Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
28 Август, 2026   |   15 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:21
Қуёш
05:45
Пешин
12:24
Аср
17:06
Шом
19:07
Хуфтон
20:26
Bismillah
28 Август, 2026, 15 Рабиъул аввал, 1448

Миссионерлик ва прозелитизм – маънавий-мафкуравий таҳдид воситаси

22.11.2019   16553   7 min.
Миссионерлик ва прозелитизм – маънавий-мафкуравий таҳдид воситаси

XI аср бошларида миссионерлик ва прозелитизм ғояси тинчлик ва барқарорлик, миллатлараро тотувлик ва динлараро бағрикенгликка бевосита таҳдид кўрсатаётган хатарли ғоялардан бирига айланмоқда. Дин, эътиқод масаласи инсоният ҳаётида доимий муҳим аҳамият касб этади. Аммо ундаги муаммо шундан иборатки, дин тарғиботи ижобий ёки салбий мақсадларга қаратилиб, маълум бир диннинг ёйилиши, инсонларнинг онгига сингдирилишида миссионерлар алоҳида ўрин тутиши мумкин. 

Шу боис, аввало миссионерликнинг луғавий, илмий-фалсафий моҳиятига, у қандай фаолият эканлигига эътиборни қаратиб, ушбу тушунчанинг асл маъносини тушуниб етиш муҳим аҳамият касб этади. Миссионерлик сўзи лотин тилидаги «missio» феълидан олинган бўлиб, «юбориш», «вазифа топшириш», «миссионер» эса «вазифани бажарувчи», «миссионерлик» эса белгиланган вазифаларни ҳал қилишга қаратилган назарий ва амалий фаолият мажмуи маъноларини билдиради. 

Миссионерлик «табшир» (башорат бериш), «тансир» (насронийлаштириш) каби номлар билан ҳам аталиб, улар асл фаолиятларини ниқоблаш учун турфа чиройли номлардан фойдаланмоқда ва сафларига қўшилганларга «сиз бошқалардан ажралиб турадиган кишисиз» деб, уларга «худонинг болалари», «муқаддас руҳ билан сўзлашувчилар» каби ҳар хил илоҳий сифатларни бермоқда ва шу тариқа ўз сафларида тутиб турмоқда. 

Миссионерлик билан бевосита боғлиқ “прозелитизм” тушунчаси эса, юнонча — ргоsеlitos — янги мазҳабни қабул қилган киши, яъни бошқа мазҳабдагиларни, аввало, мусулмонларни христианликка киритиш, яъни ўзига хос «салб юриши». 

Прозелитизмнинг асосий мақсади дунёга христианликни (масиҳийликни) миссионерлик йўли (лотинча missio-топшириқ) билан ёйиш, кишиларни унга ўтказиш бўлиб, бунда мазкур дин бутун инсоният учун бирдан-бир халоскор дин сифатида тарғиб ва ташвиқ қилинади ва бунинг учун энг замонавий информацион технологик восита, усуллар ишга солинади. Бунда кишилар руҳияти, онгига психологик, нейролингвистик таъсир кўрсатишга алоҳида эътибор берилади.

 Юқорида келтирилган фикрларга асосланиб хулоса қиладиган бўлсак, турли манба ва адабиётларда баён этилган таърифлар бир-бирига жуда яқин ва ўхшашдир. Умуман олганда  «миссионерлик» — бу бир динга эътиқод қилувчи халқлар, элатлар, миллатлар орасида бошқа бир динни ҳар хил ижтимоий восита ва омиллар орқали тарғиб қилиш ва сингдиришга қаратилган хавфли сиёсий фаолиятдир.  Чунки унинг бугунги кунгача бўлган даврдаги яширин моҳияти хавфли сиёсий фаолият эканлигини кўрсатиб,  бир қанча давлатларда йиллар давомида сиёсий беқарорликни келтириб чиқарган.

Ҳозирги кунда миссионерлик ҳаракати фуқаролар ўртасида ижтимоий муносабатларнинг кескинлашувига олиб келиб, улар ўз ташкилий асосларини яратишда асосан нашриётлар, хайрия, тиббий ёрдам кўрсатиш ва нодавлат, нотижорат ташкилотлари мақомидан фойдаланиб, баъзи ташкилотлар тиббий уюшмалар ниқоби остида фаолият юритмоқда ва одатдагидек миссионерлар қароргоҳи ҳудудида черков, кичик бутхона ёки масжид, миссионер-монахлар ётоқхонаси  жойлашган бўлиб чиқмоқда. 

Миссионерларнинг  кўзлаган мақсадлари фақат сиёсий бўлиб, бугунда демократияга оид оддий бир мисол бўлиб кўринаётган ҳаракатларининг тагида эртанги кунга мўлжалланган, жуда катта сиёсий найранглар ётибди ва бу найранглар қуйидаги ёвуз мақсадларда яширингандир. Биринчидан, анъанавий мусулмон бўлиб келган, мафкураси, урф-одати, бутун бошли маънавий тарихий илдизи бир хил бўлган (аслида, мамлакатимизни куч-қудрати ҳам шунда!) халқимизнинг юрагини парчалаб заифлаштириш ва пароканда қилиш ҳамда турли-туман сиёсий ва иқтисодий босимлар билан ўз ҳолимизча яшашга йўл қўймаслик. 

Иккинчидан, юртимизни доимий низо майдонига айлантириб, уни ҳал қилишда ўзларига муҳтож қилиб қўйиш. Учинчидан, иложи борича, баъзи ҳудудларга алоҳида аҳамият бериб, у ерларда ўзларига эргашганлар сонини кўпайтириб, келажакда гўё уларнинг хоҳиш-иродаси ва кайфиятлари сифатида бўлиниш(сепаратистик) ғалаёнларини чиқариш ва оқибатда мамлакатни парчалаб ташлаш. Тўртинчидан, «Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш», «Виждон эркинлигини таъминлаш» каби сиртдан чиройли шиорлар ниқоби остида оддий суд-прокуратура органларидан тортиб то давлат раҳбари ишларигача аралашиш ва мустақил давлат бошқарувига йўл қўймаслик. Бешинчидан,жамиятни доимий безовта қилиб туриш орқали бошқарувда асабий бир вазиятни вужудга келтириш; турли-туман матбуот органлари ва нодавлат ташкилотлар воситасида ташвиқот юритиб, ўзларини гўё халқнинг ҳимоячиси қилиб кўрсатиш ва халқ «дарди»ни айтиб, давлатга қарши гиж-гижлаш, давлатни эса бу қутқуларни бостириш учун кескин чоралар кўришга мажбурлаш ва мана шу йўл билан халқ ва давлат орасига ўзаро ишончсизлик руҳини сингдириш. 

Кўриб турибмизки, миссионерлар амалга ошираётган ишлар динга, диний даъватга ҳеч қандай алоқаси бўлмай, балки бир мамлакатни ўзларининг сиёсий тизгинларига солиб олиш учун режалаштирилган найранг услубларидир. 

Муаммо нафақат диний, балки сиёсий кучсизлантиришга қаратилганлиги билан хавфли ва ташвишлидир. Чунки натижа бевосита мамлакат хавфсизлигига дахлдор бўлиб, уларнинг қилмишлари шу нуқтаи назардан баҳоланиши ва чора-тадбирлар ҳам шунга кўра белгиланиши лозим. Акс ҳолда, биз келажак авлод учун кучли, озод ва обод Ватанни эмас, балки халқининг руҳи-дили бир-бирига бегона ва шу боис қатор муаммолар гирдобига ғарқ бўлиб, парокандалик, маънавий зиддиятлар авж олган, заиф ва қарам бир ўлкани тақдим этишимиз эҳтимолдан холи эмас! 

Умуман, ҳозирги кунда миссионерлик ҳаракати ривожланишида янги аср бошида пайдо бўлган диний сектачиликнинг ҳам ўрни катта бўлиб, секталар халқаро нодавлат ташкилотлар сифатида фаолият юритаётгани, уларнинг фаолияти ҳар хил алоқа тизимлари (Интернет, телефон, телевидение, радио ва бошқа замонавий алоқа воситалари) орқали турли хил мақсадларни кўзлаб амалга оширилаётгани, ҳамда маблағларни керакли жойга етказиши учун қийинчиликларнинг деярли йўқлиги сабаб бўлмоқда. Диний секталар ва уларнинг ҳомийлари катта-катта маблағлардан у ёки бу мамлакатда коррупцияни кучайтириш, сиёсий ва иқтисодий вазиятни издан чиқариш, сохта инсонпарварлик ёрдамлари орқали жойларда ўз мавқеларини ошириш ва таъсир доираларини кенгайтиришда фойдаланмоқда. 

Миссионерлик ва прозелитизм глобаллашув жараёнида маънавий-мафкуравий таҳдид воситаси бўлиб, аввало, жаҳондаги муайян кучларнинг геополитик мақсад ва манфаатларига йўналтирилган холда олиб борилмоқда. Иккинчи томондан, халқнинг миллий маънавияти, урф-одат ва анъаналари, миллий менталитети диний таълимот сифатида шаклланган бўлиб, миссионерлик ва прозелитизм халнинг миллий ўзлигидан бегоналашувига, манқуртлашувига, давлатнинг ички ҳаётида миллий, диний, ижтимоий зиддиятларнинг чуқурлашувига сабабчи бўлади. Шунинг учун ҳам бугунги кунда Ўзбекистонда фуқаролик жамияти қуриш жараёнларида миллий истиқлол мафкурасининг асосий ғояларини фуқаролар онги – тафаккурига  сингдиришга, уларда мафкуравий иммунитетни шакллантиришга муҳим эътибор берилмоқда.

 

И.Собиров

Хонқа туман “Хўжа Нураддин бобо”

масжиди имом-ноиби

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Мақолалар

МУҚАДДАС ҚАДРИЯТ ВА УНИ НИҚОБ ҚИЛГАН МАНФУР СИЁСАТ: ШАҲИДЛИК МАСАЛАСИНИНГ БУГУНГИ КУНДАГИ ТАЛҚИНИ

26.08.2026   12855   8 min.
МУҚАДДАС ҚАДРИЯТ ВА УНИ НИҚОБ ҚИЛГАН МАНФУР СИЁСАТ: ШАҲИДЛИК МАСАЛАСИНИНГ БУГУНГИ КУНДАГИ ТАЛҚИНИ

“Шаҳид” сўзи “ҳозир”, “гувоҳ”, “ўз билганлари ҳақида хабар берувчи” маъноларини ифодалайди. Шунингдек, “Шаҳид” Аллоҳ таолонинг исмларидан бири бўлиб, “гувоҳлиги ишончли, ҳар доим ҳозир бўлувчи Зот” деган маъноларни англатади.

“Шаҳид” сўзи умумий тарзда Аллоҳнинг йўлида ҳалок бўлган шахсга нисбатан ишлатилади.

Шаҳидлик – Аллоҳнинг розилиги йўлида жонини фидо қилган, иймон-эътиқоди ва номусини сақлаш йўлида золим душман қўлида қатл қилинган кишиларга Аллоҳ томонидан бериладиган даражадир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида вабодан, ички касалликлардан, фожиали фалокатдан вафот этганларни ҳам шаҳидлик даражасини топиши хабар берилган.

Ислом динида шаҳидларнинг мартабаси ва уларнинг мақоми алоҳида қадрланади. Бироқ айрим кимсалар шаҳидликни уруш-жанжаллар майдонида ўлган одам билан чегаралаб қўйиб, хато тасаввурга эга бўлиб юришади. Зотан, жангу жадалда ўлиш шаҳидликка шарт қилинган эмас!

Баъзилар эса ўз-ўзини ўлдириб, портлатиб юборишни ҳам шаҳидлик деб одамларни алдайдилар. Ўз-ўзини ўлдириш шаҳидлик эмас. Аслида, бу икки ҳолатсиз ҳам инсон шаҳидлик мартабасига эга бўлиши мумкин. Зеро, Ҳабибимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан келган ҳадиси шарифда қуйидагиларни кўришимиз мумкин.

Саҳл ибн Ҳунайф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳдан сидқидилдан шаҳидликни сўраса, гарчи кўрпасида ўлса ҳам, Аллоҳ уни шаҳидлар мартабасига етказади”, дедилар (Имом Муслим, Имом Абу Довуд, Имом Термизий ривояти).

Имом Термизий келтирган ривоятда: “Ким Аллоҳдан Унинг йўлида содиқлик ила, чин қалбдан қатл бўлишни сўраса, Аллоҳ унга шаҳиднинг ажрини беради”, дейилган.

Ниятни холис қилиб, жамиятдан ажралмаган ҳолда, ота-онаси бағрида, оиласи даврасида, дўсту ёрлари билан биргаликда, ватанига хизмат қилиб юриб ҳам шаҳидлик мартабасига эга бўлиб, обрў-эътибор ва ёруғ юз билан дунёдан ўтаётган табаррук шаҳид зотлар жуда кўп. Шулардан ўрнак олишимиз лозим бўлади.

Шаҳидлик ҳақида бир қанча шаръий ҳукмлар, фатволар, баёнотлар мавжуд.

Аввало, шуни билиш лозимки, шаҳидлар икки хил бўлади:

1. “Шаҳиди аъло” – “олий даражадаги шаҳид”. Ватан учун бўлган жангу жадалда, душманлар билан бўлган урушда, Аллоҳнинг калимасини олий қилиш учун бўлаётган жиҳодда ўлганлар. Шунингдек, ўз юртида, ўз оиласида тинчлик-осойишталикда ҳаёт кечираётганида биров зулм қилиб ёки оиласини ҳимоя қилиш натижасида қасддан тиғли асбоб (пичоқ, болта, ўқ) билан ўлдириб кетса, у “шаҳиди аъло” – “олий даражадаги шаҳид” бўлади.

2. “Шаҳиди ҳукмий” – “шаҳид бўлган деб ҳукм қилинган”. Жангу жадалда тиғли асбоб (пичоқ, болта, ўқ) билан яраланиб, уруш майдонидан чиқарилгандан кейин ўлганлар. Бу ҳолатда касалхонага олиб борилса, дори-дармон ёки таом еб-ичса, намоз вақти бўлганини билса, васият қилса, ана ундан кейин вафот қилса, “шаҳиди ҳукмий” бўлади.

Шунингдек, ўз юртида, ўз оиласида тинчлик-осойишталикда ҳаёт кечираётганида биров томонидан зулм қилиб, қасддан тош ва таёқ (тиғсиз нарсалар) кабилар билан қатл этилганлар ёки бўғиб ўлдириб кетилганлар ҳам “шаҳиди ҳукмий” ҳисобланади.

Таниқли ҳанафий олими Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ “Раддул муҳтор”да келтиришича, гуноҳ сабабли ўлган кимса шаҳид, деб ҳукм қилинмайди. Гуноҳ оқибатида вафот қилган одам шаҳид ҳисобланмайди.

Масалан, ноҳақ одам ўлдираётиб, уни ҳам ўлдиришса, у шаҳид бўлмайди. Бегуноҳ одамларни ўлдириб юрган кимса жангда ўлдирилса, у шаҳид ҳисобланмайди. Бу худди ўғрилик қилаётиб, йиқилиб ўлган кимсага ўхшайди. Ароқ ичавериб-ичавериб, ароққа ёрилиб ўлса, у ҳам шаҳид бўлмайди. Биров зино сабабли ҳомиладор бўлиб, бола туғаётиб ўлса, шаҳид бўлди, деб ҳукм қилинмайди. Бу Имом Рамлий раҳимаҳуллоҳнинг ҳам қарашидир (Ибн Обидин. “Раддул муҳтор”).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилганларидек қуйидаги кишилар шаҳидлик мақомига эга бўладилар. Аммо булар ичида ўзини ўзи портлатган, ўзгани ўлдирганлар йўқ.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Вабога йўлиқиб ўлиш, сувга чўкиб ўлиш, қорин оғриғи билан ўлиш, оловга куйиб ўлиш, аёллар нифос пайтида, яъни бола туғаётганида ўлиши умматимнинг шаҳидлигидир!” (Имом Суютий “Жомеъ ас-сағир”).

Ёки бешта шаҳидликни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидагича санаганлар: “Аллоҳ йўлида юрганида ўлдирилган кимса шаҳиддир, қорин оғриғи билан ўлган кимса шаҳиддир, ўлатга йўлиқиб ўлган шаҳиддир, сувга ғарқ бўлиб ўлган шаҳиддир, аёллар туғаётганида ўлса шаҳиддир” (Имом Табароний ривояти).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шаҳидликнинг етти турини ҳам санаганлар. Улар орасида ҳам ўзини ўзи ўлдириш йўқ, мусулмонларни ўлдириш ҳам йўқ: “Шаҳидлик Аллоҳ йўлида юрганда ўлдирилишдан ташқари еттитадир. Ўлатга йўлиқиб ўлган шаҳиддир; қорин оғриғи билан ўлган киши шаҳиддир; ғарқ бўлиб ўлган киши шаҳиддир; вайронагарликда қолиб кетган (масалан, зилзилада) киши шаҳиддир; зотилжам касалидан ўлган киши шаҳиддир; оловда куйиб ўлган киши шаҳиддир; туғаётиб ўлган аёл шаҳиддир” (Имом Насоий, Имом Табароний ривояти).

Хуллас, “Дуррул мухтор” ва “Раддул муҳтор” асарларида қуйидагиларни шаҳидлар қаторида бўлиши санаб ўтилган:

⏺ Зотилжам касалига йўлиқиб вафот этганлар.

⏺ Илм талабида юрганда ўлганлар.

⏺ Душман билан курашиб ўлганлар.

⏺ Ғарқ бўлганлар.

⏺ Оловда куйиб, тасодифан ўт ичида қолиб ўлганлар (ўзини ёққанлар эмас).

⏺ Мусофирчиликда қийналиб ўлганлар.

⏺ Девор остида, зилзилада қолганлар.

⏺ Қорин оғриқ билан ўлганлар.

⏺ Бола туғиб, нифос қони кўраётган аёллар.

⏺ Жума кечаси вафот топганлар.

⏺ Сил касалидан ўлганлар.

⏺ Қаттиқ иситма таъсирида вафот топганлар.

⏺ Оиласи, мол-дунёси ва қонини ҳимоя қилаётиб ўлганлар.

⏺ Гуноҳ бўлмаган кучли ишқ-муҳаббат оқибатида ўлганлар.

⏺ Йиртқич ва ваҳший ҳайвон ёргани ва шохлагани оқибатида ўлганлар.

⏺ Подшоҳнинг зулмига учраб, ноҳақ қамалгани сабабли қамоқда ўлганлар.

⏺ Золимлар уриб-уриб ўлдириб қўйганлар.

⏺ Чаён ёки илон чақиб ўлганлар.

⏺ Холис муаззинлик қилиб вафот топганлар.

⏺ Тўғрисўз ва ҳалол савдогар бўлиб вафот топганлар.

⏺ Оиласини таъминлаш мақсадида ҳалол касб-кор қилиб юрганида вафот топганлар.

⏺ Қайт қилиш касалига мубтало бўлиб, кучли қайт қилавериш оқибатида қийналиб вафот топганлар.

⏺ Эрига рашк қилавериб, бу рашкига сабр қилиб вафот топган аёллар.

⏺ Ҳар куни: “Аллоҳумма, барик лий фил-мавти ва фийма баъд ал-мавти!” (“Аллоҳим, менга ўлганимда ҳам, ўлгандан кейин ҳам барака бер!”) деб 25 марта айтиб юрганлар.

⏺ Ҳар куни “зуҳо” – чошгоҳ намозини ўқишни одат қилганлар.

⏺ Рамазонда тўлиқ ва ҳар ой 3 кун рўза тутишни одат қилганлар.

⏺ Уйда ҳам, сафрада ҳам, ҳар куни витр намозини канда қилмаганлар.

⏺ Фисқу-фасод кўпайган замонларда суннатларни маҳкам тутганлар.

⏺ Касал ва бемор бўлганида 40 марта “Лаа илаҳа илла анта! Субҳанака, инний кунту миназ-золимийн” (“Сендан ўзга илоҳ йўқ! Сен жуда ҳам поксан! Мен эса ўзимга зулм қилувчиларданман!”) дейишни одат қилганлар.

⏺ Вабо, ўлат каби касалликлардан ўлганлар.

Демак, мусулмон банда Аллоҳ таолонинг раҳматидан ноумид бўлиши керак эмас. Инсон ўз уйида, ўз тўшагида жон берса ҳам, шаҳидлик мақомига муяссар бўлаверади. Аллоҳнинг марҳамати кенг, бандасига шаҳидлик мақомини бериб ҳам охиратдаги мартабасини юксак қилаверади. Юқорида таъкидланганидек, инсон ноҳақ одам ўлдириш билан ёки ўз-ўзини қурбон қилиш билан шаҳид бўла олмайди.

 

Ўткирбек Собиров

Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходими

Тошкент ислом институти ўқитувчиси

МАҚОЛА