بسم الله الرحمن الرحيم
الحَمْدُ للهِ الَّذِي قَالَ فِي كِتَابِهِ فَانْتَشِرُوا فِي الْأَرْضِ وَابْتَغُوا مِنْ فَضْلِ اللَّهِ وَالصَّلاَةُ وَالسَّلاَمَ عَلَى سَيِّدِنَا مُحَمَّدٍ الَّذِي قال الْحَلَالُ بَيِّنٌ وَالْحَرَامُ بَيِّنٌ وَبَيْنَهُمَا مُشَبَّهَاتٌ ، وَعَلَى آلِهِ وَصَحْبِهِ أجْمَعِينَ، أَمَّا بَعْدُ.
ҲАЛОЛ КАСБ – БАРАКА калити
Муҳтарам жамоат! Динимиз ҳамма соҳада мўътадил бўлишга чақиради. Дунёни деб охиратни, охиратни деб дунёни ташлаб қўймасликка буюради. Шунинг учун мусулмон киши икки дунёни ҳам эътиборга олиб яшайди ва ҳалол касб изидан ўзига ҳамда аҳли-оиласига покиза ризқ излайди.
Ҳалоллик – шариатимизда энг асосий масалалардан бири ҳисобланади. Зеро, ҳар бир мусулмон бажарган солиҳ амалларининг қабул бўлиши, фарзандларининг салоҳияти, оиласининг фаровонлиги айнан луқмасининг ҳалол, касби-корининг шариат кўрсатмаларига мувофиқ бўлишига боғлиқдир. Бу ҳақида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дейдилар:
طَلَبُ الْحَلاَلِ وَاجِبٌ عَلَى كُلِّ مُسْلِمٍ
رواه الإمام الطبراني عن انس ابن مالك رضي الله عنه
яъни: “Ҳалол ризқ излаш – ҳар бир мусулмон учун вожибдир”, – дейилган (Имом Табароний ривоятлари).
Тирикчилик учун касб-кор қилиш ҳаёт заруратларидан бўлгани сабабли Аллоҳ таоло инсон ҳаёти учун керак бўладиган барча сабабларни тайёрлаб қўйган. Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади:
اللَّهُ الَّذِي خَلَقَ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضَ وَأَنْزَلَ مِنَ السَّمَاءِ مَاءً فَأَخْرَجَ بِهِ مِنَ الثَّمَرَاتِ رِزْقًا لَكُمْ وَسَخَّرَ لَكُمُ الْفُلْكَ لِتَجْرِيَ فِي الْبَحْرِ بِأَمْرِهِ وَسَخَّرَ لَكُمُ الْأَنْهَارَ وَسَخَّرَ لَكُمُ الشَّمْسَ وَالْقَمَرَ دَائِبَيْنِ وَسَخَّرَ لَكُمُ اللَّيْلَ وَالنَّهَارَ
(سورة ابراهيم الاية-33-32)
яъни: “Аллоҳ осмонлар ва Ерни яратган ва осмондан сув (ёмғир, қор) ёғдириб, у сабабли сизларга ризқ бўладиган меваларни чиқарган зотдир. У (Ўз) амри билан денгизда сузиб юриши учун кемаларни сизларга бўйин сундирди. Яна дарёларни ҳам сизларга бўйин сундирди (32). (У) доимо фаолият кўрсатиб турувчи Қуёш ва Ойни ҳам сизларга бўйсундирди. Яна кеча ва кундузни сизларга бўйсундирди (33)” (Иброҳим сураси 32-33-оятлари).
Ислом дини ҳалол меҳнат қилиш, касб-кор қилишни улуғлади ва унга ажр-савоблар ваъда қилди. Қуръони каримнинг бир неча ўрнида ҳалол касб қилиш ибодат билан бирга зикр қилинган. Жумладан, намоз ибодатини адо қилгандан кейин тарқалиб, Аллоҳ таолонинг фазли – ҳалол ризқ излаш ҳақида Қуръони каримда шундай дейилади:
فَإِذَا قُضِيَتِ الصَّلَاةُ فَانْتَشِرُوا فِي الْأَرْضِ وَابْتَغُوا مِنْ فَضْلِ اللَّهِ وَاذْكُرُوا اللَّهَ كَثِيرًا لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ
(سورة الجمعة الاية-10)
яъни: “Бас, қачонки, намоз адо қилингач, ерда тарқалиб, Аллоҳнинг фазли (ризқи)дан истайверингиз! Аллоҳни кўп ёд этингиз! Шояд (шунда) нажот топсангиз” (Жумъа сураси 10-оят).
Ҳадиси шарифларда энг яхши касб инсон ўз қўли ва савдо йўли билан қиладиган касб экани айтилади. Ҳадиси шарифлар деҳқончилик, чорвачилик, боғдорчилик, ҳунармандлик, саноат ва уларни харидорга етказиш, яъни савдони ўз ичига олади. Бугунги кундаги турли хил хизматлар ҳам мана шу савдонинг ичига киради, чунки хизматлар ҳам пировард натижада сотилади. Рофеъ ибн Хадиж разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламдан энг яхши касб қайси, деб сўрашди. У Зот алайҳиссалом:
عَمَلُ الرَّجُلِ بِيَدِهِ وَكُلُّ بَيْعٍ مَبْرُورٍ
яъни: “Энг яхши касб – киши ўз қўли билан касб қилиши ва ҳар бир яхши савдо”, – деб жавоб бердилар (Имом Аҳмад ривоятлари).
Соғлом, меҳнатга лаёқатли кишининг ўзи ва аҳли аёли учун касб-кор қилиб мол топиши – асосий фарзлардан кейинги фарздир. Лекин касбу кор ҳам фарз экан деб, асосий ибодатларни четга суриб қўйилмайди. Мусулмон киши зиммасидаги оила аҳлини таъминотсиз қолдириб, касб-кор қилишни ташлаши ёки тиланчилик йўлига ўтиши мумкин эмас, балки ҳалол меҳнат қилиши керак. Кишининг касби одамларнинг кўзига ҳар қанча ҳақир кўринмасин, Аллоҳ таолонинг наздида мақбул ва севимлидир. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар:
لأَنْ يَأخُذَ أحَدُكُمْ أحبُلَهُ ثُمَّ يَأتِيَ الجَبَلَ ، فَيَأْتِيَ بحُزمَةٍ مِنْ حَطَب عَلَى ظَهْرِهِ فَيَبِيعَهَا ، فَيكُفّ اللهُ بِهَا وَجْهَهُ ، خَيْرٌ لَهُ مِنْ أنْ يَسْألَ النَّاسَ ، أعْطَوْهُ أَوْ مَنَعُوهُ
(رواه الامام البخاري عن الزبير بن العَوَّام رضي الله عنه)
яъни: “Бирортангиз арқонини олиб тоққа бориши, у ердан бир боғ ўтинни орқалаб келиб, (одамларга) сотиши ва Аллоҳ шу (касб) сабабли уни тиланчиликдан асраши, унинг одамлардан тиланиши улар ё бериб, ё бермасликларидан яхшироқдир” (Имом Бухорий ривоятлари).
Касб-кор масаласида одамлар бир неча қисмга бўлинадилар. Баъзилар биз Аллоҳга таваккал қиламиз деб, касб қилишдан ўзларини четга тортадилар ва ўзгаларга юк бўладилар. Аслида, таваккал қилиш – пайғамбарларнинг ҳоли, касб қилиш эса – уларнинг суннатларидир. Ўтган пайғамбарлар, саҳобалар ва азиз-авлиёларнинг касб-корлари бўлгани маълум ва машҳур. Ҳазрати Умар айтардилар: “Мени бир кишининг кўриниши лол қолдиради. Шунда у ҳақида сўрасам, унинг касби йўқлигини айтишади ва у менинг назаримдан қолади”.
Бир тоифа одамлар касб-кор қилишда нуқсонга йўл қўядилар ва ҳалолми-ҳаромми ажратиб ўтирмайдилар. Ҳаромнинг гуноҳини елкаларига олишлари билан бирга касбларининг баракаси кетади. Энг ёмони ҳаромдан ўсган гўшт кишини дўзахга етаклайди.
Баъзилар ҳалол касб қиладилар, лекин дунё уларни Аллоҳ таолонинг ҳаққини адо қилишдан тўсади ва охиратларини бой берадилар. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай дейилади:
مَنْ كَانَ يُرِيدُ حَرْثَ الْآَخِرَةِ نَزِدْ لَهُ فِي حَرْثِهِ وَمَنْ كَانَ يُرِيدُ حَرْثَ الدُّنْيَا نُؤْتِهِ مِنْهَا وَمَا لَهُ فِي الْآَخِرَةِ مِنْ نَصِيبٍ
(سورة الشورى الاية-20)
яъни: “Кимки, охират экинини (савобини) истар экан, Биз унга экини (ҳосили)ни зиёда қилурмиз. Кимки дунё экинини истар экан, Биз унга ўшандан берурмиз ва унинг учун охиратда насиба (савоб) бўлмас” (Шўро сураси 20-оят).
Охирги тоифа одамлар касбу кор қилишнинг шариатга мос йўлини танлайдилар. Уларнинг мақсади Аллоҳ таолонинг розилиги бўлади. Ўзларининг ҳақларини оладилар ва зиммаларидаги бурчларни адо қиладилар. Ҳалолдан инфоқ-эҳсон қиладилар. Мана шу – шариатимиз биздан талаб қилган касб қилиш йўлидир.
Бугунги кунимизда кўпчилик диндорлик, тақводорликни намоз, рўза, ҳаж билан ўлчайди. Юқоридаги ибодатлар тақвонинг асоси бўлса ҳам, баъзи одамлар назардан қочираётган бир нуқта бор. Бу – банданинг ҳаққидан ҳазар қилмаслик. Жумага чиқади, лекин тош-тарозудан уради, рўзани тутади, аммо шартнома ва ваъдага вафо қилмайди. Закотни беради, бироқ имкон бўлиб қолса, шубҳали ёки сифатсиз (халққа зарарли) маҳсулотларни ҳам сотаверади. Хизматни сифатли бажаришга аҳдлашади, лекин ваъдасини бажармайди. Шунинг учун ҳам Имом Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳга тақво ҳақида бирорта китоб ёзиб беринг дейилганда: “Ана савдо-сотиқ ҳақида китоб ёзиб қўйибман-ку!”, – деган эканлар. Демак, кишининг тақвоси олди-берди қилаётганда, бандалар олдидаги ўзининг бурчларини ўтаётганда билинади.
Китоб чиқарадиган ва унинг савдоси билан шуғулланадиганлар ичида муаллифлик ҳуқуқини поймол қилиш ҳам бор. Бир киши йиллаб меҳнат қилган нарсани бир неча кунда ўзиники қилиб нашр қилиб чиқарса, топган пули ҳалол бўладими?!
Кейинги пайтларда турли хил халқ эҳтиёжи маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи фирмалар ичида маҳсулотига машҳурроқ фирманинг эмблема (савдо белги)сини қўйиб сотиш кўпайиб қолди. Масалан, бир фирма янги кир ювиш кукунини кашф қилди, дейлик. Бу ишга кўп маблағ ва вақт сарфлаган. Кукунга керакли моддаларни меъёрида қўшган. Ўзига яраша мижоз ҳам орттирган. Шу пайтда бир қаллоб чиқиб, машҳур фирманинг номидан қалбаки, арзон маҳсулот чиқара бошлайди. Кўпчилик бунинг фарқига бормайди. Энг ёмони қалбаки маҳсулотлар таркибида меъёрдаги моддалар бўлмагани учун улар соғлиқ учун ҳам зарарли бўлади. Мана шундай пул топаётганлар “менинг топганим ҳалол” дея олармикан?!
Кийим бозорига тушган содда кишилар учқир даллоллар қўлига тушади. Натижада уларнинг минг алдови билан кийимларни бозор нархидан икки-уч баробар қимматга сотиб олишади. Оддий матони Миср пахтасидан бўлган, деб алдаб, харидорни чув туширишади. Мусулмонларни алдаб топилган пулларни “ҳалол” деб бўлармикан?!
Муаммонинг ечими – Аллоҳ таолонинг ҳаққига риоя қилингани каби, бандаларнинг ҳақларига ҳам риоя қилиш керак. Баракасиз, кўп ҳаром молдан, кам бўлсада ҳалол-пок баракали мол яхши. Ҳаромдан садақа қилинган кўп маблағ қабул бўлмайди, ҳалол оз бўлса-да қабул бўлади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дейдилар:
"يَا أَيّهَا النّاسُ إنّ الله طَيّبٌ ولاَ يَقْبَلُ إلاّ طَيّباً، وَإِنّ الله أمَرَ المُؤْمِنِينَ بِمَا أمَرَ بِهِ المُرْسَلِينَ، فَقَالَ: {يَا أَيّهَا الرّسُلُ كُلُوا مِنَ الطّيّبَاتِ وَاعْمَلُوا صَالِحاً إني بِمَا تَعْمَلُونَ عَلِيمٌ} وَقالَ: {يا أَيّهَا الّذِينَ آمَنُوا كُلُوا مِنْ طَيّبَاتِ مَا رَزَقْناكُمْ} قَالَ: وَذَكَرَ الرّجُلُ يُطِيلُ السّفَرَ أشْعَثَ أغْبَرَ يَمُدّ يَدَهُ إلَى السّمَاءِ يَا رَبّ يَا رَبّ وَمَطْعَمُهُ حَرَامُ، وَمَشْرَبَهُ حَرَامٌ. وَمَلْبَسُهُ حَرَامٌ وَغُذِيَ بِالْحَرَامِ فَانّى يُسْتَجَابُ لِذَلِكَ"
(رواه الامام الترمذي عن أبي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه)
яъни: “Эй, одамлар! Албатта, Аллоҳ – покдир ва фақат покни қабул қилади. Аллоҳ мўминларга ҳам пайғамбарларга буюрган нарсани буюрди: “(Пайғамбарларимизга шундай дедик:) “Эй, пайғамбарлар! Пок (таом)лардан тановул қилингиз ва эзгу (иш) қилингиз! Албатта, Мен қилаётган ишларингизни билувчидирман”. (Аллоҳ таоло мўминларга) айтди: “Эй, имон келтирганлар! Сизларга Биз ризқ қилиб берган покиза нарсалардан енглар!” У зот алайҳиссалом бир киши ҳақида айтдилар: у узоқ сафар қилади, сочлари тўзиган, уст-боши чанг, қўлини осмонга чўзиб Эй, Раббим! Эй, Раббим, дейди. Ваҳоланки, егани ҳаром, ичгани ҳаром, кийгани ҳаром. Ҳаром билан озиқланган, қандай қилиб унинг дуоси қабул бўлсин!” (Имом Термизий ривоятлари)
Демак, ҳаром молдан кийиш, ейиш ва ичиш банданинг дуоси ижобат бўлишига тўсиқ бўлади. Дуо эса – ибодатнинг мағзи, мўминнинг қуроли. Шунчалик фазилатлардан маҳрум бўлган кишида ўзи нима қолади?!
Мўмин киши ҳалол касб танлаб, пок йўллар билан мол топиши даркор. Ҳаром ва шубҳали моллардан қочиши керак. Зеро Қиёматда киши қаердан топиб, қаерга сарфлаганини ҳисобини бермагунча, оёқлари ўрнидан жилмайди.
Ҳурматли жамоат! Яна бир муҳим жиҳат шуки, бир нарсани ҳалол ёки ҳаром қилиш Аллоҳ таоло ва Расулининг ҳақларидир. Ҳеч ким ўзича бир нарсани ҳалолга ёки ҳаромга чиқара олмайди. Динимиз мукаммал бўлгани сабабли ҳалол ҳам, ҳаром ҳам аниқ бўлган. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дейдилар:
الْحَلَالُ بَيِّنٌ وَالْحَرَامُ بَيِّنٌ وَبَيْنَهُمَا مُشَبَّهَاتٌ لَا يَعْلَمُهَا كَثِيرٌ مِنْ النَّاسِ فَمَنْ اتَّقَى الْمُشَبَّهَاتِ اسْتَبْرَأَ لِدِينِهِ وَعِرْضِهِ...
(رواه الامام البخاري عن النُّعْمَانَ بْنَ بَشِيرٍ رضي الله عنه)
яъни: “Ҳалол ҳам – аниқ, ҳаром ҳам – аниқ. Уларнинг ўртасида шубҳали нарсалар бор. Кўп одамлар буни билмайдилар. Ким шубҳалардан сақланса, дини ва обрўйини пок сақлайди...” (Имом Бухорий ривоятлари).
Шариатимиз қоидаларига кўра, ҳаромни ҳалолга чиқариш мумкин бўлмагани каби, ҳалол нарсаларни ҳаромга чиқариш ҳам мумкин эмас. Қуръони каримда шундай дейилади:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا لَا تُحَرِّمُوا طَيِّبَاتِ مَا أَحَلَّ اللَّهُ لَكُمْ وَلَا تَعْتَدُوا إِنَّ اللَّهَ لَا يُحِبُّ الْمُعْتَدِينَ
(سورة المائدة الاية-87)
яъни: “Эй, имон келтирганлар! Сизлар учун Аллоҳ ҳалол қилиб қўйган нарсаларни ҳаромга чиқармангиз ва ҳаддан ошмангиз! Зеро, Аллоҳ ҳаддан ошувчиларни ёқтирмайди” (Моида сураси 87-оят).
Баъзи кишилар Қуръон ва ҳадисда ҳукми топилмаган нарсаларни ҳаромга чиқаришга мойил бўладилар. Ваҳоланки, Ҳанафий мазҳабимизда нарсалардаги асли қоида – мубоҳликдир. Яъни, ҳукми номаълум бўлган нарсаларнинг ҳаромлигига далил топилмагунча, унга ҳаром ҳукми берилмайди, балки мубоҳ бўлиб туради.
Ҳозирги кунда кўпинча ижтимоий тармоқларда илмий савияси етарли бўлмаган кишилар масаланинг тафсилотини баён қилмасдан, илмсизларча бир касб ё бир соҳани умуман ҳаромга чиқариш каби иллатлар юзага чиқмоқда. Ваҳоланки, Имом Абу Ҳанифа, Имом Молик ва Имом Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳимлардан “ҳаром” сўзини ишлатишда ниҳоятда эҳтиёткор бўлганликлари ривоят қилинади. Бу ҳақда Қуръони каримда огоҳлантириб айтилади:
وَلَا تَقُولُوا لِمَا تَصِفُ أَلْسِنَتُكُمُ الْكَذِبَ هَذَا حَلَالٌ وَهَذَا حَرَامٌ لِتَفْتَرُوا عَلَى اللَّهِ الْكَذِبَ إِنَّ الَّذِينَ يَفْتَرُونَ عَلَى اللَّهِ الْكَذِبَ لَا يُفْلِحُونَ
(سورة النحل الاية-116)
яъни: “Аллоҳ номидан ёлғон тўқиб, тилларингизга келган ёлғонни гапириб: «Бу ҳалол, бу ҳаром» деявермангиз! Чунки Аллоҳ шаънига ёлғон тўқийдиган кимсалар сира нажот топмагайлар” (Наҳл сураси 116-оят).
Демак, ҳалол-ҳаром ва шубҳали нарсалар тўғрисида ҳар ким ўзича гапириб, ихтилоф чиқаравермасдан, устоз-олимлардан сўраб аниқлаштиришимиз ва ўрганишимиз лозим бўлади. Шунда динимиз ва обрўмизни пок сақлаган бўламиз.
Муҳтарам жамоат! Мавъизамиз давомида ақидавий масалалардан “Пайғамбарлар ҳақида қандай эътиқод қилишимиз лозимлиги” ҳақида суҳбатлашамиз.
Пайғамбарларнинг биринчиси – Одам алайҳиссалом, охиргиси – Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламдирлар. Илоҳий пайғамбарларнинг сони жуда ҳам кўп. Ҳадисларда уларнинг адади турлича келган. Уламоларимиз пайғамбарлар адади ҳақида қатъий бир рақам тайин этилмагани яхши, дейдилар. Қуръони каримда исми зикр этилган пайғамбарларнинг сони йигирма бештадир. Булар: Одам, Идрис, Нуҳ, Ҳуд, Солиҳ, Иброҳим, Лут, Исмоил, Исҳоқ, Ёқуб, Юсуф, Айюб, Зулкифл, Шуайб, Мусо, Хорун, Довуд, Сулаймон, Илёс, Алясаа, Юнус, Закариё, Яҳё, Исо ва Муҳаммад алайҳимуссаломдирлар. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:
وَلَقَدْ أَرْسَلْنَا رُسُلًا مِنْ قَبْلِكَ مِنْهُمْ مَنْ قَصَصْنَا عَلَيْكَ وَمِنْهُمْ مَنْ لَمْ نَقْصُصْ عَلَيْكَ وَمَا كَانَ لِرَسُولٍ أَنْ يَأْتِيَ بِآَيَةٍ إِلَّا بِإِذْنِ اللَّهِ ...
(سورة غافر الاية-78)
яъни: “Биз Сиздан олдин (кўп) пайғамбарларни юборгандирмиз. Улардан Биз Сизга қиссасини айтганимиз ҳам бор, яна улардан Биз Сизга қиссасини айтмаганимиз ҳам бордир. Бирор пайғамбарга Аллоҳнинг изнисиз бирор мўъжиза келтириш жоиз эмас” (Ғофир сураси 78-оят).
Пайғамбарлик вазифаси нуқтаи назаридан ҳамма пайғамбарлар тенгдирлар, ораларида фарқ йўқдир. Фазилат жиҳатидангина улар бир-бирларидан ажралиб туришади. Бу жиҳатдан Муҳаммад, Иброҳим, Мусо, Исо, Нуҳ алайҳимуссаломлар улул-азм (яъни, шаъни улуғ) пайғамбарлар дейилади. Буларнинг ҳам ичларида энг фазилатлиси Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо саллаллоҳу алайҳи вассаламдирлар. У Зот пайғамбарларнинг энг сўнггиси ҳисобланадилар ва У Зотдан сўнг пайғамбар чиқмайди.
Уламолар пайғамбарлар ҳақида тўрт нарсада эътиқод қилишимиз вожиб дейдилар. Улар:
Аллоҳ таоло барчамизнинг эътиқодимизни мустаҳкам қилиб, ҳалол касб билан пок ризқ талаб қилишни осон қилсин! Аллоҳ ва Расули ҳалол деганни ҳалол, ҳаром деганни ҳаром деб, амал қилишни насиб айласин! Омин!
Муҳтарам имом-домла! Келгуси жума маърузаси “КОНСТИТУЦИЯ – ҲУҚУҚИМИЗ КАФОЛАТИ” мавзусида бўлади.
Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!
Бугунги таҳликали дунёда халқимиз, айниқса, ёшларга ислом моҳиятини тўғри тушунтириб бериш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш ҳар қачонгидан долзарб аҳамият касб этмоқда. Шу боис, юртимизда диний таълим сифатини янада ошириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Шавкат МИРЗИЁЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти илк магистрлари таҳсилни тамомлади
Донишмандларнинг “Агар сизнинг режангиз бир йиллик бўлса — шоли экинг. Ўн йиллик бўлса — дарахт ўтқазинг. Агар бир асрлик бўлса — фарзандларингизга таълим-тарбия беринг” деган ҳикматли гапи бор.
Жамият равнақига, Ватан тараққиётига, халқ фаровонлигига таълим-тарбиячалик хизмат қиладиган бошқа бирор феномен бўлмаса керак. Ҳар бир даврнинг ўзига яраша сармоядорлари, тужжорлари бўлган. Лекин уларнинг номлари тарих саҳифаларида жуда кам учрайди, айримлари изсиз йўқ бўлиб кетган. Лекин умрини цивилизациялар тараққиётига бағишлаган мутафаккирлар, қомусий алломалар, маърифат чироғи остида элини буюк орзулар, нурафшон кунлар сари етаклаган миллат ойдинлари, уламоларнинг номлари асрлар оша барҳаётдир.
Президентимиз лавозимига сайланиши биланоқ барча соҳалар қатори диний-маърифий йўналишда ҳам улкан ислоҳотларни бошлаб берди. Бу борада давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 16 апрелдаги “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони муҳим ҳуқуқий асос бўлди. Ушбу ҳужжатда қатор устувор йўналишлар, хусусан, Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ва бошқа диний таълим муассасалари ҳамда илмий-тадқиқот марказлари фаолиятини яхшилаш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, диний таълим муассасалари ҳузурида фуқароларга Қуръони каримни ўргатиш бўйича махсус курслар ташкил этиш белгиланган.
Сон эмас, сифат муҳим
Илм даргоҳининг улуғворлиги унинг бинолари ёки талабалари сони билан эмас, балки у ердан етишиб чиқадиган илмли, одобли, Ватани ва миллатига сидқидилдан хизмат қиладиган етук ва салоҳиятли кадрлар билан ўлчанади. Юзлаб учқунлар биргина қуёшнинг зиёсини тўса олмагани сингари чинакам қадр-қиймат сонда эмас, сифатдадир. Янги Ўзбекистонда олий ва ўрта махсус ислом таълим муассасалари фаолиятида ҳам асосий мезон таълим сифати, илмий салоҳият, маънавий тарбия ва жамиятга муносиб хизмат қиладиган мутахассисларни вояга етказишда.
Мустақилликнинг дастлабки чорак асрида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида 9 та ўрта махсус ислом таълим муассасаси ва Тошкент ислом институти фаолият юритган бўлса, Президентимиз ташаббуси билан 2017 йилда Бухоро шаҳрида Мир Араб олий мадрасаси, 2018 йилда Самарқанд вилоятида Ҳадис илми мактаби, 2020 йилда Термиз шаҳрида Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси, 2024 йилда Имом Термизий номидаги ислом институти ташкил этилди.
Бугунги кунда Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида 4 та олий, 10 та ўрта махсус ислом таълим муассасаси (шундан иккитаси аёл-қизларга ихтисослашган) фаолият кўрсатмоқда. Уларда таҳсил олаётган икки ярим мингдан зиёд талабага 500 га яқин профессор-ўқитувчи сабоқ бериб келмоқда.
Диний соҳа ходимларининг асосий қисмини ташкил этадиган имом-хатибларнинг билим ва малакаларини янада ошириш, ўрта махсус диний маълумотга эга имом-хатибларни олий диний маълумотли кадрлар билан алмаштириш мақсадида 2019 йилда Тошкент ислом институтида модул таълим тизими жорий қилинди. Мазкур таълим тизимида 5 йиллик меҳнат стажига эга бўлган имом-хатиблар танлов асосида ўқишга қабул қилиниб, ишдан ажралмаган ҳолда 3 йил давомида таҳсил олади. Бугунги кунга қадар бу таълим йўналиши бўйича 600 дан зиёд имом-хатиб олий маълумотга эга бўлди.
Президентимизнинг 2023 йил июнь ойида Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида берган топшириғи ижроси юзасидан 2024-2025 ўқув йилида таълимнинг узвийлиги ва узлуксизлигини таъминлаш, тор йўналишлар бўйича етук кадрларни тайёрлаш мақсадида Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида магистратура мутахассислиги ташкил этилган эди.
Жорий йилда илк 10 битирувчи “Ислом илоҳиёти, фалсафаси ва мотуридийлик таълимоти” ва “Ҳадис илмлари” йўналиши бўйича магистратура мутахассислигини муваффақиятли тамомлади. Яқинда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг катта мажлислар залида магистрларга тантанали равишда диплом топшириш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг диний-маърифий масалалар бўйича маслаҳатчиси Музаффар Комилов, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари, вазирлик ва идоралар вакиллари, таниқли уламолар, имом-хатиблар, соҳа фахрийлари, педагог-ўқитувчи ва талабалар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.
Президент маслаҳатчиси Музаффар Комилов илк битирувчиларни самимий қутлаб, тегишли пул мукофоти сертификатларини ҳар бир магистрга тантанали равишда топширди. Муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари битирувчиларни ўқишини муваффақиятли тамомлагани билан муборакбод этиб, катта тарихий воқеа бўлганини алоҳида таъкидлади. Муфтий ҳазратлари илк магистрларнинг ойлик иш ҳақига Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида 20 фоиз миқдорида устама ҳақ тўлаб берилишини эълон қилди. Битирувчи магистрлар Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг марказий аппарати, Имом Термизий илмий-тадқиқот маркази, олий ва ўрта махсус ислом таълим муассасаларига ишга тақсимот қилинди.
Тарих такрорланиб туради
Ўзбекистон қадимдан буюк алломалар, улуғ мутафаккирлар юрти сифатида эъзозланади, қадрланади. Тарихда юртимиз алломалари бутун дунёга устозлик қилган, жаҳон илм-фани ривожига беқиёс ҳисса қўшган.
2024 йил 15-16 октябрь кунлари Тошкент ва Хива шаҳарларида “Ислом — тинчлик ва эзгулик дини” мавзусида ўтказилган халқаро конференцияда иштирок этган Шайх Муҳаммад Аввома ҳафизаҳуллоҳ “Юртингизнинг ҳар қадамида улуғ алломаларнинг хоки бор. Бу замин илм ва уламолар юртидир. Энди сизларнинг вазифангиз ана шу буюк меросни қайта тирилтириш ва дунёга танитишдир”, деган эди. Ҳақиқатан, Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даврида бутун дунё Ўзбекистонга, Имом Бухорий, Имом Термизий, Абу Райҳон Беруний, Муҳаммад ал-Хоразмий, Абу Наср Форобий, Абу Али ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоийларга қандай талпинган бўлса, бугун ҳам Учинчи Ренессанс пойдевори қўйилаётган юртимизга дунё афкор оммасининг қизиқиши тобора ортиб боряпти.
Халқимизда “Тарих такрорланиб туради”, “Оққан дарё оқаверади” каби ажойиб мақоллар, нақллар бор. Чиндан ҳам IX-XII ҳамда XIV-XV асрларда юксак ақлу заковати, теран тафаккури, бой маънавий-маърифий салоҳияти билан бутун дунёни забт этган буюк аждодларимиз сингари бугун янги Ўзбекистонда таҳсил олаётган ёшлар ҳам боболаримизнинг муносиб издоши сифатида тарихни такрорлашга астойдил киришган. Улар орасида Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти магистратура йўналишини тамомлаган ўн нафар иқтидорли битирувчи ҳам бор. Уларни Ўзбекистоннинг етук мутахассислари, Президент кадрлари дея баралла айта оламиз. Келгусидаги фаолиятларига Аллоҳ таолодан улкан муваффақиятлар тилаймиз.
Салоҳиддин ШЕРХОНОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим бошлиғи
"Янги Ўзбекистон" газетасининг 2026 йил 6 август сонидан