Бугун, 14 ноябрь куни ўзбекистонлик зиёратчиларнинг дастлабки гуруҳи эзгу ниятлар ила эҳтиромлар оғушида умра ибодатини адо этиш учун Саудия Арабистонига жўнаб кетадилар. Шу билан юртимизда “Умра – 2019/20” мавсуми яхши кайфиятда бошланади.
Зиёратчилар ўн кунлик умра сафари давомида Мадина шаҳрида 3 кун, Макка шаҳрида 7 кун бўладилар. Улар мазкур шаҳарларда барча зарур шароитларга эга меҳмонхоналарда истиқомат қиладилар ҳамда уларга тажрибали ишчи гуруҳи, элликбошилар ва малакали шифокорлар хизмат кўрсатади.
Тайёргарлик доирасида барча зиёратчилар мавсумий касалликларга қарши эмланиб, давлатимиз рамзи туширилган камзул ва сумкалар билан таъминланди. Сафар олдидан уларга умра сафарининг моҳияти, уни адо этишга доир масалалар гуруҳ раҳбарлари томонидан тушунтирилди.
Саудия Арабистонида виза бериш тизимида янги тизимнинг жорий этилиши баъзи кечикишларга сабаб бўлди. Шунга қарамасдан, олиб борилган саъй-ҳаракатлар натижасида, 2019 йилнинг 14 ноябрь кунидан бошлаб ҳар куни “Тошкент–Жидда–Тошкент” йўналишида умра сафари йўлга қўйилди. Ушбу мавсум 2020 йилнинг ёз ойларига қадар давом этади.
Юртдошларимиз ҳукуматимиз томонидан тақдим этилаётган қулай имкониятлардан унумли фойдаланиб, муборак ибодатларини мукаммал бажаришларини Ҳақ таолодан сўраймиз.
Маълумот ўрнида, Давлатимиз Раҳбарининг ташаббуслари билан Умра зиёратлари йил давомида квотасиз амалга оширилиши белгиланиб, 2019 йилнинг 1 апрелидан эътиборан ҳафтасига 7 та рейсда Умра сафарига фуқароларимизни юбориш бошланган. Ушбу муддат ичида 28 мингга яқин юртдошларимиз Умра сафарида бўлиб қайтдилар.
Аллоҳ таоло муборак заминга йўл олаётган зиёратчиларимизнинг ибодатларини мақбул айласин!


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида Хоразм вилояти Боғот туманидаги "Эрали эшон бобо" жоме масжиди замонавий асосда қайта қурилиб, мўмин-мусулмонлар ихтиёрига топширилди.
Масжиднинг очилиш тантанасида Хоразм вилояти бош имом-хатиби Хайрулла домла Абдуллаев, Боғот тумани ҳокими Жаҳонгир Назаров, вилоят ва туман бош имом-хатиблари, соҳа мутахассислари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Маросим Қуръони карим тиловати билан бошланиб, янги масжиднинг эл-юртимиз маънавиятини янада юксалтириш, аҳоли ўртасида эзгулик ва маърифатни мустаҳкамлашга хизмат қилишини сўраб дуолар қилинди. Шунингдек, ушбу бунёдкорлик ишларига ҳисса қўшган саховатпеша инсонлар ҳаққига эзгу тилаклар билдирилди.
Маълумот ўрнида, барча замонавий талабларга жавоб берадиган ва зарур шароитлар яратилган мазкур жоме масжид бир вақтнинг ўзида 1000 нафар намозхонни қабул қилиш сиғимига эга.
Аллоҳ таоло ушбу муборак масжидни қиёматга қадар Қуръон тиловати, ибодат ва маърифат зиёси тараладиган қутлуғ даргоҳлардан қилсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати