Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
27 Август, 2026   |   14 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:20
Қуёш
05:44
Пешин
12:25
Аср
17:07
Шом
19:08
Хуфтон
20:28
Bismillah
27 Август, 2026, 14 Рабиъул аввал, 1448

Экстремизм ва терроризм – инсоният душмани

18.11.2019   3968   5 min.
Экстремизм ва терроризм – инсоният душмани

Маълумки, инсоният тамаддунининг тараққий этишида бир неча омиллар сабаб бўлади. Булар қаторида тинчлик ва барқарорлик аввалги ўринларни эгаллайди.  XXI аср бошида жаҳондаги тинчлик ва осойишталик, барқарорлик ҳамда  инсоният тақдири, унинг тараққиёти, равнақига таҳдид солаётган экстремизм,  терроризм барча давлатлар, миллатлар бир ёқадан бош чиқариб курашиши зарур бўлган иллатга айланмоқда. Бузғунчи ғояларга асосланган халқаро терроризм ва эестремизм, унинг ҳар қандай кўриниши кишилик жамиятининг ўтмишида ҳам, бугунида ҳам бутун-бутун халқлар бошига оғир кулфатлар ёғдирган. Ҳар йили унинг тажовузидан 100 мингдан ортиқ бегуноҳ кишилар қурбон бўлмоқда, жамият ривожланиши, айрим давлатлар, минтақалар ва инсоният цивилизациясининг тараққиётига жиддий таҳдид солмоқда ва мудҳиш оқибатлар келтириб чиқармоқда.

“Экстремизм” тушунчаси муқаддас динимизнинг илоҳий китоби Қуръони карим оятлари ва Пайғамбар алайҳиссалломнинг ҳадисларида келган “ғулув”, “туғён”, “ҳаддан ошиш” каби маънони англатиб, динимиз таълимотида уларнинг барчаси қораланган ва мусулмонлар бундай амаллардан қайтарилган.

Қуръони каримда ғулув лафзи бир неча ўринларда зикр қилинган бўлиб, мўмин-мусулмонларга мана шундай туғён, ҳаддидан ошишдан қайтарилган. Масалан,   Моида сурасининг 77-оятида: “Айтинг: “Эй, аҳли китоблар! Динингизда ҳаддан ошмангиз ва олдиндан адашган ва кўпларни адаштирган ҳамда тўғри йўлдан чалғиганларнинг ҳавойи нафсларига эргашмангиз!” деб буюрилган. Яна шунингдек, Бақара сурасининг 229-ояти каримасида: “Кимки Аллоҳнинг ҳудудидан тажовуз қилса, ана ўшаларгина золимлардир”, Ҳуд сурасининг 112-оятида: “Бас, (эй, Муҳаммад) буюрилганингиздек тўғри бўлинг! Сиз билан бирга тавба қилганлар ҳам (тўғри) бўлсинлар! Ҳаддан ошиб кетмангиз, (эй, мўминлар!) У қилаётган ишларингизни, албатта, кўриб турувчидир” деб марҳамат қилган.

Ислом дини тавҳид дини, якка худолик дини ҳисобланади. Исломда  якка-ю ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишга буюрилган бўлиб, динда ғулувга кетиш, ҳаддан ошиш, туғёндан қайтарилган. Бунинг асл сабаби эса ғулув ва ҳаддан ошиш ихтилофга, гуруҳбозликка олиб келади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деган: “Улар (мушриклар) динларини бўлиб юбориб, (турли) фирқаларга ажралгандирлар. Ҳар бир фирқа (одамлари) ўз наздиларидаги нарса (ақида) билан шоддирлар” (Рум, 32).

Динимизда ғулувга кетишнинг бир қанча ёмон оқибатлари бор. Энг аввало, бу инсоннинг инонган  ақидасини бузилишига сабаб  бўлади. Тарихда пайдо бўлган рофизийлар, хорижийлар ва бошқа тоифаларнинг юзага келиши асосан динда ғулувга кетишнинг оқибатидир. Рофизийлар Пайғамбар алайҳиссалломдан сўнг халифаликка лойиқ зот сифатида Али розияллоҳу анҳудан  ва унинг авлодларидан бошқа ҳеч кимни тан олмадилар. Кейинчалик уларнинг орасидан яна бир қанча тоифалар пайдо бўлди. Яна бир оқим хорижийлар эса ғулувга кетганликлари сабабли  рофизийлар сингари исломдан чиққан деб ҳисобланади. Рафовиз сўзи инкор қилувчилар, рад этувчилар деган маънони англатиб, уларнинг баъзи тоифаси Али розияллоҳу анҳуни Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан ҳам юқори қўяди. Мана шу даражада ғулувга кетиб аҳли сунна вал-жамоадан чиқдилар. Хаворижлар эса, аксинча, ҳазрати Али розияллоҳу анҳуни кофирга чиқардилар. Бу ҳақда Ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг ўзлари шундай деган эдилар: “Менинг борамда икки хил тоифа ҳалокатга учради: бири ҳаддан ташқари муҳаббат қўйиб, иккинчиси ҳаддан ташқари буғзу адоват қилиб”.

Кейинчалик, мўътазила тоифаси Аллоҳни зотида ғулувга кетиб, унинг сифатларини инкор қилдилар. Шунингдек, хавориж ва мўътазилалар амру маъруф ва наҳий мункарда ҳаддан ошиб, мусулмонларнинг имомига қарши чиқишга йўл очдилар. Яъни, уларнинг назарида давлат раҳбарига қарши чиқиш амру маъруф ва наҳий мункар қилиш демакдир. Ҳолбуки, Пайғамбар алайҳиссалом биз умматларини раҳбарларга қарши чиқишдан қайтарганлар. Қуйидаги ҳадисда шундай дейилган: “Ким амирининг бирор ишини ёқтирмаса, унга сабр қилсин. Чунки, бирор киши бошлиғининг итоатидан бир қарич чиқса ва шу ҳолида ўлса, жоҳилият ўлимида ўлибди” (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Ислом динининг мўътадиллик ва енгилликка чақирувчи, машаққат ва қийинчиликларни бартараф этишга асосланган таълимотларига зиддир. Зеро, Ислом динининг енгиллиги унинг ўзигагина хос бўлган, бошқа динлардан ажратиб турувчи хусусиятидир.

Бугун биз катталар, ота-оналарнинг  асосий вазифамиз нима бўлмоғи керак? Авваламбор, ёшларимизнинг иймон-эътиқодини мустаҳкамлаш, иродасини бақувват қилиш, уларни ўзининг мустақил фикрига эга бўлган баркамол инсонлар этиб тарбиялаш. Уларнинг тафаккурида ўзлигини унутмаслик, ота-боболарнинг муқаддас қадриятларини асраб-авайлаш ва хурмат қилиш фазилатини қарор топтириш. Уларнинг мен ўзбек фарзандиман, деб ғурур ва ифтихор билан яшашига эришишдир.

Муҳаммадяҳё ЭМИНОВ,
Тошлоқ тумани бош имом-хатиби

 

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Камерада нафақат тарих, балки Бухоронинг бугунги қиёфаси ҳам акс этмоқда

25.08.2026   23624   5 min.
Камерада нафақат тарих, балки Бухоронинг бугунги қиёфаси ҳам акс этмоқда

Баъзи шаҳарларни китобдан ўқиб танимайсиз — уларни кўриш, ҳис қилиш, кўҳна деворларига боқиш, тор кўчаларидаги тарих нафасини туйиш керак. Бухоро дунёдаги ана шундай бетакрор, ғаройиб шаҳарлардан бири ҳисобланади.

Минг йиллик тарих, ноёб меъморий обидалар, қадимий ҳунармандчилик ва бой маданий мерос уйғунлашган Бухоро бугун нафақат сайёҳларни ўзига чорламоқда, балки замонавий медиа имкониятлари орқали дунё аудиториясига янада кенг танитилмоқда.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда туризмни иқтисодиётнинг стратегик йўналишларидан бирига айлантириш, Ўзбекистоннинг бой тарихий-маданий меросини жаҳонга кенг тарғиб қилиш, хорижий сайёҳлар оқимини кўпайтириш ва ҳудудларнинг туристик салоҳиятидан самарали фойдаланиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Ана шу эзгу мақсадларнинг мантиқий давоми сифатида Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси кўмагида Малайзиянинг “Universiti Teknologi MARA” олий таълим муассасаси Санъат, дизайн ва медиа факультетининг талаба ҳамда ўқитувчиларидан иборат 18 кишилик ижодий гуруҳ Бухоро вилоятида бўлди, хабар бермоқда ЎзА.

Малайзиялик ижодкорларнинг Бухорога ташрифи оддий туристик сафардан кўра кенгроқ мазмун касб этди. Уларнинг асосий мақсади — Бухоронинг бой тарихий-маданий мероси, қадимий обидалари, бетакрор меъморий муҳити ва туристик салоҳиятини замонавий медиа платформалар орқали халқаро аудиторияга етказишдан иборат бўлди.

Ижодий гуруҳ вакиллари шаҳарнинг ҳар бир манзилидан ўзига хос сюжет излади. Улар учун асрлар силсиласида қад ростлаган обидалар шунчаки тарихий ёдгорлик эмас, балки замонавий авлодга сўзлаб берилиши лозим бўлган улкан тарихий ҳикояга айланди.

Малайзиялик ёш фотограф ва дизайнерлар Арк қўрғони, Лаби Ҳовуз ансамбли, Пойи Калон мажмуаси, қадимий савдо тоқлари, Исмоил Сомоний мақбараси, Чашмаи Аюб каби кўп асрлик тарихдан дарак берувчи масканларда тасвирга олиш ишларини олиб борди.

Шунингдек, ижодкорлар Бухоронинг анъанавий ҳунармандчилик марказларига ташриф буюриб, усталарнинг меҳнати, миллий санъат намуналари, қадимий касбларнинг авлоддан-авлодга ўтиб келаётган жараёнларини ҳам объектив орқали муҳрлашди.

Бугун ахборот макони жадал ўзгараётган бир пайтда бирор мамлакат ёки шаҳар ҳақида тасаввур уйғотишнинг энг таъсирчан воситаларидан бири — сифатли визуал контент. Шу маънода, ташриф давомида тайёрланган фото ва видеоматериаллар “storytelling” — воқеани таъсирчан ҳикоя қилиш услубида яратилгани билан аҳамиятлидир. Зеро, бир суратда Бухоронинг кўҳна гумбази, яна бир кадрда ҳунарманднинг моҳир қўллари, бошқа бир лавҳада эса қадимий кўчалардаги ҳаёт акс этиши мумкин. Бу тасвирлар орқали Бухоро ҳақидаги маълумот оддий матндан кўра, таъсирчанроқ тарзда миллионлаб инсонларга етиб бориши мумкин.

Ижодкорлар томонидан яратилган контентлар ижтимоий тармоқлари ҳамда YouTube платформаси орқали намойиш этилиши режалаштирилган. Бу эса Бухоронинг туристик салоҳиятини, аввало, Жануби-Шарқий Осиё мамлакатлари аудиториясига кенг тарғиб қилиш учун муҳим имкониятдир.

Бундай халқаро ижодий ташрифлар Бухоронинг туристик брендини янада кучайтириш, хорижий аудиторияда шаҳар ҳақида янги ва жозибадор тасаввур уйғотишга хизмат қилади.

Энг муҳими, бу жараёнда Бухоро тарихи музейларда қолиб кетмаяпти. У замонавий технологиялар, ижтимоий тармоқлар ва ижодкорлар нигоҳида янги авлодга етказилмоқда.

Бухоронинг қадимий кўчаларида олинган ҳар бир кадр, ҳунарманд қўлидан чиққан ҳар бир буюм, обидалар бағрида акс этган ҳар бир лавҳа дунёнинг турли бурчакларидаги инсонларни “Бу қандай шаҳар?”, “Унинг тарихи қандай?”, “Мен ҳам бу жойни кўришни истайман” деган қизиқишга чорлаши мумкин. Бу эса туризм тарғиботининг энг таъсирчан кўринишларидан биридир.

Малайзиялик талаба ва устозларнинг Бухорога ташрифи яна бир муҳим жиҳати билан аҳамиятли. Турли маданият ва таълим мактабларига мансуб ёш ижодкорлар Бухоро мисолида Шарқ ва Жануби-Шарқий Осиё маданиятлари ўртасида янги ижодий кўприк яратди. Бу нафақат туризм, балки маданий дипломатия, таълим ва ижодий ҳамкорлик учун ҳам янги имкониятларни очади.

Бугун Бухоронинг кўҳна обидаларига қараётган малайзиялик ёш фотографнинг камерасида нафақат тарих, балки Ўзбекистоннинг замонавий қиёфаси ҳам акс этмоқда. Эртага ушбу тасвирларни кўрган минглаб ёшлар Бухорони ўзлари учун янги, қизиқарли ва албатта бориб кўришга арзийдиган манзил сифатида кашф этишлари мумкин. Шу боис, бу ташрифни бир неча кунлик ижодий сафар эмас, балки Бухородан дунёга йўл олган улкан визуал ҳикоянинг бошланиши, дейиш мумкин. Зеро, тарихни асраш — уни келажак авлодга етказишдир. Туризмни ривожлантириш эса ана шу тарихни дунёга танитиш билан чамбарчас боғлиқ.

Ўтмишда Бухоро карвонлар йўли орқали дунё билан боғланган эди. Бугун эса унинг тарихи камералар, ижтимоий тармоқлар ва рақамли платформалар орқали бутун дунёга тарқалмоқда. Энг муҳими, бу жараён давлатимиз раҳбари ташаббуслари асосида юртимизнинг туристик салоҳиятини жаҳонга кенг тарғиб этиш, Ўзбекистонни янада жозибадор ва рақобатбардош туристик маскан сифатида намоён этиш йўлидаги эзгу ишларга муносиб ҳисса бўлиб қўшилади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари