Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, меҳмонини икром қилсин! Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, қариндошлари билан алоқани тикласин! Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, яхши гап айтсин ёки жим турсин!” дедилар. (Муттафақун алайҳ)
Шарх: Ким, Аллоҳ таоло осмонлару ерни йўқдан бор қилган; осмонлару ердаги бирор зарра ҳам Унга махфий бўлмаган, барчасини ададлари билан билиб турувчи; Ундан олдин бирор нарса бўлмаган, барча нарсалар йўқ бўлиб кетганда ҳам доимо бор бўлиб турувчи; бирор нарсадан ожиз қолмайдиган, барча нарсага қодир; бандаларига ҳатто улар санаб ҳам чиқа олмайдиган даражада кўплаб неъматларни ато қилиб турувчи; бандаларнинг ҳамду сано айтиб улуғлашларига ва қуллик қилишларига ҳақли бўлган Зотдир, деб аниқ ишонса ва булардан ташқари Аллоҳ таолони Қуръон ва сунатда баён қилинганидек таниб олса ҳамда Аллоҳ таоло махлуқотларни Ўзи хоҳлаган вақтда улар истасинлар – истамасинлар, ўлимга бўйсундирадиган; Ўзигагина маълум бўлган бир кунда бандаларни қайта тирилтириб, яхши амалларига мукофот ва ёмон амалларига жазо берадиган Зотдир, деб аниқ ишонса ушбу тўрт насиҳатга амал қилсин!
Хулоса: Бу талаб фақат мўминлар учундир. Ушбу ишлар ҳақида Аллоҳ таоло фақат мўминлардан ҳисоб сўрайди. Ва бу амалларни қилган мўминларга улкан ажрлар ва мукофотлар беради. Агар, мўмин бўлсангиз ушбуларга амал қилинг! Мободо, мўминликни даъво қилмасангиз, бу амалларни сизга алоқаси йўқ.
Олмазор туманидаги “Мевазор” масжиди имом ноиби: Исломов Ёрбек
Тошкент ислом институти магистратура босқичи ҳамда Ҳадис илми мактабига ҳужжат топширган талабгорлар учун жорий йилнинг 11 август куни ижодий имтиҳонлар ўтказилади.
Талабгорлар танлаган йўналишлари бўйича қуйидаги фанлардан имтиҳон топширадилар:
Теология (Тафсир ва Қуръон илмлари): Қуръони карим ва тажвид, Тафсир;
Теология (Ҳанафийлик ва фиқҳ илмлари): Фиқҳ, Усулул-фиқҳ;
Ҳадис илми мактаби: Ҳадис ва мусталаҳул ҳадис.
Имтиҳонлар 11 август куни соат 8:00 да Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти биносида бошланади. Талабгорларни рўйхатга олиш жараёни соат 7:30 дан старт олади.
Муҳим эслатма: Абитуриентлар имтиҳонга паспорт (ёки ID-карта) асли ҳамда «Имтиҳон рухсатномаси» билан келишлари шарт. Ушбу ҳужжатлардан бири бўлмаган талабгорлар имтиҳонга киритилмайди.
Манзил: Тошкент шаҳри, Олмазор тумани, Зарқайнар 18-берк кўчаси, 47-уй.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати