بسم الله الرحمن الرحيم
الْحَمْدُ للهِ وَلِيِّ الصَّالِحِيْن، وَالصَّلاَةُ وَالسَّلاَمُ عَلَى إِمَامِ الْمُتَّقِيْن، وَقُدْوَةِ النَّاسِ أَجْمَعِيْن، وَعَلَى آلِهِ وَصَحْبِهِ
وَمَنْ اقْتَفَى أَثَرَهُ إِلَى يَوْمِ الدِّيْن أَمَّا بَعْدُ
ИСЛОМДА УЛУҒ ИНСОНЛАРГА ҲУРМАТ ВА ИТОАТ МАСАЛАСИ
Муҳтарам жамоат! Халқимизнинг кўп асрлик тарихидан юртдаги улуғ зотлар, уламолар, ишбошиларга ҳурмат, уларнинг ўгитларига итоат миллий қадрият ҳисобланган. Жамият равнақи, халқ фаровонлиги ушбу зотларнинг панд-насиҳатлари ва кўрсатмаларига амал қилишга ҳар томонлама боғлиқлиги – исбот талаб қилмас ҳақиқатдир!
“Итоат” калимаси “бўйсуниш”, “таслимлик”, “ҳукмга рози бўлиш” сўзлари билан маънодош бўлиб, уларнинг қаршисида “осийлик”, “ҳаддан ошиш” каби сўзлар туради. Итоат тўғрисида Қуръони каримнинг бир қанча оятларида сўз юритилган бўлиб, жумладан шундай дейилади:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا أَطِيعُوا اللَّهَ وَأَطِيعُوا الرَّسُولَ وَلَا تُبْطِلُوا أَعْمَالَكُمْ
яъни: “Эй, имон келтирганлар! Аллоҳга итоат этингиз ва Пайғамбарга итоат этингиз! Амалларингизни зое қилмангиз!” (Муҳаммад сураси, 33-оят).
Аллоҳ таолога ва Унинг расулига итоат этиш деганда – Ислом дини кўрсатмаларига амал қилиш тушунилади. Шунинг учун ҳам буюк ватандошимиз Имом Абу Лайс Самарқандий раҳимаҳуллоҳ Аллоҳ ва Унинг расулига итоат этиш маъносидаги мазкур оятни “Аллоҳнинг фарзларига, Расулуллоҳнинг суннатларига итоат этингиз” дея тафсир қилганлар.
Аллоҳ таоло ва Унинг расулига итоат қилишга буюк ажру савоблар ваъда қилинган. Бунга қарши чиққанларни қаттиқ жазодан огоҳлантирилган. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай дейди:
وَمَنْ يُطِعِ اللَّهَ وَرَسُولَهُ يُدْخِلْهُ جَنَّاتٍ تَجْرِي مِنْ تَحْتِهَا الْأَنْهَارُ خَالِدِينَ فِيهَا وَذَلِكَ الْفَوْزُ الْعَظِيمُ * وَمَنْ يَعْصِ اللَّهَ وَرَسُولَهُ وَيَتَعَدَّ حُدُودَهُ يُدْخِلْهُ نَارًا خَالِدًا فِيهَا وَلَهُ عَذَابٌ مُهِينٌ
яъни: “...Ким Аллоҳ ва (Унинг) пайғамбарига итоат этса, уни остидан анҳорлар оқиб турадиган боғларга (жаннатга) киритур. (Улар) у ерда абадий (бўлурлар). Бу улкан ютуқдир. Ким Аллоҳ ва (Унинг) пайғамбарига итоатсизлик қилса ва ҳудудларидан тажовуз қилса, уни дўзахга абадий (қолиши учун) киритур ва унинг учун хор қилувчи азоб (бордир)”.
Муҳтарам жамоат! Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳукмларига итоат этиш ҳам Аллоҳга итоат этиш демакдир. Расулуллоҳга итоат этиш у зотнинг суннатларини лозим тутиш, нимани келтирган бўлсалар, барчасига бўйсуниш билан амалга ошади. Аллоҳ таоло қайси пайғамбарни юборган бўлса, умматларига итоатни фарз қилган.
Суюкли Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламга бўйсунишнинг зарурлигига У Зотнинг кўплаб ҳадиси шарифларида ҳам таъкидланган. Имом Ҳоким Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам:
كُلُّ أُمَّتِي يَدْخُلُونَ الجَنَّةَ إِلا مَنْ أَبَى ، مَنْ أَطَاعَنِي دَخَلَ الجَنَّةَ وَمَنْ عَصَانِي فَقَدْ أَبَى
(رَوَاهُ الإمَامُ الحَاكِمُ)
яъни: “Бош тортувчидан ташқари умматимнинг ҳар бири жаннатга киради”, – дедилар. саҳобалар: “Ё Аллоҳнинг расули, бош тортувчи ким?” – дедилар. Шунда У Зот: “Ким менга итоат қилса, жаннатга киради. менга итоат этмаган кимса – бош тортувчидир”, – дедилар.
Ушбу ҳадиси шарифда Аллоҳ ва расулига итоат этганларга охиратда нажот, итоат этмай, қарши чиққанларга азоб ва ҳалокат борлиги баён қилинган.
Муҳтарам жамоат! Итоатнинг яна бир кўриниши пайғамбар меросхўрлари бўлган уламолар ва халқнинг ўзидан сайланган раҳбарларга итоат қилишдир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ أَطِيعُواْ اللّهَ وَأَطِيعُواْ الرَّسُولَ وَأُوْلِي الأَمْرِ مِنكُمْ
яъни: “Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга итоат қилинг, пайғамбарга ва ўзингиздан бўлган ишбошиларга итоат қилинг” (Нисо сураси, 59-оят).
Ушу ояти каримада келган “ўзингиздан бўлган ишбошилар”ни баъзи муфассирлар “уламолар” дея тафсир қилишган. Ибн Жарир Табарий “иш бошилар”нинг тафсирида машҳур саҳоба Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳунинг: “улар сизлардан бўлган амирлар”, – деб изоҳ берганини ривоят қилган (“Тафсири Табарий” 8-жуз, 492-бет).
Юқоридаги ояти карималардан маълум бўладики, мусулмон киши аввало Аллоҳ таоло ва Унинг расулига тўла таслим бўлиб, маъсият бўлмайдиган ўринда раҳбарларга итоат этиши ва бўйинсуниши лозим бўлади.
Инсон ва жамият ҳаётининг барча тармоқларини қамраб олувчи мукаммал шариатимизда оддий фуқаронинг раҳбарга қай йўсинда муомала қилиш масаласига ҳам алоҳида урғу берилган. Аҳли сунна ва жамоа ақидасини баён қилувчи мўътабар манбаъларидан бири ҳисобланмиш “Ақидатут-таҳовия”да ушбу мавзуга алоҳида тўхталиб, шундай дейилган:
وَلَا نَرَى الْخُرُوجَ على أَئِمَّتِنَا وَوُلَاة أُمُورِنَا، وَإِنْ جَارُوا، وَلَا نَدْعُو عَلَيْهِمْ، وَلَا نَنْزِعُ يَدًا مِنْ طَاعَتِهِمْ، وَنَرَى طَاعَتَهُمْ مِنْ طَاعَة الله عَزَّ وَجَلَّ فَرِيضَة، مَا لَمْ يَأْمُرُوا بِمَعْصِيَة، وَنَدْعُوا لَهُمْ بِالصَّلَاحِ وَالْمُعَافَاة
яъни: “Имомларимиз, бошлиқларимиз агарчи зулм қилсалар-да, уларга қарши чиқиш мумкин, деб ҳисобламаймиз. Улардан бирортасини қарғамаймиз. Уларга бўйсунишдан бош тортмаймиз. Улар модомики маъсиятга амр қилишмас экан, уларга итоат қилишни Аллоҳга итоат қилиш ўлароқ фарз, деб биламиз. Уларнинг ҳаққига салоҳият, муваффақият ва саломатлик сўраб дуо қиламиз”.
Пешқадам салафларимиздан бири ҳисобланувчи — имом Абу Жаъфар Таҳовий ушбу жумлалари билан бўйинсинувчи инсон ва раҳбар муносабатларига доир, аҳли суннанинг муҳим масалаларига урғу бермоқдалар. Унга кўра тинч аҳоли томонидан қонуний йўл билан сайланган ҳукумат раҳбарига, ҳаттоки у жабр қилса ҳам, итоат қилиш, унинг амридан бўйин товламаслик лозим бўлади. Балки, раҳбарга бўйсуниш ақидамизнинг аслий муҳим масалаларидан бири ҳисобланади.
имом Таҳовий ҳазратлари айтган ушбу матнга кўплаб саҳиҳ ҳадислар асос бўлади. Жумладан Набий алайҳиссалом ўзларининг ҳадиси шарифларидан бирида шундай деганлар:
مَنْ أَطَاعَنِي فَقَدْ أَطَاعَ الله ، وَمَنْ عَصَانِي فَقَدْ عَصَى الله ، وَمَنْ يُطِعِ الأَمِيرَ فَقَدْ أَطَاعَنِي،
وَمَنْ يَعْصِ الأَمِيرَ فَقَدْ عَصَانِي
(رَوَاهُ الإِمَامُ الْبُخَارِيُّ وَالإِمَامُ أَحْمَدُ عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه)
яъни “ким менга итоат этса, Аллоҳга итоат этибди. Ким менга осий бўлса, Аллоҳга осий бўлибди. Ким амирга итоат этса, менга итоат этибди. Ким амирга осий бўлса, менга осий бўлибди” (Имом Бухорий ва Имом Аҳмад ривоятлари).
Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бошқа ҳадисда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам:
" اسْمَعُوا وَأَطِيعُوا وَإِنْ اُسْتُعْمِلَ عَلَيْكُمْ عَبْدٌ حَبَشِيٌّ كَأَنَّ رَأْسَهُ زَبِيبَةٌ"
(رَوَاهُ الإِمَامُ الْبُخَارِيُّ وَالإِمَامُ أَحْمَدُ)
яъни: “қулоқ солинглар ва бўйсунинглар! Гарчи сизларга боши майиздек ҳабаший бошлиқ этиб тайинланган бўлса ҳам”, – деганлар (Имом Бухорий ривоятлари).
Муҳтарам жамоат! Раҳбарга қарши исён – аслида хаворижларнинг тутган йўлидир. Хаворижлар хатто улуғ саҳобий ҳазрати Али разияллоҳу анҳунинг раҳбарлигини тан олмай, у кишига қарши чиқиб, Ислом тарихида биринчи исёнга асос солган тоифа бўлган. Афсуслар бўлсинки, ҳазрати Алидек улуғ зотнинг раҳбарлигига қарши чиққан ушбу тоифанинг издошлари хозиргача мавжуд.
Ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
" مَنْ كَرِهَ مِنْ أَمِيرِهِ شَيْئًا فلْيَصْبِرْ؛ فَإِنَّهُ مَنْ خَرَجَ مِنَ السُّلْطَانِ شِبْرًا مَاتَ مِيتَةً جَاهِلِيَّةً "
(رَوَاهُ الإِمَامُ الْبُخَارِيُّ)
яъни: “Кимки амирнинг бирор нарсасини номаъқул кўрса, унга сабр қилсин. Чунки, ким подшоҳнинг итоатидан бир қарич бўлса-да ташқари чиқса, шубҳасиз, жоҳилиятда ўлади” (Имом Бухорий ривоятлари).
Аллома Ибн Ҳажар Асқалоний раҳимаҳуллоҳ бу ҳадисни шарҳида шундай дейдилар:
فِي الْحَدِيثِ حُجَّةٌ فِي تَرْكِ الْخُرُوجِ عَلَى السُّلْطَانِ وَلَوْ جَارَ وَقَدْ أَجْمَعَ الْفُقَهَاءُ عَلَى وُجُوبِ طَاعَةِ السُّلْطَانِ الْمُتَغَلِّبِ وَالْجِهَادِ مَعَهُ ، وَأَنَّ طَاعَتَهُ خَيْرٌ مِنْ الْخُرُوجِ عَلَيْهِ لِمَا فِي ذَلِكَ مِنْ حَقْنِ الدِّمَاءِ وَتَسْكِينِ الدَّهْمَاءِ
яъни: “Бу ҳадисда султон агарчи золим бўлса ҳам, унга қарши чиқилмаслигига ҳужжат бор. Фуқаҳолар ҳукумат раҳбари бўлиб турган султонга итоат қилиш ва унинг ёнида туриб душманга қарши жанг қилиш вожиблигига бир овоздан ижмоъ қилганлар. Шунингдек, султонга итоат қилиш, унга қарши исён кўтаришдан яхшироқдир. Чунки султонга итоат билан кераксиз ғам-ташвишларга барҳам берилади ва қон тўкилишининг олди олинади” (“Фатҳул-Борий шарҳи саҳиҳил-Бухорий” 13-жуз, 9-бет).
Ҳижрий II асрда яшаб ўтган руҳий тарбиянинг етук машойихларидан бири бўлган – “Обидул Ҳарамайн” (“Масжидул Ҳаром” ва “Масжидун Набавий”нинг обиди) деган лақабга эга бўлган зот – Фузайл ибн Иёз раҳимаҳуллоҳ айтадилар: "Агар менга биргина ижобат бўладиган дуо берилса, уни албатта раҳбарнинг ҳаққига қилган бўлардим. Зотан, агар ўша дуони ўзимнинг ҳақимда қиладиган бўлсам, унинг натижаси ўзимдан нарига ўтмайди, аммо раҳбарнинг ҳаққига қилсам, эл-юртга фойда келтиради".
Машҳур тобеинлардан бири Абу Муслим ал-Ховланий раҳимаҳуллоҳ шундай дейдилар:
إنه مُؤمَّرٌ عَلَيْكَ مِثْلُكَ، فَإِن اهْتَدَى فَاحْمَد اللهَ، وَإنْ عَمِلَ بِغَيْرِ ذَلِكَ؛ فَادْعُ لَهُ بِالْهُدَى، وَلاَ تُخَالِفْهُ فَتَضِلّ.
яъни: “Сизнинг устингизга Аллоҳ томонидан худди сиз каби бир инсон бошлиқ қилиб қўйилган. Агар у тўғри йўлда бўлса, Аллоҳга ҳамд айтинг! Агар бундай бўлмаса, уни Аллоҳ тўғри йўлга солишини сўраб, унинг ҳаққига дуо қилинг! Унга қарши чиқманг! Акс ҳолда – адашасиз”.
Ҳижрий IV аср бошларида яшаб ўтган зоҳид ва обид зотлардан яна бирлари Аллома Абу Муҳаммад Барбаҳорий раҳимаҳуллоҳ айтадилар:
إِذَا رَأَيْتَ الرَّجُلَ يَدْعُوا عَلَى السُّلْطَانِ
فَاعْلَمْ أَنَّهُ صَاحِبُ هَوَى
وَإِذَا رَأَيْتَ الرَّجُلَ يَدْعُو لِلسُّلْطَانِ بِالصَّلاَحِ
فَاعْلَمْ أَنَّهُ صَاحِبُ سُنَّةٍ
яъни: “Подишоҳга дуойибад қилаётган кишини кўрсангиз, билингки, у нафси-ҳавосига эргашувчи кишидир. Подшоҳнинг салоҳиятини сўраб, уни дуойи хайр қилаётган кишини кўрсангиз, билингки, у суннатга эргашувчи кишидир”.
Муҳтарам жамоат! Бугунги кунда Ватанимиз ўз эркига эга бўлиб, тараққиёт сари жадал одимлаб борар экан, шуни унутмайликки, атрофда халқимиз тинчлиги ва равнақига раҳна соладиган ғаразли кучларнинг ҳам ҳаловати йўқолиб бормоқда. Натижада парокандалик чиқариш ниятида турли-туман фитна иддаоларни тарқатиш билан аҳоли орасида беқарорлик ва ишончсизлик кайфиятини ёйишга ҳаракат қилмоқдалар. Давлат раҳбари ва ҳукуматга итоатда бўлишни “ғайри исломий” деб тушунувчи ўша кимсалар ўзларини гўёки адолатпарвар, исломга тўлиқ амал қилувчи комил мусулмон қилиб кўрсатишади. Аслида, воқеълик уларнинг шариатимизда айни ушбу мавзу билан боғлиқ аҳкомларни мутлақо билмаслиги, бунинг оқибатида уларнинг тутган йўли фақат вайронкорликка, мусулмонларнинг зарарига хизмат қилаётганидан далолат бермоқда.
Муҳтарам жамоат! Мавъизамизнинг фиқҳий масалалар қисмида ҳанафий мазҳаби бўйича бомдоднинг фарзига етиб келган киши суннатни ўқиш тартибини баён қиламиз.
Бомдоднинг икки ракат суннатини ўқимаган одам имомни фарз намозида топса, қарайди: агар суннатни ўқиса, ҳеч бўлмаганда фарзнинг бир ракаатига улгурадиган бўлса, суннатни ўқиб, сўнгра имомга иқтидо қилади. Мана шунда ҳам суннат, ҳам жамоатнинг фазилатига эришади. Чунки Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
"مَنْ أَدْرَكَ رَكْعَةً مِنَ الْصَلاَةِ فَقَدْ أَدْرَكَ الْصَلاَةَ"
(رواه الإمام مسلم والإمام ابن ماجة عن أبي هريرة رضي الله عنه)
яъни: “Ким намоздан бир ракатни топса, ҳақиқатан ўша намозни топибти” (Имом Муслим ва Имом Ибн Можа ривоятлари)”.
Бундай ҳолатда суннатни фарз ўқилаётган сафда ўқимайди. Чунки уламолар бундан қайтарганлар, макруҳ бўлади. Балки, имкон бўлса, бошқа хонада ёки сафдан узоқроқ жойда ўқиб, тезлик билан жамоатга қўшилади. Агар суннатни ўқиса, фарзнинг бир ракатига ҳам улгурмайдиган бўлса, суннатни ўқимасдан, фарз ўқиш учун жамоатга эргашади. Чунки жамоатга эргашишнинг савоби суннатни ўқиш савобидан кўпроқдир. Жамоатни фазилати ҳақида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
"صَلاَةُ الْجَمَاعَةِ تَفْضُلُ صَلاَةَ الْفَذِّ بِسَبْعٍ وَعِشْرِيْنَ دَرَجَةً"
(رواه الإمام البخاري والإمام مسلم عن عبد الله بن عمر رضي الله عنه)
яъни: “Жамоат билан ўқилган намоз ёлғиз ўқилган намоздан йигирма етти даража афзалдир” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).
Шуни ҳам унутмаслик керакки, бомдоднинг фарзига қўшилгани сабабли ўқилмай қолган бомдоднинг суннатини фарздан кейин ўқилмайди. Балки суннат бундай кишидан соқит бўлади. Чунки бомдодни суннати фақат бир ўринда қазо қилинади. У ҳам бўлса, бомдоднинг суннати фарзи билан бирга қазо бўлиб, бугунги бомдод намозининг қазосини завол вақтигача ўқийдиган киши суннатини ҳам бирга қазо қилиб ўқийди, заволдан кейинга қолса, фақат фарзи ўқилади (“Фатҳу бабил иноя” ва “Ҳидоя” китоблари).
Аллоҳ таоло қилаётган ибодатларимизни даргоҳида мақбул айласин! Юртимизни турли фитна ва офатлардан паноҳида асрасин! Шариатимиз кўрсатмаларини мукаммал ўрганиб, унга амал қилиб боришимизга муваффақ этсин! Омин!
Муҳтарам имом-домла! Келгуси жума маърузаси “ҲАЛОЛ КАСБ – БАРАКА КАЛИТИ” мавзусида бўлади.
Муҳаммад Саид ибн Рамазон ибн Умар ибн Мурод ал-Бутий 1929 йилда Усмонийлар империяси таркибида бўлган, бугунги кунда Туркия Республикаси ҳудудига кирувчи Жизре (арабча: Жазират ибн ‘Умар, курдча: Cizîrê Botan) вилоятига қарашли Жалка қишлоғида таваллуд топган. Ушбу ҳудуд тарихан бой илмий ва маданий меросга эга бўлиб, кўплаб етук шахслар, айниқса ислом олимлари билан машҳур бўлган. Жизре ҳудуди ўзининг узоқ йиллик илм-фан ва маърифат анъаналари билан ажралиб туради. Тарихий манбаларда бу ерда яшаб ўтган кўплаб олимларнинг исмлари тилга олинади. Жумладан, буюк мусулмон тарихчиси ва "ал-Камил фīът-Тарих" асари муаллифи Ибнул-Асир (1160–1233), машҳур қироат олими Абул-Хойр Муҳаммад ибн Муҳаммад ал-Жазарий, механика ва техника соҳасида кашшоф сифатида танилган, "ал-Жамиʻ байнаал-ʻилм вал-ʻамал ан-нафиʻ фī ṣинаʻат ал-ḥиял" асари муаллифи Абул-‘Изз ибн Исма‘ил ар-Роззаз ал-Жазарий (вафоти 1206-йил) шулар жумласидандир.
Муҳаммад Саид Рамазон ал-Бутий ана шундай юксак мартабали олимлардан биридир. У Ислом оламида асосан фиқҳ, даъватчилик фаолияти, асарлари ва сиёсат билан алоқаси сабабли машҳур бўлган. Унинг илмий мероси, асарлари ва илгари сурган ғоялари кўпинча Ғазолий билан қиёсланади [1].
Муҳаммад Саид Рамазон ал-Бутий 1934-йилда оиласи билан Суриянинг Дамашқ шаҳрига ҳижрат қилган. Улар асосан курдлар истиқомат қиладиган Рукнуддин маҳалласига жойлашадилар. Бутий болалигидан Қуръон таълимини бошлайди ва атиги олти ой ичида Қуръонни тўлиқ хатм қилади. Кейинчалик отаси бош-қошлигида турли мадрасаларда диний илмлар билан шуғулланади. 1953-йилгача Шайх Ҳасан Ҳабанка ал-Майдоний бошчилигидаги "Ат-тавжиҳ ал-исломий" коллежида наҳв, мантиқ, балоғат, усул ва бошқа диний фанларни ўрганади.
1953-йилда Мисрнинг Азҳар университети Шариат факултетига ўқишга кириб, 1956-йилда тамомлайди. 1957-йилда Ҳумус шаҳрида диний маданият ўқитувчиси сифатида фаолият бошлайди. 1960-йилда Дамашқ университетининг Шариат факултетида ёрдамчи лавозимига тайинланади. 1965-йилда Азҳар университетида "Ислом ҳуқуқида "Маслаҳа" мавзусида докторлик диссертатсиясини "Мумтаз" (жуда а‘ло) баҳоси билан ҳимоя қилади. Шундан сўнг у Дамашқ университетида профессор унвонига эришиб, ислом ҳуқуқи, фиқҳ, ақида ва сийрат фанларидан сабоқ беради.
1970-йилда дотсент, 1975-йилда профессор, 1977-йилда эса Шариат факультети декани лавозимига тайинланиб, 1993-йилгача бу лавозимда ишлайди. У араб, курд, турк ва инглиз тилларини яхши билган. Академик фаолияти давомида у китоблари, телевидения, радио ва интернет орқали кенг оммага диний таълим етказган. Унинг Дамашқдаги йирик масжидлардаги ваъзлари кўп сонли кишиларни жамлаган.
Европалик тадқиқотчи Андреас Чристманн таъкидлаганидек, диний амалларга риоя қилмайдиган ҳатто мусулмон бўлмаган кишилар ҳам унинг маърузаларига қизиқиш билдирган [2]. 2005-йилда Дубай Қуръон Хизмат Кенгаши уни "Намунали Ислом Олими" деб эътироф этган. 2012-йилда эса Иордания Қироллик Академияси томонидан тузилган энг нуфузли 500 мусулмон рўйхатида 22-ўринни эгаллаган.
Бутий ақидада Ашъарий калом мактабига эргашган бўлиб, салафийлик оқимига танқидий ёндашуви билан машҳур эди. Фиқҳий йўналишда эса Шофиъий мазҳабига мансуб бўлган.
Бутийнинг илмий фаолиятида биринчи йирик ютуғи сифатида "ад-Давабитуъл-Маслаҳа фиъш-Шари‘атиъл-Исламийя" номли докторлик диссертатсияси бўлиб, бу асар Ислом ҳуқуқидаги "Маслаҳа" масаласини чуқур таҳлил қилгани сабабли тадқиқотчилар томонидан муҳим манба сифатида қадрланади.
Унинг асл шуҳрати эса "Фиқҳус-сийра" асари орқали кенг тарқалган. Ушбу китобда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлари асосида шаръий ва фиқҳий хулосалар чиқарилиб, янгича илмий услубда тақдим этилган.
Tahrirchi Bot, [16.05.2025 12:30]
Бутий 70 га яқин китоб ва кўплаб мақолалар муаллифи бўлиб, Ислом уммати муаммоларига бағишланган "Абҳас фиъл-Кимме" номли ўнта рисоладан иборат тўплами ҳам эътибор қозонган. Бу рисолаларда у муаммоларга ечимларнинг ўзини эмас, балки уларнинг асл сабаблари, хусусан, Ғарб қаршисида мусулмонларнинг ижтимоий ва иқтисодий жиҳатдан орқада қолиш омилларини очиб беришга интилган.
У бутун умри давомида исломий фикр, ахлоқ ва маърифатни тарғиб этишда фидокорона хизмат қилган. Афсуски, бу юксак илм ва тақво соҳиби 2013 йил 21 март куни Дамашқдаги Имом масжидида дарс бераётган пайтида шаҳид бўлди. Унинг вафоти нафақат Сурияда, балки бутун Ислом оламида чуқур изтироб билан қабул қилинди. Шу тариқа Рамазон Бутий ўзининг бой илмий мероси ва мардонавор хизматлари билан мусулмон умматининг қалбида чуқур из қолдирди.
Муҳаммаддиёр МЎМИНОВ,
Тошкент Ислом институти 402-гуруҳ талабаси.
[1] Mahsum Aslan. Muhammed Said Ramazan el-Bûtî’nin hayatı, eserleri, ilmî kişiliği ve fıkıhçılığı "Муҳаммад Саид Рамазон ал-Бутийнинг Ҳаёти, Асарлари, Илмий Шахсияти ва Фиқҳчилиғи" номли магистрлик диссертациясидан. Дижла Университети, Социал фанлар институти, Диярбакир, қисқартирма, 2014.– Ж.1. — Б.1.
[2] Andreas Christmann. Islamic scholar and religious leader: A portrait of Shaykh Muhammad Sa’id Ramadan al-Būti “Musulmon Olim va Diniy Yetakchi: Shayx Muhammad Said Ramazon al-Butiy”, tarj. Muammer İskenderoğlu, Усул исломий тадқиқотлар журнали, Сон: 2, Июль-Декабрь, 2004. – 129-154, - Б.130.