Маълумки, терроризм ва экстремизм балолари нафақат бугунги кунда, балки у мавжуд бўлган барча замон ва маконларда инсоният ва жамият учун том маънодаги фожиа бўлиб келган. Бугунги нотинчликлар ҳукм сураётган минтақаларнинг деярли барчасидаги барқарор вазиятни издан чиқарувчи омиллари ҳам мазкур икки нарсадир.
Бу атамаларга кўплаб таърифлар берилган бўлса-да, уларнинг асл мазмун-моҳияти нотинчлик ва беқарорликни келтириб чиқариш, инсонлар қалбига қўрқув ва ваҳима солиш, уларни жисмонан йўқ қилиш, зўравонлик йўли билан ҳокимиятга интилиш каби салбий унсурлардан иборатдир. Экстремизм ва терроризм биргаликда, бир маслакка хизмат қилувчи икки унсур деб қараладиган бўлса, экстремизм кўпроқ ғоявий ва назарий, терроризм эса кўпроқ ҳаракат жиҳатларига мос келади. Экстремизм барча динларда, масалан, буддизм, христианлик, исломдаги норасмий оқимларда учраб туради. Франция Фанлар академияси XVIII асрда чоп этган луғатида терроризмни «қўрқитиш тизими» деб таърифлайди. Бошқа гуруҳ олимлар терроризмни «ҳаракат орқали тарғибот» деб атайдилар. Айрим манбаларда эса терроризмга «қўрқитиш сиёсати» дея нисбат берилади. Кўриниб турибдики, террор ва қўрқув – эгизак тушунчалардир.
Террорчилик бир сиёсий атама сифатида, қурол сотиш, наркобизнесни ривожлантириш, конституцион тузумларни ағдариш ва бошқа тубан мақсадларга эришиш учун, айтиб ўтилган турли жиноий йўллардан фойдаланишни зарур ва жоиз деб биладиган кимсалар ва ташкилотларнинг йўл-йўриғидан иборат.
Террорчилик ҳеч қачон эзгуликка қаратилган эмас, аксинча ҳар доим диний ва инсоний меъёрлар, умуминсоний қадриятлар ва аҳлоқий фазилатларга қарши ишлатилганлиги учун энг оғир ва ваҳшиёна жиноят ҳисобланиб келган. Унинг тарихи қон билан ёзилган. Террорчилик дин, миллат, элат ва чегара билмайди. Энг ваҳший, маданиятсиз ва инсоний хислатларини йўқотган ашаддий жиноятчилар, бу қабиҳ ишга қўл урадилар.
Муқаддас Ислом динини ҳам ниқоб қилиб олганлар экстремистик ва террористик ҳаракатлар бўлиб, улар ўз олдиларига исломнинг аслига қайтишни ва халифалик давлати қуришни куч ишлатиш йўли билан амалга оширишни мақсад қилган оқимлардир. Бундай оқим ва ҳаракатлар диний мутаассибликка асосланган бўлиб, муайян мазҳаб таълимотига қаттиқ ёпишиб олиш оқибатида юзага келади ва кўпинча муайян сиёсат ва иқтисодий манфаатларни таъминлаш мақсадида амалга оширилади.
Ислом дини доирасида вужудга келган илк экстремистик оқим — Хорижийлар бўлиб, Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу ва Муовия розияллоҳу анҳу ўртасидаги “Сиффийн” жангида музокара ва келишиш орқали тўхтатиш сиёсатига Али розилик бергани учун унинг қўшинидан унга қарши ажралиб чиққан гуруҳдир.
Хорижийларнинг дастлабки вакиллари саҳровий араблар бўлиб, илм-маърифатдан йироқ, лекин ўзларини диндорликнинг чўққисига чиққанлик даъвосини қилувчи шахслар эди. Уларнинг илми бўлмаганлиги сабабли, ўзларига ёққан нарсага ёпишиб олиб, бошқа нарсаларни рад этар ва бошқаларни нуқсонда айблар эдилар. Улар бегуноҳ мусулмонларнинг қонини тўкиб, йўлтўсарлик қилиб, Аллоҳ ҳаром қилган нарсаларни ўзларига ҳалол ҳисоблашган эдилар.
Хорижийлардан бири Абдураҳмон ибн Мулжам 661 йилда хулафои рошидийнларнинг тўртинчиси Ҳазрати Али ибн Абу Толибни ярадор қилиб ўлдирди. Хорижийлар умавийлар ва аббосийлар халифалигига қарши уруш олиб бориб, жуда кўп мусулмонларнинг ўлимига сабаб бўлди. Улар давлат учун ҳар доим катта муаммоларни келтириб чиқариб, ҳар доим мамлакатда фитна ва беқарорликни қўзғатиб турарди. Замонлар ўтиши билан улар барча ислом жамоасининг қаршилигига учради.
X асрда ўрта Шарқда Ҳамдон ал-Ашъас Шиа мазҳабининг Исмоилия йўналиши доирасида «Ал-Қаромита» (яна бир номи “Қирмитийлар”) деб аталган диний-сиёсий ҳаракатга асос солди. Бу ҳаракат вакиллари бошқа мазҳаблар тарафдорларини ўлдириш сиёсатини олиб борди. 317 ҳижрий санада қирмитийлар Ислом дунёсида мисли кўрилмаган жиноятга қўл уришди. Уларнинг бошлиғи Абу Тоҳир 600 отлиқ ва 900 пиёда билан Муқаддас Макка шаҳрига кириб қатл ва талончилик ўтказди. Ҳажарул асвад ва Каъбадаги бошқа муқаддас нарсалар, жумладан олтин тарновни талашди. Хожа Низомулмулкнинг “Сиёсатнома” асарида ёзилишича ушбу фожиада 30000 мусулмон, жумладан 1900 киши Ҳарам ичида шаҳид қилинган.
XII аср бошида исмоилийлардан Ҳасан Саббоҳ (1124 й.в.э.) ва унинг тарафдорлари ўз диний ғоялари ва сиёсий мақсадларини амалга ошириш учун қурол ишлатиш, қатл қилиш, йўлтўсарлик, террорчиликдан фойдаланиб келган. Улар гашиш (гиёҳвандлик моддаси)ни қўллаш йўли билан фидойиларни тарбиялаб, ўз мухолифларини ўлдиришга буюрган. Унда фидоийга кўп миқдорда гашиш ичириб уни бехуш қилар, сўнгра уни беҳиштсимон бир жойга олиб бориб, бир муддат айшу ишрат ва маишатда ўтказгандан кейин қайтариб аввалги жойига олиб келарди. Фидоий ўзига келганда бу нарса унинг ҳаёлида мангу қолиб, шу йўлда жон фидо хизмат қилишга ундарди. Улар дин ва давлат арбобларидан 48 кишини террор қилганлар. Жумладан, Аббосий халифалардан Ал-Мусаршид, Ар-Рашидларни, уларнинг ашаддий душмани Хожа Низомулмулк ва унинг икки ўғли Аҳмад ва Фахрулмулкларни террор қилишган.
Уларнинг асосий қароргоҳи ва маркази Аламут қалъаси (Эрон)да бўлган. Кейинроқ Аламут қалъаси мўғил саркардаси Хўлагу томонидан забт этилиб, уларнинг террорчилик ва сиёсий фаолиятига барҳам берилди.
Шу билан VII асрнинг II-ярмидан XIII асрнинг I-ярмигача ислом дунёсида давом этган диний экстремистик ҳаракатлар инқирозга учраган бўлса ҳам, орадан 5 аср ўтиб, XVIII аср ўрталарида Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб (1703-1794) томонидан Арабистон ярим оролида “Ваҳҳобийлик” номи билан аталган диний-сиёсий экстремистик ҳаракат, 1928 йил Мисрда Ҳасан ал-Банно томонидан “Иҳвонул муслимин” ҳаракати, 1952 йилда Фаластинда Тақиюддин Набаҳоний бошчилигида “Ҳизбут таҳрир ал исломий”, «салафийлик», «ИШИД» ва шу каби кўплаб оқимларга асос солиндики, бу ҳам бўлса, ёвузликка хизмат қилган эски ота-боболарининг изидан борувчи, замонга ҳамоҳанг ҳолатда уларнинг бузғунчилик фаолиятларини давом қилдирувчи, бутун дунё тинчлигига раҳна солувчи янги бир ёвузлик жамоасини вужудга келтирди.
Мазкур жамоаларнинг деярли кўпчилик қисми бутун дунёда Ислом халифалигини барпо этишни ўзларига шиор қилиб, қилаётган амалиятлари бунёдкорлик ўрнига фақатгина бузғунчилик ва қирғиндан иборатлигига бутун дунё гувоҳ бўлишмоқда. Ҳеч бир замон ва маконда эшитилмаганки, мазкур жамоалар томонидан инсоният ёки жамият манфаатларига хизмат қиладиган бирон бир иншоат, мактаб, масжид ёҳуд бошқа нарса бунёд қилинганлиги ҳақида. Бунинг аксига улар томонидан бузиб ташланган мактаблар, портлатилган масжидлар, босиб олинган иншоатлар, ўлдирилган бегуноҳ инсонлар ҳақидаги хабарларгагина дунё аҳли гувоҳ бўлишган.
Бу эса, Ислом дини таълимотининг нотўғри талқин қилинишига, эзгуликка чақирувчи муқаддас динимиз шаънига ноўрин таъна тошлари отилишига олиб келмоқда. Ваҳоланки, “ислом” сўзининг ўзаги “салом” сўзидан олинган. Яъни, тинчлик ва саломатлик маъноларини англатади. Учинчи маъноси – итоат. Яъни, Аллоҳ ва Унинг Расули соллаллоҳу алайҳи васаллам кўрсатмаларига амал қилиш ҳаракатида бўлиши лозим, деган хулоса чиқади. Ислом дини нафақат инсоннинг ўзи, балки ўзга одамларга, ҳатто наботот ва ҳайвонотга, қўйингки, барча мавжудотга нисбатан раҳм-шафқатли ва меҳрибон бўлишга чақиради. Зўравонлик, қўпорувчилик ва тажовузкорликни у ҳеч қачон оқлаган эмас ва оқламайди ҳам. Қуръони каримнинг Моида сураси 32 — ояти мазмунида шундай дейилади: “Кимки бирон жонни ўлдирмаган ва ерда бузғунчилик қилиб юрмаган одамни ўлдирса, демак гўё барча одамларни ўлдирибди ва кимки унга ҳаёт ато этса, демак, гўё барча одамларга ҳаёт берибди”.
Динимизнинг тинчликсевар, мўътадил таълимот эканлигини, у ҳеч қачон қон тўкиш, уруш оловини ёқишни ёқламаслигини бутун жаҳон аҳли яхши билади. Шулардан келиб чиққан ҳолда тўла ишонч билан айтишимиз мумкинки, террорчи ва экстремистлар бу дунёдаги ёвузлик меросхўрларидир.
М.Хабибуллаев
Гурлан туман бош имом-хатиби
Тошкент вилояти бош имом-хатиби Дониёр домла Икромов билан суҳбат
– Ассалому алайкум. Бугунги суҳбатимизни инсон ҳаётида муҳим ўрин тутадиган, одамни борига рози бўлиб, йўғига сабр қилишга ундайдиган гўзал фазилат – қаноат ҳақида гаплашсак. Аввало, қаноат деганда нимани тушунамиз?
– Ваалайкум ассалом вараҳматуллоҳи вабаракотуҳ. Қаноат – инсонга берилган неъматларни қадрлаш, Аллоҳ таолонинг тақдирига рози бўлиш, бор нарсага шукр қилиш ва ҳалол йўл билан ҳаёт кечиришдир.
Қаноат – бу қўл қовуштириб ўтириш, меҳнат қилмаслик, бирор касбнинг бошини тутмаслик ёки “борига шукр” деб тараққиётдан ортда қолиб кетиш эмас. Мусулмон киши, ҳадиси шарифда таъкидланганидек, дунё ишларида ҳаракат қилади, ризқини излайди, касб-ҳунар ўрганади, оиласи учун меҳнат қилади. Аммо қалбида: “Менга берилган неъматнинг эгаси Аллоҳ таолодир”, деган эътиқодда бўлади.
Инсон қанча бой бўлмасин, агар қалбида қаноат бўлмаса, ўзини камбағал ҳис қилиши мумкин. Аксинча, мол-дунёси кўп бўлмаган инсоннинг қалби хотиржам, шукр қилувчи бўлса, у чинакам бойдир. Шу боис уламолар қаноатни қалбг бойлиги, деб таърифлашган.
– Ислом дининг асосий манбалари бўлмиш Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда қаноат ҳақида нима дейилгани ҳам ўқувчиларга қизиқ, албатта.
– Ҳа, шундай. Ислом таълимотида қаноат улуғ фазилат ҳисобланади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Аллоҳ сенга ато этган нарса билан охиратни истагин ва дунёдан бўлган насибангни ҳам унутмагин. Аллоҳ сенга эҳсон қилгани каби сен ҳам (одамларга) эҳсон қил! Ерда бузғунчилик қилишни истама! Чунки Аллоҳ бузғунчиларни суймас” (Қасас сураси, 77-оят), деб марҳамат қилган.
Ислом дини инсонни бу дунёда ҳам, охиратда ҳам бахт-саодатга эриштирувчи дастуриламал, ҳаёт манҳажидир. Аммо динимизнинг асл моҳиятини, унинг таълимотлари барча замон ва маконларга мувофиқ келишини англаб етмаган кишилар уни таркидунёчиликка айлантириб қўядилар, динга амал қилиш учун дунёдан ажралиб чиқиш керак, деб ҳисоблайдилар. Ваҳоланки, Парвардигори олам инсонга ато қилган барча неъматлари ҳам охиратни, ҳам дунёдаги насибани излаш воситаси эканини айтмоқда.
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй Абу Ҳурайра, парҳезкор бўл, одамларнинг обидроғи бўласан. Қаноатли бўл, инсонларнинг энг бойи бўласан. Ўзингга ёққанини одамлар учун ҳам яхши кўр, мўмин бўласан. Қўшнингга яхшилик қил, муслим бўласан. Кулгини кўпайтирма. Чунки кулгининг кўпи қалбни ўлдиради”, дедилар (Имом Ибн Можа, Имом Табароний, Имом Байҳақий ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонни ўзига берилган неъматларни қадрлашга тарғиб этганлар.
Баъзан инсон ўзидан бойроқ кишига қараб: “Унинг машинаси бор, уйи катта, кийими яхши, имконияти кўп”, деб ўзини камбағал ҳис қилади. Лекин ўзидаги неъматларга қарамайди. Бошқа бир инсон эса касал бўлиб ётибди, соғликка муҳтож. Яна бири фарзандли бўлишни орзу қилади. Демак, биз кўпинча ўзимизда бор нарсаларнинг қадрини уларни бой бергачгина англаб етамиз. Шу боис мўмин инсон ҳар куни: “Аллоҳ таоло менга қанча неъматлар берган-а. Ўзига шукр”, деб ҳамду сано айтиши керак.
– Демак, қаноат инсоннинг бахтли яшашига ҳам сабаб бўлар экан-а?
– Албатта. Қаноат билан бахт ўртасида катта боғлиқлик бор. Бугунги кунда инсоннинг кўзи кўп нарсага тушади. Телефон, интернет, ижтимоий тармоқлар орқали бошқаларнинг ҳаётини кўрамиз. Кимдир янги машина харид қилганини, кимдир янги иморат қурганини, кимдир чет элга саёҳат қилганини кўрамиз.
Агар инсон ўз ҳаётини доимо бошқаларнинг ҳаёти билан солиштираверса, қалбида норозилик пайдо бўлади: “Нега менда йўқ? Нега унда бор? Нега унинг ҳаёти яхши?” деган саволлар кўпайиб боради. Бу эса инсоннинг хотиржамлигини йўқотади.
Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дунёвий масалаларда инсон ўзидан пастроқ ҳолатдаги кишиларга қарашини ўргатганлар. Яъни инсон ўзидан бойроқ кишига қараб ҳасрат қилмасдан, ўзидан камроқ имкониятга эга бўлган кишиларни кўриб, Аллоҳнинг неъматларига шукр қилсин.
– Айримлар қаноатли кишининг ҳаётга интилиши паст, деб тушунадилар. Бунга динимиз қандай қарайди?
– Бу қаноат тушунчасини нотўғри англашдан келиб чиқади. Мусулмон киши меҳнаткаш бўлиши керак. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам меҳнат қилишга, ҳалол ризқ топишга тарғиб этганлар.
Деҳқон ерга уруғ сепиб, кейин “Аллоҳ ризқ беради”, деб уйида ўтирмайди. У ер ҳайдайди, уруғ сочади, суғоради, меҳнат қилади ва натижасини Аллоҳдан кутади. Тадбиркор ҳам ҳаракат қилади, талаба ўқийди, ҳунарманд ҳам меҳнат қилади. Қаноат шу ҳаракатдан кейин инсоннинг қалбидаги ҳолатдир. Яъни, қўлимиз меҳнатда, қалбимиз Аллоҳга боғланган бўлиши керак.
– Бугунги ёшлар орасида “кўпроқ пул топиш”, “бой бўлиш”, “қиммат машина олиш” каби мақсадлар кучайиб бормоқда. Бу ҳолатга қандай муносабат билдирасиз?
– Мол-дунёга эга бўлиш ёмон эмас. Ислом бойликни ҳаром қилмаган. Ҳаром қилингани – бойликнинг инсон қалбини эгаллаб олиши, уни ҳаромга бошлаши ва Аллоҳ таолонинг зикридан, тоат-ибодатидан унуттиришидир.
Ҳалол меҳнат билан бойиган инсон жуда кўп хайрли ишлар қилиши мумкин. Камбағалларга ёрдам беради, масжидлар ва мадрасалар қуради, илмга хизмат қилади, етимларни қўллаб-қувватлайди. Мол-дунё қўлда бўлса – неъмат, қалбда бўлса синовдир.
Ёшларимизга шуни ўргатишимиз керак: катта мақсад қўйиш мумкин. Аммо мақсад ҳалол бўлиши керак. Ризқ ҳалол бўлиши керак. Меҳнат ҳалол бўлиши керак. Энг муҳими, инсон дунёвий мақсадга эришаман деб охиратни бой бермаслиги лозим.
– Фарзандларимизга қаноатни қандай ўргатишимиз мумкин?
– Энг яхши тарбия намуна бўлишдир. Ота-она “қаноатли бўл” деб, ўзи доимо бошқаларнинг мол-дунёсини муҳокама қилиб юрса, бола гапга эмас, амалга қарайди. Фарзандларимизга кичиклигидан: “Нон – неъмат. Уни исроф қилма”, “Ота-онангнинг меҳнати қадрига ет”, “Бошқаларга ҳасад қилма”, деган тушунчаларни сингдириш керак.
Боланинг истаган ҳамма нарсасини муҳайё қилавериш тўғри эмас. Чунки инсон хоҳлаган нарсасига осонгина эришаверса, берилган неъматнинг қадрини билмай қўйиши мумкин. Баъзида фарзандга: “Ҳозир имконимиз йўқ, сабр қиламиз”, дейиш ҳам тарбия, ҳам унинг қаноатли бўлишига замин яратади.
– Қаноат билан тақдирга рози бўлишни қандай тушунтирган бўлардингиз?
– Мўмин киши Аллоҳ таолонинг тақдирига иймон келтиради. Лекин тақдирни баҳона қилиб, ўзининг зиммасидаги вазифаларини ташлаб қўймайди. Касал инсон: “Тақдир экан”, деб даволанишдан воз кечмайди. Ризқ излаётган киши меҳнат қилишни ортга сурмайди. Талаба ўқишни тўхтатмайди. Биз сабабларни қиламиз, натижасини Аллоҳдан кутиб яшаймиз. Агар натижа биз кутгандек бўлмаса, “Нега бундай бўлди?” деб Аллоҳнинг тақдирига норози бўлмаймиз. Мана шу ҳолат инсон қалбига катта хотиржамлик беради.
– Сўнгги савол: инсон қаноатли бўлиши ва шу фазилатга эга бўлиши учун нима қилиши керак?
– Бунинг учун, аввало, шукрни канда қилмаслиги керак. Ўзини ҳадеб бошқалар билан солиштирмаслиги зарур. Чунки ҳар кимнинг тақдири, ризқи ва ҳаёт йўли ҳар хил бўлади.
Ҳалол меҳнат қилиб, исрофдан тийилиши шарт. Инсон кўп нарсага эга бўлиш билан бахтли бўлиб қолмаймиз. Керакли нарса билан кифояланишни ўрганишимиз лозим.
Эҳтиёжманд инсонлар ҳолига қараш керак. Инсон ўзидан камроқ имкониятга эга кишиларни кўрса, ўзининг неъматларини янада чуқурроқ ҳис қилади.
Аллоҳ таоло билан муносабатимизни мустаҳкамлашимиз шарт. Намоз, дуо, Қуръон тиловати, зикр ва истиғфор инсоннинг қалбини поклайди. Қалби Аллоҳга боғланган инсон дунёвий нарсаларга ҳаддан зиёд боғланиб қолмайди. Ва ўшанда қиноат битмас хазина эканини англаб етади.
Т.НИЗОМ суҳбатлашди.