Маълумки, инсоният тамаддунининг тараққий этишида бир неча омиллар сабаб бўлади. Булар қаторида тинчлик ва барқарорлик аввалги ўринларни эгаллайди. XXI аср бошида жаҳондаги тинчлик ва осойишталик, барқарорлик ҳамда инсоният тақдири, унинг тараққиёти, равнақига таҳдид солаётган экстремизм, терроризм барча давлатлар, миллатлар бир ёқадан бош чиқариб курашиши зарур бўлган иллатга айланмоқда. Бузғунчи ғояларга асосланган халқаро терроризм ва эестремизм, унинг ҳар қандай кўриниши кишилик жамиятининг ўтмишида ҳам, бугунида ҳам бутун-бутун халқлар бошига оғир кулфатлар ёғдирган. Ҳар йили унинг тажовузидан 100 мингдан ортиқ бегуноҳ кишилар қурбон бўлмоқда, жамият ривожланиши, айрим давлатлар, минтақалар ва инсоният цивилизациясининг тараққиётига жиддий таҳдид солмоқда ва мудҳиш оқибатлар келтириб чиқармоқда.
“Экстремизм” тушунчаси муқаддас динимизнинг илоҳий китоби Қуръони карим оятлари ва Пайғамбар алайҳиссалломнинг ҳадисларида келган “ғулув”, “туғён”, “ҳаддан ошиш” каби маънони англатиб, динимиз таълимотида уларнинг барчаси қораланган ва мусулмонлар бундай амаллардан қайтарилган.
Қуръони каримда ғулув лафзи бир неча ўринларда зикр қилинган бўлиб, мўмин-мусулмонларга мана шундай туғён, ҳаддидан ошишдан қайтарилган. Масалан, Моида сурасининг 77-оятида: “Айтинг: “Эй, аҳли китоблар! Динингизда ҳаддан ошмангиз ва олдиндан адашган ва кўпларни адаштирган ҳамда тўғри йўлдан чалғиганларнинг ҳавойи нафсларига эргашмангиз!” деб буюрилган. Яна шунингдек, Бақара сурасининг 229-ояти каримасида: “Кимки Аллоҳнинг ҳудудидан тажовуз қилса, ана ўшаларгина золимлардир”, Ҳуд сурасининг 112-оятида: “Бас, (эй, Муҳаммад) буюрилганингиздек тўғри бўлинг! Сиз билан бирга тавба қилганлар ҳам (тўғри) бўлсинлар! Ҳаддан ошиб кетмангиз, (эй, мўминлар!) У қилаётган ишларингизни, албатта, кўриб турувчидир” деб марҳамат қилган.
Ислом дини тавҳид дини, якка худолик дини ҳисобланади. Исломда якка-ю ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишга буюрилган бўлиб, динда ғулувга кетиш, ҳаддан ошиш, туғёндан қайтарилган. Бунинг асл сабаби эса ғулув ва ҳаддан ошиш ихтилофга, гуруҳбозликка олиб келади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деган: “Улар (мушриклар) динларини бўлиб юбориб, (турли) фирқаларга ажралгандирлар. Ҳар бир фирқа (одамлари) ўз наздиларидаги нарса (ақида) билан шоддирлар” (Рум, 32).
Динимизда ғулувга кетишнинг бир қанча ёмон оқибатлари бор. Энг аввало, бу инсоннинг инонган ақидасини бузилишига сабаб бўлади. Тарихда пайдо бўлган рофизийлар, хорижийлар ва бошқа тоифаларнинг юзага келиши асосан динда ғулувга кетишнинг оқибатидир. Рофизийлар Пайғамбар алайҳиссалломдан сўнг халифаликка лойиқ зот сифатида Али розияллоҳу анҳудан ва унинг авлодларидан бошқа ҳеч кимни тан олмадилар. Кейинчалик уларнинг орасидан яна бир қанча тоифалар пайдо бўлди. Яна бир оқим хорижийлар эса ғулувга кетганликлари сабабли рофизийлар сингари исломдан чиққан деб ҳисобланади. Рафовиз сўзи инкор қилувчилар, рад этувчилар деган маънони англатиб, уларнинг баъзи тоифаси Али розияллоҳу анҳуни Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан ҳам юқори қўяди. Мана шу даражада ғулувга кетиб аҳли сунна вал-жамоадан чиқдилар. Хаворижлар эса, аксинча, ҳазрати Али розияллоҳу анҳуни кофирга чиқардилар. Бу ҳақда Ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг ўзлари шундай деган эдилар: “Менинг борамда икки хил тоифа ҳалокатга учради: бири ҳаддан ташқари муҳаббат қўйиб, иккинчиси ҳаддан ташқари буғзу адоват қилиб”.
Кейинчалик, мўътазила тоифаси Аллоҳни зотида ғулувга кетиб, унинг сифатларини инкор қилдилар. Шунингдек, хавориж ва мўътазилалар амру маъруф ва наҳий мункарда ҳаддан ошиб, мусулмонларнинг имомига қарши чиқишга йўл очдилар. Яъни, уларнинг назарида давлат раҳбарига қарши чиқиш амру маъруф ва наҳий мункар қилиш демакдир. Ҳолбуки, Пайғамбар алайҳиссалом биз умматларини раҳбарларга қарши чиқишдан қайтарганлар. Қуйидаги ҳадисда шундай дейилган: “Ким амирининг бирор ишини ёқтирмаса, унга сабр қилсин. Чунки, бирор киши бошлиғининг итоатидан бир қарич чиқса ва шу ҳолида ўлса, жоҳилият ўлимида ўлибди” (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Ислом динининг мўътадиллик ва енгилликка чақирувчи, машаққат ва қийинчиликларни бартараф этишга асосланган таълимотларига зиддир. Зеро, Ислом динининг енгиллиги унинг ўзигагина хос бўлган, бошқа динлардан ажратиб турувчи хусусиятидир.
Бугун биз катталар, ота-оналарнинг асосий вазифамиз нима бўлмоғи керак? Авваламбор, ёшларимизнинг иймон-эътиқодини мустаҳкамлаш, иродасини бақувват қилиш, уларни ўзининг мустақил фикрига эга бўлган баркамол инсонлар этиб тарбиялаш. Уларнинг тафаккурида ўзлигини унутмаслик, ота-боболарнинг муқаддас қадриятларини асраб-авайлаш ва хурмат қилиш фазилатини қарор топтириш. Уларнинг мен ўзбек фарзандиман, деб ғурур ва ифтихор билан яшашига эришишдир.
Муҳаммадяҳё ЭМИНОВ,
Тошлоқ тумани бош имом-хатиби
Ўзбекистонда ноёб Қуръон яратиш бўйича жаҳон хаттотлар танлови 26 август куни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида эълон қилинади. Танлов «Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ — янги кашфиётлар» халқаро медиафоруми доирасида ўтказилади, хабар бермоқда UzDaily.uz.
«Дунё Қуръони: хаттотлик анъаналаридан — келажак мероси сари» лойиҳасини хаттот ва Ислом цивилизацияси маркази ҳузуридаги Хаттотлик мактаби директори Ҳабибулло Солиҳ тақдим этади. Бу ҳақда тадбир ташкилотчиси хабар берди.
Танлов доирасида турли мамлакатлар ва хаттотлик мактабларининг исломий хаттотликдаги энг яхши анъаналарини бирлаштирган ноёб Қуръон яратиш кўзда тутилган.
Танловнинг тантанали эълони «Асрларни бирлаштирувчи мерос. Ислом цивилизациясининг маънавий мазмунлари» мавзусидаги ялпи сессиянинг якуний қисми бўлади. Сессия 26 август куни соат 09:30 дан 12:00 гача ўтказилади.
Тадбир доирасида оммавий ахборот воситаларининг стереотиплар ва исломофобияни енгишдаги ролига бағишланган халқаро муҳокама ҳам бўлиб ўтади. Унда Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Жазоир, Уммон, Покистон, Саудия Арабистони, Ироқ, Мали ва Ўзбекистоннинг давлат тузилмалари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этади.
Форум дастуридан Қуръоний ва қўлёзма меросга бағишланган лойиҳалар ҳам ўрин олган. Улар орасида «114 Қуръон: ислом оламининг 114 хаттотлик дурдонаси», «Катта Лангар Қуръони: ҳақиқат ва ривоятлар» халқаро лойиҳаси ҳамда «Сунъий интеллект — қадимий қўлёзмаларни ўқишнинг рақамли калити» лойиҳаси бор.
Ўзбекистонда хаттотликни ривожлантиришга институционал даражада ҳам эътибор қаратилмоқда. Ислом цивилизацияси маркази ҳузурида Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган Хаттотлик мактаби фаолият юритмоқда. Мактабда сулс, насх, настаълиқ, руқъа, девоний ва куфий каби анъанавий ёзув услубларини ўргатиш режалаштирилган.
Хаттотлик санъати Самарқанд вилоятидаги янги Имом ал-Бухорий мажмуасида ҳам намоён этилган. Мажмуа пештоқлари ва айвонлари деворлари «Саҳиҳ ал-Бухорий»дан олинган ҳадислар битилган ёзувлар билан безатилган. Мажмуа ҳузурида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ҳадис илмий мактаби ҳам фаолият юритади.
Халқаро медиафорумнинг асосий майдони Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бўлади.
Тадбирда қарийб 50 мамлакатдан медиа ва экспертлар ҳамжамиятининг 300 га яқин вакили иштирок этади. Улар орасида медиакомпаниялар, ахборот агентликлари ва телеканаллар раҳбарлари, журналистлар, продюсерлар, олимлар ҳамда креатив индустрия мутахассислари бор.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати