Алҳамдулиллаҳ вассолату вассаламу ала Расулиллаҳ. XXI аср фан ва техника, тараққиёт асри. Бугунги кунда ҳар бир инсон ҳоҳлаган хабарини интернет орқали бир сонияда олиш имкониятига эга. У олинган хабар яхши ҳам ва ёмон ҳам бўлиши мумкин. Бугунги кунда инсонларни интернетдан чеклаб бўлмайди. Бу борада марҳум биринчи юртбошимиз: “...Албатта, интернет орқали дунёнинг исталган нуқтаси билан тезкор алоқа ўрнатиш, зудлик билан зарур ахборот ва маълумотларни олиш, билим ва маърифатни оширишда унинг беқиёс ўрни ва аҳамияти борлигини ҳеч ким инкор этолмайди. Биз одамларимизнинг интернет имкониятларидан янада кенгроқ фойдаланишга бўлган интилишларини ҳар томонлама қўллаб – қувватлаймиз. Такрор бўлса–да, айтмоқчиман – ахборот оламида қандайдир девор ўрнатиш, ўз қобиғига ўралиб, маҳдудликка юз тутиш йўли бизга асло маъқул эмас.” дея айтган сўзларини эсга олмасдан иложимиз йўқ.
Лекин танганинг икки тарафи бўлганидек, интернетдан яхши ва ёмон мақсадда фойдаланиш ҳам мумкин. Ҳозирги кунда ахборот уруши шиддат билан авж олмоқда. Ахборот уруши – турли ёмон мақсадларга эришиш учун рақибга ғоявий таъсир кўрсатишдир. Шунингдек, ахборот хуружи рақибга таъсир кўрсатиш орқали жамоатчилик онгини ғаразли йўллар асосида шакллантиришга уринишдир.
Шуни ёдда сақлаш лозимки, дин ниқобидаги бузғунчи кимсалар ёшларни ўз тузоқларига илинтиришда интернетдан усталик билан фойдаланмоқда. Ўзларини “яқин дўст” ёки “ҳидоятга чорловчи” сифатида танитиб, ёшларни тўғри йўлдан чалғитишмоқда.
2015 йилга келиб бузғунчилик, зўравонлик, эксремизм ва терроризмни тарғиб қилувчи веб – сайтлар сони 10000 тага етгани таъкидланмоқда.
Бунга яққол мисол Яқин Шарқдаги даҳшатли воқеаларнинг содир бўлаётгани. Миллионлаб инсонларнинг уй ва бошпанасиз, ватангадо бўлаётгани.
Шунингдек Исломий шиорларни ниқоб қилиб олган Ислом душманлари ўзларини хунрезликларини амалга оширмоқда. Жангарилар томонидан отилган ўқлар ва масжидлардаги портлатишлар оқибатида неча минглаб бегуноҳ инсонлар ҳалок бўлмоқда, юзлаб одамлар тан жароҳати олишмоқда.
“Буюк Британия ҳукумати “ислом террорчилиги”, “ислом фанатлари” каби атамаларни қўллашдан воз кечиш тўғрисида қарор қабул қилгани барчага маълум бўлса керак. Бирлашган қиролликнинг хавфсизлик хизмати террорчиликни Ислом билан боғлаш тўғри эмаслигини, бу нарса мамлакатдаги мусулмон жамоалари нафратини қўзғаши, улар аҳолининг бошқа қатламларидан ажралиб қолишларига сабаб бўлиши мумкинлигини таъкидлагани ҳам сир эмас.
Буюк Британия ички ишлар вазири Жеки Смит террорчи зўравонлар ўз эътиқодига зид ҳаракат қилишини айтади: “Мамлакатимизда ҳам, бутун дунёда ҳам кимнидир қўрқитиш, фитна, суиқасд қилиш, озор бериш Ислом динида йўқ эканини мусулмонлар таъкидлашаяпти. Демак, бундай ҳаракатларни Исломга қарши фаолият, деб аташдан бошқа иложимиз йўқ”.
Дарҳақиқат, бундай террорчиларни мусулмон деб бўлмайди. Чунки агар мусулмон бўлганларида мусулмонларга қурол кўтаришмасди. Яна Худодан қўрқмасдан Аллоҳ таолонинг байтига кириб, намоз ўқиб турган намозхонларни қириб, қанча-қанча оилалар боқувчисиз қолдириб, қанча-қанча аёлларни бева қолдиришмасди, қанча-қанча етим болалар дунёда кўпаймас эди. Юқорида айтиб ўтилган барча ёмон иллатарни Ислом дини қоралайди. Ислом сўзининг луғавий таржимаси эса “Тинчлик, омонлик” маъноларини англатади. Ислом дини инсонларни тинч-тотув яшашга, бошқаларга, ҳатто бошқа дин вакилларига ҳам зулм қилмасликка чақиради. Динимиз асосида раҳм-шафқат, меҳр-оқибат, инсонпарварлик, биродарлик, ўзаро ҳурмат, тинчлик-осойишталик каби эзгу хислатлар ётади.
Аллоҳ таоло айтади: “Ким бир жонни ноҳақдан ёки ер юзида фасод қилмаса ҳам ўлдирса, худди ҳамма одамларни ўлдирган бўлади”(Моида, 32).
Ислом динимиз ҳар бир жонни жуда қадрлайди, хоҳ мусулмон бўлсин, хоҳ ғайри дин бўлсин, қандай ирққа тегишли бўлмасин, қайси миллатга тегишли бўлмасин, барибир барчасини ардоқлайди. Бир бегунох инсонни ўлдириш бутун бошли инсониятни ўлдиргандек жиноят ҳисобланади.
Аллоҳ таоло айтади: “Мўминлар Аллоҳдан ўзгага илтижо қилмайдилар ва бирон жонни ноҳақ ўлдирмайдилар ва зино ҳам қилмайдилар. Ким ана шуларни қилса, уқубатга дучор бўлур. Қиёмат куни унинг азоби бир неча баробар кўпайтирилур ва у азобда хор бўлиб абадий қолур”( Фурқон, 68-69).
Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки, интернетдан фойдаланувчи шахс энг аввало соғлом эътиқод тўшунчасининг моҳияти, тўғри ақидани ботилидан ажратиб олиш йўллари ва бугунги кунда интернет оламига ўрнашиб олиб, нафақат муайян шахсларни, балки бутун бир юртни тўғри йўлдан адаштиришга уринаётган кимсаларнинг қилмишларини билиши керак. Бундан сўнг маънавий онгини юксалтириши, ахборот оламидаги хабарларнинг ишончли ва ишончсизини англаши, зараридан фойдалисини ажрата олиши зарурдир.
Тожиддинов Абдус Сомад Абдул Босит
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг ташаббуслари билан хотин-қизларнинг маънавий-маърифий савиясини юксалтириш ва интеллектуал салоҳиятини оширишга қаратилган хайрли лойиҳалар изчил давом этмоқда.
Шу мақсадда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Хотин-қизлар масалалари бўйича бўлими ташаббуси ҳамда масъуллари бевосита иштирокида жойларда бош имом-хатибларнинг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчилари ва маҳалла отинойилари ўртасида «Заковат» интеллектуал беллашувлари ташкил этилмоқда.
Хусусан, мазкур билимлар баҳси Тошкент шаҳри, Хоразм ва Сурхондарё вилоятларида кўтаринки руҳда бўлиб ўтди:
Тошкент шаҳрида кечган баҳсларда отинойилар тарихий, адабий, мантиқий ва диний билимларини синовдан ўтказди. Якунда «Тасним» жамоаси 1-ўринни эгаллади, «Маърифат соҳибалари» 2-ўринга, «Оқилалар» жамоаси эса 3-ўринга муносиб кўрилди.
Хоразм вилоятида «Илм — зиё, тафаккур — камолот сари йўл!» шиори остида ўтган беллашувда ЎМИ Хотин-қизлар масалалари бўйича бўлими бошлиғи Дилфуза Эгамова, диний соҳа вакиллари ҳамда ҳудуд отинойилари қатнашиб, билим ва тажриба алмашишди.
Сурхондарё вилоятида эса иштирокчилар ижтимоий-сиёсий, ақидавий-фиқҳий ва мантиқий саволларга жамоавий тарзда жавоб бериб, юқори тайёргарлик намойиш этди ҳамда республика босқичи йўлланмаларини қўлга киритди.
Мазкур интеллектуал тадбирлар жамиятда, хусусан, оилалар ва хотин-қизлар орасида маънавий соғлом муҳитни мустаҳкамлашда фидойилик кўрсатиб келаётган отинойиларнинг дунёқарашини янада кенгайтириш ва ўзаро ҳамжиҳатлигини кучайтиришга хизмат қилади.
Беллашувлар сўнгида ғолиб ва совриндорларга ташкилотчилар томонидан диплом ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати