиқиш ҳамда муҳокама қилиш мақсадида навбатдан ташқари ҳайъатларни (йиғилишларни) чақириш юзасидан таклифлар киритиш;

ахборот-таҳлилий материалларни, шунингдек норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш доирасида давлат органлари ва ташкилотларининг, шунингдек бошқа ташкилотларнинг мансабдор шахсларини ва мутахассисларини жалб этиш;

давлат органлари ва ташкилотларининг комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари фаолиятини ташкил этиш ҳамда қонунчилик ҳужжатлари билан ушбу тузилмалар зиммасига юклатилган вазифаларнинг улар томонидан амалга оширилишини мувофиқлаштириш;

Администрацияга ишга қабул қилиш учун номзодларни давлат органларидан ва ташкилотларидан мустақил равишда танлаб олишни амалга ошириш;

жисмоний ва юридик шахсларнинг Администрацияга келиб тушадиган мурожаатлари кўриб чиқилишини, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхонаси томонидан кўриб чиқилишини ташкил этиш;

Ўзбекистон Республикасининг давлат мукофотлари билан мукофотлаш, кўкрак нишонлари билан тақдирлаш учун номзодларнинг ўрганилишини ташкил этиш;

ўз зиммасига юклатилган вазифаларнинг бажарилишини таъминлаш соҳасидаги давлат сирларини ташкил этувчи архив маълумотларини ҳамда бошқа маълумотларни сақлаш, расмийлаштириш, улардан фойдаланиш ва уларни беришнинг алоҳида тартибини белгилаш, зарур ахборот тизимларини яратиш, шунингдек махфийлик режимини мустақил равишда таъминлаш, унга риоя этилишини назорат қилиш ҳамда тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг талаблари бажарилишини текшириш тадбирларини ташкил этиш.

Администрация қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларга ҳам эга бўлиши мумкин.

 

8-модда. Администрация Раҳбарининг ҳуқуқий мақоми

Администрациянинг фаолияти мазкур Конституциявий Қонун ва Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Администрация зиммасига юклатилган вазифаларга ва асосий йўналишларга мувофиқ Администрация Раҳбари томонидан ташкил этилади ҳамда мувофиқлаштирилади.

Администрация Раҳбари Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ва бошқа қонунчилик ҳужжатларида белгиланган ваколатларини, шу жумладан давлат ҳокимияти органларининг келишилган ҳолда фаолият юритишини ва ҳамкорлигини таъминлашга оид ваколатларини амалга оширишни ташкилий, ҳуқуқий ва таҳлилий жиҳатдан таъминлашни ташкил этиш учун масъул мансабдор шахс ҳисобланади.

 

9-модда. Администрация Раҳбарининг ваколатлари

Администрация Раҳбари:

Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат бошлиғи сифатида давлат ҳокимияти органларининг келишилган ҳолда фаолият юритишини ҳамда ҳамкорлигини таъминлашга оид фаолиятини ташкилий, ҳуқуқий ва таҳлилий жиҳатдан таъминлашга раҳбарлик қилади;

Ўзбекистон Республикаси Президенти мувофиқлаштирувида Администрация фаолиятига раҳбарлик қилади, Администрация таркибий бўлинмаларининг тизимли фаолиятини таъминлайди, Администрациянинг фаолиятини ташкил этишга доир фармойишлар чиқаради;

Администрациянинг ташкилий тузилмасига қўшимча штат бирликларини киритади ва қисқартиради, тегишли соҳалар ва тармоқларни ривожлантириш бўйича лойиҳа офисларини ташкил этади ҳамда тугатади;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари (бундан буён матнда Олий Мажлис палаталари деб юритилади), суд ҳокимияти ҳамда судьялар ҳамжамияти органлари билан ҳамкорлигини ташкилий, ҳуқуқий ва таҳлилий жиҳатдан таъминлаш чораларини кўради, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар ҳамда куч ишлатишга ваколатли тузилмалар фаолиятига оид ваколатлари амалга оширилишини таъминлаш чораларини кўради;

Ўзбекистон Республикаси Президентига бевосита бўйсунувчи (ҳисобдор) давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарлари фаолиятини назорат қилади, мувофиқлаштиради ҳамда унинг натижадорлигини баҳолашни ташкил этади;

Ўзбекистон Республикаси Президентига бевосита бўйсунувчи (ҳисобдор) давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларига ўз ваколатлари доирасида топшириқлар беради ҳамда уларнинг ижросини ташкил этади;

Ўзбекистон Республикаси Президенти учун ахборот-таҳлилий ва ташкилий материалларни тайёрлашни ташкил этади, жамият ва давлат ҳаёти учун муҳим бўлган масалалар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президентига таҳлилий ахборот киритади;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги маслаҳат-кенгаш органлари фаолиятини ташкил этади;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қонунчилик ташаббуси ҳуқуқлари амалга оширилишини таъминлаш чораларини кўради, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қабул қилинадиган норматив-ҳуқуқий тусдаги ва бошқа ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлашни мувофиқлаштиради, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президентининг қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида киритилган қонун лойиҳаларини Олий Мажлис палаталарида кўриб чиқиш жараёнларида ўз вакиллари орқали иштирок этади;

республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларида маъмурий ислоҳотларнинг амалга оширилишини мувофиқлаштиради ва назорат қилади, шунингдек давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентига таклифлар киритади;

давлат органлари ва ташкилотларининг қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Президенти билан келишиши талаб этиладиган масалаларни кўриб чиқишни ташкил этади;

ҳудудий ривожланиш дастурларини амалга оширишни мувофиқлаштиради ва ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши ҳолатини мониторинг қилади, шунингдек ҳудудларни ривожлантиришдаги тизимли муаммоларни ҳал этиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентига таклифлар киритади;

Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари, қарорлари, фармойишлари ва топшириқларининг ижроси устидан назоратни ташкил этади;

республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари, фармойишлари ва топшириқлари ижроси тўғрисидаги ҳисоботларини қабул қилади, уларни лозим даражада бажармаган мансабдор шахсларга нисбатан лавозимдан озод этишгача бўлган интизомий таъсир чораларини қўллашни ташкил этади, ушбу масалалар бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентига таклифлар киритади;

давлат органлари учун асосий самарадорлик кўрсаткичлари тизимининг жорий этилишига ва амал қилишига кўмаклашади;

белгиланган тартибда давлат органлари ва ташкилотлари томонидан киритилган Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари, қарорлари ва фармойишлари лойиҳаларининг ҳуқуқий, молиявий, коррупцияга қарши ҳамда бошқа турдаги экспертизаларини ташкил этади;

жисмоний ва юридик шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти номига келиб тушган мурожаатларига оид масалалар билан боғлиқ ишларнинг, шунингдек давлат сиёсатини амалга ошириш масалалари бўйича жамоатчилик фикри мониторингининг амалга оширилишини, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг долзарб муаммолари ўрганилишини ташкил этади;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг топшириғига кўра мамлакат ичида ва халқаро муносабатларда Ўзбекистон Республикаси Президенти манфаатларини ифода этади, халқаро музокаралар ва тадбирларда иштирок этади;

Администрациянинг давлат органлари ва ташкилотлари билан боғлиқ фаолиятини тартибга солишга ҳамда бу борада уларнинг фаолиятини ташкил этишга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжат тусига эга фармойишларни имзолайди;

тегишли давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарлари лавозимларига номзодлар бўйича ҳамда ушбу лавозимдаги раҳбарларни озод этиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентига таклифлар киритади;

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланган тартибга мувофиқ давлат органлари ва ташкилотларининг мансабдор шахсларини лавозимга тайинлайди ҳамда лавозимидан озод этади, шунингдек давлат кадрлар сиёсати амалга оширилишини ташкил этади;

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланган масалалар бўйича халқаро мажбуриятларнинг бажарилишини мувофиқлаштиради;

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланган тартиб асосида давлат органлари ва ташкилотларида комплаенс назорати хизмати тузилмаларини, шунингдек улар раҳбарларининг комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат бўйича ўринбосари (маслаҳатчи) лавозимларини жорий этади ва тугатади;

Администрация мажлисларида раислик қилади, уларда кўриб чиқилган масалалар юзасидан топшириқларнинг баённомаларини имзолайди;

Администрациянинг мансабдор шахсларини, бошқарув ва хизматчи ходимларини қонунчиликда белгиланган тартибда хорижий давлатларга хизмат сафарларига юборади.

Администрация Раҳбари қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларга ҳам эга бўлиши мумкин.

Администрация Раҳбари ўзига тақдим этилган ҳужжатларни ўрганиб чиқиб, таклифлар тайёрлашда, Администрация Раҳбарининг топшириқлари амалга оширилишини ташкил этиш ва ижросини назорат қилиб боришда, Администрация фаолиятининг марказлашган ҳолда бошқарилишини таъминлашда ҳамда бошқа вазифаларни амалга оширишда кўмаклашиш учун шартнома асосида мустақил маслаҳатчиларни жалб қилиши мумкин.

 

10-модда. Администрациянинг таркибий бўлинмалари

Администрация Раҳбарининг котибияти, Ўзбекистон Республикаси Президентининг қабулхонаси, Администрация Раҳбарининг ўринбосарлари бўлинмалари, Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчилари ва вакиллари бўлинмалари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котибияти, Ўзбекистон Республикаси Президенти протоколи, Администрация департаментлари, Комплаенс хизмати, Ишлар бошқармаси ва Администрациянинг ташкилий тузилмасига кирувчи бошқа бўлинмалар Администрациянинг таркибий бўлинмаларидир.

Администрация таркибий бўлинмаларининг асосий вазифалари, фаолияти йўналишлари ва иш тартиби Администрация Раҳбари томонидан тасдиқланадиган Администрация тўғрисидаги низом билан белгиланади.

Администрация таркибий бўлинмаларининг мақсадли иш фаолияти ҳар йили Администрация Раҳбари томонидан тасдиқланадиган ҳамда Администрациянинг таркибий бўлинмалари учун чораклик, ярим йиллик ва йиллик амалий натижаларни ўзида акс эттирадиган Администрациянинг фаолият дастурига мувофиқ амалга оширилади.

Администрацияда иш юритиш Администрация Раҳбари томонидан тасдиқланадиган Ҳужжатлар билан ишлаш қоидаларига мувофиқ амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳамда Администрация ҳузурида тегишли соҳалар ва фаолият йўналишлари бўйича давлат органлари ва ташкилотлари ташкил этилиши мумкин.

 

11-модда. Администрациянинг мансабдор шахсларини, бошқарув ва хизматчи ходимларини лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод этиш

Администрация Раҳбари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёрдамчиси, Администрация Раҳбарининг ўринбосарлари, Администрация Раҳбари котибиятининг мудири, Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчилари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг вакиллари, Администрациянинг бошқа таркибий бўлинмалари бошлиқлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарлари ҳамда уларнинг ўринбосарлари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланган тартиб асосида лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиларининг биринчи ўринбосарини ва ўринбосарларини ҳамда Администрация таркибий бўлинмалари бошлиқларининг биринчи ўринбосарини ва ўринбосарларини, Комплаенс хизмати бошлиғини, Канцелярия мудирини ҳамда Администрациянинг бошқарув ва хизматчи ходимларини, шунингдек Администрация ҳузуридаги давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларини ҳамда уларнинг ўринбосарларини лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод этиш Администрация Раҳбари томонидан амалга оширилади.

Администрациянинг мансабдор шахсларига, бошқарув ва хизматчи ходимларига Администрация регламентида белгиланган тартибда хизмат гувоҳномаси берилади.

Хизмат гувоҳномаси ходимнинг Администрацияга мансублигини, унинг шахсини ва лавозимини тасдиқловчи ҳужжат ҳисобланади.

Хизмат гувоҳномаси Администрация ходимининг ушбу Конституциявий Қонунда кўрсатилган ҳуқуқларга эга эканлигини ва ваколатлардан фойдаланишини тасдиқлайди.

Администрация ҳузуридаги давлат органлари ва ташкилотлари ходимлари ушбу ташкилотлар раҳбарлари томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.

Администрация Раҳбари билан келишилган ҳолда Администрация ҳузуридаги давлат органлари ва ташкилотларидаги лавозимларга тайинланган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органларнинг, ҳарбий бўлинмаларнинг ҳарбий хизматчилари (ходимлари) ушбу идораларда ҳарбий хизматда қолдирилиши (кадрларнинг амалдаги захирасига киритилиши) мумкин.

 

12-модда. Администрация ҳужжатлари

Администрация Раҳбари Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари, фармойишлари, топшириқлари ва ташаббуслари ижросини ташкил этиш мақсадида, шунингдек Администрация Раҳбарининг ваколатларига оид масалалар бўйича ва қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида барча давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар томонидан бажарилиши мажбурий бўлган фармойишлар ёки топшириқлар чиқаради.

Администрация Раҳбарининг фармойишлари, агар уларнинг ўзида кечроқ муддат кўрсатилмаган бўлса, имзоланган кундан эътиборан кучга киради.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрация Раҳбарининг фармойишлари ва топшириқларини тўхтатиб туриши, бекор қилиши мумкин.

Администрация Раҳбари ўзи қабул қилган ҳужжатларнинг бажарилиши устидан назоратни бевосита, Администрация таркибий бўлинмалари раҳбарлари ёки республика ижро этувчи ҳокимият органлари орқали амалга оширади.

Администрация Раҳбарининг фармойишлари ва топшириқларини ишлаб чиқиш, келишиш ва Администрация Раҳбарига имзолаш учун киритиш ҳамда Администрация Раҳбарининг фармойишларини эълон қилиш тартиби Администрациянинг регламентида белгиланади.

 

13-модда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларининг ижросини ташкил этиш ҳамда мониторинг қилиш

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари лойиҳалари қонунчилик ҳужжатларининг ижроси юзасидан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёки Администрация Раҳбарининг топшириғига кўра, шунингдек давлат органлари ва ташкилотларининг ташаббуси бўйича, ушбу органлар ва ташкилотлар зиммасига юклатилган вазифаларнинг ижроси юзасидан ишлаб чиқилади.

Администрация Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари лойиҳаларини мустақил равишда ишлаб чиқишга ҳақли.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари лойиҳаларини тайёрлаш, кўриб чиқиш, имзолаш ҳамда эълон қилиш Администрациянинг регламентига мувофиқ амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари лойиҳаларини вазирликлар ва идоралар томонидан ишлаб чиқиш, келишиш ҳамда Администрацияга киритиш қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари, фармойишлари ва топшириқлари ижросини ташкил этиш, назорат қилиш ҳамда бажариш юзасидан ижро интизомининг ҳолатини тизимли равишда ва танқидий жиҳатдан таҳлил қилиш қонунчилик ҳужжатларига ҳамда Администрациянинг регламентига мувофиқ амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари, фармойишлари ва топшириқлари ижросини назорат қилиш қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари, қарорлари, фармойишлари ва топшириқларининг, Администрация Раҳбари фармойишлари ва топшириқларининг ижросини таъминлаш бўйича ишларни бевосита назорат қилиш ҳамда мувофиқлаштириш мақсадида Администрация Раҳбари барча даражадаги давлат органлари ва ташкилотларида ҳамда Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги дипломатик муассасаларида Администрация Раҳбарининг вакили лавозимини заруратга кўра жорий этишга ҳақли.

Администрация Раҳбарининг вакиллари Администрация Раҳбари томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.

 

14-модда. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши фаолиятини ташкил этиш

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар, куч ишлатишга ваколатли тузилмалар ҳамда ҳарбий тузилмалар, шунингдек ташқи ишлар сиёсати учун масъул идоралар Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши таркибига киритилади ҳамда мазкур кенгаш уларнинг асосий фаолиятини мақсадли бошқарувчи ва уйғунликдаги ҳамкорлигини таъминловчи олий мувофиқлаштирувчи орган ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгашининг раиси ҳисобланади ҳамда унга бошчилик қилади.

Администрация Раҳбари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши раисининг ўринбосари ҳисобланади ҳамда ушбу кенгаш аъзоларининг фаолиятини ташкил этади ва мувофиқлаштиради.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгашининг ишчи органи Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котибияти ҳисобланади.

Администрация Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котибияти орқали Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қуролли Кучларга, мудофаага, сафарбарликка, хавфсизликка ва фавқулодда вазиятларга оид конституциявий ваколатларини таъминлайди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгашининг фаолиятини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш тартиби қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.

 

15-модда. Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан устувор ёки стратегик деб белгиланган инвестиция, инфратузилма, саноат, энергетика, транспорт бўйича лойиҳаларнинг, ижтимоий ва бошқа лойиҳаларнинг амалга оширилишини мувофиқлаштириш, мониторинг ва назорат қилиш

Администрация Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан устувор ёки стратегик деб белгиланган инвестиция, инфратузилма, саноат, энергетика, транспорт бўйича лойиҳаларнинг, ижтимоий ва бошқа лойиҳаларнинг ўз вақтида, сифатли ҳамда натижали тарзда амалга оширилишини мувофиқлаштиради, мониторинг ва назорат қилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан устувор ёки стратегик деб белгиланган инвестиция, инфратузилма, саноат, энергетика, транспорт бўйича лойиҳаларнинг, ижтимоий ва бошқа лойиҳаларнинг рўйхати, уларнинг мақсадли кўрсаткичлари, асосий босқичлари ҳамда якуний муддатлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонларига, қарорларига, фармойишларига ёки топшириғига асосан Администрация Раҳбари томонидан тасдиқланади.

 

16-модда. Администрациянинг Олий Мажлис палаталари билан ҳамкорлиги

Администрация Олий Мажлис палаталари билан ҳамкорлик доирасида:

Олий Мажлис палаталари билан давлат сиёсатининг устувор йўналишлари бўйича доимий мулоқотни таъминлайди;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи амалга оширилишини таъминлайди;

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Олий Мажлис палаталарига киритиладиган дастурий ҳужжатларни ва бошқа масалаларни тайёрлашни мувофиқлаштиради;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишлилиги бўйича Олий Мажлис палаталарига Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ тақдим этадиган лавозимларга номзодлар ҳамда бошқа масалалар бўйича ваколатларини ташкилий, ҳуқуқий ва таҳлилий жиҳатдан таъминлайди;

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентига қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда юборилган қонунларнинг Ўзбекистон Республикаси Президентига кўриб чиқиш учун тақдим этилишини таъминлайди;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қонунни ўз эътирозлари билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига қайтаришга оид ҳуқуқи амалга оширилишини таъминлайди.

Администрациянинг Олий Мажлис палаталари билан ҳамкорлиги қонунчилик ҳужжатларида ва Администрациянинг регламентида назарда тутилган бошқа масалалар бўйича ҳам амалга оширилиши мумкин.

 

17-модда. Администрациянинг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва унинг бўйсунувидаги давлат органлари ҳамда ташкилотлари билан алоқалари

Администрация Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси (бундан буён матнда Вазирлар Маҳкамаси деб юритилади) ва унинг бўйсунувидаги давлат органлари ҳамда ташкилотлари билан алоқалари доирасида:

Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари, қарорлари, фармойишлари ва топшириқларининг ижросини ташкил этиш доирасида Вазирлар Маҳкамаси ҳамда унинг бўйсунувидаги давлат органлари ва ташкилотларининг идоралараро ҳамкорлигини мувофиқлаштиради, мазкур ҳужжатларнинг ижросини мониторинг қилади ва назоратини ташкил этади;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси халқига ҳамда Олий Мажлисига мурожаатномасида баён этилган топшириқларнинг Вазирлар Маҳкамаси ва унинг бўйсунувидаги давлат органлари ҳамда ташкилотлари томонидан самарали ижро этилишини таъминлаш чора-тадбирларининг мониторингини ташкил этади;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг республика ижро этувчи ҳокимият органларини тузиш ҳамда тугатиш, уларнинг раҳбарларини қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод этиш, республика ижро этувчи ҳокимият органларининг ҳужжатларини тўхтатиш, бекор қилиш бўйича ваколатларини ташкилий, ҳуқуқий ва таҳлилий жиҳатдан таъминлайди;

миллий ривожланиш стратегиялари, давлат дастурлари ва миллий лойиҳаларнинг республика ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан амалга оширилиши бўйича мониторингни ташкил этади;

Вазирлар Маҳкамаси ва унинг бўйсунувидаги давлат органлари ҳамда ташкилотлари фаолияти самарадорлигини таҳлил қилишда иштирок этади;

Ўзбекистон Республикаси Президенти иштирокида ўтказиладиган Вазирлар Маҳкамаси фаолиятига оид йиғилишлар ва муҳокамаларнинг ташкилий, ҳуқуқий ва таҳлилий жиҳатдан тайёрланишини таъминлайди;

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири томонидан кадрлар сиёсатига оид таклифларнинг Ўзбекистон Республикаси Президентига қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ тақдим этилишини таъминлайди.

Администрация Раҳбари ёки Администрациянинг ваколат берилган мансабдор шахси Вазирлар Маҳкамаси, унинг Раёсати, комиссиялари, кенгашлари, давлат органлари ва ташкилотларининг ҳайъатлари ҳамда бошқа коллегиал органлари мажлисларида ўз фикр ва мулоҳазалари билан иштирок этишга ҳақли.

Администрациянинг Вазирлар Маҳкамаси билан алоқалари қонунчилик ҳужжатларида ва Администрациянинг регламентида назарда тутилган бошқа масалалар бўйича ҳам амалга оширилиши мумкин.

 

18-модда. Администрациянинг Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан алоқалари

Администрация Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасидаги фармонлари, қарорлари, фармойишлари ва топшириқлари ижросини таъминлаш ҳамда давлат сиёсатини амалга ошириш масалалари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши фаолиятига кўмаклашади, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари фаолиятини мувофиқлаштиради, мониторинг ва назорат қилади.

Администрация:

Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари, қарорлари, фармойишлари ва топшириқларининг ҳудудларда ижро этилиши юзасидан мониторингни ташкил этади;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг вилоятлар ҳокимларини ва Тошкент шаҳар ҳокимини тайинлаш ҳамда лавозимидан озод этиш, Ўзбекистон Республикаси Конституциясини, қонунларини бузган ёки ҳокимнинг шаъни ва қадр-қимматига доғ туширадиган хатти-ҳаракатлар содир этган туман ва шаҳар ҳокимларини лавозимидан озод этиш, ҳокимларнинг ҳужжатларини тўхтатиш, бекор қилиш бўйича ваколатлари амалга оширилишини ташкилий, ҳуқуқий ва таҳлилий жиҳатдан таъминлайди;

ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳолатини мониторинг қилади;

ҳудудларнинг иқтисодий, ижтимоий, инфратузилмавий ва экологик ривожланиш ҳолати, аҳолининг турмуш даражаси ҳамда ҳудудлар ўртасидаги тафовутлар тизимли равишда таҳлил қилинишини таъминлайди, аниқланган муаммоларнинг ечими бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентига асосланган таклифлар киритади;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга доир ташрифлари, йиғилишлари ва қарорларини тайёрлашни, республика ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ўртасидаги ҳамкорликни ташкил этади.

Администрациянинг Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари фаолиятига оид ваколатларини ташкил этиш ҳамда таъминлашга оид бошқа масалалар қонунчилик ҳужжатларида ва Администрациянинг регламентида белгиланган тартибга мувофиқ амалга оширилади.

 

19-модда. Администрациянинг суд ҳокимияти ва судьялар ҳамжамияти органлари билан ҳамкорлиги

Администрация суд ҳокимияти ва судьялар ҳамжамияти органлари билан ҳамкорлик доирасида:

Ўзбекистон Республикаси Президентига ҳамкорликка оид масалалар бўйича таклифлар ва таҳлилий материаллар тайёрлайди;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси Конституциясида назарда тутилган суд ҳокимияти ва судьялар ҳамжамияти органлари билан ҳамкорлигига оид ваколатларини ташкилий, ҳуқуқий ва таҳлилий жиҳатдан таъминлайди;

суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларни мувофиқлаштиради;

суд тизимини ислоҳ қилишга доир таклифларни ишлаб чиқади;

судлар ва судьялар ҳамжамияти органлари фаолияти учун зарур ташкилий ва ҳуқуқий шарт-шароитларни яхшилаш бўйича таклифлар ишлаб чиқилишини таъминлайди.

Администрация қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган бошқа масалалар бўйича ҳам суд ҳокимияти ва судьялар ҳамжамияти органлари билан ҳамкорликни амалга ошириши мумкин.

 

20-модда. Администрациянинг Ўзбекистон Республикаси Президентига бевосита бўйсунувчи (ҳисобдор) давлат органлари ва ташкилотлари билан алоқалари

Ўзбекистон Республикаси Президентига бевосита бўйсунувчи (ҳисобдор) давлат органлари ва ташкилотларининг, мансабдор шахсларнинг фаолиятини қонунчилик ҳужжатларига биноан мувофиқлаштириш ва унинг натижадорлигини баҳолашни ташкил этиш Администрация томонидан амалга оширилади.

Администрация Ўзбекистон Республикаси Президентига бевосита бўйсунувчи (ҳисобдор) давлат органлари ва ташкилотларининг, мансабдор шахсларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш доирасида:

Ўзбекистон Республикаси Президентига бевосита бўйсунувчи (ҳисобдор) давлат органлари ва ташкилотларининг, мансабдор шахсларнинг фаолияти самарадорлигини таҳлил қилади, соҳаларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш мониторингини олиб боради;

Ўзбекистон Республикаси Президентига бевосита бўйсунувчи (ҳисобдор) давлат органлари ва ташкилотлари мансабдор шахсларининг ҳисоботларини ўз ваколатлари доирасида кўриб чиқади, уларнинг фаолиятини баҳолайди ва унинг самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирларни белгилайди;

Ўзбекистон Республикаси Президентига бевосита бўйсунувчи (ҳисобдор) давлат органлари ва ташкилотларининг, мансабдор шахсларнинг фаолиятини такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлайди ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентига киритади.

Администрация Ўзбекистон Республикаси Президентига бевосита бўйсунувчи (ҳисобдор) давлат органлари ва ташкилотларининг, мансабдор шахсларнинг фаолиятини қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган бошқа йўналишлар бўйича ҳам мувофиқлаштиради.

 

21-модда. Администрациянинг давлат органлари ва ташкилотларининг комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари билан алоқалари

Давлат органлари ва ташкилотларида коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини ошириш, манфаатлар тўқнашувининг ҳамда коррупциявий ҳолатларнинг олдини олиш чораларини кучайтириш мақсадида ташкил этиладиган давлат органлари ва ташкилотларининг комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари фаолияти Администрациянинг Комплаенс хизмати томонидан мувофиқлаштирилади.

Республика даражасидаги давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларининг комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат бўйича ўринбосарлари (маслаҳатчилари) Администрация Раҳбари томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади ҳамда улар ўз фаолияти давомида Администрациянинг вакили мақомига эга бўлади.

Администрация Комплаенс хизматининг давлат органлари ва ташкилотларининг комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари билан алоқалари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланган тартибда ҳамда «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ амалга оширилади.

 

3-боб. Администрациянинг мансабдор шахслари, бошқарув ва хизматчи ходимлари фаолиятининг кафолатлари

22-модда. Администрациянинг мансабдор шахсларини, бошқарув ва хизматчи ходимларини моддий рағбатлантириш

Администрация мансабдор шахсларининг, бошқарув ва хизматчи ходимларининг иш ҳақи лавозим маошидан ҳамда қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган бошқа тўловлардан иборатдир.

Администрациянинг мансабдор шахсларини, бошқарув ва хизматчи ходимларини моддий рағбатлантириш қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

 

23-модда. Администрация мансабдор шахсларининг, бошқарув ва хизматчи ходимларининг ижтимоий таъминоти

Администрациянинг мансабдор шахсларига, бошқарув ва хизматчи ходимларига ҳақ тўланадиган йиллик таътиллар берилади.

Администрациянинг ишлаш учун бошқа ҳудудлардан таклиф қилинган ҳамда Тошкент шаҳрида уй-жойга эга бўлмаган мансабдор шахсларига, бошқарув ва хизматчи ходимларига лавозимда бўлиш вақтида заруратга кўра, уларнинг аризасига биноан хизмат уй-жойи берилади.

Администрациянинг мансабдор шахсларини, бошқарув ва хизматчи ходимларини ижтимоий ҳимоя қилиш тизими кафолатланган тиббий ёрдамдан ҳамда санаторий-соғломлаштириш хизматларидан ушбу мансабдор шахслар, ходимлар ва уларнинг оила аъзолари (турмуш ўртоғи, фарзандлари ва ота-онаси) томонидан фойдаланиш ҳамда бошқа ижтимоий ёрдам кўрсатиш орқали амалга оширилади.

Администрациянинг мансабдор шахслари, бошқарув ва хизматчи ходимлари учун аввалги иш жойида берилган ҳарбий ва махсус унвонлар (мартаба (малака) даражалари, малака тоифалари, дипломатик даражалар ва бошқалар) учун берилган устамалар ва қўшимча тўловлар сақлаб қолинади.

Администрация мансабдор шахсларининг, бошқарув ва хизматчи ходимларининг Администрациядаги узоқ муддатли хизматлари учун қўшимча устамалар белгилашда уларнинг бошқа органлар, ташкилотлар ва муассасалардаги иш стажи (хизмат даври) инобатга олинади.

Администрациянинг мансабдор шахслари, бошқарув ва хизматчи ходимлари аввалги иш жойи бўйича ходимлар учун белгиланган барча имтиёзлар, моддий ва ижтимоий ҳимоя чораларидан Администрация таркибий бўлинмаларида амалда бўлган меҳнат шароитлари ҳисобга олинган ҳолда ҳамда лавозим маоши ва бошқа тўловлар миқдорлари сақланган ҳолда фойдаланади.

Администрациянинг таркибий бўлинмаларида ишланган давр ҳарбий ва махсус унвонларни (мартаба (малака) даражаларини, малака тоифаларини, дипломатик даражаларни ва бошқаларни) олиш учун зарур бўлган иш стажига қўшилади.

Қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ Администрациянинг мансабдор шахслари, бошқарув ва хизматчи ходимлари учун қўшимча ижтимоий таъминот чоралари белгиланиши мумкин.

 

24-модда. Администрациянинг мансабдор шахсларини ва бошқарув ходимларини ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиш кафолатлари 

Администрациянинг мансабдор шахслари ва бошқарув ходимлари ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажариши чоғида давлат ҳимоясида бўлади.

Администрация мансабдор шахсларининг ва бошқарув ходимларининг ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажаришига монелик қилиш, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳақорат қилиш, уларга нисбатан таҳдид ёки зўрлик қилиш, ўз фаолиятини амалга ошириши муносабати билан уларнинг ҳаётига, соғлиғига ва мол-мулкига тажовуз қилиш қонунда белгиланган жавобгарликка сабаб бўлади.

Администрациянинг мансабдор шахсларига ва уларнинг оила аъзоларига (турмуш ўртоғига, фарзандларига ва ота-онасига) умрбод, Администрациянинг бошқарув ходимларига Администрациядаги фаолияти даврига Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланган тартибда биометрик дипломатик паспортлар берилади.

Администрациянинг мансабдор шахслари ва бошқарув ходимлари ҳамда уларнинг оила аъзолари (турмуш ўртоғи, фарзандлари ва ота-онаси) хавфсизлигини таъминлаш Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланадиган тартибда амалга оширилади.

 

25-модда. Администрация мансабдор шахсларининг ва бошқарув ходимларининг дахлсизлик кафолатлари

Администрациянинг мансабдор шахслари ва бошқарув ходимлари дахлсизликка ҳамда иммунитетга эга бўлади.

Администрация мансабдор шахсларининг ва бошқарув ходимларининг дахлсизлиги уларнинг ва улар оила аъзоларининг (турмуш ўртоғининг, фарзандларининг ва ота-онасининг) шахсий ҳаётига, турар жойига, хизмат хонасига, улар фойдаланадиган шахсий ва хизмат транспорт воситасига ҳамда алоқа ва коммуникация воситасига, хат-хабарларига, ёзишмаларига, электрон маълумотларига, уларга тегишли ашёлар ва ҳужжатларга нисбатан татбиқ этилади.

Администрациянинг мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши қўзғатишга, уларни жиноий жавобгарликка тортишга, уларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини чеклайдиган бошқа ҳар қандай процессуал мажбурлов чораларини қўллашга, тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширишга, суриштирув, тергов ҳаракатлари ўтказишга ёки маъмурий қамоқ жазо чорасини қўллашга йўл қўйилмайди.

Администрациянинг бошқарув ходимлари ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш ҳамда ваколатларини амалга ошириш билан боғлиқ ҳолда қабул қилган қарорлари, содир этган ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги, билдирган фикрлари ва берган кўрсатмалари учун жиноий, маъмурий ёки фуқаровий жавобгарликка тортилмайди.

Администрацияда ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш ҳамда ваколатларини амалга ошириш билан боғлиқ бўлмаган ҳаракат ёки ҳаракатсизлик учун Администрациянинг бошқарув ходимларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёзма розилигисиз жиноят ишини қўзғатиш, уларни жиноий жавобгарликка тортиш, уларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини чеклайдиган бошқа ҳар қандай процессуал мажбурлов чораларини қўллаш, тезкор-қидирув фаолиятини амалга ошириш, суриштирув, тергов ҳаракатлари ўтказиш ёки суд тартибида маъмурий жазо ва ҳуқуқий таъсир чораларини қўллашга йўл қўйилмайди.

Администрациянинг бошқарув ходими Администрацияда ишлаб турганида ва (ёки) ишдан бўшатилганидан кейин унга нисбатан жиноят иши фақат Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори томонидан қўзғатилиши мумкин.

Администрациянинг бошқарув ходимига нисбатан Администрацияда ишлаб турганида ва (ёки) ишдан бўшатилганидан кейин қўзғатилган жиноят иши Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судловига тегишлидир.

Администрациянинг мансабдор шахслари, бошқарув ва хизматчи ходимлари қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи ваколатли давлат органлари томонидан махфийлик асосида ҳамкорликка жалб қилиниши, шу жумладан Администрациядан бўшатилганидан кейин ҳам жалб қилиниши тақиқланади.

Администрациянинг мансабдор шахслари ушбу Конституциявий Қонунда белгиланган дахлсизлик ва иммунитетни Администрациядан бўшатилганидан кейин умрбод, бошқарув ходимлари эса Администрациядан бўшатилганидан кейин беш йил давомида сақлаб қолади.

Ушбу моддада белгиланган қоидаларни бузган ҳолда олинган далиллар қонун ҳужжатларини бузган ҳолда олинган деб ҳисобланади
ва номақбул далиллар деб топилади.

Қонунчилик ҳужжатларига ушбу моддада назарда тутилган дахлсизликка оид қоидаларни бекор қилишга, оғирлаштиришга ёки дахлсизлик қўлланиладиган шахсларнинг ҳолатини ёмонлаштиришга олиб келадиган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган тақдирда, бундай ўзгартиришлар Администрациянинг ушбу Конституциявий Қонунда белгиланган қоидалар қўлланиладиган мансабдор шахсларига ва бошқарув ходимларига нисбатан татбиқ этилмайди, шу жумладан улар Администрациядан бўшатилганидан кейин ҳам татбиқ этилмайди.

 

26-модда. Администрациянинг мансабдор шахсларини ва бошқарув ходимларини ишга жойлаштириш кафолатлари

Администрациянинг мансабдор шахслари ва бошқарув ходимлари Администрациядаги лавозимидан озод этилган ҳолларда уларга Администрацияга ишга келгунига қадар эгаллаб турган аввалги лавозимидан камида бир поғона юқори даражадаги лавозим берилади, аввалги лавозимидан юқори лавозим мавжуд (бўш) бўлмаганда эса аввалги лавозимига тенг лавозими ёки уларнинг мутахассислиги ҳисобга олинган ҳолда Ўзбекистон Республикаси давлат органлари ва ташкилотларидаги камида бир поғона юқори ёки тенг даражадаги лавозим биринчи навбатда берилади, бундан сайланадиган ёки Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорлари билан тайинланадиган лавозимлардан Администрацияга ишга ўтганлик, меҳнат интизомини бузганлик учун ишдан бўшатилиш ҳоллари мустасно.

 

4-боб. Якунловчи қоидалар

27-модда. Администрациянинг фаолиятини молиялаштириш

Администрациянинг фаолияти Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети маблағлари, шунингдек қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.

Администрацияда бюджетдан ташқари жамғармалар тузилиши мумкин, уларни шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.

Администрация қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда шакллантириладиган хизмат уй-жой фондига эга бўлиши мумкин.

Администрация ўз фаолиятини амалга ошириш учун ахборот-коммуникация тизимларини ва ахборот базаларини, шунингдек ахборотнинг ҳимоя воситаларини, шу жумладан криптографик ҳимоя воситаларини ишлаб чиқади, яратади ҳамда улардан фойдаланади, Ўзбекистон Республикаси давлат органлари ва ташкилотларининг шу каби тизимларидан ва ахборот базаларидан Администрация ишини самарали равишда амалга ошириш мақсадида, қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда фойдаланади.

 

28-модда. Администрацияда маълумотларни ҳимоя қилиш

Администрацияда давлат сирларини ташкил этувчи маълумотларнинг ҳимоя қилиниши, шу жумладан криптографик воситаларни қўллаган ҳолда техник жиҳатдан ҳимоя қилиниши таъминланади.

Администрацияда махфий иш юритиш давлат сирлари тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ амалга оширилади. Бунда Администрацияда махфийлик режимини таъминлаш, унга риоя этилиши устидан назоратни ташкил этиш ҳамда тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларини бажариш юзасидан текшириш тадбирларини ўтказиш Администрациянинг Комплаенс хизмати томонидан амалга оширилади.

 

29-модда. Администрациянинг ҳужжатлари устидан, Администрация мансабдор шахсларининг, бошқарув ва хизматчи ходимларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилиш

Администрациянинг ҳужжатлари устидан, Администрация мансабдор шахсларининг, бошқарув ва хизматчи ходимларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан қонунда белгиланган тартибда шикоят қилиниши мумкин.

 

30-модда. Администрация тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик

Администрация тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

 

31-модда. Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш

1. Ўзбекистон Республикасининг 1993 йил 2 сентябрда қабул қилинган «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги 913–XII-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 йил, № 9, 320-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1997 йил, № 9, 241-модда; 1999 йил, № 1, 20-модда; 2005 йил, № 1, 18-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2005 йил, № 12, 418-модда; 2007 йил, № 4, 163-модда, № 9, 420-модда; 2008 йил, № 12, 640-модда; 2013 йил, № 12, 350-модда; 2014 йил, № 4, 86-модда, № 5, 130-модда; 2015 йил, № 6, 228-модда; 2017 йил, № 6, 300-модда, № 8, 383-модда, № 9, 510-модда, № 12, 772-модда; 2018 йил, № 7, 431-модда; 2019 йил, № 1, 4-модда, № 11, 792-модда, № 12, 891-модда; 2020 йил, № 9, 537-модда; 2021 йил, № 1, 3, 7, 13-моддалар, 4-сонга илова, № 8, 800-модда, № 12, 1198-модда; 2022 йил, № 3, 213-модда, № 6, 570, 577-моддалар, № 10, 984-модда; 2023 йил, № 1, 2-модда, № 10, 794-модда, № 12, 1003-модда; 2024 йил, № 8, 823-модда, № 10, 1075-модда; 2026 йил, № 4, 365-модда) 21-моддасининг тўртинчи қисмидаги «Ўзбекистон Республикасининг Президенти билан келишилган ҳолда» деган сўзлар «Ўзбекистон Республикасининг Президенти томонидан белгиланадиган тартибда» деган сўзлар билан алмаштирилсин.

2. Ўзбекистон Республикасининг 1997 йил 29 августда қабул қилинган «Давлат солиқ хизмати тўғрисида»ги 474–I-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1997 йил, № 9, 232-модда; 1998 йил, № 5–6, 102-модда; 1999 йил, № 9, 229-модда; 2000 йил, № 7–8, 217-модда; 2001 йил, № 5, 89-модда, № 9–10, 182-модда; 2003 йил, № 1, 8-модда, № 5, 67-модда; 2004 йил, № 9, 171-модда; 2005 йил, № 1, 18-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2005 йил, № 5, 152-модда, № 9, 312-модда, № 12, 415-модда; 2006 йил, № 10, 536-модда; 2007 йил, № 12, 608-модда; 2008 йил, № 12, 640-модда; 2009 йил, № 12, 474-модда; 2010 йил, № 9, 336-модда; 2012 йил, № 4, 105-модда; 2014 йил, № 9, 244-модда; 2015 йил, № 12, 452-модда; 2016 йил, № 12, 385-модда; 2017 йил, № 6, 300-модда, № 12, 773-модда; 2018 йил, № 1, 1, 4-моддалар; 2019 йил, № 1, 1, 5-моддалар, № 2, 47-модда, № 3, 166-модда, № 5, 267-модда; 2021 йил, 4-сонга илова; 2022 йил, № 3, 215-модда; 2026 йил, № 6, 625-модда) 10-моддасининг иккинчи қисмидаги «Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан» деган сўзлар «Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланадиган тартибда лавозимга» деган сўзлар билан алмаштирилсин.

3. Ўзбекистон Республикасининг 2012 йил 25 декабрда қабул қилинган «Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида»ги ЎРҚ–344-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2012 йил, № 12, 335-модда; 2016 йил, № 4, 125-модда; 2017 йил, № 9, 506-модда, № 10, 605-модда; 2019 йил, № 1, 5-модда, № 2, 47-модда, № 9, 589-модда, № 12, 891-модда; 2020 йил, № 12, 689-модда; 2021 йил, 4-сонга илова, № 6, 524-модда; 2024 йил, № 3, 244-модда) 17-моддасининг иккинчи қисми «судьялар» деган сўздан кейин «Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг ходимлари» деган сўзлар билан тўлдирилсин.

4. Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 16 сентябрда қабул қилинган «Ички ишлар органлари тўғрисида»ги ЎРҚ–407-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2016 йил, № 9, 272-модда; 2017 йил, № 6, 300-модда, № 9, 510-модда; 2019 йил, № 2, 47-модда, № 5, 267-модда, № 9, 588, 591-моддалар, № 10, 674-модда, № 12, 891-модда; 2021 йил, 4-сонга илова; 2022 йил, № 3, 216-модда, № 5, 466-модда, № 6, 570-модда, № 10, 984-модда; 2023 йил, № 7, 537-модда; 2024 йил, № 3, 244-модда, № 9, 958, 964-моддалар, № 11, 1291-модда; 2025 йил, № 12, 1329-модда; 2026 йил, № 1, 2-модда, № 4, 355-модда, № 5, 499-модда) 14-моддасининг иккинчи қисмидаги «Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан» деган сўзлар «Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланадиган тартибда» деган сўзлар билан алмаштирилсин.

5. Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 20 апрелда қабул қилинган «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги ЎРҚ–682-сонли Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2021 йил, № 4, 288-модда; 2022 йил, № 3, 213-модда, № 8, 788-модда, № 10, 983-модда; 2023 йил, № 8, 629-модда, № 11, 923-модда; 2024 йил, № 2, 109-модда, № 9, 955-модда, № 10, 1075, 1076-моддалар; 2025 йил, № 4, 516-модда; 2026 йил, № 3, 256-модда) қуйидаги қўшимча ва ўзгартиришлар киритилсин:

1) 6-модда:

қуйидаги мазмундаги олтинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

«Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Раҳбарининг фармойишлари»;

олтинчи, еттинчи ва саккизинчи хатбошилари тегишинча еттинчи, саккизинчи ва тўққизинчи хатбошилар деб ҳисоблансин;

2) қуйидаги мазмундаги 121-модда билан тўлдирилсин:

«121-модда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Раҳбарининг фармойишлари

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг Раҳбари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари, фармойишлари ва топшириқлари асосида ҳамда уларнинг ижросини, Администрациянинг фаолиятини самарали ташкил этиш учун Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудидаги барча давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар томонидан бажарилиши мажбурий бўлган фармойишлар қабул қилади»;

3) 16-модданинг учинчи қисми «Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари» деган сўзлардан кейин «Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Раҳбарининг фармойишлари» деган сўзлар билан тўлдирилсин;

4) 36-модда:

қуйидаги мазмундаги олтинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

«Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Раҳбарининг фармойишларига нисбатан – Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Раҳбари»;

олтинчи – тўққизинчи хатбошилари тегишинча еттинчи – ўнинчи хатбошилар деб ҳисоблансин.

6. Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 25 октябрда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида»ги ЎРҚ–982-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2024 йил, № 10, 1081-модда; 2025 йил, № 12, 1327-модда; 2026 йил, № 4, 365-модда) 20-моддасига қуйидаги ўзгартиришлар ва қўшимча киритилсин:

еттинчи қисм қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«Республика ижро этувчи ҳокимият органларининг раҳбарлари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади»;

қуйидаги мазмундаги саккизинчи қисм билан тўлдирилсин:

«Республика ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг ўринбосарлари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланадиган тартибда лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади»;

саккизинчи – ўн учинчи қисмлар тегишинча тўққизинчи – ўн тўртинчи қисмлар деб ҳисоблансин.

 

32-модда. Ушбу Конституциявий Қонуннинг ижросини, етказилишини, моҳияти ва аҳамияти тушунтирилишини таъминлаш

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Конституциявий Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.

 

33-модда. Қонунчиликни ушбу Конституциявий Қонунга мувофиқлаштириш

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Конституциявий Қонунга мувофиқлаштирсин;

республика ижро этувчи ҳокимият органлари ушбу Конституциявий Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.

 

34-модда. Ушбу Конституциявий Қонуннинг кучга кириши

Ушбу Конституциявий Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

 

Ўзбекистон Республикасининг Президенти

Ш. Мирзиёев

МАҚОЛА