Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
15 Сентябр, 2026   |   4 Рабиъус сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:43
Қуёш
06:03
Пешин
12:18
Аср
16:43
Шом
18:37
Хуфтон
19:52
Bismillah
15 Сентябр, 2026, 4 Рабиъус сони, 1448

Динбузарлар даъвоси

03.12.2019   4249   6 min.
Динбузарлар даъвоси

Бугунги ҳаёт гўзал, тинч, осойишта. Лекин бу ёруғ оламни зулматга, одамлар ҳаётини ҳалокатга айлантирувчилар афсуски, қанча-қанча бегуноҳларни йўлдан адаштирмоқда, хонавайрон этмоқда, қонини тўкмоқда. Барча мутассиб оқимларнинг даъватларига яхшилаб назар ташланса, исломга ёт нарсалар экани маълум бўлади. Улар Қуръон, ҳадисдан «далил» келтирадилар, лекин фақат ўз фойдалари учун яъни, умуман Қуръон ҳадис далолат қилмайдиган маьноларда тушунтирмоқчи бўладилар», Турли хилдаги эътиқодларни ўзларининг ғаразли мақсадларига асос қилиб олган барча оқим ва тоифалар юртимизга ҳар турли йўллар билан суқилиб кириб, кишилар ва ёшларнинг онгини бузғунчи ақидасини синдиришга ҳаракат қилмоқдалар.

Бундай оқимларнинг барчаси ўз йўлларига юрмаганларни кофирга чиқариб ўлдиришга ҳукм қиладилар. Аслида Исломда ким «Лаа илааҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур росулуллоҳ», деса, у мусулмондир. Ким Ислом арконларини бажарса, уни кофир деб аташ жоиз эмас. Аллоҳ таоло Тавба сурасида: «Агар тавба қилсалар, намозни тўкис адо этсалар ва закотни берсалар, йўлларини бўшатиб қўйинглар. Албатта, Аллоҳ ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир», деб марҳамат қилган (5-оят). Уларнинг фаолияти оддий ҳалқнинг қийналиши, қони тўкилиши, муқаддас ислом динига доғ тушишидан бўлак нарсага олиб келмаган. Улар турлича бўлишидан қатъий назар, асл мақсади ҳокимият бойликка эришиш бўлиб, соф ислом таълимотидан йироқ, фақат исёнга ундовчи оқимлар бўлиб келган. Барча мутассиб ақидапараст оқимлар фожеаси шундаки, улар иймон, эътиқод билан маърифат, дин ва фалсафа ўртасидаги фарқ, уларнинг моҳиятини ўзларининг фикр доираларида талқин қиладилар.

Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизларга вой бўлсин! Шўрингиз қурсин! Қаранглар, мендан кейин бир-бирининг бўйнига урадиган кофир бўлиб кетманглар», деганлар.

Бошқа бир ҳадисда: «Ким «Лаа илааҳа иллаллоҳ», деса, мендан жонини, молини сақлабди. Фақат ҳаққи билан бўлса, мустасно. Уларнинг ҳисоби Аллоҳнинг зиммасидадир», деганлар.

Шунингдек, Ибн Умар ва Оиша онамиз розияллоҳу анҳум: «Аҳли қиблани кофирга чиқариш йўқ», дейишган. Ушбу масала энг хатарли масалалардандир, чунки бу ерда мўмин-мусулмонларнинг қонини, жонини ҳалол санаш бор, уларнинг ҳурматини, мол-мулкини, ҳуқуқларини оёқости қилиш бор.

Аллоҳ таоло Нисо сурасида айтади: «Ким бир мўминни қасддан ўлдирса, жазоси жаҳаннамдир. Унда мангу қолувчидир. Аллоҳ унга ғазаб қиладир, уни лаънатлайдир ва унга улкан азобни тайёрлаб қўядир» (93-оят).

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким ўз биродарига «Эй кофир!» деса, икковидан бири ўша бўлади», деганлар.

Аллоҳ таоло мусулмонлигини эътироф қилиб турган кишини ўлдиришдан ғоятда қаттиқ огоҳлантирган. Бу ҳақда Нисо сурасида: «Агар сиздан четлансалар ва сиз билан урушмасдан, тинчликни таклиф қилсалар, Аллоҳ сизларга уларнинг зиддига йўл бермас» дейилган (90-оят).

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам  қўшнини ширкда айблашдан ва унга қарши қилич кўтаришдан қаттиқ огоҳлантирганлар. У зот: «Сизларга бўлишидан энг хавсираган нарсам, бир киши Қуръонни ўқиб.... сўнг ундан ажраб ва орқасига отиб юбориб, қўшнисига қилич кўтарган ва уни ширкда айблашидир", деганлар.

Нафақат қуролсиз ва уруш қилмаган мусулмонни, балки ҳар қандай инсонни ўлдириш мумкин эмас. Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳунинг «Лаа илааҳа иллаллоҳ» деган бир одамни ўлдириб қўйгани ҳақидаги машҳур қиссада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга «Лаа илааҳа иллаллоҳ», деса ҳам ўлдирдингми?» деб қайта-қайта сўрайверганлар. Усома розияллоҳу анҳу: «Эй Аллоҳнинг Расули! У буни қуролдан қўрққанидан, хавфсираб айтди», деганида, у зот: «Сен унинг қалбини ёриб кўрдингми?» деганлар.

Инсонларга ўлим тилаш, улар жонига қасд қилишни Ислом дини қаттиқ қоралайди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Кимки бирон жонзот ўлдирмаган ва у ерда бузғунчилик қилиб юрмаган одамни ўлдирса демак, гуё барча одамларни, ўлдирибди, кимки унга ҳаёт ато этса (яъни ўлдиришдан бош тортса) демак, гуё барча одамларга ҳаёт берибди”, дейди (Моида сураси, 32-оят).  Ушбу оят ва ҳадиси шарифдан кўриниб турибдики, ноҳақ одам ўлдирган инсоннинг жазоси жаҳаннам, Аллоҳнинг лаънати ва азобидир. “Ислом шиорилари”ни даъво қилаётган бузғунчиларнинг инсонлар ҳаётига бу қадар бепарво қараётгани, чумолига ачингандек ачинмаслиги ушбу ояти каримада хабар берилган ваъидларга айни муносибдир.

Динни ниқоб қилиб олган динбузарларнинг энг асосий даъволаридан бири давлат раҳбарига итоат этмай “халифалик” ўрнатишдир. Мусулмон киши  Қуръони Карим Нисо сурасининг 59-ояти ҳукмига кўра ишбоши ва раҳбарларига бўйсуниши зарур. Аҳли сунна вал жамоа ақидасида бу аниқ белгилаб қўйилган.

 Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) хабар бердилар: “Кимки ўз амиридан бирор нохушлик кўрса, бас, сабр қилсин! Чунки, кимки султон буйруғидан бир қарич ташқари чиқса, жоҳилият ўлимида вафот этибди” (Бухорий, 9/7053-7054, 7143; Муслим, 3/1849). Мазкур ҳадиси шарифда давлат раҳбарига итоат этиш шартлиги таъкидланган.

Видолашув ҳажида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: “Раббингизга ибодат қилинглар, беш вақт намозингизни ўқинглар, рамазон ойи рўзасини тутинглар, молларингизнинг закотини адо қилинглар ва ишингиз эгаларига итоат этинглар, (шундай қилиб) Раббингизнинг жаннатига киринглар!” (Ҳоким, 1/19). Ушбу ҳадис Имом Муслим (раҳимаҳуллоҳ) шартига кўра саҳиҳдир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кимки умматимга қарши чиқса-ю, уларнинг яхшисини ҳам, ёмонини ҳам уриб ўлдирса, уларнинг мўминлигидан парво қилмаса, (мусулмонлик ва тинчлик-омонлик) аҳдини қилган кимсанинг аҳдига вафо қилмаса, бас, у мендан эмас ва мен ҳам ундан эмасман!”.

Мустаҳкам эътиқод, соф ақида ҳар бир киши ҳаётининг асл моҳияти бўлиши лозим. Юрт тинчлиги, осойишталигига путур етказадиган, ватандошларимизни чалғитадиган ёт ғояларга қарши курашиш барчамизнинг бурчимиздир. Аллоҳ таоло бизга ато этган тинчлик, барқарорлик ва хотиржамлик каби улуғ неъматлар қадрига етишимиз, уларни ҳимоя қилишимиз зарур. Тинчлик осойишта юртда хотиржам яшаш эса катта бахтдир.

Ўктам Қурбаниязов, Амударё тумани «Нўғой эшон» жоме масжиди имом-хатиби.

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Мир араб мадрасасида янги ўқув йили олдидан мударрислар кенгаши ўтказилди

02.09.2026   37742   1 min.
Мир араб мадрасасида янги ўқув йили олдидан мударрислар кенгаши ўтказилди

Бугун, 2 сентябрь куни Бухоро шаҳридаги Мир Араб ўрта махсус ислом таълим муассасасида янги ўқув йилига пухта тайёргарлик кўриш, олдинда турган устувор вазифаларни белгилаш ҳамда таълим сифатини янги босқичга олиб чиқишга бағишланган кенгайтирилган мударрислар кенгаши бўлиб ўтди.


Анъанага кўра, тадбир Қуръони карим тиловати билан бошланди. Тинчлик-осойишталик, илм даргоҳи фаолияти ривожи ҳамда талабаларнинг илм йўлидаги саъй-ҳаракатларига муваффақият ва барака тилаб хайрли дуолар қилинди.


Шундан сўнг таълим муассасаси директори Жалолиддин домла Сабуров, ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари Нарзилло домла Аҳмедов ҳамда маънавият ва маърифат ишлари бўйича директор ўринбосари Асадуллоҳ домла Нажмиддиновлар кун тартибидаги асосий масалалар юзасидан маъруза қилдилар.


Кенгаш давомида янги ўқув йилида амалга ошириладиган ташкилий ва ўқув-услубий ишлар атрофлича муҳокама қилинди. Жумладан: 
 

  • Таълим сифатини ошириш: Дарс машғулотларини юқори илмий савияда, замонавий педагогик технологиялар ва интерфаол усуллар асосида ташкил этиш;

  • Маънавий-маърифий тарбия: Талаба-ёшларни асрий миллий ва диний қадриятларимизга садоқат руҳида камол топтириш, уларда китобхонлик ва илмга бўлган рағбатни янада кучайтириш;

  • Ижро интизоми ва масъулият: Устоз-мударрисларнинг йиллик режалари, янги ўқув дастурлари талаблари ва белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш.


Йиғилиш якунида янги ўқув йилида масъулият ва фидойилик билан меҳнат қилиш лозимлиги қайд этилиб, устоз-мураббийларнинг машаққатли ва шарафли фаолиятига улкан зафарлар тиланди. 


Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

Мир араб мадрасасида янги ўқув йили олдидан мударрислар кенгаши ўтказилди
Ўзбекистон янгиликлари