ҚУРЪОННИНГ ИСМЛАРИ
Араблар ўз асарларини имкон қадар қисқа, ҳатто бир сўз билан номлаган бўлсалар, Аллоҳ таоло бунга хилоф ўлароқ, Ўзининг ваҳий тўплами учун турли исмларни ихтиёр қилди. Бунда ушбу исмларнинг сирлари ва уларнинг келиб чиқиши эътиборга олинди. Мазкур исмларнинг энг машҳурлари «Қуръон» ва «Китоб»дир.
«Қуръон» сўзининг луғатдаги маъноси ҳамда уламолар истилоҳидаги таърифини юқорида кўриб ўтдик. Зотан, Аллоҳ таолонинг Ўзи бу мўъжизакор Каломини унинг ўзида «Қуръон» деб атаган.
Аллоҳ азза ва жалла Исро сурасида шундай деб марҳамат қилади:
إِنَّ هَٰذَا ٱلۡقُرۡءَانَ يَهۡدِي لِلَّتِي هِيَ أَقۡوَمُ ٩
«Албатта, бу Қуръон энг тўғри йўлга ҳидоят қилур» (9-оят).
Бу илоҳий дастурнинг «Китоб» деб номланиши унинг сатрларда жамланганига ишорадир, чунки ҳарфларнинг бир-бирига қўшилиб, жамланиши ва улардан ташкил топгтан лафзларнинг тартиб билан жойлаштирилишидан ҳосил бўладиган тўпламга «китоб» дейилади.
Аллоҳ таоло Каҳф сурасида марҳамат қилади:
ٱلۡحَمۡدُ لِلَّهِ ٱلَّذِيٓ أَنزَلَ عَلَىٰ عَبۡدِهِ ٱلۡكِتَٰبَ وَلَمۡ يَجۡعَل لَّهُۥ عِوَجَاۜ١
«Ўз бандасига Китоб нозил этган ва унда ҳеч бир эгрилик қилмаган Аллоҳга хамд бўлсин» (1-оят).
Оятда «бандаси» деганда ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам назарда тутиляпти. «Китоб»дан мурод Қуръони Каримдир.
Шунингдек, Аллоҳ таоло Ўзининг Муҳаммад алайҳиссаломга туширган ваҳий тўпламини бошқа кўплаб оятларда ҳам «Китоб» деб номлаган. Баъзи оятларда эса ушбу икки исмни бирга зикр қилган.
Аллоҳ таоло Ҳижр сурасида марҳамат Қилади:
الٓرۚ تِلۡكَ ءَايَٰتُ ٱلۡكِتَٰبِ وَقُرۡءَانٖ مُّبِينٖ١
«Алиф лаам ро. Ушбулар Китобнинг ва очиқ-ойдин Қуръоннинг оятларидир» (1-оят).
Аллоҳ таоло яна Намл сурасида бундай дейди:
طسٓۚ تِلۡكَ ءَايَٰتُ ٱلۡقُرۡءَانِ وَكِتَابٖ مُّبِينٍ١
«То син. Ушбулар Қуръоннинг – очиқ-ойдин Китобнинг оятларидир» (1-оят).
Юқоридаги икки оятда Аллоҳ таоло Қуръони Каримни «Китоб» ва «Қуръон» деб атамоқда. Аввалгисида «Китоб» исмини, кейингисида «Қуръон» исмини олдин келтирмоқда.
Ушбу илоҳий ваҳийнинг «Китоб» ва «Қуръон» деб номланиши ниҳоятда табиийдир. Зеро, ушбу имтиёз Муҳаммадий ваҳийнинг барча босқичларида – матнлаининг сақланишида, таълимотларининг ёд олинишида, сатрларда нақшланиб, қалбларда жамланишида яққол кўринади, намоён бўлади.
Шунга кўра, ушбу икки исм Қуръони Каримнинг бошқа исмларига қараганда кўпроқ ишлатилади.
«Зикр» сўзи икки хил маънога эга бўлиб, унинг биринчи маъноси «эслатма», иккинчи маъноси «шараф»дир. Қуръони Каримнинг «Зикр» деб номланишида мазкур икки маъно ҳам ўз ифодасини топган.
Аллоҳ таоло Анбиё сурасида марҳамат қилади:
وَهَٰذَا ذِكۡرٞ مُّبَارَكٌ أَنزَلۡنَٰهُۚ أَفَأَنتُمۡ لَهُۥ مُنكِرُونَ٥٠
«Бу Биз нозил қилган муборак эслатмадир» (50-оят).
Биз «эслатма» дея таржима қилган сўз ояти каримада «зикр» деб келган. Ҳа, Аллоҳ таолодан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга келган ваҳий зикрдир, бутун оламлар учун ваъз-насиҳат, эслатмадир.
Қуръони Карим фақат одамлар учун эмас, балки биз билган ва билмаган барча оламлар учун, масалан, жинлар оламига ҳам эслатмадир. У бутун оламларга иймонни, ихлосни, ибодатни, жаннатни эслатади. У оламларга куфрни, исённи, нифоқни, дўзахни эслатади. У оламларни ваъз-насиҳат йўли билан яхшиликка чақириб, ёмонликдан қайтаради.
Аллоҳ таоло Зухруф сурасида бундай дейди:
وَإِنَّهُۥ لَذِكۡرٞ لَّكَ وَلِقَوۡمِكَۖ وَسَوۡفَ تُسَۡٔلُونَ٤٤
«Албатта, у (Қуръон) сенга ҳам, қавмингга ҳам шарафдир. Ва албатта сўралурсизлар» (44-оят).
Бу ерда «шараф» дея таржима қилинган калима ояти каримада «зикр» деб айтилган.
Ушбу оятда Аллоҳ таоло шундай демоқда:
«Эй Муҳаммад, ҳеч шубҳа йўқки, сенга туширилган Қуръон сен учун, шунингдек, қавминг учун ҳам шон-шарафдир».
Дарҳақиқат, Қуръони Карим Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга шону шараф бўлди. Ушбу абадий илоҳий мўъжиза бўлмиш Қуръон у зоти бобаракотнинг зикрларини бутун оламга таратди, миллионлаб инсонлару жинларни у зотга уммат қилди. Сон-саноқсиз мўмин-мусулмонлар томонидан доимий равишда у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга салавоту саломлар айтиб турилишига сабаб бўлди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мана шу Қуръон туфайли инсониятнинг энг намунали вакилига, башариятнинг энг улуғ кишисига айландилар. У зотнинг башарият учун қилган хизматларини дўст ҳам, душман ҳам тан олди.
Шунингдек, Қуръони Карим Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қавмларига ҳам шону шараф келтирди. Улар Қуръон уммати сифатида бутун дунёга танилдилар. Қуръонга амал қилиб, дунёнинг пешқадам умматига айландилар. Дунёдаги барча халқлар уларга ҳавас билан қарайдиган бўлди. Дунё тургунча номлари зикр қилинадиган, қиёматгача ҳақларига халқлар дуойи хайрлар, мадҳу олқишлар ўқийдиган бўлди.
«Фурқон» лафзи луғатда «фарқловчи», «ажратувчи» деган маъноларни англатади. Қуръон ҳақдан ботилни, яхшидан ёмонни фарқлаб, ажратиб бергани учун шу ном билан ҳам аталган.
Аллоҳ таоло Фурқон сурасида марҳамат қилади:
تَبَارَكَ ٱلَّذِي نَزَّلَ ٱلۡفُرۡقَانَ عَلَىٰ عَبۡدِهِۦ لِيَكُونَ لِلۡعَٰلَمِينَ نَذِيرًا١
«Оламларга огоҳлантирувчи бўлиши учун бандасига Фурқонни нозил қилган Зот баракотли, улуғдир» (1-оят).
Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло баракотли ва улуғ Зот. Ана шу беқиёс баракотлилиги, улуғлигининг аломатларидан бири шуки, У Зот бу дунё аҳлига, барча оламларга бандаси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни Аллоҳнинг иқоби ва азобидан огоҳлантирувчи қилиб юборди ҳамда у кишига ҳақдан ботилни фарқлаб берувчи Фурқонни – Қуръонни нозил қилди.
Бу лафз «нозил қилинган» – «туширилган» деган маънони англатади, Қуръони Каримнинг бундай номланиши унинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалбларига нозил қилинган ваҳий тўплами эканидандир.
Аллоҳ таоло Шуаро сурасида шундай деб марҳамат қилади:
وَإِنَّهُۥ لَتَنزِيلُ رَبِّ ٱلۡعَٰلَمِينَ١٩٢
«Албатта, у (Қуръон) оламлар Роббининг нозил қилганидир» (192-оят).
Ҳа, Қуръони Карим нозил қилингандир, юқоридан, оламларнинг Робби ҳузуридан тушгандир.
Ушбу исмлар Қуръоннинг энг кўп тарқалган машҳур исмларидир. Лекин баъзилар Қуръон исмларини санаб, бир неча ададга етказишган. Мисол учун, имом Заркаший қози Шайзаладан нақл қилиб, Қуръонга нисбатан эллик бешта исмни зикр қилган. Табиийки, улар исм ва сифатларни аралаштириб келтиришган.
Қуръони Каримнинг биз зикр қилгандан ташқари исм ва сифатларига мисол қилиб яна қуйидагиларни келтириш мумкин:
وَإِنَّهُۥ فِيٓ أُمِّ ٱلۡكِتَٰبِ لَدَيۡنَا لَعَلِيٌّ حَكِيمٌ٤
«Албатта, у ҳузуримиздаги она китобдадир, олий дир, ҳикматлидир» (Зухруф сураси, 4-оят).
2) «Мажид» – Улуғвор:
بَلۡ هُوَ قُرۡءَانٞ مَّجِيدٞ٢١
«Йўқ!!! У Қуръони мажиддир» (Буруж сураси, 21-оят).
3) «Азиз» – азиз, ғолиб:
وَإِنَّهُۥ لَكِتَٰبٌ عَزِيزٞ٤١
«Албатта, у азиз китобдир» (Фуссилат сураси, 41-оят).
4) «Арабий» – арабча:
وَكَذَٰلِكَ أَوۡحَيۡنَآ إِلَيۡكَ قُرۡءَانًا عَرَبِيّٗا لِّتُنذِرَ أُمَّ ٱلۡقُرَىٰ وَمَنۡ حَوۡلَهَا وَتُنذِرَ يَوۡمَ ٱلۡجَمۡعِ لَا رَيۡبَ فِيهِۚ فَرِيقٞ فِي ٱلۡجَنَّةِ وَفَرِيقٞ فِي ٱلسَّعِيرِ٧
«Ана шундай қилиб, сенга... арабча Қуръонни ваҳий қилдик» (Шуро сураси, 7-оят).
Уламоларнинг баъзилари, мисол учун, Ҳарролий Қуръон исмларини тўқсондан ошириб юборган. Қуръони Каримни қайси исми билан номлашдан қатъи назар, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилинган, мусҳафларда ёзилган, мутавотир тарзда нақл қилинган, тиловати ибодат бўлган мўъжиза калом кўзда тутилади.
ҚУРЪОННИНГ НОЗИЛ БЎЛИШИ
Қуръоннинг нозил бўлиш босқичлари ҳақида Қуръони Каримнинг ўзида ва Суннатда матнлар келган. Мазкур матнларда «нузул» масдаридан олинган турли сўзлар ишлатилган. Мавзунинг ичига киришдан олдин, одатдагидек, ушбу «нузул» сўзининг луғатдаги маъноси ҳақида керакли билимга эга бўлиб олсак, яхши бўлади.
Араб тилида «нузул» сўзи бир жойга «тушиш» ва «жойлашиш» деган маъноларни англатади. Бинобарин, унда «тушириш» ва «жойлаштириш» маънолари ҳам бўлади.
Баъзи уламолар: «Нузул сўзининг ушбу маънолари моддий нарсаларга ишлатилади, Қуръони Карим моддий бўлмагани учун, унга нисбатан бу сўзнинг ишлатилиши мажозий бўлиши керак», дейишган. «Нузул» сўзининг мажозий маъносини эса «билдириш» деб таъвил қилишган. Аммо бошқа уламолар: «Қуръони Каримнинг ўзи бу маънони жуда кўп ўринда турли кўринишларда ишлатган, шунинг учун уни таъвил қилишга ҳожат йўқ», дейдилар.
«Улуми Қуръон» олимлари Қуръони Каримнинг нозил бўлиши ҳақида луғат жиҳатидан бир оз ихтилоф қилган бўлсалар ҳам, унинг амалий нозил бўлиши уч қисмга бўлинишига иттифоқ қилганлар.
Бунинг дали ли Қуръони Каримнинг ўзида келган.
Аллоҳ таоло Буруж сурасида марҳамат қилади:
بَلۡ هُوَ قُرۡءَانٞ مَّجِيدٞ٢١ فِي لَوۡحٖ مَّحۡفُوظِۢ٢٢
«Йўқ!!! У Қуръони Мажиддир. Лавҳул Маҳфуздадир» (21-22-оятлар).
Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло Ўз Расулига нозил қилган ваҳийлар тўплами бўлмиш «Қуръони Мажид»нинг «Лавҳул-Маҳфузда» эканини айтмоқда.
Лавҳул Маҳфуз, яъни «Муҳофаза қилинган лавҳ», исломий эътиқод бўйича Аллоҳнинг ҳузуридаги лавҳ бўлиб, барча нарсалар унда ёзилган бўлади. Ҳа, Аллоҳ таоло махлуқотлар тақдирини ёзган китобнинг номи «Лавҳул Маҳфуз»дир. Қуръони Карим ҳам дастлаб ўша Лавҳда бўлган. Лавҳул Маҳфуз Аллоҳ таолонинг ҳузурида бўлиб, унга ҳеч қандай ўзгариш кириши мумкин эмас.
Қуръони Карим Аллоҳ таолонинг Ўзидан бошқа ҳеч бир зот билмайдиган тарзда ва вақтда Лавҳул Маҳфузда мавжуд бўлган. Бўлганда ҳам, ояти каримада зикр қилинганидек, бир йўла яхлит ҳолда бўлган.
Бунинг далили ҳам Қуръони Каримнинг ўзида келган.
Аллоҳ таоло Духон сурасида марҳамат қилади:
إِنَّآ أَنزَلۡنَٰهُ فِي لَيۡلَةٖ مُّبَٰرَكَةٍۚ إِنَّا كُنَّا مُنذِرِينَ٣
«Албатта, Биз уни муборак кечада нозил қилдик...» (3-оят).
Аллоҳ таоло яна Бақара сурасида марҳамат қилади:
شَهۡرُ رَمَضَانَ ٱلَّذِيٓ أُنزِلَ فِيهِ ٱلۡقُرۡءَانُ هُدٗى لِّلنَّاسِ وَبَيِّنَٰتٖ مِّنَ ٱلۡهُدَىٰ وَٱلۡفُرۡقَانِۚ
«Рамазон ойи – унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ-ойдин ҳужжатлар бўлиб, Қуръон нозил қилинган» (185-оят).
Аллоҳ таоло Қадр сурасида марҳамат қилади:
إِنَّآ أَنزَلۡنَٰهُ فِي لَيۡلَةِ ٱلۡقَدۡرِ١
«Албатта, Биз у(Қуръон)ни Қадр кечасида нозил қилдик» (1-оят).
Ушбу оятларда зикр этилаётган воқеълик, яъни Қуръоннинг нозил қилиниши Лавҳул Маҳфуздан бу дунё осмонидаги Байтул Иззатга, яъни «Иззат уйи»га бўлган. Бу нузул ҳам бир йўла бўлган.
Байтул Иззатнинг яна бир номи Байтул Маъмур бўлиб, «Обод уй» демакдир. Байтул Маъмурнинг нима экани Набий алайҳиссаломнинг ҳадисларидан маълум бўлади.
Суддий айтадилар: «Бизга зикр қилинишича, Пайғамбар алайҳиссалом бир куни саҳобаларига: «Байтул Маъмур нима, биласизларми?» дедилар. Улар: «Аллоҳ ва Унинг Расули билувчидир», дейишди. Шунда у зот: «У осмонда, Каъбанинг қоқ тепасидаги масжиддир. Агар қуласа, Каъбанинг устига тушади. Унда ҳар куни етмиш минг фаришта намоз ўқийди. Бир кириб, чиққанларидан сўнг яна қайтиб кира олмайдилар», дедилар».
Байтул Маъмурнинг зикри Пайғамбар алайҳиссаломнинг Исро кечасидаги ҳадисларида ҳам келади. У зот ўша уйни кўрганлар, фаришталарнинг тавофи Байтул Маъмурни айланиш билан бўлишини ҳам айтганлар. Яна у уйга Иброҳим алайҳиссаломнинг суяниб ўтирганларини кўрганларини ҳам зикр қилганлар.
Бу ҳақдаги барча ривоятларни тўплаб, ўрганилгандан сўнг хулоса қилиб айтиш мумкинки, Байтул Маъмур еттинчи осмондаги, муаззам Каъбанинг тепасидаги бир уйдир, масжиддир. Уни ҳар куни етмиш минг фаришта тавоф қилади, бениҳоя кўп бўлганларидан бир тавоф қилгани яна қайтиб кира олмайди. Ерда Каъбатуллоҳ қандай улуғланса, осмонда Байтул Маъмур ҳам шундай улуғланади.
Ябн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Қуръон зикрдан ажратилиб, дунё осмонидаги Байтул Иззатга қўйилди. Сўнгра Жаброил уни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга олиб тушиб, тартил қилиб берадиган бўлди». Имом Ҳоким ривоят қилган.
«Қуръонни тартил билан ўқиш» деб унинг ҳар бир ҳарфини ўз ўрнидан чиқариб, оятларини алоҳида-алоҳида, дона-дона қилиб, тажвид қоидалари асосида ўқишга айтилади.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Қуръон дунё осмонига Қадр кечасида бир йўла нозил қилинди. Сўнгра, ундан кейин йигирма йил мобайнида бўлиб-бўлиб нозил қилинди». Байҳақий «Шуъабул-ийман»да ривоят қилган.
Демак, Аллоҳ таоло Қуръони Каримни дастлаб Лавҳул Маҳфузга жойлаган. Кейин у Лавҳул Маҳфуздан Байтул Иззат, яъни Байтул Маъмурга нозил қилинган. Кейин Жаброил алайҳиссалом орқали йигирма уч йил давомида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил бўлган.
ҚУРЪОН ВАҲИЙСИНИНГ БОШЛАНИШИ
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам қирқ ёшга етганларида ёлғизликни хоҳлаб қолдилар. Макка атрофидаги тоғлардан биридаги «Ҳиро» номли ғорга кириб, бир неча кунлаб «таҳаннус» деб аталган ибодат қилдилар. Дунёнинг муаммолари ҳақида, ундаги разолатларни қандай йўқотиш, ҳақиқатни, адолатни юзага чиқариш ва бошқа муҳим ишлар тўғрисида ёлғиз ҳолда фикр юритдилар. Баъзида уйга озиқ-овқат учун ўзлари тушар, баъзан эса уйдан озиқ-овқат келтириб беришарди. Бу эса у зотни Аллоҳ таоло тарафидан пайғамбарликка тайёрлаш эди.
Кунлардан бир куни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳиро ғорининг оғзига чиқишлари билан «Ўқи!» деган гулдурос овозни эшитдилар. У зот: «Ўқишни билмайман», деб жавоб бердилар. Бир нарса елкаларидан сиқди-да, қўйиб юбориб, яна: «Ўқи!» деди. У зот алайҳиссалом яна: «Ўқишни билмайман», дедилар. Бу ҳол уч марта такрорланганидан сўнг гулдурос овоз Алақ сурасининг дастлабки беш оятини ўқиди. Унинг сўзлари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалбларига тошга ўйилгандек муҳрланиб қолди. У киши нима бўлаётганини тушуна олмай, қўрқиб кетдилар ва шошиб уйга қайтдилар. Ранглари оқарган ҳолда уйларига кириб: «Мени ўраб қўйинглар», деб ётиб олдилар. Бир оз ўзларига келгач, бўлган воқеани жуфти ҳалоллари Хадижа онамизга сўзлаб бердилар. У киши: «Яхшилик бўлса керак, чунки сиз доимо барчага яхшилик қиласиз, сиздай одамга ёмонлик етмайди», деган маънодаги сўзларни айтиб, у зотни тинчлантирди. Кейин икковлари Хадижа розияллоҳу анҳонинг амакиваччалари Варақа ибн Навфалнинг олдига йўл олдилар. Варақа кўпна кўрган, илоҳий китоблардан бохабар, улуғ ёшдаги киши эди. Хадижа онамиздан бўлган воқеани эшитгач: «Суюнчи бер, жиян, Муҳаммадга Мусо пайғамбарга келган фаришта келибди, у охирги умматнинг Пайғамбари бўлибди», деди. У Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари билан ҳам гаплашиб, иш нимада эканини тушунтирди.
Бу инсоният тарихидаги энг саодатбахш кун эди. Чунки инсоният маълум бир босқичга етган пайтда Аллоҳ таоло Ўзининг баркамол дини бўлмиш Исломнинг дастури – Ўзининг охирги Китобини Ўзининг сўнгги Расулига нозил қилишни бошлаган эди. Шу кундан эътиборан, адашиб юрган инсониятга Аллоҳ таолонинг Ўзи йўл кўрсатишни ирода қилган, Арш билан ер орасида яна қайтадан боғланиш бошланган эди. Шу кундан инсоният тарихида бахтли соатлар саноғи ибтидо топди. Аста-секин оятлар нозил бўлаверди. Бу жараён 13 йил Маккада ва 10 йил Мадинада – жами 23 йил давом этди.
КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ва ваҳий;
Қуръоний ваҳий ҳолати;
Жаҳонгир Ниғматов
Тошкент ислом институти талабаси