Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
01 Май, 2025   |   3 Зулқаъда, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:51
Қуёш
05:21
Пешин
12:25
Аср
17:16
Шом
19:23
Хуфтон
20:47
Bismillah
01 Май, 2025, 3 Зулқаъда, 1446

Хушхабар: Диний саволларга жавоб берувчи Колл-марказ иш бошлади

11.12.2019   8927   1 min.
Хушхабар:   Диний саволларга жавоб берувчи Колл-марказ иш бошлади

 

Муҳтарам юртдошларимизнинг диний саволларига жавоб бериш мақсадида, Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан ибодатга доир шаръий масалаларга телефон орқали жавоб бериш тизими йўлга қўйилди. Эндиликда мўмин-мусулмонларимиз бу борадаги ўз саволларига ушбу колл-марказ орқали жавоб олишлари мумкин.
Колл-марказнинг иш тартиби душанба кунидан шанба кунигача, соат 9:00 дан 17:00 гача давом этади (ибодат вақтлари истисно қилинади, дам олиш куни якшанба). Ушбу 78-150-33-44 телефон рақамлари орқали колл-марказга қўнғироқ қилинади ва фатво бўйича малакали мутахассислардан жавоб олинади.
Дарҳақиқат, Ислом илм-маърифат динидир. Инсон ўзи билмаган нарсасини сўраб ўрганиши керак. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Агар билмайдиган бўлсангиз, зикр аҳлларидан сўрангиз!”, деб буюрган (Наҳл, 43).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Билимсизликнинг давоси саволдир”, – дея баён қилганлар (Имом Абу Довуд ривояти).
Машҳур тобеин Муҳаммад ибн Сийрин раҳимаҳуллоҳ эса шундай деганлар: "Шаръий илм дин демакдир. Динингизни кимдан олаётганингизга эътибор қаратинг!".
Аллоҳ таоло ушбу лойиҳани барчамизга муборак айласин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар

Қиёматда улар борасида сўроқ қилинмаймизми?

30.04.2025   1800   3 min.
Қиёматда улар борасида сўроқ қилинмаймизми?

Аллоҳ таоло айтади: «Улар эҳсон қилганларида исроф ҳам, хасислик ҳам қилмаслар (тутган йўллари) бунинг ўртасида – мўътадилдир»[1].

Ўзингиздан бойроқ бўлганлар билан тенглашишга уринманг. Акс ҳолда бўйнингизгача қарзга ботиб, маломатга қоласиз.

Ўзингизга, оила аъзоларингизга, шунингдек, қўли юпин кишиларга нисбатан зиқналик қилманг. 

Зиқна одам учун таъмагир бўлмасдан яшаётганининг ўзи катта гап. Аллоҳ таоло айтади: «(Бахиллик қилиб) қўлингизни бўйнингизга боғлаб ҳам олманг. (Исрофгарчилик қилиш билан) уни бутунлай ёйиб ҳам юборманг. Акс ҳолда маломат ва маҳрумликда ўтириб қолурсиз»[2].

Мен жуда катта маош оладиган, бироқ ой тугамасиданоқ ойлигидан бир чақа ҳам қолмайдиган кишиларни биламан. “Улар шунча пулни, мол-дунёни қаерга сарфлашяпти экан”, деб ҳайрон қоламан. Аллоҳ таоло айтади: «...ва  мутлақо йўл қўйманг! Чунки исрофгарлар шайтонларнинг дўстларидир. Шайтон эса, Парвардигорига нисбатан ўта ношукр эди»[3].

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу: “Анча кунга етадиган рўзғорликни бир кунда ишлатиб юборадиган оилага аччиғим келади”, деганлар.

Муовия розияллоҳу анҳу: “Зое бўлган, бировнинг ҳаққи ўтиб кетган нарсани “исроф” деб ҳисоблайман”, деганлар.

Сарф-харажатда исрофгарчиликка йўл қўядиганлар, зиқналик қилувчилар дунёда ҳар куни қанчадан-қанча мусулмон очликдан ўлаётганини наҳот билишмаса?!

Кимдир эътироз билдириб: “Улар биздан узоқда-да” деса, “Ахир улар бизнинг Исломдаги биродарларимиз, дин қардошларимиз-ку!” – деймиз.  Биз эрта қиёмат кунида улар борасида ҳам сўроқ қилинмаймизми? Қолаверса, орамизда рўзғорига ора-сирада гўшт кирадиганлар бор. Гоҳида шу озгина гўштни олишга ҳам имкон топа олмай, ойлаб гўшт емайдилар.

Бир жамоа одамлар Қайс ибн Убода розияллоҳу анҳунинг олдиларига озроқ егулик сўраб келишди. У зот боғларида тўкилган меваларни териб, яхшисини чиригидан ажратиб саралаётган эдилар. Улар Қайс розияллоҳу анҳуга нима учун келишганини айтишди. Саҳобий уларга сўраганларини бердилар. Келган жамоа бир-бирларига ажабланиб қараб: “Ночор ҳаёт кечираётган бўлсангиз, яна қизғанмай инфоқ қилишингиз қизиқ бўлди-ку”, дейишди. У зот: “Сизларга эҳсон қилиш учунгина шундай яшайман”, дедилар (яъни, саҳобий розияллоҳу анҳу мен иқтисод қиламан ва исроф қилмаганим ҳолда, сиз каби муҳтожларга ёрдам беришга ҳам ортинаман демоқчи бўлдилар).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Чиқимда иқтисод қилиш тирикчиликнинг ярмидир. Одамларга муҳаббатли бўлиш ақлнинг ярмидир. Чиройли савол бериш эса ярим илмдир”, [4] дедилар.

Улуғлардан бири айтади: “Ким фарзандига иқтисод қилиб яшашни ўргатса, унга кўп мерос қолдиришдан ҳам кўпроқ яхшилик қилибди”.


Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.


[1] Фурқон сураси, 67-оят.
[2]  Исро сураси, 29-оят.
[3] Исро сураси, 26–27-оятлар.
[4]  Имом Табароний ривояти.