Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
05 Феврал, 2026   |   17 Шаъбон, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:10
Қуёш
07:30
Пешин
12:42
Аср
16:02
Шом
17:48
Хуфтон
19:02
Bismillah
05 Феврал, 2026, 17 Шаъбон, 1447

Хушхабар: Умра парвозлари икки бараварга оширилди

10.12.2019   6010   1 min.
Хушхабар: Умра парвозлари икки бараварга оширилди

Шу йил 10 декабрдан Саудия Арабистонига Умра авиақатновларини бир кунда икки мартадан амалга ошириш бошланди. Шу кунга қадар умра ҳаво қатновлари бир кунда бир маҳал эди.
Зиёратчилар сони ҳам икки бараварга ошди. Ҳар бир авиақатновда 245 нафардан жами кунлик зиёратчилар сони қарийб 500 нафарга етди. Мана шундай “Умра – 2019/20” мавсуми парвозлари 2020 йил ёз ойларига қадар давом этади.
Умра зиёратлари ташкилий ишлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 7 июнь кунидаги 364-сонли “Ҳаж” ва “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори асосида тизимли равишда такомиллаштириб борилмоқда.
Юртимиз фуқароларининг муқаддас зиёратга бўлган эҳтиёжларини қондириш мақсадида, муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан Умра сафарига борувчи зиёратчилар сонини белгилаш бўйича чекловлар (квота) олиб ташланганини эслаб ўтиш ўринлидир.
Фуқароларимиз ушбу ўн кунлик умра сафари давомида Мадина шаҳрида 3 кун, Макка шаҳрида 7 кун бўладилар. Улар мазкур шаҳарларда барча зарур шароитларга эга меҳмонхоналарда истиқомат қиладилар ҳамда уларга тажрибали ишчи гуруҳи, элликбошилар ва малакали шифокорлар хизмат кўрсатади.
Зиёратчиларимиз ибодатлари мукаммал бўлиши учун уларга қулай шарт-шароитларни муҳайё қилиш борасида тинимсиз саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда. Зиёратчиларнинг саломатликларини сақлаш, ўзига хос иқлим шароитида эҳтиёткор бўлиш ва овқатланиш тартибига амал қилиш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Мақсадимиз ҳар бир зиёратчига хавфсиз, қулай ва хотиржам ибодат қилиш имконини ҳосил қилишдир.
Аллоҳ таоло зиёратчиларимиз ибодатларини мақбул айласин!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Сокинлик ўлжа, уни тарк қилиш йўқотиш

04.02.2026   1660   6 min.
Сокинлик ўлжа, уни тарк қилиш йўқотиш

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 

Ибн Шиҳобдан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Банда садақасини гўзал қилса, Аллоҳ унинг орқасидан қоладиганларга ўринбосарни гўзал қилади”, дедилар.

Шарҳ: Бир умр садақа қилиб ўтган одам вафот этса, орқасидан қолган фарзандларининг таъминотига Аллоҳ таолонинг Ўзи кафил бўлар экан. Бу фарзандлар оталари садақани кўп қилгани сабабидан, бу хайрли ишнинг шарофатидан унинг вафотидан кейин ҳам Аллоҳ таолонинг риоясида бўлар эканлар.

قَالَ عَبْدُ اللهِ: السَّكِينَةُ مَغْنَمٌ، وَتَرْكُهَا مَغْرَمٌ، وَالصَّلَاةُ نُورٌ، وَالصَّدَقَةُ بُرْهَانٌ، وَالصَّوْمُ جُنَّةٌ حَصِينَةٌ، وَالنَّاسُ غَادِيَانِ فَبَائِعُ رَقَبَتِهَا فَمُوبِقُهَا، أَوْ مُفَادِيهَا فَمُعْتِقُهَا.

Абдуллоҳдан ривоят қилинади: Сокинлик ўлжадир. Уни тарк қилиш йўқотишдир. Намоз нурдир. Садақа бурҳондир. Рўза метин қалқондир. Одамлар икки турлидир. Жонини сотиб, ҳалок қилувчи ва фидя тўлаб, қутқариб олувчи.

Шарҳ: Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан келтирилаётган ушбу ривоятдаги гаплар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларидан олинганига ҳеч шубҳа йўқ. Унда қисқа иборалар ила улкан маънолар ифода этилгандир.


1. «Сокинлик ўлжадир. Уни тарк қилиш йўқотишдир».    

Ким сокин бўлса, шошқалоқ бўлмаса, хотиржамлик билан иш тутадиган бўлса, катта ўлжани олган бўлади.

Сокинликни қўйиб, шошқалоқ бўлиш очиқ-ойдин зарар, катта йўқотишдир.


2. «Намоз нурдир».

Намознинг нур эканлиги аввало банда вафот этиб, қабрга кўмилганда, унинг қоронғи қабрини ёритиши билан бўлади.

Намознинг нур эканлиги кейинчалик, қиёмат қоронғисида ўз эгасига йўл кўрсатувчи нур бўлиши билан бўлади.

Ўлим – ҳақ, ҳар биримизнинг вафот этишимиз бор. Яқинларимиз бизнинг ҳар биримизни қабрга элтиб, кўмиб, ёлғиз ташлаб кетиши бор. Ана шунда қабр зулматида азоб тортмайлик десак, намоз ўқийлик. Ўқиган намозимиз қабримизда нур бўлиб, атрофимизни ёритиб, кўнглимизни хушнуд қилиб турсин.

Қиёмат куни – ҳақ, бир кун келиб, у албатта қоим бўлажак! Унинг тўс-тўполони, даҳшатли зулматида қолишимиз турган гап. Ўша пайтда ҳеч нарсани кўрмай, қоқилиб-сурилиб юрмайлик десак, намоз ўқийлик! Шояд, ўша ўқиган намозимиз қиёмат зулматида нур бўлиб порлаб, атрофимизни, йўлимизни ёритиб турса!


3. «Садақа бурҳондир».

Мўмин киши томонидан бу дунёда ўз мол-мулкидан қилган садақасининг бурҳон бўлиши бир неча хил бўлади.

Аввало мол-мулкидан савоб умидида садақа қилиш киши иймонининг тасдиғи учун ҳужжатдир. Чунки иймонсиз, мунофиқ одам садақа қилмайди. Қиёмат куни мўмин бандадан мол-мулкини нимага сарф қилгани ҳақида сўралса, бу дунёда қилган садақаси унга бурҳон – ҳужжат бўлади.

Яна бир гапларга қараганда, бу дунёда садақа қилиб юрган кишиларга қиёмат куни алоҳида бурҳон – белги қўйилар экан. Ана шу белгини кўргандан кейин улардан «Молингни нимага сарф қилдинг?» деб сўралмас экан.

Қаранг, садақа қилиш қанчалар яхши иш! Аллоҳ таоло берган мол-дунёни Унинг йўлида садақа қилган банда шунчалар бахт-саодатга муяссар бўлар экан. Бу ҳам Аллоҳ таолонинг мўмин-мусулмонларга кўрсатган лутфу карами. Фақат бу имкониятдан тўғри фойдаланишимиз керак, холос. Мол-мулкимиздан оз бўлса ҳам, муҳтож биродарларимизга садақа қилайлик. Шоядки, ўша қилган садақамиз иймонимизнинг тасдиғи бўлса, қиёмат куни мол-мулкни нимага сарф қилганимиз ҳақида сўралганимизда, бизга ҳужжат бўлса ёки сиймомиздаги бир аломат бўлиб, бу саволдан қутқариб қолса.


4. «Рўза метин қалқондир».

Ҳа, рўза инсонни турли ёмонликлардан сақловчи метин қалқондир.

Рўза рўзадорни турли ёмон ишлардан ва гап-сўзлардан сақловчи метин қалқондир.

Шаҳватга берилишдан сақловчи метин қалқондир.

Ёмон ахлоқлардан сақловчи метин қалқондир.

Турли-туман касалликлардан сақловчи метин қалқондир.


5. «Одамлар икки турлидир. Жонини сотиб, ҳалок қилувчи ва фидя тўлаб, қутқариб олувчи».

Яъни бу дунёда ҳар бир инсон саъй-ҳаракат қилиб ўтади. У ана шу саъй-ҳаракати ила худди ўз жонини савдога қўювчи кишига ўхшайди. Савдоси эса бу ­дунёда қилган амали бўлади. Агар банда яхши амал қилган бўлса, унинг эвазига яхшилик олади. Ундай одам ўз жонини дўзахдан озод қилувчидир. Агар банда ёмон амал қилган бўлса, унинг эвазига ёмонлик олади. Ундай одам ўз жонини ҳалок қилувчи бўлади. Яъни ҳар ким нима қилса, ўзига қилади.

Биз ҳам бу дунёда ўшандай ҳаракат қилувчи, жонимизни савдога қўювчи бандалармиз. Ҳар биримиз яхши амални иложи борича кўп қилиб, ўз жонимизни улар эвазига сотиб олиб, дўзахдан озод қилишга ҳаракат қилайлик. Ғафлат уйқусида савдони нотўғри қилиб, ёмон ишлар билан жонимизни ҳалок қилувчи, дўзахга туширувчи бўлмайлик!

Ушбу ривоятдан олинадиган фойдалар:

1. Сокинлик фазилат экани.
2. Сокинликни тарк қилиш яхши эмаслиги.
3. Намоз банданинг икки дунёсини ёритувчи нур экани.
4. Рўза бандани турли ёмонликлардан сақловчи метин қалқон экани.
5. Одамлар икки тоифага бўлиниши.
6. Жонини бу дунё учун сотган банда ҳалокатга учраши.
7. Тўловини тўлаб, яъни кўплаб яхши амаллар қилиб, жонини қутқариб қолиш пайидан бўлиш зарурлиги.

 

«Яхшилик ва силаи раҳм» китоби 2-жуз.

 

Мақолалар