Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
19 Апрел, 2026   |   1 Зулқаъда, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:13
Қуёш
05:38
Пешин
12:27
Аср
17:08
Шом
19:11
Хуфтон
20:29
Bismillah
19 Апрел, 2026, 1 Зулқаъда, 1447

Агар мўмин бўлсангиз.....

15.11.2019   6971   2 min.
Агар мўмин бўлсангиз.....

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон  келтирган бўлса, меҳмонини икром қилсин! Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, қариндошлари билан алоқани тикласин! Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, яхши гап айтсин ёки жим турсин!” дедилар.  (Муттафақун алайҳ)

Шарх: Ким,  Аллоҳ таоло осмонлару ерни йўқдан бор қилган; осмонлару ердаги бирор зарра ҳам Унга махфий бўлмаган,  барчасини ададлари билан билиб турувчи; Ундан олдин бирор нарса бўлмаган, барча нарсалар йўқ бўлиб кетганда ҳам доимо бор бўлиб турувчи; бирор нарсадан ожиз қолмайдиган, барча нарсага қодир; бандаларига ҳатто улар санаб ҳам чиқа олмайдиган даражада кўплаб неъматларни ато қилиб турувчи; бандаларнинг ҳамду сано айтиб улуғлашларига ва қуллик қилишларига ҳақли бўлган Зотдир, деб аниқ ишонса ва булардан ташқари Аллоҳ таолони Қуръон ва сунатда баён қилинганидек таниб олса ҳамда Аллоҳ таоло махлуқотларни Ўзи хоҳлаган вақтда улар истасинлар – истамасинлар, ўлимга бўйсундирадиган; Ўзигагина маълум бўлган бир кунда бандаларни қайта тирилтириб, яхши амалларига мукофот ва ёмон амалларига жазо берадиган Зотдир, деб аниқ ишонса ушбу тўрт насиҳатга амал қилсин!

  1. Хонадонига ёки ҳузурига келган меҳмонни ҳурматини жойига қўйсин. Меҳмонни ислом дини талаб қилгандек, унинг  ҳаққини адо қилишлик ила  икром қилсин!
  2. Мусулмон учун шариъат белгилаб берган қариндош – уруғлар билан алоқани узишдан сақлансин ва улар билан доимий борди келди қилиб, уларнинг моддий ва маънавий ҳақларини адо қилишлик билан сийлаи раҳмни боғласин! 
  3. Аллоҳнинг розилигига сабаб бўлувчи, икки дунёси обод бўлишгигига, дин ва жамият ривожи учун фойда келтирадиган, мўминларни оғирини енгил қиладиган, уларнинг қалбига хурсандчилик киритадиган сўзларни гапирсин!
  4. Агар яхши гапларни гапириш қўлидан келмаса, лоақал ёмон, хунук, фаҳш ва беҳаё, инсонларни тафриқасига ва ўзаро адоватига, фитнага сабаб бўладиган гапларни гапирмасин!

Хулоса: Бу талаб фақат мўминлар учундир. Ушбу ишлар ҳақида Аллоҳ таоло фақат мўминлардан ҳисоб сўрайди. Ва бу амалларни қилган мўминларга улкан ажрлар ва мукофотлар беради. Агар, мўмин бўлсангиз   ушбуларга амал қилинг! Мободо, мўминликни даъво қилмасангиз, бу амалларни сизга алоқаси йўқ.

Олмазор туманидаги “Мевазор” масжиди имом ноиби: Исломов Ёрбек

Бошқа мақолалар

Аллоҳ кимни Ўзига дўстлик шарафи билан эъзозласа

17.04.2026   9968   2 min.
Аллоҳ кимни Ўзига дўстлик шарафи билан эъзозласа

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Аллоҳ кимнидир Ўзига дўстлик шарафи билан эъзозлабдими, албатта, унинг кўзига дунёни хунук қилиб қўяди.

Ҳадисда марҳамат этилибди: “Бирор бир қавм йўқки ораларига дунё аралашиб қолгудай бўлсаю Аллоҳ таоло шу сабаб ўрталарига буғзу адоват солмаган бўлса”.

Бутун дунё бойликлари Ҳақ субҳанаҳу ва таоло наздида пашшанинг қанотича қийматга эга эмас. Буни тушунган киши бирор бир Аллоҳни таниган солиҳ одамни дунёни тарк этганлиги сабабли мақтаб юрмайди. Чунки барча зоҳидлар ҳиссасига ўша “қанотча” бўлган дунёнинг бир кўзга кўринмас қисмидангина воз кечиш мажбурияти тушган холос. Шундай арзимас, қимматсиз нарсадан воз кечганни мақташ, аслида ўша воз кечилган нарсанинг, яъни дунёнинг баҳосини оширган, қадрини улуғлаган бўлади. Ҳақнинг хизматида бўлган содиқ ва хос ходимлар гўё бундай дейдиларки, “Биз бирор бир дунё аҳлини то ўша ўзига етган пашша қаноти бўлагини ташлаб, оёқости қилмагунича Ҳақ таоло даргоҳига йўлатмаймиз!”. Лекин дунёни севувчиларнинг ҳеч бири бунга журъат этолмайди.

Имом Шаъроний қуддиса сирруҳу дейдилар: “Биздан бу дунёнинг арзимас ва вафосиз эканлигини кўра олишлигимизни ва ундан кечиб абадий ҳаёт ободлиги учун интилишлигимиз лозимлиги ҳақида  ваъдамизни олишган. Эй, менинг қадрдон дўстим, севимли оғам, оладиган ва чиқарадиган нафасларимиз ҳаммаси ҳисобли, уни энди ошишини ва камайишини ҳеч иложи йуқдир. Бу дунё абадий ҳаётнинг экинзоридир. Ким экиш вақти ялқовлик қилса, ўрим (хирмон) вақти қайғуда қолади. Аллоҳ таоло марҳамат этадики: “Ҳар бир инсонга ўз қилганидан бошқа нарса йўқ” (Нажм сураси, 39-оят).

Шунингдек, ризқу  насиба  ҳақида ҳам Аллоҳ бундай дейди: “Ер юзида ўрмалаган нарса борки, уларнинг ризқи Аллоҳнинг зиммасидадир. У уларнинг турар жойларини ҳам, борар жойларини ҳам билур. Ҳаммаси очиқ-ойдин китобдадир”. (Ҳуд сураси, 6-оят).

Аллоҳнинг биз учун кафил ва вакил бўлган нарсаларини қўлга киритишда ошиқча саъйу ҳаракат қилишимиз, аксинча буюрган нарсаларини талаб қилиш ва бажаришда ялқовлик ва бепарволик қилишимиз, айни  нодонлик ва бемаъниликдир. Сенга шу нарса аниқ маълум бўлсинки, нафсоний хоҳиш ва дунё ишлари ҳақида ташвиш чеккан одам бамисоли бир илон тарбият қилувчидирки оқибат унинг заҳридан ўзи ҳалок бўлади. Ўткинчи дунё ҳаётига муккасидан кетиб, охиратини эсидан чиқарган банда гўё бир анқиган ўлаксага ташланган ит кабидир!

“Ахлоқус солиҳийн” (Яхшилар ахлоқи) китобидан
Йўлдош Эшбек, Даврон Нурмуҳаммад
таржимаси